Мақсад пул ишлаш бўлгач, қолганининг қизиғи йўқ…

Мақсад пул ишлаш бўлгач, қолганининг қизиғи йўқ…
26 views
11 December 2017 - 9:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

13-қисм

Саккизинчи боб

Баҳром Мирзелимбайнинг турткисидан сесканиб кетди.

– Нима бало, тикка туриб ухлаяпсанми? – деди у.

Баҳром атиги бир неча лаҳза бошқача бир ҳолатга тушиб қолганди. Барчаси тушунарсиз ва ғайри оддий эди. Воқеа-ҳодисалар ҳамма кўникиб қолган ҳаёт андозаларига мос тушмасди. Содир бўлган барча ишлар бачкана ва бетутриқдек туюларди. Аммо нотаниш дунёдаги тўрт нафаслик масофа соатларга тенг бўлганди. Унинг сонияларда кўрганларини китобларга жойлаш мушкул эди. Тасвирлар тасмаларга сиғмасди. Воқеалар олов билан сув каби бир-бирларига қарама-қарши қўйилганди. Айтса биров ишонмасди.

Сўзларини эшитганлар уни ёлғончига ёхуд тентакка йўярдилар. Устидан кулардилар, овсарга чиқарардилар. Ўзларини соғлом ақл эгалари деб ҳисоблайдиганларнинг ҳофизалари бу каби ҳодисаларни қабул қила олмас, шундайларнинг кўпчилиги мавжуд дунёнинг асл башараси, маъно-мазмунини ташкил этса ҳам, улар унсурлар бўла туриб, ўз қиёфаларини танимасдилар. Ҳамма ўзини ўзи рад этарди.

У кўзларини юммаган, ҳатто киприк қоқмаганди. Мирзелимбай елкасига туртгач, кўрганлари рўёга айланиб, деразанинг нари томонида яланғоч боғнинг сурати пайдо бўлди. Барча нарсалар аслиятга қайтди. Бутун кўрган-билганлари гур этиб учган чумчуқлар каби уни ташлаб учгандилар. Хаёллари чил-чил синган деразанинг ойнасига ўхшарди. Хотирасида руҳиятини яралаган муштдек тош ва тўкилаётган қора бир туйнукнинг унсиз қичқириғи қотиб қолганди. Панжаларини ҳар ёққа чўзаётган дарахтлар қишки уйқуга кетиш арафасида эдилар. Улар либосларини ечгач, кериша туриб суратларга муҳрланган қизларнинг соясига ўхшардилар. Осмону фалакда ўлжасини таъқиб этаётиб кўксидан ўқ еган бургутнинг кўзларида қотган қорсиз тоғларга ёхуд гиёҳ битмаган бийдек саҳрога ўхшардилар…

У бир муддат олдин, ажал билан олиша туриб, осмону фалакдан – юксакликлардан жарга қулаётган бургутнинг кўзларидаги ночор бир оламни кўрган эди. Мукаммал туюлган ҳаётнинг емирилишини, қудратли ва мудҳиш кўринган разолатнинг жуда ғариблигини, нақадар жирканчлигини, улар вақт-соати етгач муз тоғларидек тўкилишини анлаганди. Ҳақиқатнинг кўзлари қаҳқаҳага тўлганди. Адолатдан бошқа барча нарсалар рўёга айланиб, йўқликка сингмоқда эди. У рўёларда том маънодаги ҳаёт мажозини кўриб, кўзларида ўзи яшаётган дунёнинг қулашига – адолатнинг букиб бўлмас иродасига рўпара келганди. Барчаси сонияларда, лаҳзаларда содир бўлганди…

– Дода келаётган экан. Тезроқ ўзларингизни йиғиштириб олинглар! – дея соткасини ўчириб, дераза токачасига қўйган Мирзелимбай юз-қўлини ювиш учун хонадан чиқди.

– Туни билан сатта ёмон тушлар кўриб чиқдим! – деди Житириқнинг каровати тагидан чиқиб, кўзларини ишқаган Тўрабика. – Хўроз бўлмай ҳар бало бўлгур, Житириқ тушимда ўлиб қолиптимиш. Дуйсенбай йигит ўлгурнинг қиёфасига кирган президент “Мустақиллик” майдонида ер шарининг устига чиқиб, мотам маросими ўтказяптими-ҳей-й?! Отникидан қолгандай, барча мулозимлари билан чет элликлар гир атрофини ўраб олган. Ленин ҳайкалининг даҳмасига орқа берган кампир ҳайкали неварасини этагига солиб, қовоғини очмасмиш. Олдига чолини телпагини тескари қўйиб олган, денг. Ҳамма уни тиланчи хаёл қилиб, телпагига ул-бул ташлайди. Ордона қолгур телпакни ҳам куя тешганми, тоғни ташласа тўлмайди. Ичига тушган нарса қайга оқиб кетади, Худо билади. Дуйсенистондаги бор жонзотнинг ҳаммаси ўша ёқда. Батангул билан Сатангул унинг қизларига айланипди, денг. Тайсин унинг куёви эмиш. Икки мурабий билан Авакян ўша ёқда ҳам уларга дум. Анави супурги ўлгур Гулисипса, мотам маросимида ҳам қўлида тўстувак, учаласининг орқасида тикка туриб ухлаб қолипди. Белидаги чиқиндихалтаси ғижимланган қоғозсочиқларга тўла… Яна бир балолар, бир балолар… Ер тагидан чиқиб келган метрога бало борми? Қип-яланғоч, қора шляпа кийиб, қора кўзойнак таққан маросим қатнашчилари бир-бирларини босқилаб-эзиб, ўзларини вагонларга уриб ётиптилар. Бирининг боши узиляпти, бирининг қўли. Бошсиз таналар барчасини йиғиб-йиғиштириб, вагонларга олиб кириб кетяптилар. Кўрганларимга ўзим ҳам ишонмаяпман. Яна ўша сатта ёлғон гаплар, сатта ҳийла-найранглар. Майдоннинг қоқ ўртасида тобутда ётган хўроз ўлгур Житириқ, бир неча марта тобутдан сакраб туриб, барчанинг юрагини ёрди, десангиз. Во-ой, ўзимни ҳам лабларимга учуқ тошиб кетипди-ку!

– Ақл бовар этмайди! – деди ҳайратини ичига ютган Баҳром лабларини бармоғи билан пайпаслаган Тўрабикага. – Тушга нималар кирмайди?!

– Яна денг! – деди томоқ қириб, кафтини оғзига босган Тўрабикка. – Жиззахда, ўзимнинг уйимдамишман. Ҳаммасини онам билан чой ичиб, телевизорда кўриб ўтирипман…

– Биласизларми нима бўлди? – деди шунда эшикни очиб хонага кирган Мирзелимбай. – Тушимда Тошкентдаги ўзимнинг уйимдамишман. Житириқ ўлиб қолипти, экан. Дуйсенбай дода таппига қўнган қўнғиздек, “Мустақиллик” майдонидаги Ленин ҳайкали даҳмаси устидаги ер шарига минбарни ўрнатиб, мотам маросимини ўтказяпти! Телевидения барчасини тўғридан-тўғри бутун дунёга узатяпти. Кўрганларимни айтсам, ишонмайсизлар…

Учовлари бир хил туш кўргандилар. Улар ҳайратдан ёқа ушладилар. Тўрабикка билан Мирзелимбай бири қўйиб, бири олиб, кўрганларини ҳарчанд бир-бирларига сўйламасинлар, Баҳром индамасди. Ўзи ҳам улар кўрган тушни кўрганини уларга айтмасди. Чунки кўрган туши ҳақидаги унинг тасаввурлари бошқача эди. Шунинг учун улар билан ўртоқлашишни истамасди. Баҳслашишга, ўзиникини ўтказишга тоқати йўқ эди. Англамасга англатиб бўлмасди. Аммо учаласининг нима учун айнан бир хил туш кўрганига минг чирансин, унинг ақли етмасди. Бу жойда бир синоат борлигини пайқаса ҳам, ечимига тиши ўтмаслигини яхши биларди. Ҳаётда билганларидан билмаганлари чексиз даражада кўплигини ўйлаб, ўзига таскин берарди. Билиши керак бўлган нарсаларни билдиришни сўраб, ичидан Тангри таолага илтижо қиларди, ёлворарди…

Думларини соядек эргаштириб хонага Дуйсенбай бостириб келгач, барчаси унутилди.

– Бугун кечқурун Житириқни кўргани Голландиядан бешта академик учиб келади, – деди у Мирзелимбайга. – Сартлар қаҳрамонимизни яхшилаб ювинтириб, янги кийимлар кийгизсинлар. Яна қаҳрамонимизнинг жангларда ютиб олган совринлари туширилган фотосуратларни ва нишонларни деворларга илиб чиқинглар. Унинг Халқаро экспидитсия билан Амозонкага борганда Бил Клинтиннинг қора кучукчаси билан тушган сурати ҳам қолмасин. Англия қироличаси совға қилган ёқут қопқоқли тўстувакчага мослаб, кичик курсича ясаттириб, уни садаф билан безанглар. Эшагига тушови мос тушса, нур устига аъло нур бўлади. Бу ҳикматли сўзларни катта-катта қилиб Дуйсенистонга кираверишдаги дарвоза қанотига ёзиш кун тартибидаги биринчи масала бўлсин. Тагига “Дуйсенбай” деб қайд қилишни унутманглар. Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн билан оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқчани меҳмонлар келиши арафасида Житириқнинг эгнига кийгизиб қўйинглар. Берласконининг ўйнаши ўйлаб топган “Қариб қуйилмаган” малҳамидан туллакларига бойлаб, “Қари туллак” деб номланувчи бир жуфт гавҳарни тирсакларига осинглар. Лачагига тақирбошлар ясаб берган исирғани илинглар. Қулоқлари остига “Маржа Чумчуқ” духисидан пуркаб, тожларини қизилга бўяш ҳам ёдларингиздан кўтарилмасин. “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” деганларидек, кўриниши жойида бўлса, бетоблиги билинмайди. Айтиб бўладими, каттароқ пулга сўраб қолишлари ҳам мумкин-да. Шунақа бўлса, сотиб ҳам юборавераман. Мақсад пул ишлаш бўлгач, қолганининг қизиғи йўқ. Ўзимизнинг президентимизнинг хотини ўз қўли билан оқ қуённинг жунидан йигириб тўқиган тўрт панжали пайпоқ ҳам унинг оёғидан тушмасин. Академиклардан тортиб президентимизнинг хос табибларидан уч-тўртлари ҳам келади, деган гап бор. Кўриб қайтганларидан сўнгра буларни хонимга сўзлаб берсалар, у киши ўзларида йўқ суюнадилар…

Итлар жанггига шошаётган Дуйсенбай узуқ-юлуқ, шоша-пиша кўрсатмалар берарди. Бу кун дунёнинг бу йилги янги чемпиони номи аниқ бўлиши керак эди. У Тайсиннинг мутлоқ ғалабасига ишонгани учун, ҳалитдан совринни нақд деб ўйларди. Ўртага юз минг доллар тикилганди. Тарафкашлар ҳам ҳеч бўлмаганда шунча маблағ йиғардилар.

– Житириқ яхшими ўзи? – деди у ниҳоят. – Еб-ичяптими?

– Ҳали ҳеч нима емади. Оғзига шпирис билан анорни сувини томчилатиб турипман, – дея Тўрабикка жавоб қайтарди.

– Сендан сўрамаяпман, шишенгни … сартни қизи. Сўрамасанг ҳам, сўйлайди-ҳей. Қаҳрамонимиз бир-икки кунда тузалмаса, ичингдан сих ўтказиб, ўзингни оловга тоблаб, гўштингни ейман.

– Ўзим ҳам кўйлагимга сиғмасдан, жа семириб кетяпман! – деди жони чиққудек бўлиб Тўрабика. – Дуйсенбай оға мени еса, бир мазза қилардим деб туни билан ўйлаб чиқдим.

– Қанақасига маза қиласан? – деб юборди ўйламасдан Дуйсенбай.

– Шу тобда шунчалар очманки, бўрилар мени кўрса, четлаб ўтадилар. Сиз мени есангиз, мен сизнинг тишларингиз ковагида қолган гўштларни териб ердим-да!

– Уй-бўй, гапга чечанлигингни сезгандим, сартни қизини! – деди завқланиб кетган Дуйсенбай. – Ҳусну жамолинг ҳам чакки эмас. Шаҳло кўзларинг порлаб, одамни еб қўяй, деяпти. Мирзелимбай, бунинг қорнини яхшилаб тўйдиринглар. Кўнгли нимани тусаса, бераверинглар. Бурролиги менга ёқиб қолди.

– Хўп бўлади, дода! – деди жанжал чиқмасин деб юрак ҳовучлаб ўтирган Мирзелимбай.

(давоми бор)