Ислом Холбой: “Ҳақназар”га ҳақ назар билан қарайлик…

Ислом Холбой: “Ҳақназар”га ҳақ назар билан қарайлик…
133 views
21 November 2017 - 8:45

“Ҳақназар”га ҳақ назар билан қарайлик

  (“Дунё ўзбеклари” бош редакторига мактуб)

Модомики, Усмон Ҳақназар воқеасининг асл моҳиятини билганлар жим туриб, билмаганлар от чоптираётган экан, камина мавзуни билганлардан бири ўлароқ, баъзи гапларни айтишга жазм этаяпман.

“Аллоҳни танимаган ўзини ҳам танимайди” дейдилар. Афсуски, ўзини танимаган бир гуруҳнинг “Бобомурод Абдулла Усмон Ҳакназаров эмас-ку, нега уни Муҳаммад Солиҳ Усмон Ҳақназаров деяпти?”, дея кўтарган “фарёди”га биз ҳурмат қилиб юрган “Дунё ўзбеклари” сайти ҳам қўшилди.

Биринчидан, Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров эканини матбуотда биринчи бўлиб айтган Муҳаммад Солиҳ эмас, “asiaterra.info” сайтининг редактори Волосевич эди.

(“Журналиста Бобомурода Абдуллаева обвиняют в том, что он «Усман Хакназаров» Понедельник, 02 Октября 2017 года. 

  http://asiaterra.info/news/zhurnalista-bobomuroda-abdullaeva-obvinyayut-v-tom-chto-on-usman-khaknazarov“)

Иккинчидан, Алексей Волосевич ҳам буни осмондан олиб айтгани йўқ, Волосевич бу иддаосини 30 сентябрда Юнусобод суди чиқарган ушбу айбномага таяниб эълон қилди.

Мана, ўша айбномадан парча: “Инсон ҳақлари фаоли Сурат Икромов Би-би-сига тақдим этган қарор нусхасидан маълум бўлишича, судъя Шамсуддинова Э. Р раислигида ўтган маҳкама Бобомурод Абдуллаев “2011 йилдан шу кунгача” “Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳнинг “буюртмаларини бажариб келгани”ни аниқлаган”    (http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-41482453).

Манба, Ойша холанинг ғийбати эмас, Би-Би-Си радиоси! Радионинг манбаси эса, суднинг қарори!

Бобомурод Абдуллани Усмон Ҳақназар деб жиноий иш очган Юнусобод туман суди шу йилнинг 1 октябр куни бўлиб ўтди, 2 октябр куни эса, Волосевич ўз сайтида бу ҳақда хабар берди, Муҳаммад Солих эса, суд қароридан 3 кун сўнгра, Волосевич хабаридан 1 кун сўнгра Истанбулда пресс конференция чақириб, ундан Бобомурод Абдулланинг ҳибсга олингани ва унинг аслида Усмон Ҳақназар эканини дунёга эълон қилди!

Хўш, бу ҳужжатлардан кейин ҳам Бобомурод Абдулланинг Усмон Ҳақназар эканини “фош қилган” Муҳамммад Солиҳ дея оласизми?

Ҳа, инсоф ва виждон бўлмаса деяверади. Ўзини “инсон ҳақлари ҳимоячиси” деб танитган бир шаллақи хотин ҳали ҳам “Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллани Усмон Ҳақназар деб, уни сотди” дея айюханнос солишда давом этмоқда. Унинг атрофида эса хотин бўлмаса ҳам характерлари шу хотинга яқин “эркак”лар ҳам уймалашиб, Солиҳга лой чаплашда давом этмоқда.

Гап очилган экан, яна бир хусусда тўхталмоқчиман.

Нима сабабдан Муҳаммад Солиҳ ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдулланинг айнан Усмон Ҳақназаров эканини такрор таъкидлаб айтишга эҳтиёж сезди?

Бу саволга Муҳаммад Солиҳ 3 октябрда ўтказган матбуот конференциясида ўқилган пресс релиздаги шу жумлалар жавоб бўлиши мумкин:

“Биз унинг (Бобомуроднинг – И.Х.) узоқ муддатга қамоққа ташланишидан қўрқмаймиз. Биз унинг ҳаётидан хавотирдамиз. Биз Бобомурод Абдуллаевнинг ҳаёти худди Абдували Мирзаев, Абдулла Ўтаев, демократ-мухолифатчи Шовруқ Рўзимуродов, ёзувчи Эмин Усмон ва режим ҳамда МХХнинг бошқа мухолифлари ҳаёти каби якун топишидан хавотирдамиз. Биласиз, бу арбобларнинг ҳаммаси режим томонидан ўлдирилган эди”.

Муҳаммад Солиҳни бундай хавотирга туширган нарса нима эди?

Уни хавотирга туширган нарса 2017 йил 29 сентябр куни Озодлик радиоси берган мана шу ахборот эди:

 “Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг исми айтилишини истамаган зобити “Озодлик” радиоси мухбирига, қонунга биноан, қўлга олинган шахснинг яқинларига бу ҳақда ўша куниëқ маълум қилиниши кераклигини эслатди. «Аммо оператив операция самарадорлилиги юзасидан баъзи ҳолларда қўлга олиш жараëни сир тутилади. Абдуллаев масаласида МХХ талаби билан унинг оиласига хабар берилмади», деди.

Мулозимнинг айтишича¸Юнусобод туманида юз берган ўғирлик жиноятида Абдуллаев гумон қилинувчи сифатида кўрилмоқда”.

Ҳа, худди шундай: 2017 йил 27 сентябр куни қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев “ўғирлик жинояти” билан қўлга олинди, деб эълон қилиниши керак эди!…

Аммо 28 сентябрда матбуотда журналист Б. Абдуллаев ўғирлаб кетилгани ҳақда хабар пайдо бўлгандан кейин МХХ нинг Бобомуродни “оддий бир ўғри” деб қамоққа ташлаб, у ерда йўқ қилиш режаси бузилди.

Ва МХХ Бобомуроднинг “давлат тўнтаришга уринган ва бу йўлда режимга қарши мақолалар ёзган Усмон Ҳақназар деб ҳукм чиқаришга мажбур бўлди.

Матбуотнинг ва жамоатчилик фикрининг кучи Бобомурод воқеасида яққол кўринди. Агар жамоатчилик ва матбуот жим турса эди, Бобомурод Абдулланинг асл кимлиги айтилмаса эди, МХХ ҳам уни Усмон Ҳақназар эмас, “оддий бир ўғри” сифатида қамоққа ташлаган бўларди. Ва бироз вақт ўтгач жимгина, Эмин Усмонни ўлдиргани каби, Шовруқ Рўзимуродни ўлдиргани каби “жимгина” ўлдириб юборган бўларди.

Ана шу сабаб, Муҳаммад Солиҳ Истанбулда махсус пресс конференция чақириб, 27 сентябрда ўғирлаб кетилган журналистнинг бир “кичик ўғри” эмас, балки Каримов режимини йиллар давомида титратган қалам эгаси Усмон Ҳақназаров экани ҳақда баралла ҳайқирди.

Муҳаммад Солиҳ бу ҳакда фейсбукдаги саҳифасида шу жумлаларни ёзди: “Баъзи фаҳмсиз ёки тубан ниятли кимсалар “М. Солиҳ Бобомурод Абдуллани “Ҳақназаров” эълон килиб, уни сотди”, дея каминага лой чапламоқдалар.

Аслида, Бобомуродни “Ҳақназаров” деб эълон қилмасайдим, уни ҳақиқатан сотган бўлардим.

Ва бу билан унга қарши “оддий бир ўғри” (илк кун шундай эълон қилишди), бир “кўча безориси” дея ҳукм чиқариб, дейлик 1 йилга қамашларига ва қамоқда уйдирма бир “жанжал”да ўлдиришларига ёрдам этган бўлардим.

Мен унинг оддий бир спорт мухбири эмас, баҳайбат коррупция машинасига ва давлат террорига қарши кураш тарихдаги муҳим бир фигура эканини жамоатчиликка вақтида етказаолмаганимда мен ўзимни ҳеч қачон кечирмасдим”….

(https://www.facebook.com/muhammad.solih.98/posts/1529893260425554)

Энди Усмон Ҳақнзаровнинг “Наталя Кочубей” бўлиши мумкинлиги ҳақдаги эртакка келсак. Бу эртакни биринчи марта МХХ нинг собик зобити Икром Ёкубов интернетда тарқатган эди. Бу “манба”нинг нақадар “эътиборли” эканини бутун фейсбук қўлланувчилари билади. Биз ҳам мақоламизда бу шахсга эътибор қилмадик.

Ҳурмат билан,

Ислом Холбой,

Манба: dunyouzbeklari.com