Ойдинлик сари

Ойдинлик сари
49 views
11 December 2017 - 13:52

Қуйидаги, “Ойдинлик сари” деб номланган мақола 1993 йилнинг декабр ойида ёзилган.

Демак, ўшандан буён 24 йил кечди.

Ўша, 1993 йилнинг декабрида туғилган йигит-қизларнинг кўпчилиги фарзандли, уларнинг ота-оналари неварали бўлди.

Ўшандан буён, қанчадан-қанча сувлар оқиб ўтмади. Кимлар туғилиб, кимлар ўлмади.

Ўша йили туғилган ўзбек йигит-қизларининг кўпчиликларининг хорижларда оғир шароитларда меҳнат муҳожири деб ном олганларининг олдинги сафидагиларининг руҳиятида 7-8 йиллик мусофирлик тамғаси – аччиқ дарбадарлик тажрибаси бор…

“Ўша йили”, “ўша йили” дея, истаганча ҳасратни давом эттирса бўлди. Аммо, ҳасрат билан иш битмайди.

Бу йиллар мобайнида ўзбек хонадонида, не-не офату балолар рўй бермади. Унинг қалбини қанчадан-қанча ғам-андуҳлар чилпарчин қилмади…

Дунёда бир қанча мамлакатлар тараққий этиб, қанчадан-қанча мамлакатлар вайронага айланмади…

Ҳозир, бу нарсалар ҳақда эмас, бошқа бир нарса хусусида фикр суряпман.

Шу ўтган йилларда мақолада баён қилинганлардан ташқарида мамлакатнинг, миллатнинг ҳаётида нималар ўзгарди? Халқнинг ва мамлакатнинг ҳаётида яхшилик томон силжиш бўлдими, ёки биз фақат орқага қараб кетяпмизми?!

24 йил бурун ёзилган ушбу мақоладаги қайси жиҳатлар бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган? Қайси фикрлар бизнинг кунларда ҳам ечимини кутиб ётипди?…

Мақолани ўқигач, баҳс-мунозарани давом эттириш ва хулосалар ясаш, сизларнинг ҳукмингизга ҳавола!

Ислом ХОЛБОЙ

* * *

Муҳаммад СОЛИҲ

ОЙДИНЛИК САРИ

Сиз ҳар куни телевизор, радио, газеталардан турли хабарларни ўқийсиз ва жумҳурият ҳаёти ҳақида хулоса чиқарасиз.

Менинг бугунги сўзим ўша сиз чиқарган хулосага кичик бир илова бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда бугун сиёсий фаолият кўрсатишнинг имкони қолмади. Кўчада, уйда, ишда ҳам – ҳар жойда айғоқчи, ҳар куни фитна, янги тергов, янги айб, янги жазо.

Эл қатори мен ҳам айбсиз қолмадим. Менга давлат тўнтариши ташкил қилмоқчи бўлди, деган айб қўйдилар.

Воқеани қисқача англатай: 1992 йил ёз ойида бир гуруҳ ташаббусчилар парламентга қонун чиқаришда елкадош бўлиши учун “Миллий мажлис” деган бир жамоат ташкилоти тузмоқчи бўлдилар. Бундан менинг хабарим бор эди, аммо бу ташкилотларга “Эрк” партияси қўшилмаслигини айтган эдим. Шу, ҳали тузилмаган ташкилот аъзолари қаторида менга ҳам айб қўйдилар. Биз саккиз киш бўлиб давлатни тўнтармоқчи бўлган эканмиз. Ваҳоланки, бу “Миллий Мажлис” лойиҳаси шахсан президентга ҳам маслаҳат учун юборилган экан.

Энди тасаввур қилинг, давлат тўнтарувчи одамлар ўз режаларини ўша давлат бошида турган одамга юборадими? “Ҳурматли президент, биз сизнинг давлатингизни тўнтармоқчи эдик, маслаҳат беринг”, дейдими?

Бу қўйилган айбнинг бемаъни иддао эканига прокурор Жўраевнинг ўзи “Халқ сўзи” газетининг 11 август сонида бутун дунёга фош қилди. Жўраев шундай ёзади: “Миллий Мажлис программаси ҳаммага маълум, бошқа манбалардан кўчириб олинган умумий гаплардан иборат бўлиб, унда бирорта янгилик йўқ”.

Агар қўйилаётган айбнинг асосий ҳужжати – “Миллий Мажлис” программасидаги гаплар ҳаммага маълум гаплар бўлса, бу ҳам етмагандай, бошқа манбалардан кўчириб олинган, умумий гаплар бўлса, уларда янгилик йўқ бўлса, бу программанинг нимаси жиноят?

Жўраевга тасанно, у шу сўзлар билан фақат ўз фаросати эмас, Ўзбекистондаги сиёсий тузум устидан ҳам ҳукм чиқариб қўйди. Бирор бир адвокат “Миллий Мажлис” ташаббусчиларининг айбсиз эканлигини Жўраев каби оқлай олмас эди.

Бугун Ўзбекистон шундай кулгили ва таҳқирли кунларни бошдан кечираяпти.

Лекин бутун умидимиз келажакдадир. Бу умидни ҳаётга айлантиришга интилаётганлар Ўзбекистонда мавжуд. Сизга шу кучларнинг бир бўлаги – “Эрк” партияси ҳақида қисқача хабар бермоқчиман. “Эрк” партияси мухолифат партиясидир. Мухолифат нимага керак?

Мухолифат, авваламбор, мавжуд ҳокимиятга жумҳуриятнинг долзарб сиёсий-иқтисодий масалаларда бир кўмакчи, бир маслаҳатчи куч сифатида зарурдир. Қолаверса, мухолифат давлат тепасига чиққан кун бир гуруҳ ёки бир партия ҳукмдорлигини назорат қилиш учун керакдир. Токи, бу ҳукмдорлар қутуриб кетмасинлар, токи улар халққа ўз мулкига қарагандай қарамасинлар.

Мухолифат назорати давлат органлари назоратидан мутлақо фарқли – бу назорат ҳокимиятда бўлмаган сиёсий кучларнинг, кенг маънода, жамоатчиликнинг назоратидир.

Мухолифат партияси сайловда ўз программасини халққа маъқул этса, бу партия ҳокимиятга келади, сайловда енгилган партия эса, ҳокимиятдан кетади ва ўз-ўзидан мухолифат партиясига айланади, бор-йўғи шу.

Бу қоида Ғарб давлатларида кундалик қоидадир. Бу мамлакатда бирор бир ҳукумат Ўзбекистон ҳукумати каби мухолифатга болта кўтариб югурмайди.

“Эрк” партияси уч йилдирки, болталарга чап бериб яшаётган партиядир.

Бу партия ҳокмиятга келса. Халққа нима беради? Бу саволни менга турли одамлар турли вазиятда беришган. Афсуски, унга жавоб беришга имкониятим кам бўлган.

Ўзбекистонда жуда кўпчилик “Эрк”нинг программасини билмайди. Бу программани халқ билмасин, эшитмасин, деб ҳукуматимиз анча меҳнат қилди ва ўз мақсадига бир қадар эришди ҳам.

“Эрк” партиясининг иқтисодий программасини ҳатто партиямизнинг ўз нашри бўлган “Эрк” газетида ҳам босишга рухсат беришмади. Чунки, программа нашр қилинса, ҳукуматнинг “мухолифатда ҳеч қандай программа йўқ” деган иддаоси чиппакка чиқади, унинг ёлғон сўйлагани маълум бўлар эди.

Программа газетда нашр қилинса, “Эрк” тарафдорлари халқ ичида янада кўпаяр ва бу ҳукумат учун ғоят таҳликали эди.

“Эрк” партиясининг иқтисодий қарашлари бўйича, авваламбор, деҳқонларга мурожаат қилмоқчиман: “Эрк” ҳокимиятга келса, у ўз чўнтагидан ҳеч нарса чиқариб бермайди, балки, сизга ўз мулкингизни қайтариб беради. Сиз бу йил пахтамиздан давлат қанчадан оларкин, деб раисга термулмайсиз, пахтани ўзингиз хоҳлаган баҳонгизга сотасиз. У пайтда раис бува ҳам сизга буйруқ беролмайди, чунки, фақат пахта эмас, ер ҳам сизнинг мулкингиз бўлади.

“Эрк” партияси ҳокимияти ерни босқичма-босқич хусусийлаштира бошлайди. Бу демак, бугун ижарага берилиб, фойда олинаётган ерлар биринчи навбатда хусусийлаштирилади, яъни, бу ерлар ижарачиларнинг ўзига абадий берилади.

Айни пайтда, колхоз ерларининг ҳаммаси тўла ижара шаклига ўтади ва икки-уч йил ичида бу ерлар ҳам – улардан олинган даромадга қараб – хусусий мулк сифатида ижарачиларга берилади.

Ўзини оқлаётган колхоз бўлса, жамоат ундан фойда кўраётган бўлса, бундай колхоз хусусий хўжаликлар билан баравар яшайвериши мумкин. Аммо, кўриб турганимиздек, бугун давлатдан қарздор бўлмаган бирор колхоз йўқ, шу сабаб “Эрк” партияси колхоз системасининг келажаги йўқ, деб билади.

Хусусийлаштириш жараёни бир-икки йил эмас, узоқроқ давом этиши мумкин, чунки, хўжаликларни янги шаклга ўтказишдан олдин улар учун техник тадбир ва ашёлар асосини яратиш лозим бўлади. Бу тадбирлар олингандан сўнг хўжаликлар оёққа тугунча улардан солиқ олинмайди ёки солиқ минимал даражага туширилади.

Қишлоқ жойларда маҳсулотни ўша ернинг ўзида қайта ишлайдиган кичик фирма ва фабрикалар қурила бошлайди. Давлат уларни технология билан таъминлашни ўз зиммасига олади, чунки, хусусий хўжаликлар илк босқичда давлатнинг кўмагисиз оёққа туролмайди.

Хулоса қилиб айтганда, “Эрк” партияси ишни ер реформасидан бошлайди, асосий мўлжал биринчи беш йил ичида оғир саноат эмас, енгил саноатга қараб олинади. Зотан, Ўзбекистон халқнинг 70 фоизи қишлоқларда яшайди ва агар ер ислоҳоти муваффақиятли амалга оширилса, миллатимиз нуфузининг 70 фоизи қашшоқлик ботқоғидан қутулган бўлади.

Бу иқтисодий тадбирлар билан баравар жумҳурият миқёсида мулк индексасияси ўтказилади, яъни, миллий мулк рўйхатга олинади. Ва йирик завод, саноат корхоналаридан ташқари, барча ўрта ва кичик корхоналар хусусийлаштира бошлайди.

“Эрк” партияси табиат муҳофазаси учун ва пахта монокултурининг оғир оқибатлари билан кураш бошлайди. Зотан, ўзини таниган давлат ҳар нарсадан ўз миллатининг соғлиги ҳақида қайғуриши лозим. “Эрк” партияси бу масалага иқтисодий-сиёсий масалаларга қарагани каби, муҳим масала деб қарайди ва уни ечиш учун бор кучини сарфлайди. Бу муаммони Орол қўмитаси каби жамоат ташкилотлари гарданига юклаб, масала ҳал бўлди, дея ҳисобот берадиган ҳукуматни масъулиятсиз ҳукумат деб билади.

“Эрк” партиясининиг сиёсий ислоҳотлар бўйича қиладиган ишлари

“Эрк” партияси Ўзбекистон давлатини демократик давлатга айлантиришни ўзининг асосий мақсади деб билади. Демократик давлат қуриш учун фақат демократик Конститусия қабул қилишнинг ўзи етмайди. Ўзбекистон халқи насбатан демократик Конститусияга эга, аммо бу Конститусия халқ ҳаётига ҳеч қандай яхшилик олиб келмади. Халқнинг сиёсий иродаси устида Конститутсия эмас, қонунлар эмас, бошлиқ ва бошлиқчалар ҳукмронлик қилмоқда. Улар бугун Конститусия устида ўтиришибди. Демократик давлат ўша Конститусияни бу тўраларнинг тагидан олиб, уни лозим юксакликка кўтара олсаккина, қурилади.

Ана шундай давлат жамиятдаги ҳар қандай бузғунчиликнинг олдини олишга қодир бўлади. Шундагина, давлатга сўл кучлар ҳам, соғ кучлар ҳам таҳлика сололмайди. Яъни, давлатда ҳақиқий тузум – демократик система вужудга келади. Биз кучли давлат деганини шундай тушунамиз, болта кўтарган арбоблар галасини эмас. Демократик система дегани нима?

Жўн бир мисол келтираман: Англияда ҳокимият бошига ирқчи бир шахс келиб қолди, дейлик. Бу шахс Англия давлат сиёсатини ирқчилик сиёсатига айлантира олмайди. Чунки, давлатнинг демократик механизми бу одамни муайян чегараларда ҳаракат қилишга мажбур этади. Борди-ю, бу шахс системага қаршилик қилса, система уни ҳокимиятдан улоқтириб ташлайди. Демак, бундай тузумда бир фашист ёки телбанинг ҳокимиятга келиб қолиши ҳам эҳтимолдан узоқдир.

Энди демократик тузумга эга бўлмаган, фақат зўравонлик билан ҳокимиятни тутиб турган давлатларда тахтга Тошмат ўтирса, бутун давлат Тошмат сиёсатига, Эшмат ўтирса- Эшмат сиёсатига юради. Яъни, Тошмат билан Эшмат телбароқ бўлсалар, давлат сиёсати ҳам телба-тескари бўлади, улар сотқин бўлсалар, давлат ҳам, миллат ҳам мудҳиш таҳликада қолади.

Шунинг учун ҳам “Эрк” партияси демократик системага қурилган энг ишончли давлат бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Эрк” партиясининг кадрлар сиёсатига қарашлари

“Эрк” партияси янги давлат қурилишида кадрлар муҳим рол ўйнаяжагини таъкидлайди. Бу жабҳада бизда анъанавий хасталик бор, бу хасталик – маҳаллийчиликдир. Бизнинг раҳбарларимиз халққа унинг бўлинмас бир миллат эканини англатиш ўрнига, ўзлари айричилик сиёсатини юргизиб келдилар, маҳаллийчилик ботқоғига ботдилар. Бу сиёсат миллатимиз онгини чуқур заҳарлади, бу заҳарни чиқариб ташлаш учун фидоий меҳнат талаб қилинади. “Эрк” партияси биринчи навбатда шу фидокорликни бўйнига олади ва айричилик сиёсатини таг томири билан қўпориб ташлайди.

Кадрлар, авваламбор, лаёқатига қараб танланади, кейин давлат манфаати учун ишлайдими, шунга қараб танланади.

Уларга ўз вазифаси доирасида мустақил фаолият кўрсатиш ва ишига ижодий ёндошиш учун имконият яратилади. Яъни, фуқаролар арзимаган иш учун бугунгидай президентдан рухсат сўраб юрмайдилар, уларнинг муаммосини мустақил ва фаросатли маъмурлар “тепа нима дер экан”, дея ҳадиксирамай, ўзлари ҳал қилаверадилар.

Ҳар бир маъмур давлатда ўз мартабаси даражасида қадр-қиммат топади, ўз меҳнати ва фидоийлиги даражасида тақдирланади. Маъмурлар ўз бошлиқлари томонидан ҳақорат қилинишига йўл қўйилмайди, уларнинг шахсий ҳаётидаги камчиликлари идорада муҳокама қилинмайди.

Уларга эркин ва тўқ ҳаёт кечиришлари учун етарли даражада маош тўланади, уларга истеъфога кетганда ҳам нормал яшаши учун бутун имкониятлар яратилади.

Оддий маъмур бўлсин, депутат бўлсин, университет ўқитувчиси ёки шифокор бўлсин, ҳаммаси “мен давлатга керакман”, деган туйғу билан яшайдилар ва давлат бу тушунчани амалда рағбатлантириб туради.

Албатта, давлат ўз навбатида маъмурларидан қатъий масъулият талаб этади. Маъмур идорада экан, давлат манфаати ва обрўсини биринчи ҳадаф сифатида билмоғи шарт бўлади. Маъмурлар устидан тушган ҳар бир кичик шикоят ҳам давлат томонидан чуқур ўрганилади ва уларга шунга яраша чора кўрилади.

Порахўрлик қилган маъмур давлатнинг шафқатсиз жазосини олади. Бунга давлатнинг нафақат қонуний, маънавий ҳуқуқи ҳам бўлади, чунки давлат ўз маъмурини порага муҳтож бўлмайдиган, қонунни бузишга эҳтиёж сезмайдиган даражада маош ва имтиёзлар билан таъминлаган бўлади. Энг оғир жазо миллат ва давлат манфаатларини сотган маъмурларга берилади.

Шу шаклда давлат ўз маъмурларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдан қанча фойда кўрса, маъмурлар ҳам ўз давлатига астойдил хизмат қилишдан шунчалик мафаатдор бўлади.

“Эрк” партиясининг мафкуравий шиори қисқадир: МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ, МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ.

Бу мафкура ўрнакларини “Эрк” партияси раҳбарларининг брошюрасидан эмас, миллатимизнинг бой тарихидан олади. Асримиз бошида бошланган жадидлар ҳаракати янги миллий мафкурамизнинг туғилиши эди. Бу ҳаракат ўша замондаги хонлик ёки губернаторлик томонидан эмас, балки, халқ ичидаги сиёсий-маърифий гуруҳлар томонидан, ҳурфикрли мунавварлар томонидан йўналтирилган эди. Бу жамоат ташкилотлари халқнинг орзу-умидларини, дардини англагани учун ҳам халқнинг идеалини аниқ ва лўнда ўртага қўя олди.

Бугун бундай ташкилотлар маданий-маърифий, тарихий, ижтимоий, адабий, тил ёки газетачилик жамиятлари шаклида бўлиши мумкин. Шундай ташкилотлар бундан икки йил аввал қурила бошлаган эди, аммо тезда ёпиб ташланди.

Ёзувчилар юшмаси ҳам шундай ташкилот эди, афсуски, юшма энди иккига бўлинган ва обрў талашиш, мукофот тақсимлаш билан овора бўлиб қолди.

Давлат бундай ташкилотларни ёпиши керак эмас, аксинча, қўллаб-қувватлаши керак. Давлат ўз мафкурасини шундай ташкилотлар тамалида яратмоғи лозим. Шундагина янги давлат халқ ичида ишонч қозона олади. Бу ишонч қозонилар экан, давлатнинг яна бир қиладиган иши бор: У яратилаётган мафкура учун иқтисодий-сиёсий замин ҳозирламоғи лозим. Яъни, биз юқорида айтган ислоҳотларсиз ҳар қандай чиройли сўз ёки жимжимадор ғоя таъсирсиз қолаверади.

Давлат миллатни ўз мафкурасига эргаштириши учун унга сиёсий ва иқтисодий озодлик бериши лозим. Зотан, фикри занжирбанд одам ўз миллатини сева олмайди, унинг учун фидокорлик кўрсатолмайди.

Қашшоқ одам ҳам шундай.

“Эрк” партиясиниинг динга қарашлари

“Эрк” партияси диний ташкилотларга тўла эркинлик бериш тарафдоридир. Чунки, кўксида иймони бор, Оллоҳга ишонган одамларгина жамиятга фойда келтириши мумкин. Ҳатто фойда келтирмаганларида ҳам, лоақал, зарар келтирмайди. Бу фалсафа “Эрк” партиясининг динга муносабат тамалида ётади.

Хусусан, маърифатли дин пешволари биз қуражак янги давлатнинг руҳан соғлом ўсишида ёрдамчи бўладилар. Юз йиллик асоратни бошдан кечирган миллатимиз қалбидаги инонч бўшлиғи покиза эътиқод-ла суғориш учун ғайрат кўрсатадилар.

“Ислом фундаментализми” деган нарса ўйлаб чиқарилгандир. Умуман, бизнинг турк халқимиз табиатига диний радикалчилик ёт нарсадир. Зотан, боболаримиз ҳам ўтмишда диний жабҳада жоҳиллик сиёсатини юргизмаганлар.

Турк халқлари дунёга ислом динини тарқатишда олдинги сафларда юрди, бошқа мамлакатларни фатҳ этди, аммо ҳар замон диний жоҳилликдан узоқ турди, ўз динини маърифий йўл билан тарғиб этди.

Бугун ўзини диндор деб билган баъзи дўстларимизнинг эркакларга “галстук тақсанг кофир бўласан” ёки аёлларга “паранжи ўрамасанг, кофир бўласан”, дейиши бироз ғалати кўринади. Чунки, иймон бизнинг бўйинбоғимизда эмас, юрагимизда яшайди. Ёки юрагида иймон ўрнида хирс яшаётган аёлга паранжи кийдирилса ҳам, бу – хирсга ўртук кийдирилгандай гапдир.

Ислом маърифатчилари тарбияси доим инсонларнинг ички дунёсига йўналтирилгандир. Ислом унсурлари асло паранжи ёки салла эмас, Оллоҳга инонч ва шу инончга хизмат этмакдир.

Бундан йигирма йил аввал Оврупода тўрт юз минг мусулмон бор эди. Бугун тўрт миллион мусулмон бор, кўпчилиги овруполи кишилардир. Бу одамлар ислом динига жўн тушунчали тарғиботлар таъсирида эмас, муқаддас Қуръони Каримни ўқиб кирганлар. Ёки ўз динини чуқур англаган ислом маърифатчилари таъсирида бу динни қабул қилганлар.

Жўн тарғиботчилар исломга ҳамиша фойда ўрнига зарар келтирганлар. Ислом динининг аср бошида Туркистонда тушкун аҳволда қолганига ҳам ўша жўн фалсафа сабабчидир. Бу жўн муллалар ўрнатган “исломий мутелик” чор Русияси мустамлакасининг Туркистондаги умрини узайтиришга воситачи бўлди.

Ваҳоланки, ислом мутелик дини эмасдир. Ислом – мардлик ва жасурлик динидир. Фақат ислом динигина Оллоҳдан бошқа ҳеч кимга бош эгмасликни ўргатади. Фақат ислом Оллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасликка чақиради.

Франсуз мустамлакасига қарши курашган Жазоир мужоҳиди Абдуқодир Ал Жазоирийдан Ғарб газетчилари “Нега сизнинг аскарларингиз ўлимдан қўрқмайдилар?” деб сўрашганда, у:

“Чунки, менинг аскарларим Оллоҳга инонадилар, улар ўз ҳаётларининг душман қўлида эмас, Оллоҳ қўлида эканини биладилар, шундай экан, душмандан нега қўрқсин?”, деб жавоб беради.

Фарзандларимиз шундай кучли эътиқодда тарбияланиши лозим.

1993, Декабр.

facebook.com