Матназар Абдулҳаким. Танланган асарлар

Матназар Абдулҳаким. Танланган асарлар
25 views
28 November 2017 - 15:26

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

1.ДИЙДОР

Туркум

Билмадим, айланди неча бир фасл,
Неча бир асрлар шамолдек елди.
Мен кўнгилма-кўнгил, наслма-насл
Сени излаб ўтмиш қаъридан келдим.

Ва бир жуфт ғазалга илтижо айлаб,
Топиб олдим азал ва абад ичра.
Биласан ким сени кетганин жойлаб,
Қорачиқларимдан қилмайсан ҳижрат.

Мана, чақнаяпсан тун бағрин ўйиб,
Ўз бахтингдан ўзинг сўнгсиз ҳайратда.
Бу бахт булбулларни лол қилиб қўйиб,
Кўкда юлдузларни чаҳ-чаҳ сайратди.

Қани эди, сени майин мақтасам,
Бўлмаса кўксимда ҳар бир сўз тошдан.
Йўлимга кўз тутиб яшамокдасан
Неча асрларки ўн саккиз ёшда.

Энди тош сўзлар ҳам бошлар-ов кўчки
Ҳаётимга солиб тинмас зилзила.
Лекин менга таскин беролмас ҳеч ким
Бошимни бир умр муттасил силаб.

Ошиғинг — мангулик сени қиймайди,
Бўлгиси йўқ сенга хазон харидор.
Мени аёв билмай ёмон қийнади,
Гўзаллигинг билан сенинг бу дийдор.

Дийдоринг бўлмаса ҳаётим барбод,
Дийдоринг бўлмаса мен забун кимса.
Ўзимни тилайман сенга умрбод,
Илдизи юракда ўсимлигимсан.

Мен рашкда қоврилган мағрур ноламан,
Менда муҳаббат бор, йўқ менда шафқат.
Сени мангуликдан тортиб оламан,
Қанча севсанг, шунча яшайсан фақат.

(давоми бор)