Турон мусофирлари

Турон мусофирлари
55 views
27 November 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

Яхши билан ёмон орасида фарқдир,
Икки кеманинг учини тутган ғарқдир.
Алишер Навоий

1-қисм

Биринчи боб

Қаердадир паспортини тушириб қўйган Баҳром айланма йўллар орқали Қозоғистон ҳудудига ўтди. Бу пайт қоронғилик чўкканига бир соатлар бўлганди. У паспортини йўқотмаганда ҳам назорат постига яқинлашмасди. Яқинлашса, у ҳақидаги маълумотлар компютир хотирасида қоларди. Эҳтимоллар тўғри чиқиб, унга қидирув эълон қилинса, эркин ҳаракатланиши учун бу муаммо туғдирарди.

Баланд-паст, эгри-қийшиқ сўқмоқлардан уч аёл ва тўрт эркакни маҳаллий кимса бошлаб борди. Бу кимсадан уларни яна бир қозоғистонлик йўлбошловчи қабул этиб олди.

– Нечта одам бор?

– Еттита!

– Паспорт олтита-ку!

 – Мана бу одамнинг паспорти йўқ экан! – дея у Баҳромни кўрсатди.

– Ҳечқиси йўқ!

Улар қозоғистонликка эргашдилар. Унинг бирор маъно англаш қийин бўлган сўзларидан Баҳром ҳадик туйди.

У чекка бир ҳовлида турган шалоқ “Жигули”га еттита одамни уриб тиққандек тиқди. Беш-олти чақирим йўл босиб, манзилга етказди. Бу манзилда кутиб турган бошқа бир йўлбошловчи йўловчиларнинг паспортларини йиғиб олиб чўнтагига тиқди. Соткаларни териб олди.

– Қани, тезроқ чиқинглар, автобус тўлди, кетамиз! – деди у. – Нарсаларингизни манзилга етгач оласизлар.

Йўлбошловчининг ён ва ички чўнтаклари дўппайиб турар, уларда қирқдан зиёд паспорт бор эди. У соткаларни сақлаб қўйиш учун автобус ҳайдовчисига берди.

Йўловчиларнинг аксари чегарани ноқонуний йўллар орқали кесиб ўтганди. Қонуний йўллар билан кирганларнинг баъзи бирларлари фирибгарлар қармоғига илинганларини сезмай қолгандилар. Кўпчилик иш излаб чиққани учун икки-уч кишидан иборат гуруҳларга бириккандилар. Чамаси, битта Баҳромда шерик йўқ эди. Бир ярим соатдан мўл йўл босган автобус Чимкентга яқинлашди. Шаҳарга киргач, икки кимса ҳайдовчидан тушириб қолдиришни сўради. Ҳайдовчи индамади.

– Нимага шошасизлар? Тушишга улгурасизлар! – дея йўлбошловчи уларни жеркиб берди.

Автобус автокалоннага ўхшаш бир иншоот олдида тўхтади. Маҳобатли дарвоза бир томонга сурилиб, у ичкарига кирди. Ҳудуд ўртасидан кесиб, яна бир кичикроқ дарвозага етганда, мотори ўчди. Шунда дарвоза орасига ўрнатилган эшик очилиб, ичкаридан ўн чоғли дуркун йигитлар пастга тушдилар. Йўлда тушиб қолмоқчи бўлган икки кимса биринчи бўлиб автобусдан чиқди. Қолганларнинг шошаётган жойлари йўқ эди. Икки кимсанинг ўрта бўйли, ғўлароқдан келгани паспортини сўраган эди, ичкаридан чиққан йигитлардан бири ўзлари чиққан темир эшикни кўрсатди.

– Нарсаларингизни ичкарида оласизлар!

Йўлсумкасини елкасига осиб олган икки кимса эшикка қараб юраркан, Баҳром ҳам уларга эргашди. Ичкарига кирган ҳар бир одамнинг кўзи қурилиши чала иморатга тушарди. Қорашувоқдан чиққан бу уч қаватли бино кўринишидан қамоқхонага ўхшаб кетарди.

Биринчи кимса электр чироқларидан кундуз кунидек чароғон ҳовлининг тўрт бурчига олазарак боқаркан:

– Кўчага чиқадиган эшик қаерда? – дея ҳайрон бўлиб минғирлаган эди, иккинчиси:

– Паспортларни олиш керак, қаерга шошяпсиз? – деди тожикчалаб.

– Шунчаки, ҳеч нарсага ақлим етмаяпти, дўст! – деди у.

– Қолганларнинг автобусдан тушишини кутамиз, шекилли!

У шеригига нисбатан ёшроқ бўлса ҳам, оғир-босиқ ва бамаъни эди. Баҳром нияти бир эканлигини билдириш учун уларга яқинроқ бориб турди.

Барча кириб бўлгач, ён-атрофни айланиб юрган йигитлардан бири темир эшикни зичлаб ёпиб, илгакларини илиб, қулфлаб қўйди. Таажжубланган ўрта яшар кимса, булар нима қилмоқчи ўзи, дегандек, шеригига хавотирли боқди.

– Жойига келиб қолганга ўхшаймиз, ишқилиб, охири бахайир бўлсин-да! – деди ёшроғи. – Йўлбошловчи қани ўзи?

– Йўлбошловчи ишизловчиларни топшириб кетиб қолди! – деди уларнинг сўзларига ҳалитдан буён зимдан қулоқ осиб ўтирган ёш бир аёл.

Тожикчалаб гапирганига кўра, у ҳам тожик эди.

– Қандай қилиб кетиб қолади? Паспортларни бермасдан-а! – ўрта ёшли кимсанинг фиғони фалакка чиқди. – Бизлар ишизловчилар эмасмиз!

– Бўлмаса, нимага бу автобусга чиқдингизлар? Уловга автошоҳбекатдан чиқсангизлар бўларди-ку!

– Божхонадан ўтмасимиздан киракашлар, автобусга чиқариб қўямиз, дея ҳоли-жонимизга қўймадилар. Автошоҳбекатнинг қаердалигини кўрмадик ҳам. Бунинг нимаси ёмон?

– Киракашлар ўзлари  бошлаб келган ҳар битта кимса учун ҳақ оладилар. Йўлбошловчи ишизловчиларни киракашлардан сотиб олиб, бу жойга етказади. Ва у ҳам эшикдан кирган ҳар одам учун ишберувчидан хизмат ҳаққи ундиради. Сизларнинг ким эканликларингизнинг улар учун қизиғи йўқ. Уларга одам сони қанча кўп бўлса, шунча яхши.

– Паспортларимиз билан соткаларимиз кимда?

– Хавотир олманглар, ташлаб кетишади!

Аёлнинг бу ишлар ҳадисини олгани кўриниб турарди.

Анграйиб қолган икки йигит бир-бирига бир муддат маъносиз термулди.

– Бу жойда ким бошлиқ? – дея  ёшроғи бақириб юборди.

– Нимага дод соласан? Секинроқ гапир! – деди ишизловчиларни жойлаштираётган узун бўйли йигит, кекирдагини чўзиб бўйларкан.

Хоналар аскарларнинг казармасига ўхшатиб, эни қисқа, бўйига узун қилиб қурилганди. Эҳтимол, бу хоналар қурилишидан аввалоқ шу ишларга мўлжалланган бўлиши ҳам мумкин эди.

– Бақираётганим йўқ. Буюмларимизни беринглар, кетмоқчимиз! – деди у.

– Бирпас сабр қилиб тур, одамларни жойлаштириб олай, сўнг гаплашамиз!

Узун бўйли йигитнинг бамайлихотир жавобига қараганда, бу сингари тушунмовчиликлар тез-тез такрорланиб турарди. Адашганларнинг келиб қолиши тасодиф эмасди.

Иморатнинг асосий ҳовлиси орқада эди, шекилли, ичкарига қараган деразаларга ва эшикка ғишт уриб, суваб ташланганди. Деворнинг ҳар ерида оқаринқираб турган сувоқлар шундан дарак берарди. Ўн дақиқа олдин кириб келган ишизловчиларнинг юк сумкалари ғиштлаб ташланган эшик зинапояси устида қалашиб ётарди. Бу гўша ишизловчиларни истаганча ушлаб туриш учун жуда мустаҳкам қилиб қурилган эди. Одам савдоси билан шуғулланувчилар бунинг орқасидан мўмай даромад ундирардилар. Ҳовлининг уч томонида энсиз, айтганимиздек, узун қурилган учта даҳлизсимон ётоқхона бор эди. Чеккада бир кичик ошхона бўлиб, унда овқат тайёрлаш учун шароит йўқ эди. Чой қайнатиш учун “Теfal” русумидаги иккита электр чойгум  қўйилганди. Йигирматача пиёла ва ўнта тақсимча хонтахта устида дасталанган турарди. Пиёла ва тақсимчаларнинг бундай тақчиллиги ҳар кун келиб, ҳар кун кетадиган юзлаб ишизловчиларнинг ичкарида қалашиб кетиб, бу ерни расво қилиб юбормасликлари учун эди. Озиқ-овқатларини жамлаб, ўзлари билан олиб юрадиган ишизловчиларнинг тамадди қилгилари келса, бу ерда бир пиёла иссиқ чой ича олардилар, холос. Тағин ҳовлининг бир бурчагида кичкина эшик бўлиб, ундан тўлароқ одам сиқилиб зўрға ҳожатга кирарди. Хуллас, барчаси ишизловчиларни қатъий назоратда ушлаб туришга мосланганди. Ҳожатхонанинг эшигидан бошқа бирор жойида тирқиши йўқ эди. Шу боис кириб чиққан одамнинг уст-бошига ўрнаб қолган қўланса ҳид анчагача тарқамасди. Исталмаган жойга кириб чиқишга мажбур бўлганлар шерикларига яқинлашмасдан, анча пайт ҳовлида айланиб юрардилар.

Яна бу жойда кўзга яққол ташланадиган нарса мункиллаган бир ўрис кампир эди. У ҳожатхона билан ошхонага кириб-чиқиб, супур-сидир билан шуғулланар, ахлатларни йиғиб, ҳожатхона ёнбошидаги чиқиндиқопларга жойлар, биров билан иши йўқ эди. Унинг даҳандаги лиқиллаган тиш каби омонат туриши ҳар қандай кимсада шарти кетиб, парти қолган бир шўрлик экан-да, деган таассурот уйғотарди. Шу чоққача унинг гапирганини ҳеч ким эшитмаганди. Тол хипчинидек букчайган қомати, буришиқ юзидаги ажинлари уни ўта сирли кўрсатарди. Панжалари мумиёланган мурданики сингари тиришиб, кўкарган томирлари бўртиб турарди. У ҳеч қачонда бировнинг кўзига тикка боқмас, оғзида қолган бир-икки тишини кўриш мумкин бўлса-да, осилган қовоқлари орасига яширинган кўзларини кўришнинг имкони йўқ эди. Шу сабаб унинг ички дунёси хусусида томдан тараша тушгандек, илкисдан аниқ гап айтиб бўлмасди. Бу жойнинг умумий манзараси мана шулар ва яна урушқоқ бир даканг хўроздан иборат эди. Юқоридагиларга ишизловчиларни жойлаштираётган шотирларнинг зардали дўқ-пўписаларини қўшсак, таърифимиз тўлиқроқ чиқарди.

Шотирлар бирпасда барчани хоналарга жойлаштирдилар. Ишизловчиларнинг апил-тапил полга ўтиришлари уларнинг ўринлари айнан шу жойда эканлигини билдирарди. Улар бундай ҳолатларни кўп бора бошларидан кечирганлари туфайли, ҳеч нарсага эътибор бермаётган бўлсалар ҳам, ташқаридан кузатиб турган Баҳром ва икки тожик йигитнинг ичидан бир нима узилгандек бўлди. Уларнинг афт-ангорлари тобора оқаринқираб, синиқиб бораётганди. Баҳром уларга қўшилиб, елкасига сумкасини осганча, кўчага чиқишга ҳозирланарди.

– Нимага қоққан қозиқдек қотиб турипсизлар? Келиб, ўрнашиб олинглар. Беш дақиқадан кейин чироқлар ўчади! – деди уларга шотирлардан бири.

– Ўзимизнинг тунайдиган жойимиз бор! – деди ёшроқ йигит. – Буюмларимизни бериб, кўчанинг эшигини кўрсатинглар, кетмоқчимиз!

– Қаёққа?! – дея шотирнинг энсаси қотди. – Тонггача бу жойдан ҳеч ким чиқа олмайди, ишберувчиларнинг келишини кутасизлар!

– Ўзимизнинг борадиган жойимиз бор. Иш қидиришга эҳтиёжимиз йўқ! – деди у тағин. – Қўнғироқ қилсак, шерикларимиз келиб олиб кетадилар.

– Сизлар учун пул тўланган, қарзларингизни узмасдан кета олмайсизлар!

– Бизлар сенга молмизми? – катта ёшли кимсанинг жони чиқди. – Тезда кўчага чиқадиган эшикни кўрсат, бўлмаса хафалашиб қоламиз!

Тортишувнинг жанжалга айланаётганини кўрган шотирлар дарров келиб, икки йигитни ва Баҳромни ўраб олдилар. Эшикка қулф солган қозоқ йигитининг тўдабоши эканлиги ҳаракатларидан билиниб турарди.

– Бахшилло! – деди у узун бўйли йигитга. – Булар тожик бўлсалар керак. Ўзларингизнинг тилларингизда яхшилаб тушунтир. Эрталаб хўжайин келганида ўзлари келишиб олаверадилар.

– Хўжайин сизларга пул тўлаб қўйган! – деди тўдабошининг кўрсатмасини амалга оширишга киришган йигит тожикчалаб. – Бизларнинг вазифамиз сизларни қўриқлаб туриш. Тинчгина тонг отишини кутинглар, кўнмайдиган бўлсаларингиз, калтак еганларингиз қолади. Сизларни аяб ўтирмайдилар!

– Нимамизни қўриқлайсизлар, бизларни бўри ейдими? – дея каттароқ ёшли кимса бақириб юборди.– Кўнмасак, калтак ермишмиз. Нима, бизни шу қадар  гўл деб ўйлаяпсизми?

Унинг сўзлари охирига етмади. Тўдабоши унинг башарасига бир мушт туширди. Бечоранинг унга қарши дўлайтган муштлари ҳавода қолиб, ўзи гурсиллаб ерга ағдарилди. Бахшилло вақтни бой бермасдан унинг дуч келган жойига тепа бошлади.

– Бас, тушундик! – дея ёшроғи Бахшиллога ялинди. – Кечир, биродар, энди қайтарилмайди.

Вазиятнинг қалтислигини англаган Баҳром дарров хонага кириб кетди. Муносабатлар чигаллашадиган бўлса, у ҳам қуруқ қолмасди.

Ичкари ғира-шира эди. У бўш жой топгач, чўккалади. Кейин йўлсумкасини бош томонга ўрнаштириб, ёнбошлаб олди. Бошқалар ҳам топганларига қаноат қилгандилар. Кимларга эски-туски кўрпа-кўрпача теккан, кимларга шу ҳам йўқ эди. Кўпчилик ёстиқ етишмаслигидан йўлсумкасига бош қўйган, курткаси ё пўстинини устига ташлаганди. Барча совуқ қотмаслик учун бир-бирига сиқилиб олганди. Қуруқ полос устига чўзилганлар ҳам оз эмас эсди.

(давоми бор)