Мамлакатнинг бутун бойлиги уч улушдан иборат эди

Мамлакатнинг бутун бойлиги уч улушдан иборат эди
80 views
09 December 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

12-қисм

Дуйсенбайнинг очиқчасига ён беришини илтифот дея тўғри тушунган генераллар ўз жойларини эгалладилар. Опа-сингиллар ғазабларини босолмай чиранганларича, думларини тиккайтириб қолавердилар.

Генераллар билан жангга кириш учун кийимларини ечган Тайсинни Жак Андирсон билан Аббос Қасрий қайтатдан кийинтириб, юзига ниқобини тортиб қўйди. Тайсин генералларга қараб вожаҳат билан иррилларкан, мураббийлари бошига қўндирган ғиррим телпаги тушиб кетди. Шунда портлаб кетмоқчи бўлаётган Авакян аламига чидолмасдан Гулисипсанинг тўстувагини қўлидан тортиб олиб, “Бахтиқора буви” ҳайкалига қарата отди. Кампир чаққонлик қилиб бошини ён томонига эгганди, тўстувак қулоғи тагидан ўтиб-бориб, тобутда ётган мурдага тегди. Мурда ҳам “ҳап, сеними” дегандай, ўрнидан сапчиб туриб, кўзлари билан Гулисипсани излаб топди-да, “ма, ол матоҳингни” дегандек тумшуғи билан тўстувакни эгасига улоқтирди.

Ҳеч қачон жаҳли чиқмайдиган Гулисипсага Авакяннинг найранги қаттиқ ботганди. Тўстувакни ердан олиб, унинг бошига солганди, Авакяннинг бошидан ярим қулоч кўтарилиб турган турмаги орасига яширинган уч литрлик банка синиб, чил-чил бўлди. Маросим иштирокчилари таажжубини қўзғатган нарса бу эмас эди, албатта. Чил-чил синган банка билан дуру жавоҳирлар, олтин тангалар, долларлар ерга тушиб сочилганди. Оддий бир тўстувак Авакяннинг жирканч башарасини бутун мамлакат кўзи ўнгида очиб ташлаганди.

Яна ҳам ҳайратланарлиси, мотам маросими тантаналарини тўғридан-тўғри телевидение орқали кўриб турганларнинг оғзи анг-танг бўлиб очилиб, тўрт юз йилдан буён занглаб ётган ақллари ишлаб кетганди. Улар пахта, олтин ва бошқа қазилма бойликларидан келаётган чексиз маблағларнинг қаерга кетаётганини англагандек бўлгандилар. Житириқнинг дафн маросими шарофати билан ўғри ушланганди.

Мамлакатнинг бутун бойлиги уч улушдан иборат эди. Улушнинг бир қисми яҳудийларга, бир қисми дода билан опа-сигилларга, бир қисми қавмга қолармиш, деган мишмишлар чиппакка чиққан эди. Тун кеча Али заргардан тортиб олган дуру гавҳарларию маржонларининг ерда сочилиб ётганини кўриб, Батангулнинг кўзлари хонасидан чиққудек ола-кула бўлиб кетди. Кўзлари олдига ўн беш йил аввал Али заргар туғилган кунида совға қилган ўн тўққиз қиротлик йўқолган олмос қошли исирғалари келди. Дугонаси кўзига қарашга юраги дов бермаган Авакян, сочилиб ётган дуру жавоҳирларга қўшиб, шиша синиқларини терди-да, ҳе йўқ-бе йўқ, олиб бориб телпакка ташлади. Батангул, “юзсиз, ўмаришга уялмапсан. Менга тегишли нарсаларни хайрия қилишга қандай ҳаддинг сиғди” дегандай, думини тиклаб, унга ҳамла қилмоқчи бўлганди, Авакян панжасини паншаха этиб уни тўхтатди. Сўнгра сийнабанди остидан флешка олиб Батангулга узатар экан:

– Қолган нусхалари “Масхад” билан ЦРУда сақланади, –  деди.

“Бу нима” дегандай, Батангул тори сустлик билан вовуллаб қўйди.

– Ўша, ҳў-ў ўша! – дея дарров изоҳ берди гап нимадалигини англаган Авакян.

Батангул, “дугонажон, мен ҳеч нима демадим”, дегандек Авакянга суйкалиб, унинг оёқларини ялади. Шу билан бу шоу тугади.

Бу томошани кўриб, энди бойликларимиз қайтар экан, деб суюниб турган томошабинлар, икки қўлларини бурунларига тиқиб қолавердилар. “Авакян бошига банкани тескари қўймас экан. Хазинани солиш қулай бўлсин учун атайлаб, тўғри қўяр экан”, деган баҳс-мунозаралар кейин ҳам бир неча кун давом этди. Шу орада, “…бу нарсалардан дода бехабар экан” деган миш-мишлар пайдо бўлдию, аввалги ивирсивирлар йўққа чиқди.

Аммо довруғи оламни тутган Гулисипса тўстувак орқасидан қаҳрамонга айланди. Энди унинг бири икки бўлмаса ҳам, бир этак боласининг қорни тўйиб нон емаса ҳам, бу дунёда эгни битиб, рўшнолик кўрмаса ҳам, номи тарихда қоладиган бўлди. У ўлмасидан туриб ўзи ҳақида дарсликларда ўқийдиган, ўзи ҳақидаги ўзи билмайдиган мислсиз қаҳрамонликларга тўла афсона ва чўпчакларни невараларига сўзлаб берадиган бўлди…

Ажнабий меҳмонларнинг ғайрат-шижоатлари бениҳоят баланд эди. Улар тобутни зиёрат қилиб, топган-тутганларини қайта ва қайта телпакка ташлайвердилар. Хитойликларнинг нияти Қуриянинг Дуйсенистондаги мавқеини пасайтириш эди. Русияликларнинг бутун диққат-эътибори эса исроилликлар билан амриқоликларни минтақадан сиқиб чиқаришга қаратилганди. Умуман олганда, уларнинг ҳеч бирларининг мақсадлари ҳам дуйсенистонликлар каби шунчаки Дуйсенбайга яхши кўриниш учун эмасди. Дуйсенбайнинг қалбини ишғол этиш асносида, улар халқаро майдонда ўз мамлакатлари сиёсатига хизмат кўрсатишга тиришардилар. Аслида бу каби қарашлар ҳам фидойиликка менгзаш туюлса-да, “битта ўзим бўларлик”дан бошқа нарса эмасди. Уларнинг башарият тақдирига худбинларча ёндашишини дуйсенистонликларнинг ўз тақдирларига бепарволигидан авло деб бўлмасди.

Телевидение орқали барчасини кўриб-эшитиб ўтирган томошабинлар ер шари устига минбар қўйиб ўтириб олган Дуйсенбайни алқардилар. Уларнинг назарича, “дода”нинг қувлиги боис бутун ер юзининг бойликлари Дуйсенистонга оқиб келаётганди.

Хазинани, ертўлага кириб кетган доҳий Ленин ҳайкали каби, кўз қорачиғидай асрашига ҳам манглайқаро соддалар астойдил ишонардилар. Улар, ертўлага оқаётган бойликлар вагонларга ортилиб, метрополитен яратган қулайлик туфайли Халқаро Аэропортга кетаётганидан ҳам тамоман бехабар эдилар. Уларнинг орасида, “Зотан, доданинг қундуз телпагининг таги тешик эмасдир. У Алоуддининг сеҳрли чироғига ўхшаши ҳам мумкин-ку. Телпак ичида додага хизмат қиладиган девларни йўқ дея ким айта олади”, дегувчилар ҳам топиларди.

Улар жорий соатларда бойликларни ортиб, илк учган учоқларнинг Шветсарияга бориб, қайтиб келаётганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Русия осмонида ушланиб, ерёнғоқ пўчоғига жойланган фалон тонна олтинларнинг мусодара қилинганини эшитганларида, уларнинг Русия манфаатини кўзлаб, тилларини ғийбатдан тия олмасликлари ҳам ҳаққирост эди. Улар ҳали ҳам ўзларини Русия мамлакати фуқаролари, Москвани пойтахтлари дея ҳисоблардилар. Дуйсенбайга шунчаки, бир отамонга ялтоқлангандек – қўрққанлари туфайли лаганбардорлик қилсалар-да, Путинни ҳақиқий давлат раҳбари – ўзларининг президентлари сифатида кўрардилар. Улар Дуйсенбайга, Дуйсенбай уларга мос эди…

Дафн маросими ким ошди савдосига айланди. Ажнабийлардаги чексиз ҳимматни кўрган Дуйсенбайнинг атрофидаги давлат мулозимлари ҳам енг шимариб, савоб орттиришга шўнғидилар. Икки ўртада соғлом рақобат вужудга келди. Бутун дунёда “Дуйсен модели” дея юритиладиган бу усулнинг жуда кўп афзалликлари бор эди. Илм-фаннинг сўнгги ютуқлари эътироф этган бу усулни жаҳондаги янги инқирозларнинг олдини олиш учун қўллайдиган даврлар яқинлашаётганди. Қўлларида ҳемирлари қолмагач, бир-бирларига тиш қайраётган ҳар икки тараф устларидаги кийимларни ечиб телпакка ота бошладилар. Охирида барчалари қора шляпа, қора кўзойнак, Житириқнинг тасвири туширилган сиёҳранг галустук ва оқ қўлқопларда қолдилар. Уларнинг ҳар бирлари, “Қора кўзойнак шарофати билан мен ҳаммани кўряпман. Мени эса ҳеч ким кўрмайди”, деб ўйларди.

Уларнинг ножоиз жойларига кўзлари тушган Житириқнинг мурдаси уятдан қизариб кетди. Ва дунёда энг бетамиз дея кўрилган махлуқ қанотлари билан юзини яшириб, оёқларини йиғиб олди. “Бахтиқора буви”, “Мол-дунё дея шарманда қилдиларинг. Юзларинг қурсин, сенларинг”, дея даҳанига тил битиб, неварасини бағрига босганча ўзини телпакка отди…

Биргина, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангул ва Тайсин кийимларини ечмаган эди. Ажнабий икки мураббий билан Авакян ҳам ким ошди савдоси марафонида қатнашиб, яна бир бор Дуйсенбайнинг назарига тушиш учун жон бериб, жон олгандилар.

Билмаган ҳолда икки марта қаҳрамонлик кўрсатган Гулисипса ҳам, ҳалиги жойига тиқиб асраб юрган беш сўм пули борми, устидаги кийимлари борми, бор буд-шудидан ажраб, қўлидаги тўстуваги билан қолганди. Унинг:

– Балалар, мен кўп калондимоғ, тезхонман-да. Биров мақтаса, ўлган-йитганимни билмайман. Ҳай, так дейдиган одам йўқ. Тош қотмай ўлсин, “Бахтиқора буви”нинг ташвиши менга тушипдими? Бузоқ эринг билан бир этак болангни ўйла, дейдиган бир хумса йўқ! – деган пушаймонларидан энди фойда йўқ эди.

Дуйсенистоннинг жонли-жонзотлари тушларида кўрмаган воқеаларни кўриб, лолу ҳайрон эдилар…

Тобутни олиб кетиш учун “Ўлим” поезди ернинг устига чиқди. У марҳумни сўнгги манзилга етказиш учун эгарланган отдек шай турарди.

Шунда ер шари устида минбарни қучоқлаб олган Дуйсенбайнинг овози янгради.

– “Пахтакор” бекати! Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Ҳамма тобутда қанотлари билан юзини яшириб олган мурдани эсидан чиқариб, ўзини вагонга урди. Улар қолиб кетмасликлари учун бир-бирларини босиб-янчиб, олдинга интилардилар. Гулисипса олдини тўсганнинг бошини тўстувак билан мажақлаб, қурбонларининг ўлигига ҳам бир тепиб ўтарди.

Бекатда қолган икки опа-сингил ва Тайсин эса хайрия марафонининг мувафаққиятли ўтгани билан бир-бирларини табриклаш билан овора эди.

Бироқ поезддан ҳеч ким тушмади. Оёқлар остида қолиб бошидан ёхуд танасининг бошқа бир аъзосидан айирилганлар ҳам, парчаларни териб, вагонларга кириб кетдилар.

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деди Дуйсенбай. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ… Пешат қани, пешат! Оҳ, мандатим! Кўзимнинг нури, ҳаётимнинг қувончи…

– “Озодлик” бекатига қаердан ўтилади? – сўради йўловчилардан бири.

– Алишер Навоий орқали! – жавоб қайтарди иккинчи йўловчи.

– “Алишер Навоий” бекатига йўл очиқ-ку!

– Гўёки шундай. Ҳаммаси йўлига. Аслида барчаси рўё. Барчаси авров ва сароб!

– Рўё бўлмаса-чи? Сароб бўлмаса-чи?!

– Оппоқ тонглар отади. Навоийнинг Ҳурлари дуйсенистонликларни қанотларида олиб учадилар. Оғир юк ортмоқлаган карвонларни озод ва обод манзилларга етказадилар. Карвондагилар ғафлат уйқусидан уйғониб кетадилар, борланадилар, нурланадилар…

– Нарида нима бор?

– Янаям, нурли бекатлар… Бизларнинг тасаввуримизга сиғмайдиган дунёлар – жаннат диёрлари бор. Беҳишт боғлари, ҳурлар, парилар бор… Яратганнинг…

– Чатоқ экан. Бизларнинг борлигимиз йўқликларда билинади. Борлиқлар олдида бизлар ҳеч киммиз. Бизларга бунақаси тўғри келмайди. Доданинг йўли йўл. На ўликсан, на тириксан. Бизлар учун чалажонлик – салтанат демакдир, ҳокимият демакдир. Куч-қудратимиз аросатларда, разолатларда. Бизлар шу жиҳатларимиз билан кучлимиз, қудратлимиз…

(давоми бор)