Ўзбекистон Косонсой сув омбори бошқарувини Қирғизистонга топширди

Ўзбекистон Косонсой сув омбори бошқарувини Қирғизистонга топширди
100 views
11 December 2017 - 7:57

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Косонсой сув омборидан Ўзбекистон билан ҳамкорликда фойдаланиш юзасидан имзоланган шартномани ратификация қилиш масаласи жорий ҳафтада қирғиз парламентида муҳокама қилинади.

Қирғизистон парламенти матбуот хизматининг билдиришича, шартномага 6 октябрь куни президент Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга қилган расмий сафари доирасида қўл қўйилган.

Шартномада Ўзбекистонда Косонсой, Қирғизистонда Ўртатўқай деб аталувчи сув омборини қўриқлаш, фойдаланиш ва бошқариш тўлиқ Қирғизистон ихтиёрига ўтган. Ўзбекистон эса сув омборидан фойдаланиш ҳаражатларини тўлаб беришни ўз зиммасига олган. Мазкур сув омбори асосан Ўзбекистонни сув билан таъминлайди.

Косонсой сув омбори 22 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги энг баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётган эди. Мазкур ҳудудда низолар ҳам юз берган.

Косонсойдан Шўролар давридан бери Ўзбекистон фойдаланиб келади. Қирғизистон сув омбори ва унинг атрофидаги ҳудуд ўзига тегишли эканини билдирган.

Айни пайтда Тошкент Косонсой сув омбори Ўзбекистонга тегишли эканини, бу объект тўлиғича Тошкент ихтиёрига ўтказилиши шартлигини талаб қилиб келган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими