Малоҳат Эшонқуловани Тошкент аэропортида ушлаб қолишди

Малоҳат Эшонқуловани Тошкент аэропортида ушлаб қолишди
24 views
08 December 2017 - 12:37

2017 йилнинг 8 декбар куни Қирғизистон пойтахти Бешкекда “Марказий Осиёда меҳнат ҳуқуқлари” мавзусида Халқаро семинар ўтказилиши режалаштирилган эди.

Семинар ташкилотчилари мазкур масалада Ўзбекистондаги меҳнат ҳуқуқларининг аҳволи хусусида маъруза қилиш учун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Малоҳат Эшонқуловани таклиф қилишган эди.

Таклифга биноан бугун, 7 декбарь куни ҳуқуқбон М. Эшонқулова маҳаллий вақт билан 14.20 да учиши керак эди.

Ана шу мақсадда Малоҳат Эшонқулова учишдан 2 соат олдин Тошкент аэропортида ҳозир бўлди.

Рейсга чиқиш жараёнида инсон ҳуқуқлари фаолидан бармоқ изларини олган махсус хизмат ходими уни алоҳида залга бошлади ва кутиб туриши кераклигини айтди.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас аэропортнинг ички ишлар формасидаги ходими “Эшонқулова, хафа бўлмайсиз. Сизнинг четга чиқиш ҳуқуқингиз чекланган экан.  Қарздорлигингиз бор экан. Бориб аввал жарималарингизни тўлаб, муаммоларингизни ҳал қилиб келинг, кейин учасиз” деди ўта хушмуомилалик билан.

Эслатиб ўтамиз, 21 йил ЎзМТРК тизимида, “Ёшлар” телерадиоканалида фаолият юритган журналист Малоҳат Эшонқулова 2009 йилда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги  коррупция, цензура, иқтисодий жиноятчилик, маҳаллийчилик каби иллатларга қарши бош кўтариши ортидан  босимлар остида қолган.

У 2010 йилнинг 6 декабр куни, бундан роппа-роса 7 йил олдин ўша пайтдаги Бош вазир бўлган, айни дамдаги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг биринчи ўринбосари Абдулла Негматович Арипов(айни дамда мамлакатнинг бош вазири)  ва унинг қудаси ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг истеъфосини сўраб мамлакатнинг Мустақиллик майдонида ҳамкасби билан норозилик намойитши ўтказган эди.

Мазкур норозилик намойишидан 3 кун ўтиб, 2010 йилнинг 9 декабрь куни  Малоҳат Эшонқулова ҳамкасби Саодат Омонова билан “Ички меҳнат интизомини бузганликда”, “3 соатдан ортиқ вақт давомида ўз иш ўрнида бўлмаганликда” айбланиб, ишдан ҳайдалган эди.

“Ўзбекистон бошқарув тизимидаги коррупция, амалдорлардаги порахўрлик, ЎзМТРКдаги ноҳақлик мендан мухолифатчи ясади. ЎзМТРКдан ишдан ҳайдалгач мустақил журналист сифатида фаолият юритдим, мухолиф ҳаракатга аъзо бўлдим. Инсон ҳуқуқларининг ҳимоячисига айландим” дейди биз билан суҳбатда М. Эшонқулова.

Иносн ҳуқуқлари фаоли ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова 2011 йилнинг 27 июнь –журналистлар кунида ҳамкасби Саодат Омонова билан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабулини сўраб очлик эълон қилганлиги учун Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суд қарорига асосан 3 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган эди.

2012 йилнинг 12 июнь куни Қирғизистондаги биродаркушликнинг 1 йиллиги муносабати билан қардош қирғизистондаги миллатдошларимизга ҳамдардлик белгиси сифатида Ўзбекистондаги Қирғизистон элчихонаси биноси олдида норозилик намойиши ўтказиш мақсадида йўлга отланган М. Эшонқулова ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган ва Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг қарорига асосан 5 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоли ва мустақил журналистга энг сўнгги жарима  Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди томонидан 2013 йилнинг 6 июль куни солинган.

“Шаҳрисабзлик раҳматлик Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун  Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси қаршисига норозилик намойишига чиққан Чориевлар оиласи вакилларидан интервью олиш истагида воқеа жойида ҳозир бўлгандим. Съёмка ишларини олиб бораётган маҳалим қўлимдан видеоаппаратимни тортиб олишди ва намойишчилар қаторида мени ҳам ИИБ биносига келтиришди.  Оқибатда суд менга 6 миллон сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади” дейди Эшонқулова.

Эшонқуловага энг охирги маротаба жарима қўллаш мақсадида чиқарилган суд қарорига ҳам 4 ярим йил бўлибди.

То шу кеча кундузга қадар Малоҳат Эшонқулова истиқомат қилаётган уйдан, қизининг хонадонидан, ҳуқуқбоннинг ўзидан қарздорликни қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар Учтепа туман мажбурий ижро бўли ходимлари жами 6 маротаба мол-мулкларни мусодара қилиш ишларини олиб борган.

  • Бироқ, аянчли томони шундаки, мен истиқомат қилаётган хонадондан олиб чиқиб кетилган ўзганинг мулклари мусодара қилинган ва ҳар сафар сотиб юборилган. Бироқ шу пайтгача 6 маротаба олиб чиқиб кетилган мол-мулклар қанчага нархланган, қанча сўмма миқдорида сотилган ва менинг қарзларимнинг қанча қисми қопланган? Айни дамда менда қанча қарздорлик қолган? Бу қарздорликни қайси ҳисоб рақамига тўлашим лозим? Бу ҳақда қўлимда бирорта ҳам маълумот йўқ. 2016 йилнинг баҳоридан буён мажбурий ижро бўлими бошлиғига “Қанча қарзим қопланган, қанча қарзим қолган? Қайси ҳисоб рақамига тўлашим лозим” деган мазмунда такрор-такрор ёзма мурожаатлар қилганман. Бу мурожаатларим интернет  сайтларида ҳам эълон қилинган. Бироқ аризаларимга ҳамон бирорта ҳам жавоб йўқ, – ажабланади ҳуқуқбон, – Эҳтимол, қайси ҳисоб рақамига қанча тўлашимни аниқ билганимда шу тобгача гарчи судлар томонидан ғайриқонуний тарзда солинган бўлса-да жарималарни тўлаб қўйган бўлармидим?…

“Ҳукуматга менинг жарималарни тўлашим, қарздорликдан қутилишим муҳим эмас. Ана шу жарималар баҳонасида менинг ҳаракатланиш ҳуқуқимни чеклаш, жарималарни рўкач қилиб мажбурий ижро бўлимининг ходимлари ниқобида мен истиқомат қилаётган уйнинг эшигини истаган пайтларида тепиб кириб, тинтув ўтказишлари учун ҳам керак мени қарздор қилиб қўйиш” дейди ҳуқуқбон ва мустақил журналист сўзининг хотимасида.

 Орзигул ХУДОЁРОВА
мустақил журналист

Манба: himoyauz.com