Замона зўрники, томоша кўрники бўлди…

Замона зўрники, томоша кўрники бўлди…
71 views
08 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

11-қисм

Қарама-қарши томонда Дуйсенистоннинг содиқ фуқаролари жойлашгандилар. Дуйсенбайга рўпарама-рўпара қирқдан ортиқ даканг хўроз ва бир юз йигирмадан ортиқ она товуқ турарди.

Оқ кўйлак устидан катак-катак қирмизи костюм-шим кийган хўрозлар қип-қизил тожларини сиёҳ рангига бўяб, оёқларида қизил этик, қўлларида рўмолча, “Вой болам”лаб уввос солиб йиғлардилар. Уларнинг галустукларини сариққа, тожларини сиёҳ рангга бўяганлари – дилисиёҳликларини – оғир жудоликка учраганларини билдирарди. Оппоқ либосга бурканиб, бошларига кўкимтир рўмол боғлаган товуқларнинг ҳар учтаси бир бўлиб, битта хўрозни овутишни оталиққа олганди.

Жазавага тушган хўрозлар баъзида шайтонлаб, ҳушларини йўқотса, баъзида қутуриб, кўнгил бераётган товуқларга тажовуз этарди. Шундай пайтларда қаҳрамонни уч товуқ орқага олиб чиқиб, уриб чўзилтирарди-да, шалпайиб қолгач, судраб келарди.

Уларнинг ўнг тарафида учта буқа билан бир сигир турарди. Уларнинг бозордан қайтгандек гарангсиши нималар содир бўлаётганига тушунолмаётганликларини ифодаларди. Барчаларининг териси қоп-қора бўлгани учун уларга кийим кийгизмаган эдилар. Улар онадан туғма мотам либосида ерга тушгандилар. Чап томондаги юздан ошиқ қўйнинг барчасининг жунини қирқиб, уларни қора рангга бўяб чиққандилар. Қўйларнинг пастида йигирма иккида арлон ит ўрнашганди. Хўрозларни суяб турган товуқларнинг ўнг қанотида эса тўртта от турарди. Уларнинг ёнида болаларини эргаштириб келган тўққизта қанжиқ қора кўзойнак, қора рўмолда, узун думини чотига қисиб, қовоқ уярди. Икки ўртада тобут қўйилганди. Тобут атрофларига аквариумлар билан тувакдаги гулларни тергандилар. Гулчамбарларга кўмилган Житириқ икки кўзини бақрайтириб, ҳали ҳам оғзини ланг очиб ётарди. Бўртиб турган тили иссиғи баландлигидан қовжираб, жизғанак бўлиб қолганди. Унинг бошидаги ва қанотларидаги докаларини ечиб, қоп-қора кастум-шим кийгизгандилар. Бўйнидаги мовий галустукда урушаётган шерларнинг тасвири бор эди.

Дуйсенбайдан ишора бўлгач, миллий хавфсизлик боқони йиғилганларга Житириқ билан видолашишга рухсат берди. Биринчи бўлиб хўрозларни суяган товуқларга навбат тегди. Улар Житириқнинг яқин қариндошлари – ака-ука, опа-сингил, амаки-хола, тоға-аммалари ҳисобланардилар.

Хўрозлар тобутга етгач, ҳар биттаси Житириқнинг кўксига кўксини босиб уввос соларди. Тобутдан базўр ажратган товуқлар уларнинг қўлидан Житириқнинг мурдасини тортиб олиб, тобутга ётқизардилар-да, ғам-андуҳдан адо бўлган хўрозни “Бахтиқора буви” ҳайкали олдига суяб бориб, унинг оёқлари остидаги телпакка топганларини ташлаб ўтардилар. Дон-дун олиб келишни ёдидан чиқарганлари телпакка ўтириб, тухум қуйиб ҳам кетаверарди.

Уларнинг орқасидан уч буқа билан сигирга навбат етди. Тобутнинг пойига гулдаста қўйган буқалар, сигирни “Бахтиқора буви” ҳайкали олдига еталаб, учовлашиб бор сутини телпакка соғиб, ўзларини Батангулнинг таъқибидан халос этдилар. Бўрдоқига боқилаётган юзта қўй тобутни ўраб, тўрт ёққа тарқаб кетганда, ўртада тобут ва унда кўзларини бақрайтириб, оғзини ланг очиб ётган Житириқнинг жасадидан бошқа урвоқ ҳам қолмади. Бефаҳмлар гултувакдаги гуллар, гулчамбарлар борми, аквариумдаги балиқлар борми, барини паққос тушириб ямлаб ютгандилар. Уйғониб кетган Гулисипса тобут атрофида сочилиб ётган қумалоқларни териб, белидаги қоғозсочиқ тўла чиқиндихалтага қўшиб телпакка ташламаганда, хайрия тадбирига путур етарди. Гулисипсанинг фаҳми-фаросатига қойил қолган опа-сингиллар унинг қўл-оёқларини ялаб, миннатдорчилик изҳор этдилар. Фахрланиб кетган Тайсин Гулисипсанинг чотлари орасига бурнини тиқиб, тўйиб ҳидлагач, мураббийлари ва пардозчиси Авакяннинг юзига пуфлаб юборди. Унинг бу иши тадбирга кўтаринкилик бағишлади. Нафаслари қайтган мураббийлар ва Авакянга Тайсиннинг бу қилиғи ёқмаган бўлса ҳам, ўлганнинг кунидан барчага таъзим бажо келтириб, тиржайиб қўйдилар. Қарсак устига қарсак, олқиш устига олқиш бўлди, десангиз…

Руҳланган йигирма иккита арлон сапчиб чиқиб, тобут атрофида бир-бирлари билан ғажиша кетдилар. Буни антракт ўрнида қабул қилган мотам маросими иштирокчилари бирпасга бўлса ҳам ғам-андуҳдан форуғ бўлиб бир яйрадилар, бир яйрадилар, қўяверасиз. Замона зўрники, томоша кўрники бўлди…

Томоша тугагач эса, арлонлар тобут атрофини уч марта айланиб, Житириқнинг мурдасини ҳидладилар-да, чотларини кўтариб навбат билан телпакка чоптириб, жойларига бориб ўтирдилар. Арлонлардан қай жойимиз кам қабилида иш тутган тўрт от тобут устидан ҳар томонга сакраб, орқа оёқларида туриб олиб, жўр бўлиб шундай кишнадиларки, ўлиб ётган Житириқ бошини тиклаб, уларга бир нафас бақрайиб турди-да, яна ўзини тобутга таппа ташлаб, оёқларини чўзиб олди. Буни кўриб отларнинг ўтакаси ёрилди. Қочмаган номард, дея тўрталаси бир-бирини босиб, оғилхонага қараб отилди.

Шунда ҳеч нимадан қўрқмасликларини исботлаш учун тўққиз қанжиқ болаларини эргаштириб ўртага чиқди. Улар кела-сола тобутни ўраб-олиб, мурдага тиш қайраб, ириллай бошладилар. Мурда қанжиқларнинг важоҳатини кўргач, юраги ёрилиб, қайтадан жон берди. Оналарининг теварагида айланиб, дуч келган нарсани ҳидлаб кўраётган кучукваччалар ётиб қолгунча отиб қол қабилида иш тутдилар.

Улар телпакни тўстувак ўрнида қабул қилиб, бир-бир ўтириб, ичларини бўшатиб олдилар. Бўлди бир кулги, бўлди бир кулги, Дуйсенбай қорнини селкиллатиб кулавериб, қотиб қолди. Қолганларнинг кулгилари келмаётган бўлса ҳам, Дуйсенбайнинг юз-кўзи дея, Махмат Пирриқ сингари ўзларининг қўлтиқлари тагини ўзлари қитиқлаб, ўзларини-ўзлари мажбурлаб кулдирардилар. Аслида уларнинг хайрия маблағларидан телпакнинг тўлмаётганини кўриб, капалаги учган эди. Охирида юк ўзларининг елкасига тушишини яхши билганлари учун ҳам улар ичдан зир кетиб ўтирардилар. Телпакни тўлдира олмасалар, ўзларининг паймоналари тўларди. Чунки Дуйсенбайнинг қундуз телпаги шунчаки, қаердаги бир ношуд, бахтиқаро кампирнинг оёқлари остига бекордан-бекор қўйилмасди.

Дуйсенбай сабаб ўғрин-тўғрин мол-дунё орттираётган мамлакатда танилган киборлар кеча оёқ яланг юрган исқирт кимсалар эдилар. Бугун мансаб ва бойликка эришиб, ҳаром-ҳалол йиққан молларининг яримини турли йўллар билан унинг ҳисобига ўтказмасалар, мол-дунёлари тугул, жонларидан айрилардилар.

Навбат уларга етди. Давлат котиби тобут атрофини уч марта айланиб, Житириқнинг шалпайган тожини ўпгач, “Бахтиқора буви” ҳайкали пойига келди. Сеҳргарлардек ғайри оддий ҳаракатлар билан ҳар қўлидан иккитадан тўртта “Ролекс” соатни ечиб, турган жойида гир айланиб, атрофидагиларга уларни намойиш этди-да, сўнгра телпакка ташлаб юборди. Ички чўнтагидан тилло қалам билан ёқут қадалган чақмоқни олгач, яна шу трюкни қўллади. Кейин чўнтакларини тескари қилиб, Батангулга “кўриб қўй, ҳеч нимам қолмади”, дегандай қарагач, тескари бўлиб ётган телпакка кимса билмас нафрат билан боқиб, ер шарида минбарга суяниб олган Дуйсенбайга етти букилиб таъзим қилди.

Эндики навбат бош боқон ўринбосари Абгор Зиппиевичники эди. У қошларини ўйнатиб, бақасимон кўзларини Дуйсенбайга сузгач, катта-катта сариқ тишларини кўрсатиб, ишшайишдан иш бошлади. Тобут атрофини уч марта айлангач, дод-войлаб, Житириқнинг тумшуғидан ўпиб олиш учун лаб жуфтларкан, ҳеч кимга билдирмасдан унинг кетига ўрта бармоғини урди. Хайрни жинидан ёмон кўрадиган бу бехайр ўлиб ётган хўрознинг ичидан тухум қидирарди. Молининг қилиғини эгаси билади, деганларидай, Дуйсенбай боқонларига сездирмасдан, “қидиришнинг фойдаси йўқ. Бўлганида, мен топардим” дегандай, унга билинар-билинмас бош чайқаб қўйди. Бу ишорани дарров англаган Абгор Зиппиевич шоша-пиша қўлини тортиб олганди, ўлиб ётган хўроз қақақлаб, қичқириб юборди. Ўтакаси ёрилай деган Абгор Зиппиевич икки ҳатлаб, телпакка бошини тиққанини ўзи ҳам билмасдан қолди. Икки хавфсизлик боқони оёғидан ушлаб, уни тортиб олганда, унинг рангида ранг қолмаган, жин чалган арвоҳдек қалтирарди. Тишлари такиллаб, қошлари маргумуш еб заҳарланган қарғадек толвос урарди. Ажабланарлиси, унинг қўлларида кучукваччаларнинг ахлати илашган тўртта “Ролекс” соат бор эди. У соатларни чўнтагига солиб, энди кетмоқчи бўлганда, давлат котиби унинг чўнтакларини титкилаб, соатларни тортиб олиб, қайтариб телпакка ташлади. Қаттиқ қўрққанидан кирди-чиқди бўлиб қолган Абгор Зиппиевич тобутнинг баробарига етганда ҳушёр тортди, шекилли, арқонни кўрганда илон хаёл қилиб сапчиган Витсин каби бир сапчиб чинқирди-да, жойига боргач, бўйнини буриб, оппоқ қўлқопдаги ахлат илашган бармоғини тишлаб олди.

Иқтисодиёт ва Ташқи иқтисодий алоқалар боқонларидан сўнгра навбат хавфсизликнинг икки боқонига етганди. Улар муқовасига қизил сиёҳ билан ёзилган бир даста “Мутлақо махфий” деган папкани қўлтиқлаб, жойларида без бўлиб, қилт этмай туравердилар.

Буни кўриб мотам маршларини ижро этаётган ҳарбийлардан ўзга барча жонсиз ҳайкал сингари қотди. Хавфсизлик боқонларининг хатти-ҳаракатини ҳурматсизлик дея тушунган Батангулнинг фиғонидан тутун чиқди. Ер шари устида танча қуриб олган Дуйсенбай вазиятни юқоридан кафтидагидек кўриб-билиб турган бўлса ҳам, қора кўзойнагини рўкач қилиб, генралларини кўрмасликка олди.

У кўзларини яшираётган қора кўзойнакнинг қилмишларини яширишига ҳам чин юракдан ишонарди. Шу учун ўзини камсуқум, қўй оғзидан чўп олмаган хокисор кимсадек кўрсатишга уринарди. Ичидагини биров сезиб қолмаслиги учун унинг нигоҳи неварасини овутаётган “Бахтиқора буви”га қадалганди. Қўлидан тўстувагини қўймайдиган Гулисипса билан икки ажнабий мураббийга эса барибир эди.

Ул-бул ундириш илинжида Батангулнинг оғзидан кириб, кетидан чиқадиган Авакяннинг тишлари қарич-қарич бўлиб, табора ғазаб отига минарди. Опасининг нохуш ҳолатга тушганини кўрган Сатангул ич-ичидан суюнаётган бўлса ҳам, билдирмаслик учун башарасига қаҳр-ғазаб пардасини тортиб олганди. Ҳаммалар қараб турганидан ноқулайлик ҳис эта бошлаган генераллар, ҳеч ким кутмаганда, тоғ кўчкисидек ўринларидан қўзғалдилар. Улар тобутни уч марта айландилар-да, кўзларини чордоқдай қилиб чоррайтириб ётган мурданинг башарасига бирин-кетин қилмишларини фош қилиши муқарар маълумотлар тўпланган папкани отдилар. Сўнгра “Бахтиқора буви” ҳайкали қошига келиб, узрхоҳлик қилишгач, қўлтиқларидаги Дуйсенбай ва опа-сингиллар жиноятларини фош қилгувчи маълумотларни қучоқ-қучоқ қилиб, телпакка ташлаб юбордилар…

Икки опа-сингил уларни бурда-бурда қилиш учун энса жунларини сих-сих этиб, тишларини кўрсатиб ирриллашни бошлаганда, Дуйсенбай микрафондан:

– Энди чет эллик меҳмонлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳунарларини кўрсатадилар. Қолганлар мурда билан улардан кейин хайрлашса ҳам бўлади. Замонамиз қаҳрамони билан видолашиш навбати меҳмонларга. Марҳамат қилсинлар, хонимлар ва жаноблар! – деди.

У хайрия марафони ёхуд “Бахтиқора буви” хусусида бир оғиз ҳам гап айтмади. Гўё майдонда тантанали мотам маросими ўтаётганди. Бошқа тадбирга бу ерда ўрин йўқ эди. Аза билан тўйни бир-бири билан аралаштирмайдиган дуйсенистонликлар ўз ишига пишиқ-пухта, идрок-савияси баланд, фаҳмли-фаросатли қавмлардан эди.

(давоми бор)