“Ҳаммамиз Аллоҳникидурмиз ва, албатта, ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз”

“Ҳаммамиз Аллоҳникидурмиз ва, албатта, ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз”
74 views
18 November 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 234

(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲНИНГ БЕТОБ БЎЛИШЛАРИ-3

Душанба оқшоми иситмалари тўхтаб, эрталаб бир оз енгиллик пайдо бўлди. Фазл билан Савбонга суяниб эрталабки жамоат намозига чиқдилар. Намозда бир ракат ўқилган эди.

Расулуллоҳнинг келганларини билиб, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ орқага чекиндилар. Анда Абу Бакр Сиддиқни Расулуллоҳ меҳробга суриб қўйдилар. Саломдан сўнгра қолган бир ракат намозни ўқиб, масжид устунига суяниб ўлтирдилар. Буни кўриб саҳобалар салом беришиб атрофларига йиғилишди. Бир оз ўлтиргандан сўнгра ўз ҳужраларига кирдилар. Орқаларидан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ:

— Алҳамдулиллоҳ, бу кун Расулуллоҳнинг чеҳралари очиқ, дардлари енгиллашди. Бу бетобликдан шифо топгайлар, — деб ҳаммага тасалли берди.

Ўзи эрса Санах деган маҳалладаги жойига кетди. Бугун яхшилик, деб Расулуллоҳ ўзлари ҳам рухсат берган эдилар. Оналаримиз ҳам ҳар қайсилари ўз уйларига қайтдилар.

Расулуллоҳ масжиддан киргандан кейин бир оз вақт ўтибоқ ҳоллари ўзгариб, иситмалари қайтадан кучая бошлади. Лекин бу ўзгариш ўтган кунларидагидан қаттиқроқ эди. Уйларига қайтишган оналаримиз хабар топишиб қайтадин йиғилдилар. Ҳушлари гоҳи кетиб, гоҳи келиб турар эди.

Қарасалар, жон ҳаракати бошланиб қолди. Кўзларини осмонга тикканча қараб туриб:

— «Юқори оламдаги йўлдошларимга еткур,» дер эдилар. Жон аччиғи қаттиқлашганда олдиларига қўйилган косадаги сувга қўлларини солиб юзларини силаб:

— Ё раббий, жон аччиғини осон қил, ўлим машаққатларига ёрдам бер, — дер эдилар.

Шунинг учунким, Расулуллоҳнинг жон таслим қилишлари бек қаттиқ бўлган эди. Мунинг ҳикматлари кўпдур. Улардан бири шулки, агар умматларидан бирор одам жон беришда кўп қийналса, уни кўрган киши ёмон хаёлга кетмасинлар. Чунки бу иш Расулуллоҳга ҳам бўлмишдур. Агар сакаротнинг оғирлиги зиёнлик бўлса эди, муни Худо Расулуллоҳга бермас эди. Шунга ўхшаш унинг зиёни мўминларга йўқдур. Балки фойдаси кўп бўлиб, кечирилмай қолган гуноҳларга каффорат бўлур. Шунинг учун ҳазрати Оиша онамиз:

«Расулуллоҳнинг жон беришларидаги қийинликни кўрганимдан кейин буни бошқаларда кўрсам, ёмон кўрмайдиган бўлдим», дедилар.

Яна мунга энг асосий сабаб шулки, оламдаги ҳаётнинг асли Расулуллоҳдурлар. Агар Расулуллоҳ бўлмаса эрди, Худо ҳеч нарсани яратмасди. Бошқалар эрса илдиздан чиққан дарахтга ўхшайдилар. Расулуллоҳ илдизлари оламга тарқалган улуғ дарахтдурлар. Илдиздан ўсган майда дарахтларни ердан ажратишдан оламга илдиз отган, барининг асли бўлган она дарахтни ердан чиқариш албатта қийинроқдир. Иккинчи сабаб эрса, Расулуллоҳнинг тан тузилишлари тўлуқлашдирилган, муборак мижозлари мўтадил эди. Мундоғ жасадга кирган руҳнинг ўрнашиши бошқаларга нисбатан албатта кучлик бўлади. Шунга кўра мундоғ тандан жон ҳам куч билан чиқарилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қийналганларини кўриб ҳазрати Фотима:

— Вой, отамнинг қийналгани, — деб йиғлади.

Анда Расулуллоҳ кўзларини очиб:

— Бу кундан кейин отанг ҳеч бир қийинчиликни кўрмайди, — дедилар.

Онамиз ҳазрати Оиша ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эдилар, ҳар бир пайғамбарга ўлмоқдан илгари жаннатдаги жойи ўзига кўрсатилади, сўнгра дунёда қолиш-қолмаслик ихтиёри берилади. Бу сўзлари меним ёдимда бор эди. Сакарот вақтида Расулуллоҳни қучоғимга олиб, кўксимга суяб турдим. Кўзларини кўкка тикиб: «Юқори оламдаги йўлдошларим» деганларида,

— Мундоғ бўлса бизни хоҳламас экансиз, — дедим.

Анда Расулуллоҳ:

Юқори оламдаги йўлдошларим, пайғамбарлар, шаҳидлар, авлиёлар, яхши бандалар билан жаннатда бўлишни хоҳладим, — дедилар».

Имом Байҳақий Жаъфар Содиқдан ривоят қилур:

«Шундоққи Расулуллоҳ умрларидан уч кун қолганда Жаброил алайҳиссалом келиб:

— Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло сенинг ҳурматинг учун мени юборди, ўзи билиб туриб яна:

«Ҳоли қандай?» деб сўради. Ҳолингиз қандайдур?— деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Қийинликда, ғам-қайғудаман, — дедилар.

Иккинчи куни, учинчи куни келиб яна ҳол сўради эрса, олдинги жавобни бердилар. Бу келиши душанба куни эрди.

Сўнгра Жаброил алайҳиссалом:

— Ё Аҳмад, мана Азроил келди, киришга рухсат сўрайди, илгари ҳеч кимдан рухсат сўраган эмас, бундан кейин ҳам ҳеч кимдан рухсат сўрамайди.

Расулуллоҳ киришга рухсат бергач, Азроил:

— Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло мени сизга юборди, нимани буюрар экансиз, мен шуни қилурман. Агар жон олишга рухсат қилсангиз, олурман, йўқ эса, қайтурман, — деди.

Расулуллоҳ Жаброилга қарадилар.

Анда Жаброил алайҳиссалом:

— Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло сизга муштоқдир, — дедилар.

Расулуллоҳ буни англагач:

— Эй Азроил, ўз ишингизга машғул бўлингиз, — дедилар.

Анда Жаброил алайҳиссалом:

— Ё Расулуллоҳ, дунёдан меним ҳожатим сиз эрдингиз. Ер устига ваҳий келиши сиздан кейин тўхталур, энг кейинги келтирган ваҳийим шулдур, — деди.

Шу билан иш қаттиқлашгани турди, аҳвол ўзгарди. Ҳазрати Оиша оталари Абу Бакр Сиддиққа, Ҳафса онамиз оталари ҳазрат Умарга, ҳазрати Фотима ҳазрати Алига одам юборишди. Ҳар учовлари ҳам Расулуллоҳни эрталабки енгиллашганларини кўришиб, ўз ҳожатларига кетишган эди. Улар етиб келгунларича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топдилар. «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» (Ҳаммамиз Аллоҳникидурмиз ва, албатта, ҳаммамиз Аллоҳга қайтажакмиз).

(давоми бор)