Конституция кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фаолияти ҳақидаги хаёллар…

Конституция кунида Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг фаолияти ҳақидаги хаёллар…
26 views
09 December 2017 - 16:38

Мен қуйида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сизу бизнинг орзуимиздаги президент эмаслигига, Миромоновичда сўз ва иш бирлиги мужассам эмаслигига қуйида ўзим билган мисолларни келтираман:

Мабодо, Шавкат Мирзиёев сизу бизнинг орзуимиздаги президент бўлганида эди энг аввало пахта яккаҳокимлигига йўл қўймаган бўларди. Энг муҳими президент мажбурий меҳнатга қоғозда эмас, амалда барҳам беришга эришган бўларди.

Менинг ўзим бир неча йилдан буён мажбурий меҳнат борасида мониторинг олиб бораман. Жумладан, 2017 йилги пахта йиғим-терим мавсумидаги мажбурий меҳнатнинг тирик гувоҳиман.

Бизни мониторинг жараёнида “халқ душмани” сифатида тутишди, халққа “Ватан хоини” қилиб кўрсатишди, махсус аёлларни ёллаб калтаклатишди, филешкаларимизни топиш илинжида, қўлга киритган фаткларимизни йўқ қилиш истагида тинтув ўтказишди, иш қуролларимизни тортиб олишди, далилларни йўқ қилишди….

Яхши, “Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмади” дея оламу одамни, окиан ортидаги – Ўзбекистондан олисдаги улка кишиларини ишонтирарсиз. Бироқ 2 ой давомида қўллари пахта далаларида қадоқ бўлган ўқитувчиларни, юзлаб шифокорларни, боғча ходималарини, солиқчилар, электр тармоқлари, нефт-газ идоралари ходимларини қандай алдайсиз?

Минглаб ўқитувчи-ю шифокорларнинг ўрнига водий вилоятларидан атиги 500 минг сўмга мардикорликка ёлланиб келишга йўқчилик мажбур қилган аёлларнингкўзларига қандай қарайсиз?

Мана шундай буюк ёлғонингиздан кейин ҳам алданган аҳоли чўпчакларингизга чув тушади деб ўйлайсизми?

2. Агарда Шавкат Мирзиёев ҳақиқатдан ҳам тили билан дили бир президент бўлганида эди энг аввало президентлик фаолиятини Ислом Каримов йўл қўйган хатони тўғрилашдан бошлаган бўларди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид бўлган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қабул қилинганига кўп бўлган.

Инсоният азал-азалдан ирқчиликка, синфларга, табақалаштиришларга қарши курашиб келди: Ишчилар синфи, деҳқонлар синфи, задогонлар синфи, бойлар синфи, капиталистлар, помешчиклар синфи.. дегандек…

Ўзбекистон Республикасининг юқоридаги қонуни нима қилади? Яна одамларни табақалаштиради.

«Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун нимага қаратилган? Фуқароларни синфларга бўлишга, синфларга ажратишга қаратилган.

Ишонаверинг.

Қонунда нима эмиш, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар… фуқаролари ТОИФАЛАРИ рўйхати” эмиш! Ўз номи билан ТОИФАЛАРга ажратмоқда.

Ҳой, барака топгур, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида “Ўзбекистoнда бaрчa фуқaрoлaр бир xил ҳуқуқ вa эркинликлaргa эгa бўлиб, жинси, ирқи, миллaти, тили, дини, ижтимoий келиб чиқиши, эътиқoди, шaxси вa ижтимoий мaвқеидaн қaтъи нaзaр, қoнун oлдидa тенгдирлaр” дея қатъий белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан, нима сабабдан мамлакатимизнинг юқоридаги Қонунида 12 тоифа кишилар улуғланмоқда, уларнинг ҳуқуқи кафолатланмоқда-ю, қолган фуқароларнинг хуқуқлари, ҳаракатланиш эрки буғилмоқда?

Шуни бизга тушунтириб берадиган оқил бормикин орангизда?

Нима, Шавкат Миромонович юқоридаги қонун прописка масаласидаги порахўрликларга доия сифатида хизмат қилаётганини билмайдими, тушунмайдими? Юқоридаги қонун Конституцияга зидлигини, аҳолининг асосий қисмини камситишга қаратилганлигини англамайдими? Шунгаки фаҳми етмас экан президентлик курсисида ўтириб нима қилади?

3. Биласиз, 2017 йилнинг 5 сентябридан Ўзбекистонда конвертация очилди. Дадил қадам, табриклаймиз. Бироқ, фожиали томони шундаки, Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тарихида илк бора бир кун ичида ўзбек сўми деярли тенг ярмига расман қадрсизланди…

Аммо миллий валютамизни писта пўчоқ каби қадрсизлантириш эвазига очилган конвертация ўзини оқладими? Биз бу жараённи том маънода “конвертацияга ўтилди” дея оламизми?

У ҳолда айтингчи, нега бу конвертация “ўйини”да олмоқ бору, бермоқ йўқ. Нақд доллар ё евро зарур бўлган киши нима қилиши керак? Қора бозорга югириши керакми?
Доллар қора бозорини умрибоқий қилиш усулими бу? Бу нарсалар эркин конвертацияни эмас, болалигимиздаги “хола-хола” ўйинини эслатиб юборади…

4. Нега ҳокимлар зал лиқ тўла мажлисда қўл остидаги амалдорларни сўкади, ҳақоратлайди, калтаклайди, тепкилайди? Шундай бўлса-да муштумзўр ҳокимлар нега сира жиноий жавобгарликка тортилмайди? Сабабини биласизми?

Сабаби шундаки, Шавкат Миромоновичнинг ўзи нафақат мажлисларда, ҳатто эфирда, интернет сайтларига жойлаштирилган видеоларда ҳам ўзига тобе мансабдорларни писта пўчоққа жойлаб қўймоқда. Сансираб, беҳурмат қилмоқда. Бош эгиб турган ўша амалдорнинг ҳам ўз ҳуқуқлари бор. Битта гулдек оиланинг бошлиғи. Қайсидир гўзал йигит-қизларнинг отаси. Кимнингдир жуфти ҳалоли… Нима бўлгандаям, амалдор ўтирган курсисига номуносибми, уни кўпнинг ўртасида изза қилмасдан, паттасини секингина қўлига берган, ёинки қонун йўли билан жазолаган, қонуний чора қўллаган маъқул эмасмикин?

Ўйлаб туриб “Ушовига яраша тушови” деб юборасан киши….

Тошкентдаги қизимнинг уйида истиқомат қилишимга ҳам қўймасдан мени Самарқнадга бадарға қилишди.

Самарқнадга сургун қилишмаса бўларкан.

Халқнинг қаро қисматини, ит азобларини кўрмасдим ҳам, куймасдим ҳам.

Юрагим оғриб қолди…

Мен келин бўлиб тушган маҳалла Самарқанд шаҳрининг киндиги ҳисобланган “бульвар”дан бор йўғи 6 км олисда жойлашган.

Электрни соатбай беришаркан.

Маҳаллла фуқаролар йиғининг маълумотига таянадиган бўлсак, Самарқанд туманидаги Даштисухта маҳалласи табиий газдан 2007 йилда узиб ташланганлиги хусусида далолатнома мавжуд….

Одамларнинг куни қаро кўмирга қолган экан.

Ҳокимият изни билан сотиладиган бир тонна кўмирнинг баҳоси 150 минг сўм экан. Бунинг учун маҳалладан 150 мингта қоғоз тўғриласангиз кифоя!

Тўғриласангиз, тўғриладингиз, тўғрилай олмасангиз у ҳолда кўмирнинг бир тоннасини бозордан бир ярим миллион сўмга харид қилишга мажбур бўласиз….

Ғўзапоя йўқ, ўтин йўқ, кўмир йўқ, ўт қалай десанг печканинг ўзи йўқ…

Совуқдан тиришиб туман газ идораси берадиган 50 литрлик газ балон олишга қарор қилдим.

Бу газбаллоннинг “хосияти” шундаки, табиий газ бўлмаган ҳудудларни газ балон билан, суюлтирилган газ билан таъминлаш масъулияти тумангаз идорасида бўлиб. Самарқанд туман газ идораси битта 50 литрлик газ балонини 13 минг (гарчи аслида тан нархи 7 минг сўм деб ёзиб қўйилган бўлса-да) сўмга суюлтирилган газга тўлдириб бераркан!

Бу газбалонни олиш учун югургилаб тилим осилиб қолди.

Негаки, газбалон олиш учун маҳалладан минг битта қоғозлардан ташқари газ идорасидан “Табиий газдан қарздорлиги йўқ” деган маълумотнома ҳам таъқдим этиш талаб қилинаркан.

Бунингдек маълумотнома олиш илинжида тумангаз идорасининг тегишли мутасаддиларига учрашгандим, улар аввалига “Уй эгасининг кейинги 5 йил ичидаги тўлов қоғозларини келтиринг” дейишди.

Мен маҳалладан “2007 йилдан бери маҳалла табиий газдан узиб қўйилган. Мазкур хонадон газдан фойдаланмайди” деган маълумотнома олиб боргандим, юзимга қараб улоқтиришди ва “Мана, қайнотангизнинг 650 минг сўмлик қарзи бор экан, суюлтирилган газ керак бўлса, марҳамат қилиб тўлаб қўйинг” дея қўлимга қоғозча қистиришди.

Дедим: “Барака топгурлар, қайнотам раҳматлик оламдан ўтиб кетганига 14 йил бўлаяпти. Қолаверса, мана, маъҳалланинг далолатномаси ва маълумотномаси бор.
Маҳалламизда 2007 йилдан бери газ йўқ. Газ бўлмаса, тўлов қоғозлари-ю сиз айтаётган қарздорликлар қаердан бўлади? Шу қора совуқда ўтин, кўмирсиз, электрсиз аҳоли оёққа туриб кетмаганига, идорангизга бостириб кирмаганига шукур қилснагизчи?” дедим таажжубланиб….

Бир ҳафта югургилаб, керакли маълумотлар асосида қарздорлик йўқлигини исботладиму, газбалонжонга керакли 99 та ҳужжатларни тумнагаз идорасига топшириб қўйдим.
Аммо бир ҳафтадан ошдики, суюлтирилган газдан ҳам, газбалондан ҳам дарак йўқ. “Эрта келинг, индин келинг”дан нарига ўтишмайди.

Бу савдолар биргина менинг бошимда бор дейсизми?

Мен ўз бошимдан ўтказган қиссача асосида сизга аҳолининг қора қисматидан бир шингил ҳикоя қилиб бердим холос….

Мен каби “Эрта келинг, индин келинг” билан газ балон ололмасдан туман газ остонасида ранги самон бўлганлар сони қанча?

Самарқанд шаҳрининг биқинидаки шу аҳвол ҳукмрон экан, олис вилоятлардаги аҳволни энди ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг!

Эээ, буниси ҳали ҳолва экан!

Бир маҳал туман электр тармоқлари идорасидан элчи келиб қолди: “Светдан 8 миллион сўм қарздорлик бор экан” дейишди.

Ажабо, уйда ҳеч ким истиқомат қилмаганлиги сабабли свет бир ярим йил илгари электр тармоқлари ходими иштирокидаги АКТ –далолатнома тузилиб, тармоқдан ўзб қўйилганди. Қанақасига 8 миллион сўм қарздорлик бўлиши мумкин? Юрагим ҳапқириб кетди.

Ишониб-ишонмай электр тармоқлари идорасига борсам, рост экан!

Нақд 8 миллон сўм қарздорлик ёзиб қўйишибди!

Самарқанд туманида Оқмачит деган бир маҳалла бор. Ўша маҳаллада касби сувоқчи бўлган ёшгина йигит яқингинада ўзини ўзи осиб қўйиб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Сабабини биласизми?

Қашшоқ йигитнинг уйига элеткр тармоқларидан 3 ярим миллион қарздорлик ҳақида қоғоз борганлиги сабаб “Энди қандай тўлайман” деган ваҳимада жонига қасд қилиб қўйибди. Йўқчилик қай куйларга солмайди кишини!

Емаган сомсангга пул тўла деб йўқ жойдан, йўқ электр учун 8 миллион сўм қарздорлик қоғози келиб ўтирса остонангга ўзингни осиб қўясан-да одам!

Самарқанд тумани ҳам холва экан. Оқдарё туманида 2 кун ўтириб 2 соат ҳам чироқ кўрмадим….

Мана сизга ўзбек халқининг қисмати.

Йўқ газга, йўқ светга ҳақ тўлайди.

Эййй, халқнинг кўргуликларини санайман десангиз, саноғи йўқ…..

Бунингдек қаро қисматлар ҳақида ўйласам юрагимда оғриқ туради…

Балки қолганини сиз давом эттирарсиз?

Ҳа, яна бир гап:

Асосийси: Шавкат Мирзиёев ростанам адолатли президент бўлганида эди адолат истагани учунгина “Узрли сабабларсиз 3 соатдан ортиқ вақт давомида ўз иш ўрнида бўлмади” деган важ билан ишдан ҳайдалиб кетган мени, Малоҳат ва Саодатни президентлигининг илк кунларидаёқ ишга қайта тиклаган бўларди.

Эътибор қилинг: Шавкат Миромонович ўғирлик қилганга ҳам марҳамат кўрсатди, халқнинг ҳаққини еганни ҳам бошини силади, халқаро коррупцияга аралашганликда гумонланган кишини ҳам кўкларга кўтарди, қамалиб чиққанларга амал берди, иқтисодий ўқирликка қўл урганларни қўллаб юборди.

Аммо жиноятга қўл урганликда айбланган юзлаб эркакларга қайта имкон берган президент Шавкат Мирзиёевнинг кўзлари адолат излагани учун аро йўлда қолган пойтахтдаги, шундоққина тушмуғининг тагидаги иккита аёл кишини кўрмади, кўришни истамади!

Нега эканлигини биласизми?

Негаки, бу икки аёлнинг, Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонованинг айби ниҳоятда оғир: негаки, улар ОДОЛАТни ахтариб қўйди….

Негаки, Эшонқулова мажбурий меҳнатга оид кирдикорларни кўз-кўз қилиб келди…

Ўғирликка қўл уринг! Миллиард маблағларни ямламай ютинг! Қўлингиз қонга ботса ҳам майли! Куни келиб кечирилишнгиз мумкин.

Аммо асло адолат деган сўзни оғзингшизга ола кўрманг!

Бу мамлакат қироллари адолат истаган қаролларига омонлик бермайди.

Ҳеч қачон!

Бу Ўзбекистон ичкарисида истиқомат қилаётган ҳуқуқбон ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг Конституция кунидаги кўнглидан кечганлари эди….

Малоҳат Эшонқулова
мустақил журналист