Ўзбек миллатининг фожеаси – хасислик, бахиллик, зиқналик!!!

Ўзбек миллатининг фожеаси – хасислик, бахиллик, зиқналик!!!
90 views
26 November 2017 - 12:05

Ўзбек миллатининг фожеаси
(иккинчи мақола)

Ўзбек миллатининг фожеаси – хасислик, бахиллик, зиқналик!!!

Ўзбек халқининг бахилликка оид жуда кўп мақоллари бор. Энг машҳури «Бахилнинг боғи кўкармас» бўлса керак.

Дунёдаги барча ривожланган халқлар мана шу бахиллик иллатини енгиб ўтолсагина тараққиётга эришган. Бу иллатдан воз кечиш шу мамлакатдаги халқларни бирлаштирадиган куч ҳам. Бунинг энг самарали, тажрибада синалган ишончли услуби, шу мамлакат зиёлилари.

Хасис Скрудж амаки ҳақидаги Чарльз Диккенс яратган бадиий образнинг ёйилиши Англия давлати ва халқи тараққиётидаги ролини ўлчаб бўладими?

Беқиёс!

Бизнинг ёзувчиларимиз, драматургларимиз, сценарист ва режессёрларимиз олдида турган долзарб мавзу ёрқин ўзбек хасис бойи образини яратишдир. Хасисликка мисолларимиз эса, бахтга қарши ўтакетган даражада кўп, дўстлар!

Миллатдошларимизнинг чет элга иш қидириб кетишига сабаб нима?

«Иш бўлмагандан кейин кетади-да!»

Тўғри! Лекин уларни кетишига сабаб ўзимизнинг оқил-у доно бойларимиз. Давлат ишларини айтмай қўяқолай. Қанчадан-қанча мардикорларни ишлатиб пулини бермай юрибди, баъзи бойларимиз. Баъзи бир-икки сўм топиб семирган товуққа ўхшаб орқаси қисилган бойвуччалар ишни бажартириб «еган овқатинг унча бўлди, бунча бўлди, шунча қарз бўлдинг» -дегувчилариям бор. Баъзида иш ҳақи бериш пайти келганида «без прописка юрувчиларни текширишяпти» деб қўрқитиб ҳақини бермай юрганлари камми?

Бир танишимнинг ягона ўғли бор. Россияда ишлаб юрибди. «Нега у ёққа кетди?» -деган саволимга мавзу бўйича қойилмақом жавоб олдим.

«У қариндошнинг уйида ишлади «тўй қиляпман, қилган ишинг тўёна» дебди, бунисиникида ишласа «ҳашар» дебди. Унисининг аҳволи оғирмиш, бунисининг бошқа баҳонаси тайёрмиш. Кетади-да».

Кетади. Россияда ишлаб келган йигитларнинг гапини тинглаб ўтирибман «фалончи куни полиция келиб, документларининг нотўғри деб қамамоқчи бўлиб маҳкамасига олиб кетди, лекин, хозяин ҳам зўр одам, қутқариб олди».

Улар нима деяётганини билишмайдими? “Хозяин” дегани хўжайин. Қаранг-а? Хўжайиннинг хизматкори бўлиб ишлаётганини фахр билан айтяпти. Аслида бунинг номини қулчилик дейилади.

Баъзи бир, балким, эътиборимни тортаётган барча ён-атрофимдаги воқеалар сизларга баён этишим учун бўлаётгандирки, шунинг учун қўлимни клавиатурага босяпман.

Келинг шундай воқеалардан бирини сизларга сўзлаб берай.

Қариндошларимнинг қўли очиқ, довдирлигига гап йўқ. Албатта, хасислариям бор. Қариндошларимнинг ишлари юришиб турсинда. Ишлари юришмай турган пайтида улар билан мулоқот қилиш жуда оғир. Гурзидай оғир-оғир гапларни бошингизга урадики, дилингиз сиёҳ бўлиб улардан воз кечиб юборгингиз келади.

Хуллас, кунлардан бир куни яқин қариндошларимдан бири шунақанги бир гап қилдики, «э, бор-э иккинчи сенинг даргоҳингга келмайман» -дея чиқиб кетдим. Тўғри бу гапни унга айтганим йўқ. У мени хафа бўлди, деб ўйлаганиям йўқ. Мен ўзимга ўзим қасд қилиб чиқиб кетдим.

Кечқурун ҳуфтондан сўнг, қалбларга шифо бергувчи дори – Қуръонни очиб ўқиб ўтирсам, “кимки қариндошлик алоқаларини узса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлур” деган Қонунни ўқиб бутун вужудим титраб кетди.

Қайтараман. Ўша кунги воқеада менга қаттиқ гапирган қариндошим, менинг хафа бўлганимни билгани йўқ. Мен ўзимга ўзим қасд қилиб кетдим, демакки, қариндошлик ришталарини биринчи бўлиб мен узяпман (???!!!). Тўғри, бу гапни мен ҳеч бир одамга айтганим йўқ. Аммо, бировларга ўз сўзида туриш ҳақида Айюб пайғамбар мисолини тушунтиравериб ҳикматли гап қилавериб ёдимда қолиб кетган ривоят эсимга тушди. Менинг ришта узмоқчи бўлаётганимни Аллоҳ кўриб турибди.

Айюб пайғамбар воқеасини эслатиб қўя қолай. Пайғамбарлар орасида сабр-тоқат бобида Айюб пайғамбарнинг воқеалари жуда ибратли. У киши касалланиб қолганларида хотини нима биландир пайғамбарни хафа қилади. Шунда Айюб алайҳиссалом «агар соғайиб кетсам, хотинимни юз хивчин ураман» деб ўзларига ўзлари сўз берадилар.

Тузалиб кетгач, айтган гаплари ёддан чиқади ёки хотини кўзларига яхши кўриниб кетади, хуллас у киши хотинини юз хивчин урмоқчи бўлмайдилар.

Бу вазиятни кузатиб турган Аш Шаҳийддан шунда ваҳий келади ва адолатли ҳукм буюрилади «юзта хивчинни бир боғлам қилиб, хотинингни бир марта ур, берган ваъдангдан қайтма!».

Баъзи бир кишиларнинг «динда ёлғон гапришга рухсат бор» деганларига мана шу воқеа далил. «Йигит киши айтаверади ҳам, қайтаверади ҳам» деган совет мақоли нақадар пасткашлик қуроли эканлигини билиб қўйинг, дўстлар.

Берган ваъдангизни бажаринг. Бировларни ишлатиб ҳаққини беришни пайсалга солманг. Бировни алдашингиз мумкин, лекин Ал Қоимни алдай олмайсиз.

Менинг аҳволим жуда оғир эди. Чунки, мен у қариндошим билан риштани узсам Аллоҳнинг лаънатига дуч бўлишим мумкин. Агар Аллоҳнинг ғазабига дуч бўлмайин деб, бугунги ўзимга берган ваъдамни бузсам, Аллоҳнинг розилигини олиш учун нима иш қилишим керак?

Яна Қуръон варақладим.

Ваъдамни бузиб қўйган пайтимда учта ишнинг бирини қилишим керак экан.

Бир қулни озод қилиш (менинг тасаввуримда бўлиши мумкин бўлмаган иш!!!);

Олтмишта мискинни таомлантириш; Бу ишни бажарса бўлади, аммо харажати бор.

Олтмиш кун кетма-кетига рўза тутиш. Бу ишниям қилса бўларди-ю, ўша пайтда моддий аҳволим бундай ташвишларни кўтара олмасди.

Лекин, иккинчи ёки учинчи шартни бажариш учун яхшигина эркин маблағ топгач қилиш ниятини қалбимга тугиб қўйдим.

Воқеа Тошкент шаҳрида бўлиб ўтганини айтиб қўяй. Эртаси куни пешин пайти Тошкент шаҳридаги мачитларнинг бирига кечикиброқ бордим. Адашмасам феврал, йўқ март ойлари эди. Ҳар холда иссиқ кийиниб юргандик. Пешин намозини ўқиб бўлгач, мачит ёнидаги ошхонада тушлик қилишниям мўлжаллаб турибман.

Таҳорат олиб, мачитга кирдим. Бир пасда уч-тўрт киши йиғилиб қолдик. Ҳаммадан ёши каттаси мен эдим. Тўрт ракаат суннатни ўқигач, фарз ўқиш навбатини бир-биримизга таклиф қила бошладик (ҳамма жавобгарликдан қоча бошлади десам тўғрироқдир), «ёши улуғ ўқийди» деган тушунчага биноан имомликка ўтиш чеки менга тушди.

Ибодатни адо қилиб ташқарига чиқувдим, сафда турганларнинг бири, ёши мендан етти-саккиз ёшлар кичик, қора тўнли йигит менга мурожаат қилиб қолди:

–Ака, уйингизда иш йўқми?

–Қанақа иш?

–Бирон бир юмушда,-деди йигит ийманиброқ.

Ўзим ижарада турсам, устига устак «дом»да.

–Домда тураман қанақа иш?

Бу гапим билан бехосдан йигитнинг умидини сўндириб қўйдим. Вазиятни бироз юмшатиш мақсадида, орқага ўгирилиб кетишга шай турган йигитга дедим:

–Иш ўзи сизга нега керак?

–Уйимга кетишга пул керак. Шунга ишлаб пул топсам дегандим.

Бу гаплардан кейин юрагим увушиб кетди.

–Нега пул тополмайсиз, Тошкентга қандай келдингиз?

Асли водийлик қирқ ёшлар атрофидаги йигит бошидан ўтказган гапларни тушлик пайтида айтиб берди.

Маълум бўлишича, улар Остонада кўп қаватли уй қуришган. Иш оғир, шунинг учун қозоқ иш берувчилар ишчиларни яхши овқатлантирганлар. Ишчиларнинг паспортларини олиб қўйиб бир неча ой давомида иш ҳақи бермаганлар.

Шунда ҳамсуҳбатим ва Сурхондарёлик йигитлар иш берувчилардан пулларини талаб қилишган. Улар эса кўпчилик бўлиб ишчиларни дўппослаганлар. Хорликка чидаёлмаган йигитлар қочишга келишганлар ва Ўзбекистонга келаётган автобусга миниб олганлар.

–Божхона постида паспортсиз қандай ўтдиларинг?

–Сиз, мени танамдаги жароҳат излари кетганида кўриб турибсиз. Постга келиб бўлган воқеани айтиб берувдик, маматалоқ башарамизни кўриб, постдаги йигитлар паспортсиз ўтказишиб, қўлимизга беш-олти сўм ҳам беришди.

Шу гапдан кейин мен ҳам ҳамсуҳбатимнинг юзига разм солдим, яра излари битай-битай деб турганди. Мени тикилаётганимни кўрган йигит қўли кафтидаги битаётган қонли изни ҳам кўрсатди.

–Неча кун бўлди Тошкентга келганингизга?

–Ўн кунча бўлди?

–Қаерда ётиб юрибсиз, кунлар совуқ-ку?

–Мачитларда ётиб юрибман. Тошкентда баъзи мачитлар кечаси қулфланар экан, четдагилари очиқ тураркан. Бир ҳамшаҳаримни учратиб қолиб, бор дардимни айтиб солдим. У менга раҳми келиб ўн минг сўм берди.

–Уйда бола-чақалар борми?

–Бор. Уйга етволсам бўлди.

–Таксида кетиш пули неча пул?

–Фалон минг сўм, -деди ва уялиб кўзларини олиб қочди.

Бундай кишилар мискин дейилади. Пулга муҳтож, аммо сўролмайди. Ҳалол ишлаб пул топайин деб турибди. Буни қарангки, водийга таксида етиб борадиган пул менинг чўнтагимда бор эди.

Ошхонадан чиқиб чўнтагимдаги пулдан ҳамроҳим уйига етиб оладиган пулни бергандим, йигит хурсанд бўлди-да «телефон номерингизни беринг» деб туриб олди. У пулни менга эрта-индин қайтармоқчи.

–Телефон берилмайди, мен бу ишни холис Аллоҳ учун қиляпман, дедим мен.

–Телефонингиз номерини берсангиз, етиб борганимни хабар қиламан,-деди у қувлик қилиб.

–Йўқ керакмас,-дедим мен.

Хуллас хайрлашдик.

Мен ибодатли бир мискин, мусофир яна устига-устак мазлум кишига ёрдам берганимдан хурсанд бўлдим.

Кечқурун келиб, пешинда бўлиб ўтган воқеани мушоҳада қилсам иш қидириб юрган кишини ўз оиласи бағрига етиб бориши учун қилган ишим битта қулни озод қилишга тенгмикан? – деган фикрга бориб қолдим. Шундай ҳисобга ўтишини Ар Раҳиймдан умидворман.

Бу воқеа бежизга мен билан содир бўлмади, хойнаҳой. Шунинг учун битта ишчи ўрни яратган тадбиркорни Аллоҳ наздида жуда катта савоб иш қилган киши деб ҳисоблайман.

Дўстлар! Бировни ишлатсак хизмат ҳаққини дарҳол адо қилайлик, қўлимиздан келса, бу дунёдаги энг савоб катта иш – битта бўлса-да ишчи ўрни яратайлик!

Ишчи ўрни яратган тадбиркор дўстларга эса Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!

Ўзбекистон шароитида ЖУДА КАТТТА САВОБ – ишчи ўрни яратишнинг осон йўллари баёнини кейинги мақоламизда айтамиз, ин ша Аллоҳ!

Анвар Шукуров

facebook.com