Ўзбек миллатининг фожеаси

Ўзбек миллатининг фожеаси
27 views
21 November 2017 - 12:34

Ўзбек миллатининг фожеаси
(биринчи мақола)

Ўзбек миллатининг фожеаси ҳақида ёзаман деб ФБдаги дўстларимга ваъда берганимдан сўнг, бир неча кун Тошкентда бўлдим. Афсус, Тошкентда илҳом париси ёнимга йўламади.

Ўзбек миллати фожеаси деганда, бу ўзбек халқи назарда тутилаётгани йўқ. Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи, ўзбек тилида сўзлашувчи барча аҳоли назарда тутиляпти. Ўзбек халқи тарихан байналминалчи халқ, унинг ҳудудида минг йиллардан буён турли халқлар истиқомат қилади. Албатта, ўзбек халқининг байналминал фазилати Иккинчи Жаҳон уруши даврида яққол намоён бўлди.

Хуллас, бугунги фожеа ҳақида гапираётган гапим барча ўзбекистонликларга тегишли. Бу фожеага алоқаси бўлмаган, фожеа келиб чиқишига сабаб бўлган бундай иллатнинг келиб чиқиши, амалда бўлишига алоқаси бўлмаган шахслар орамизда кўп. Тўғрироғи, амалдорлар орасида камроқ, халқ орасида эса кўп.

Асосий гапга ўтишдан олдин ҳаётий бир мисолни айтиб берсам.

Отам раҳматлининг укахони, ерда ҳаракатланиб юрадиган транспорт воситалари бўйича кучли мутахассис Толик ака (устанинг отаси ўзбек, онаси рус)нинг автосервисида ўтган йили куз кунларининг бирида ўтирибмиз. Ўша куни осмонда булут бўлса-да, кун очиқ, аммо совуқроқ эди.

Мотори товуши тариллаб турган бир «Нексия» келиб тўхтади. Машинанинг ичида ҳайдовчининг оила аъзолари – турмуш ўртоғи ва иккита ёш 10, 7 ёшдаги фарзандлари бор экан. Ҳайдовчи автосервисга киришдан олдин оила аъзоларини кўчада қолдирди.

Автомашинанинг товуш пасайтиргич най(глушител)и тешилганидан, мотор товуши карнай каби кучли овоз берарди. Машина ичкарига кириб бўлгач, ундан ҳайдовчи тушди ва устага юзланди:

–Уста бува (қашқадарёда ҳурмат маъносида гапириш), машинани товуш пасайтиргич найини тузата оласизми?

–Тузатишга тузатамиз-у, автоген қилиш учун карбид йўқ-да – деди, уста Толик ҳафсаласизлик билан.

Ҳайдовчининг феъли айниб, орқага қайтмоқчи бўлаётганди, орага тушдим.

–Карбидни мен олиб келаман, уста ёрдам қилиб юборади,- дедим йўловчига ва устага секингина «эрталабки ризқдан бош тортманг»-дедим-у, ташқарида турган машинамга томон йўналдим.

Хўжалик моллари дўконига бориб икки килограмм карбид олиб, устахонага келсам, автомашина ўра устига қўйилган экан. Уста карбидни темир хумга солиб бироз ўтиб чайқагач ишга киришди.

Зум ўтмай иш якунланди. Автомашина эгаси маркабни ўт олдириб газни босиб кўрди. Бинойи. Ҳайдовчи унга тикилиб турганимни кўриб, хурсандлигини билдириш учун тиржайиб менга кўз қисиб қўйди. Ҳайдовчи мени ҳам сервисга келган мижоз деб ўйлади, нега кўз қисганини кейин тушундим.

–Неча пул бўлади уста? –сўради ҳайдовчи.

–Ўттиз минг,-деди уста Толик.

–Э, қиммат айтдингиз, уста, ўн минг берай.

–Ёриғи катта экан, бундан ташқари бошқа жойларини ҳам тўғриладим, мен ёмон нарх айтмадим.

–Уста, Самарақанд кетяпман, мана сизга ўн беш минг, чўнтагимда беш юз сўмим қолди, рози бўлинг.

Уста ҳайдовчининг узоқ сафарга кетаётганлигини эшитиб, индамай пулни олди ва бошқа гапирмади. Ҳайдовчи хурсанд бўлганча сервисни тарк этди. Унинг менга кўз қисганлиги «уста айтган нархнинг ярмини бериб уни боплайман, мени кузат», -дегани экан. Бўлмаса, Қашқадарёдан Самарқандга кетаётган киши чўнтагида 500 сўм билан борадими?

Бу машина кетатуриб орқасидан яна бир «Нексия» автомашинаси, айни шундай ҳолатда дўриллаб кириб келди. Машина ҳайдовчиси қўшни Деҳқонобод туманилик тожик йигит бўлиб, киракаш шекилли, салонда икки ёки уч кишиси ҳам бор эди.

Уста бунинг ишини ҳам рисоладагидек бажариб берди.

–Неча пул бўлади, уста? –сўради ҳайдовчи.

Бу пайтда устахонада одам кўпая бошлади, бир 20-25 ёшлардаги йигит «ГАЗ-24» автомашинасининг коробкасини кўтариб келди. Яна икки йигит кириб келди.

Ҳайдовчининг берган саволига жавоб бераётган уста одамлар олдида тортишишини истамади, шекилли, дарров жавоб берди:

–Ўн беш минг берсангиз бўлади.

–Ўн беш минг пулим йўқ, уста бува, беш минг берай.

–Беш минг? Ким сизга бундай ишни беш минг сўмга қилади?

Масофа бироз узоқ бўлгани туфайли улар ўртасидаги ўзаро савдоми ёки тортишувми (нима деб аташниям билмайсан киши) яна бир неча дақиқа давом этди. Ахийри ҳайдовчи «уста мана сизга етти минг, шуни олиб туринг, уч минг сўмни эртага бериб кетаман» дегач гап тугади.

Устанинг кайфияти бузилгани кўриниб турарди. Ўттиз минг демай ўн беш минг деганди, одамлар унинг белидан ҳам паст баҳони бериб кетишди. Латифанамо гап эшитувдим. Бир кишининг миллион долларлик автомашинаси бузилиб юрмай қопти. Энг зўр устахонага олиб бориб зўр усталарга кўрсатибди, машина ўт олмабди. Мулкдор «ким шуни тузатса юз минг доллар бераман» дебди. Шаҳарнинг турли бурчакларидан усталар келиб машинани тузатишолмапти. Ахийри, бир қишлоқлик уста келибди. Қишлоқлик уста машинани обдон кўриб чиқиб, кейин сумкасидан бир болға олиб унинг бир жойини мўлжаллаб битта урган экан машина тузалибди. Бу ҳолатни кўриб турган бошқа усталар ҳам, мулкдор ҳам «битта болға уришга юз минг доллар кўплик қилади»,-дея маҳоратли устага ваъда қилинган пулни беришмабди.

Уста Толик соддалик қилди-да, ўз пулини олиш учун бирон соат автомашинанинг у ёқ, бу ёғини чуқулаб туриш керак эди. Ишни тез бажаргани учун қилган меҳнати арзон кўриняпти.

Самарқандда бир жанозада қатнашганман. Ўшанда биз майитни елкалаб олиб борганимизда, қабрни қазган уч-тўрт гўрков йигитлардан бири устидаги тупроқларни қоқмоқчи бўлди, аммо, уни ёнидаги шериги секингина туртиб қайтарди. Уларнинг ёнида турганим учун сезиб қолдим ва тупроқни қоқишдан қайтарган йигитнинг уст-бошига разм солдим. Кун иссиқ бўлгани туфайли у йигитнинг бошида рўмоли орқага тарнов қилиб боғланган, йигитнинг бошидан бутун танаси ва елкалари узра қабр тупроғи атайин сепилгандек жойлаштириб чиқилган. Психологик вазиятни қаранг, ҳамма қариндош-уруғ, таниш билиш чуқур қайғуда, улар ўз қадрдонларини сўнгги манзилга кузатаяптилар, гўрковлар эса «машаққат чекиб, ҳамма томони чанг, тупроқ бўлиб, роса меҳнат қилишиб, маййитга қабр қазишибди, уларнинг меҳнати ҳалол, неча пул десаям олсинлар!».

Афсуски, ўз касбининг истеъдодли мутахассиси бўлган уста Толик қилган меҳнатини бировларга кўрсатишни билмайди ёки ҳамма вақт ҳам истамайди. Гоҳ-гоҳида, ўзи истаган пайтда яхшигина пул ишлашни билади, аммо, бу ҳолат аҳён-аҳёнда, устанинг пули тугаган пайтда бўп туради. Бугун эса унинг пули бор, шекилли, мижозлар неча пул беришса тортишмаяпти.

Уста ишлаётган қайси пайтда юқорида айтганим «ГАЗ-24» автомашинасининг коробкасини олиб келган йигит қачон келувди ёдимдан кўтарилибди. Ҳар қалай у инсофли бола эканми, устанинг қилган меҳнати-ю, олаётган пулига ачиниб кетдими, хизмат ҳақи масаласига ойдинлик киритмоқчи бўлди.

–Уста бува, мана бу коробканинг тешигини ямаш ишлари неча пул бўлади? Ҳар қалай олдиндан келишиб олсак бўларди.

–…

–Неча пул дейсиз?

Уста йигитнинг қўлидаги коробкани кўздан кечириб бўлгач, деди:

–Бу ишни Тошкентда қилдирсанг уч юз минг сўм бўлади.

–Эҳ,-ҳе. Шунча қимматми?

–Албатта, бу коробка алюминдан ясалган, уни ямаш жуда қийин, Ғузорда бу ишни мендан бошқа ҳеч ким қилолмайди. Сен ўзимиздансан юз минг сўм берсанг ҳам бўлади. Устанинг бу гапига йигит индамади. Уста сукут – розилик аломати деган ақидага биноан ишга киришиб кетди.

Бу иш ҳам унча кўп чўзилмади. Бояги ёш йигит, гап-сўзларидан Ботош қишлоғидан эканлигини англадим. Бу қишлоқ одамлари гапга чечан, ўзларини мулойим кўрсатгани билан ўта пухта, оғзидагини бировга олдириб қўймайдиган кишилар тоифасига киради.

Коробка қизиб кетгани боис уни совутиш керак эди.

Устанинг дам оладиган хонасига кирдик. Йигит коробка ёнида қолди.

Бир муддатдан сўнг ямалган коробкани кўтариб йигит кириб келди ва сўради:

–Уста хизматингиз неча пул бўлади?

Ёшгина ботошлик бола (унинг паст кетаётганлиги сабабли, кўзимга у ёш боладек кўрина бошлади) худди аввал келишилмаганидек устадан хизмат ҳақини сўраётгани мени ажаблантирди. Уста ҳар холда тажрибали киши, бундай мижозларнинг нима деяётганини билади, шекилли, секингина ёш йигитга келишилган гапни эслатди:

–Мен сенга айтдим-ку, юз минг сўм бўлади, деб.

–Мен, сизни ҳазиллашдингиз деб ўйлабман!

Боланинг бу гаплари мени ранжитди. Чунки, бола безбетлик қилаётганди.

–Қанақа ҳазил? Буни альюмин пайвандлаш дейдилар, жуда мураккаб иш. Иш бошлашдан олдин сен сўрадинг, мен сенга айтдим «Тошкентда бу ишни уч юз минг сўмга қилишади, менга юз минг берсанг бўлади» дедим.

–Уста бува юз мингга мен бундай коробкани янгисини оламан! Лекин, сизни ҳазиллашяпти, деб ўйлагандим.

–Қанақа ҳазил? Майли, эллик минг бер-у, кетавер.

–Эллик минг сўм пулим йўқ.

–Бошимниям роса қотирдинг, бор жўна, сенга қилиб берган ишим бепул, хайрия!

Устанинг жаҳли чиқаётгани тўғри эди. Йигит ёш бўлишига қарамай роса сурбет ҳам экан. Кетмайдиям, аксинча, ҳаммани ҳайратда қолдириб, бундай деди:

–Уста бува, шу ямаб берган коробкани қайтадан тешиб беринг, ўша бузуқ ҳолида қайтариб олиб кетаман.

–Сен бола тентакмисан? Ўзим ямаб берган нарсани қайтадан тешайми? Аҳмоқмисан? Бу ёққа қара, сенга йигирма минг сўм бераман, кўзимдан йўқол, бўптими?

–Уста, бу коробкани нафақахўр отамнинг машинасига оляпман. Бор йўқ пулим йигирма минг сўм, мана олинг,-деди йигитча ва чўнтагидан пул чиқарди.

Уста пулга қўлини чўзмади. Йигит пулни уста ётадиган тахта каравотга қўйди. Уста бу ёш йигит билан умуман талашишни истамади, унинг тезда бу ердан кетишини хоҳларди. Чунки, ботошлик йигит гапга чечан чиқиб қолди.

Уста бирон гап айтса, яна енгилиши мумкин.

Мана юқорида мен сизга учта воқеани айтдим. Умумий айтганда бу воқеаларнинг ҳаммаси динимиздаям, миллийлигимиздаям қораланадиган энг ёмон иллат ХАСИСЛИК дейилади.

Афсуски, хасисликнинг турлари кўп. Тўғрими?

Атроф четимизда содир бўлаётган хасисликнинг бошқа турларига ўтишдан олдин, юқоридаги хасисликни йўқотишнинг ягона йўли ПРЕЙСКУРАНТни олдиндан осиб қўйиш деб хулоса қилсак, менимча маъқул.

Анвар Шукуров

facebook.com