“Бир умр кимсага этмагил муҳтож, бир умр кимсага этма дардисар…”

“Бир умр кимсага этмагил муҳтож, бир умр кимсага этма дардисар…”
24 views
29 November 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

3-қисм

У кирганда ароқ ичиб ўтирганлар ичаклари узулгудек бўлиб кулаётган эдилар. Соат тунги уч бўлганига қарамасдан, кўпчилик уйғониб кетганди. Улар ётган жойларидан деразага термулиб, гердайиб юрган хўрозни томоша қилардилар. Бу ҳолатлари ишизловчиларнинг авваллари ҳам бир неча бор бу ҳодисанинг гувоҳи бўлганларидан дарак берарди. Баҳром уларнинг оёқлари учидан эҳтиёткорлик билан ўтиб, пастга чўккалади. Фирдавс билан Сангин бир-бирларига қисилиб олгандилар. Уларнинг қимирламасдан ётганини кўрган одам, донг қотиб ухлаяпти, деб ўйларди. Баҳром ҳам бошида шундай деб ўйлади. Аммо бундай бўлиб чиқмади.

– Фирдавс, уйғоқмисан? Бомдод ҳам яқинлашгандир? – деди том босиб қолган одамдек инқиллаган Сангин. Фирдавс унга Нақшбанднинг рубоийси билан жавоб қайтарди:

– Ёраб! Бикшо бар дилам аз парда даре,
Бе миннати махлуқ расон моҳазаре.
Дар боқии умр ончунон дор маро,
Каз ман нарасад ба ҳеч кас дарди саре.

Бу билан у бомдод яқинлашганда бу жойларда нима ҳам ўзгарарди, демоқчи бўлаётганди.

Ўзбекчасини биладиган Баҳром, уни қўллаб-қувватлади:

– Ёраб! Қалбимнинг дарпардасин оч,
Махлуқ миннатисиз етказ моҳазар.[1]
Бир умр кимсага этмагил муҳтож,
Бир умр кимсага этма дардисар.

– Ёраб! Ту дарахти умри мо пас макун,
Моро аз шароби нестий маст макун.
Ёраб! Зи карам жумла жавонмардонро,
Дил тангу паришон, тиҳий даст макун.

У тугатиши билан Баҳром яна ўзбекчасини улаб кетди.

– Ёраб! Сен умримиз дарахтини паст қилма,
Бизни йўқлик шаробидан маст қилма.
Ёраб! Карам қил, барча жавонмардларни
Дилтангу паришон, қуруқ даст қилма!

Пўстинига бурканиб ётган Фирдавс бошини юқорироқ чиқариб:

– Аз хуни дилам ду чашми пурнам беҳтар,
Ваз айшу нашот – меҳнату ғам беҳтар.
Як лаҳза ҳузури дил, бадаргоҳи Худой,
Аз салтанати тамоми олам беҳтар, – деди.

– Юракдаги қонимдан кўздаги нам яхшироқ,
Ҳам бу айшу ишратдан меҳнату ғам яхшироқ.
Ҳузури дил ила турмоқ Яратган даргоҳида,
Бори бу оламнинг салтанатидин ҳам  яхшироқ,

дея Баҳром ҳам имконни қўлдан бой бермади.

Беихтиёр завқланган Фирдавс қаддини тиклади:

– Ёраб! Чи кунам ба ҳеч дар бозам нест,
Дар шарми гунаҳ, забон гуфторам нест.
Сар то сари офоқ баҳечам нахаранд,
Ёраб! Чи матоъам, ки харидорам нест.

Баҳром бу гал ҳам бўш келмай, яна рубоийни ўзбекчалаб такрор этди:

– Ёраб! На қилай, ахир, дару дорим йўқ,
Гуноҳим кўплигидан тил, гуфторим йўқ.
Бошдин оёқ дунёда йўқ сариқ чақа қадрим,
Ёраб! Не матоҳманки, харидорим йўқ.

– Эй фазли ту дастгири ман, дастамгир!
Сер омадаам зи хейштан дастамгир!
То чанд кунам тавбаву то кай шиканам,
Эй тавбадиҳу, тавбашикан, дастамгир! 

– Эй фазли қўллаб турган, кел, қўлимдан тут!
Тўйиб кетдим ўзимдан, кел, қўлимдан тут!
То қачон тавба қилиб, яна аҳдим бузгум?!
Эй, аҳд олиб, буздирган, кел, қўлимдан тут!

Баҳром ўзбекчасини ўқиб тугатиши билан ичиб ўтирганлар қарсак чалиб юбордилар. Уларга бир-бирларининг пинжига тиқилиб ётган ишизловчилар ҳам қўшилдилар. Гулдурос қарсаклар зарбидан хона ичида маҳобатли овоз пайдо бўлди. Шотирларнинг тинчи бузилди. Хўроз найрангидан маст шотирлар бирпасда хонага етиб келдилар.

Шунда ичиб ўтирган гуруҳ орасидаги ёши олтмишдан ошган киши дуога қўл очди.

– Омин, Тангри авлиёларимизга насиб этган илм ва маърифатдан барчамизни баҳраманд этсин! – деди у. – Буюк зотлар дуоси, ҳурмати ва шарофатидан ота Туронимизни тинч, ҳаётимизни фаровон, фарзандларимизни илмли ва салоҳиятли зурриётлардан айласин. Бизлар кўрган дарбадарликларни ва юртдан ташқарида тортган иссиқ-совуқ заҳмини улар тортмасинлар. Ҳар банда ватанида ватангадо, юртида ҳақ-ҳуқуқларидан жудо бўлмасин, Аллоҳу акбар!

Дуога қўл кўтарган шотирлар, ишизловларнинг отатдагидай суҳбатлашиб ўтирганларини кўргач, қайтиб чиқиб кетдилар.

Баҳром дуо ўқиган кимсанинг ўзи ўқиган китобни ўқиганини англади.

– Тақсир, ўзимиздан экансиз-ку! – деди у ҳам Баҳромнинг ичини уққандай. – Келиб даврамизга қўшилинглар, отамлашамиз.

Кўпдан биров билан кўнгил ёзиб дардлашмаган Баҳром Фирдавсга термулди.

– Биз ароқ бор даврадан айланиб ўтамиз! – деди у.

– Нимага тортинасизлар? – деди уларнинг тараддудланганини кўрган кимса ёнидан жой очиб.

Баҳром ўрнидан туриб, кимса очган жойга бориб ўтирди.

– Шерикларингиз нимага ийманишяпти?

– Билмасам!

– Сиз билан овора бўлиб, ухламадилар. Битта маҳалладанмисизлар?

– Мен уларни танимайман. Улар Тожикистондан бўлсалар керак!

– Йўғ-е! Сизнинг ўзингиз қаердансиз?

– Тошкентликман!

– Тошкентликка ўхшамайсиз!

– Асли Қоракўлданман, пойтахтда яшайман!

– Тожик бўлса, нима учун тили тортяпти, дея ҳайрон бўлгандим. Ажаб, ажаб… Фароғатчилик бўлаверсин, биттага кўпайдик, иним. Қани дастурхонга қаранг. Илоё, бахтингиз ётмағай…

– Қани, косани ушланг! – деди ўзини Қўзи оға деб таништиргач ҳалиги киши.

– Оға, ичмайман! – деди Баҳром. – Бутун борлиғим қақшаб кетяпти. Танамда мадорим йўқ.

– Тақсир, ана шу қурғур мадор бўлади-да! – деди у пиёлани узата туриб. – Изини узмасдан икки коса урсангиз, отдек бўласиз. Бунақанги вазиятга илк бора тушяпсиз, шекилли. Тўйиб ичиб, тўйиб ейиш керак, бўлмаса бу совуқда одам ўлиб қолади. Қани, олинг дўстим, шифо бўлсин!

Баҳром ароқ тўла пиёлани бир сипқоришда бўшатди.

– Дўстим, газак қилинг! – дея Қўзи оға унга илтифот кўрсатди.

– Исмингиз нима, иним?

– Мақсуд!

Унинг сўровига Баҳром ўйламасдан “Мақсуд” дея жавоб қайтарганди. “Мақсуд” деган исм тилига қаердан келди, буни Тангри билади.

– Иним, яна бир коса ичинг. Шу билан етмиш икки томирингизда қанча шамоллаш бўлса кесилади, – деди Қўзи оға. – Қурғурнинг бори зиён бўлса ҳам, бундақанги пайтларда нафи тегадиган жойи ҳам йўқ эмас.

– Раҳмат! – деди Баҳром ичишдан бош тортиб. – Етарли бўлди.

– Биринчиси билан иккинчиси орасидан қил ўтмасин, деган машойихлардан қолган бир гап бор! – дея уни Қўзи оға қисталанг қилди.

Баҳром йигитларни куттириб қўяётганидан истоҳола чекиб, қўлига ароқ тўла пиёлани олди.

– Не илож, сизлар мени сийлаяпсизлар, сизларни Тангри таоло сийласин! – деди у.

– Айтилган гаплар учун, – деди Қўзи оға.

Бу гал Баҳромнинг тан-баданига иссиқ югуриб, иштаҳаси очилди. У ортиқча қимтиниб ўтирмади.

– Ҳа, баракалла, Мақсуджон иним! – деди Қўзи оға. – Босиб-босиб еб, соғлигингизни тиклаб олинг. Қорнингизга бир нима кирмаса, мадор қаердан бўлади? Бўш қоп тик турмайди, дея бурунгилар тўғри айтганлар.

Баҳром Фирдавс билан Сангинга кўзини қирини ташлаб қўйди. Нақшбанд рубоийлари ҳалиям унинг қулоқлари остида жаранглаётганди.

– Холиқо, қойилман ўз нуқсонима,
Кўп жафолар қилдим мен ўз жонима.
Зоти покингдан иноят бўлмаса,
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Кутулмаганда Сўфи Оллоёрдан рубоий ўқиб юборган Қўзи оға унинг хавотирини сезаётгандек эди. Баҳром нима бўлса бўлди деб давом эттирди:

– Холиқо, қилдим гуноҳи беадад,
Жон берур ҳолатда сан бергил мадад.
Нафси шайтон илгидин қутқормасанг,
Бўлди мушкул ҳолимизға, ё Аҳад.

Давомини Қўзи оға илиб кетди:

– Холиқо, лутф эт гадойи зоринга,
 Бандадурман, розиман ҳар коринга.
Мағфират дарёсига ғарқоб этиб,
Кўзларим шойиста қил дийдоринга!

Баҳром миясига келган қуйидаги тўртликни силлиқлаб ўқишга қийналди:

– Не қилсам қилдим, қилдиргани боис,
Барча ишда нозиру, Ўзи холис.
Гуноҳларни юкламам ҳеч ўзгага,
Сабаби бор барининг, кўнгил ноқис!

 – Рости, ўхшамади-а?! – деди у хижолатомуз боқаркан.

– Ажойиб! – деди Қўзи оға. – Тўхтатманг, қўлларимиздаги қадаҳларни ўқияжак шеърингиз учун сипқорамиз.

– Қўллардаги шароб тўла бу қадаҳ
Ёқут каби товланади, дўстлар, воҳ.
Сипқормасак, юк бўлади ақлимиз,
Ҳушимиздан суво қилмайди Аллоҳ.

Чош бўлмаса, нодонликнинг уюми,
Тополмайди машойихлар уйини.
“Бўрини қўй еди”, деган қутулар,
Замон чаппа кийиб олган тўнини.

Ҳар нафасда қилган гуноҳлар тоғ-тоғ,
Фаҳм етмас даллимизми ёки соғ?
Кечирмаса, кечолмасмиз ҳеч қачон,
Ақл-ҳушлар аросатда ушбу чоғ.

Қўллардаги дарёсидан бир қатра,
Не ўзгарар ичмас бўлсак бир марта.
Фил ёнида кўзга тушмайди мўрча,
Имонимиз, ёмон йўлларда асра.

Сен борлигинг учун бизлар ҳам бормиз,
Асрамасанг, йўллардаги хас, хормиз.
Ўтмайди кун нафсимизни боқмасак,
Икки дунё, мурувватингга зормиз!

– Офарин, офарин! – дея шеърдан завқланган Қўзи оға қадаҳни қўйиб, қарсак чалиб юборди…

[1] Моҳазар – Аллоҳ томонидан етказиладиган беминнат ризқ.

(давоми бор)