“Тошкент милицияси укам ва синглимни онамга эшиттириб қийнаган”

“Тошкент милицияси укам ва синглимни онамга эшиттириб қийнаган”
53 views
25 November 2017 - 23:23

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 13 ва 16 ноябрда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси томонидан қўлга олинган диндорлар борасида янги тафсилотлар маълум бўлган. Ҳисбда қолаётган 51 ёшли Насиба Узоқова билан учрашган қизи Азиза Узоқованинг айтишича, терговчилар укаси ва синглисини бошқа-бошқа хоналарда дод-войини онасига эшиттириб қийнашган.

Унинг таъкидлашича, Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ходими ҳибсдаги 29 яшар синглисининг ҳомиладор бўлиб қолганига шаъма қилган.

Тошкент ИИББ диндорларнинг ҳибсда ушланиб турилганлиги ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.

“13 ноябр куни Тошкент милицияси онам, акам, синглим ва келинимни ушлаб кетган. Кечроқ келинимизни қўйиб юборишган. 14 куни мени ҳам чақиртиришди. 1,5 яшар болам билан Терроризмга қарши курашиш бўлимида эрталабдан кечгача ушлаб ўтиришди. У ерда ўтирганимда онамни бошқа хонага олиб киришди ва хонадан онамнинг бақирган овозларини эшитдим. Аввалига бақириқ кучли чиқди, кейин оғзига латта тиқилгандек бўғиқ чиқди”, – дейди Азиза Узоқова.

Би-би-си ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовга таяниб Тошкент шаҳри ва вилоятида 80 яқин диндорнинг Тошкент шаҳар терроризмга қарши курашиш бошқармаси томонидан ушлаб кетилгани ва уларнинг 7 нафари ҳамон ҳибсда сақланаётгани ҳақида хабар берган эди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев кун.уз нашрига сўроқнинг икки соат давом этгани ва ҳеч ким ҳибсда ушлаб қолинмагани ҳақида айтган.

“1986 йилда туғилган Гўзал Тўхтахўжаевага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244- (Оммавий тартибсизликлар) моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 2009 йилда Тошкент шаҳар Учтепа туман ИИБ тергов бўлими томонидан қидирувга берилган. Айни пайтда Г.Тўхтахўжаевани қўлга олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг қаердалигидан хабардор, у билан яқин алоқада бўлиши мумкин бўлган, лекин бу ҳақда ички ишлар органларига ўрнатилган тартибда хабар бермаган шахсларни сўроқ қилмоқда”, дейилади хабарда.

Бироқ ҳибсда ушлаб турилганларнинг яқинлари Тошкент ИИББ масъули айтган гап ёлғонлиги 7 киши ҳамон Терроризмга қарши курашиш бошқармасида қолаётганини таъкидлашди.

“Ёлғон, қандай тўғри бўлсин. Онамлар чиқса уйга келишмасмиди. Тем более, мен яқинда онамга, синглимга, куёвимга, хўжайнимларга пальто, қалин кийимларини олиб бориб бердим. Қачон чиқарасизлар десам, кўрамиз, билмаймиз. залогга олиб ўтирибмиз, дейишяпти”, – дейди Азиза Узоқова.

“Яқинда жиянчали бўласан”

Би-би-си Ўзбек хизмати Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси билан боғланди.

Гўшакни кўтарган навбатчи тергов кетаётганлиги учун оммавий ахборот воситаларига ҳеч қандай маълумот берилмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, ҳозир замон ўзгарган ва милиция идораларида олдингидек бошбошдоқликлар йўқ.

Бироқ 1,5 яшар боласи билан Терроризмга қарши курашиш бошқармасида кун бўйи тергов қилинган Азиза Узоқованинг айтишича, онаси қийноққа тутилганини ўз қулоғи билан эшитган ва юзлаштирилганда онаси Насиба Узоқова ҳибсдаги ўғли ва қизининг қийнашаётганини эшитиб ўтирганини айтган.

“Жон қизим булар бизни кечаси билан азоб бериб тергов қилишди. Тўхташмади. У ёқда уканг, бу ёқда синглинг ҳаммаси бақирди. Синглинг билан укангнинг бақирганига чидолмадим, дедилар. Уларни алоҳида алоҳида хоналарда қилишган. Бир-бирига кўрсатишмаган, Фақат бир-бирининг овозини эшитишган”, дейди Азиза Узоқова.

Азиза Узоқаванинг айтишича, яқинларига иссиқ кийим-бош олиб бориб берганида Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ходими унга синглиси Умида Узоқованинг ҳомиладор бўлиб қолганига шаъма қилган.

“Қалин кийимларни қўлимдан олган ўша ердаги ходим айтдики, яқинда жиянли бўласан, деди. Нима, деганимда бошқа қайтиб гапирмади. Синглимга шаъма қилди. Нимани назарда тутганини ўзим ҳам билмай қолдим. У ерда синглимни қийнашганини ўзим ҳам билгандим. Онам синглимни қийнашганини айтганди. Лекин қанақа қийнашганини билмаймиз”, дейди Азиза Узоқова.

Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи чиқарган хабарда айтилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 ёшдан 60 ёшгача бўлган 79 нафар аёл ва эркак диндорлар қўлга олинган.

Уларнинг аксарияти 8 соатлик савол-жавобдан сўнг қўйиб юборилган. 7 киши ҳамон ҳибсхонада қолмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси томонидан 29 ёшли Умида Узоқова, унинг онаси 51 ёшли Насиба Узоқова, 25 яшар Муҳаммадамин Абдураҳмонов ҳамда Умиданинг турмуш ўртоғи Нодирлар 13 ноябр куни ушланган.

Орадан 3 кун ўтиб 16 ноябрда 35 ёшли Оятулла Усмонов, 32 ёшли Муҳаммад Рашидов ва 23 яшар Насрулло Аъзамовлар ушлаб кетилган. Яқинлари уларнинг ҳамон ҳибсда сақланаётганини ва қийноқларга тутилаётганини айтмоқда.

Яқинларининг таъкидлашича, Тошкент милицияси улардан 2009 йил қидирувга берилган Гўзал Тўхтахўжаеванинг жойини маълум қилишни талаб қилмоқда.

Унинг ҳибсда сақланаётган турмуш ўртоғи Муҳаммад Рашидовнинг эпилепсия (тутқаноқ) ҳамда юрак пороги (нуқсони) хасталиклари билан оғриши айтилади.

ЎХҲ хабарлар бўлими