Бу дўззах, жаҳаннам дегани эди…

Бу дўззах, жаҳаннам дегани эди…
31 views
12 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

14-қисм

Бугун Дуйсенбай ўзида йўқ шодмон эди. Ҳали Тайсин ғалаба қозонмасдан, у белига ҳиммат камарини боғлаганди. Ғалаба нашидаси билан масту масрур эди. Унда бундай ҳолат камдан-кам ҳолларда рўй берарди.

Воқеаларнинг яхши томонга ўзгарганини кўрган Мирзелимбайнинг оғзи қулоғида етди. Дуйсенбайнинг қайдаги бир сартни қизига қилган ширин муомиласидан опа-сингилларнинг думлари тикка бўлиб, қовоқ-тумшуқлари осилиб кетаётганди. Ўзбек курашчиларининг яктагидан кийиб, белини камар билан бўғиб боғлаган Тайсиннинг тишлари қарич-қарич бўлиб, ирриллаб қўярди. У ҳалитдан ўзини жанг майдонидаги жангаридек тутаётганди. Унинг орқасида тўстувак ушлаб юрган Гулисипсага ҳам Тўрабиканинг ўзини бемалол тутиши эриш туюлар, “ҳи-и” дея қошларини чимириб, лабини чўччайтириб қўярди. Сочини лайлак уясидек қилиб олган Авакян, “ҳап сеними, шошмай тур” дегандек, дамини ичига ютиб олганди. Ажнабий мураббийлар Тайсиннинг энса-бўйларини уқалаш билан овора эдилар. Шу тобда уларнинг қулоғига гап кирмасди.

– Пешат қани, пешат? – деди хонадан чиқиб келган Дуйсенбай.

– Мана, дода! – деди чўнтагидан иккита олтин қутини чиқарган танқўриқчи. – Мандат ҳам шу ерда!

– Пешат жигардан ўйиб олинган! – деди Дуйсенбай. – Мандат – бу мия дегани. Шу иккисидан қўймасин экан. Қолгани бир гап бўлар. Бу ҳикматли сўзларни ёндафтарларингизга ёзиб қўйинглар. Келгач алвонга битиб, бирор кўзга тушадиган жойга илиб қўясизлар. Учиб келаётган овруполик академиклар Дуйсенбайнинг ақлу заковатига бир қойил қолсин. Ҳали “Дуйсен модели” дунёни забт этадиган кунлар келади. Дуйсенистоннинг келажаги буюк эканлигига башарият иқрор бўлади…

Ўнга яқин ўзбекистонлик мардикорлар шиддат билан ишга киришдилар. Хонани Дуйсенбай айтгандек жиҳозлаш учун Мирзелимбай Житириқни каравоти билан бошқа хонага кўчиртирди. Баҳромниинг қўлида тўстувак, чўнтаклари тўла қоғозсочиқ, Житириқнинг орқасидан қолмасди. Бахтига кечадан буён унинг ичи келмаганди. Нина санчиб, дори-дармон ичираётган Тўрабика, қилт этмаса ҳам, унинг қорни шишаётганидан хавотирда эди.

Бирпасда баркаш кўтариб ошпаз кириб келди. Орқасидан икки қаватли аравача суриб Марҳабо кирди. Хонада қази-қарта ва турли пишириқларнинг иси анқиб кетди. Деярли икки кундан буён оғзиларига ёлчиб туз солмаган икки бечора оғзим-кўзим демай овқатларни бир ёндан паққос тушира бошладилар. Бу таомларнинг барчаси тонг отмасдан Тайсин учун келтирилганини, унинг сарқитини еяётганлигини улар хаёлларига ҳам келтирмасдилар.

Улар бўкиб еб, орқасидан сув ичгач, нафасларини ростлаб, бир-бирларига бир муддат термулиб қолдилар. Тўрабиканинг порлаб турган кўзларини кўрган Баҳромнинг ичида олов ёнгандек бўлди. Хаёлига қайдаги нарсалар бостириб келиб, ичи ўртаниб кетди. Хотини, болалари эсига тушиб, уларнинг ҳоли не кечади энди деб ўйлади. Унинг яра-чақалари қурий бошлаган чеҳраси ёришганини пайқаган Тўрабика, “сенда ҳам юрак бор экан-ку”, дегандек сирли жилмаярди. Шу пайт эшик очилиб, яна хонага бирин-кетин Оқгул билан Марҳабо кириб келди.

– Овқатланиб, олдиларингизми? – дея гап бошлади Оқгул. – Тўймаган бўлсаларингиз, яна ул-бул олиб келаман.

Қорасаройдаги биттаю битта қозоғистонлик инсон Оқгул эди. Айтганимиздек, Мирзелимбай ҳам Ўзбекистонда туғилиб ўсганди. Қолганлар бояги гап. Барчалари дунёнинг тўрт бурчагидан келгандилар. Умуман, Дуйсенистонда қозоғистонликлар жуда озчиликни ташкил этардилар. Дуйсенбайга қуллар жоиз бўлгач, бутун қора ишларга ўзбекистонликлардан ёлларди. Қулларни эзиб ишлатувчиларнинг аксари ҳам ўзбекистонликлар бўлиб, уларнинг устидан қозоғистонликлар назорат ўрнатгандилар.

Еб-ичиб кўзига ёруғлик инган Баҳромнинг танасига ҳарорат инди. Бутун тан-баданида чумоли ғивирлагандек, томирларида қон югурди. У бир неча кундан буён биринчи марта тўйиб овқатланаётганди. Совуқдан карахт бўлиб қолгани учун, ароқ ичиб маст бўлганида Қўзи оғалар билан еганларининг мазасини сезмаганди.

– Ўзбекистонинг қаеридансиз? – деб сўради у Марҳабодан.

– Фарғонанинг Бувайдасиданман! – деди у.

Унинг кўнгилчан, беғубор аёллиги юз-кўзидан кўриниб турарди. Оқгул иккаласи бир-бирлари билан опа-сингиллар каби иноқ эдилар. Қорасаройдаги иккаласига тегишли барча юмушларни улар биргаликда бажарардилар. Оқгул ёшроқ бўлиб, қирққа ҳам чиқмаганди. Унинг айтишича, Марҳабонинг ёши олтмишга яқинлашиб қолганди. Яқинда Қорасаройда ишлаётганига ўн йил тўлар, ўн йилдан буён уйига бормаган, қариндош-уруғларини кўрмаганди. Эри билан тўрт ўғли ҳам Дуйсенистонда мардикорлик қиларди. Йиққан пулларига ўғиллари бирин-кетин водийга бориб уйланиб, олти ой-бир йил яшаб келардилар. Кенжаси кетиб уйлангач, орқасига қайтмаганди. Ғазаби қўзиган Дуйсенбай шу-шу уларни Дуйсенистондан ташқарига чиқармагани етмагандек, бўйниларига отнинг калласидек қилиб бир неча минг доллар қарзни ҳам илиб қўйганди. Том маънода улар бутун оиласи билан шунча йиллардан буён асирликда, гаровда яшардилар.

Бу бечораларга Аллоҳнинг раҳми келмаса, бошқа биров уларни Дуйсненбайнинг зулмидан қутқаза олмасди. Қай бири, иложини топиб, бир бало қилиб чиқиб, хавфсизлик маҳкамаларига билдирганда ҳам, ҳеч нима ўзгармасди. Бу жойлардаги қонунлар бутун дунё учун бошқача бир тарзда, ўзбекистонликлар учун бошқа бир тарзда қўлланиларди. Бутун дунё учун демократик ва шиддат билан тараққий этаётган давлат ўзбеклар учун қонунсиз ва одам овловчилар маскани эди. Ҳар қандай хабар беш дақиқа ўтмасдан Дуйсенбайнинг қулоғига етарди. Баттар ғазаб отига минган Дуйсенбай уларнинг бошига итларнинг кунини солар ёки уларни миршабларнинг ўзларига арзимаган пулга сотиб юборарди. Миршаблар бойроқ мижоз топиб, уларни янаям мўмай пулга пуллашарди. Қулликда оилавий ушлаш осон бўлгани сабаб, қулларни сотиб олиш учун ёзилмаган рўйхатларда турган қанчадан-қанча қозоғистонликлар бор эдилар. Қўлдан-қўлга ўтиш дегани қўл-оёқ кишанда, жону тан зиндонда – Ўзбекистон турмаларидан оғирроқ бир шароитда яшамак дегани эди. Бу дўззах, жаҳаннам дегани эди.

Қорасаройда ҳозир Оқгул билан Марҳабодан ўзга биров йўқ ҳисоби эди. Мардикорларни ишлтаётган Мирзелимхон ўзи билан ўзи овора эди. У Дуйсенбай келмасдан айтганларини жойба-жой этмаса, ундан кўрадиганини кўрарди. Эшик олдидаги махсус қўриқчилар эса фавқулодда ҳолатлардан бошқа пайт ичкарига кирмасдилар. Шу боис юраги сиқилиб кетган Марҳабо юртдошлари билан узоқроқ суҳбатлашишга тиришарди. Бундай имкон яна қачон пайдо бўлишини Яратган биларди. Кун ора уйига бориб келадиган Оқгул, у кўнглини ёзсин дея, юмушларни ўзи бажариб юрарди.

Марҳабонни куйиниб тинглаган Тўрабикка кўзларига ёш олди. Унинг ҳам мустақиллик йилларида тортган жабр-ситамларинининг чеки-чегараси йўқ эди.

Ишсизлик, қонунсизлик, йўқсизлик каби юзлаган иллатлар ўн минглаган оилалар каби унинг оиласи тақдирига ҳам рахна солган эди. Турмушга чиққанининг тўртинчи куни эри Русияга кетиб қайтмаганди. У ўн етти ёшида тирик бева бўлиб қолганди. Эрининг ўша томонларда уйланиб, бола-чақали бўлгани дарагини эшитгунча ҳам, унинг бошидан нима савдолар ўтмади. Бутун сарполарини – гилам ва мебелларини, тиллаворларини сотиб, тўйнинг қарзларини тўлади. Ўғиллари дом-дараксиз кетгач, қайната ва қайнонаси, “оёғи қутсиз чиқди” деб, уни қанчалар маломат қилмадилар. Ўғли келмаслигини билганларидан сўнгра, уни тўрт яшар қизи билан уриб-солиб отасиникига ҳайдаб юбордилар. У ўшанда ҳам шифохонада ҳамшира бўлиб ишлар, топгани нон-чойга зўрға етарди, холос. У ҳам қизини онасига ташлаб, ҳамшаҳарларига қўшилиб Қозоқистонга йўл олди. Ўшанда пахта-йиғим терими мавсуми энди бошланган даврлар эди. Ўзбек аёллари қўшни давлатга йўл бўйлаб дарёдек тўлиб-тошиб оқардилар. Терилган бир кило пахта нархи у ёқларда беш-олти баробар юқори эди…

…Биринчи кун у хаёлига ҳам келмаган жирканч воқеалар гувоҳи бўлди. Юз-юз эллик килогача пахта териб, ўлиб чарчаган эллик чоқли аёллар овлоқдаги бир шийпоннинг супасида тошдек қотиб ухлардилар. Ярим тунда қайлардандир от қамчилаб йигирмадан ортиқ маст-аласт қозоқ йигитлари келдилар. Ҳе йўқ-бе йўқ, отдан сакраб тушиб, дуч келганнинг тўшагига кириб, номаъқулчик эта бошладилар. Чинқирганларининг уриб овозини ўчирдилар, қаршилик кўрсатганларини итдек саваладилар. Ҳаддисини олган бир-икки аёллар эмаклаб, ўн беш қадамлар наридаги сув оқиб турган ариққа кириб яширинди. Тақдирга тан бериб кўникиб кетганлари қимирламадилар ҳам. Тўрабика ариққа етдим деганда, орқасидан бир йигит келиб қолди. У тура-сола боши оққан томонга қараб қочди. Орқасидан тўрт-бешта бўлиб қувладилар. Унинг кўзларига қорайиб турган ҳожатхона кўринди. У ҳожатхонанинг тагига кириб, пусиб олди. Қароқчи бедодлар ҳожатхона ичини ва атрофини тинтиб, уни қидириб тополмагач, орқаларига қайтиб кетдилар. У ариқда чўмилиб, уст-бошларини чайиб қайтганида, тонг оқаришига бир соатдан ошиқ вақт бор эди.

Ҳамма донг қотиб ухларди. Гўё ҳеч бир ёмон иш содир этилмаганди. Бутун борлиқда сукунат ҳукмрон эди. У ўз кўзлари билан кўрмаганда, бўлиб ўтган ишларга ўла қолса ишонмасди.

Номаъқулчиликлар кейинги тунда ҳам такрорланди. Бироқ Тўрабика эҳтиёт чораси сифатида тайёргарлигини кўриб қўйганди. Ҳамма ухлагач, томга чиқиб олди. Томда ундан бошқа ҳам бешта аёл бор эди. Ярим кечадан ўтганда бостириб келган маст-аласт қозоқ ёш-яланглари кўрпама-кўрпа алмашиб, яна хоҳлаган п…ини едилар. Уларнинг ҳар бири ҳар битта аёл билан бўлиш учун, боққа тушган эчкидек, ҳар ер-ҳар ердан ўтларди…

Икки ойга яқин мусофирлик машаққатини тортган Тўрабика бу ҳолатнинг такрорланмаган куни йўқлигини айтади. Қизиғи, ҳар тунда содир бўладиган ваҳшиёна босқинлар – номусга тажовуз ва ур-калтаклар хусусида ҳеч ким бирор жойга арз этиб бормасди. Маҳаллий масъуллар ҳаммасини кўриб, билиб турардилар. Хавфсизлик вакилларининг ҳаммасидан хабарлари бор эди. Барча нарсалар Ўзбекистондаги сингари сирли ва силлиқ кечарди. Мардикор аёллар тонг оқармасдан далага чиқиб кетардилар. Қуёш чиққач, ҳеч нарсани кўрмагандек, суҳбатлашиб, бирга ўтириб нонушта қилаверардилар. Баъзи бир янги келган мардикорлар қаршилик кўрсатгани учун мушт еб кўзи кўкарган, қаеридир тирналган ёхуд шилинган бўларди. Биров-бировдан сенга нима бўлди деб сўрамасди.

Уларнинг ичларида ҳам кимса билмас, босқинчи ваҳшийлар фойдасига ишлайдиганлари топилар, улар билан зимдан оғиз-бурун ўпишиб, хабар етказиб турадиганлари бўларди. Томдагиларни ҳам, шундайларнинг хоинлиги туфайли, кўп ўтмасдан ғорат қилган эдилар. Ўшанда Тўрабика ўзини томдан ташлаб, оёғи лат еган эди. Тўрабиканинг ҳамшира эканлигини билиб қолган фермер хўжалиги раҳбари уни овулдаги тиббий хизмат марказига фарош қилиб жўнатади. У ерда ҳам ўзбекнинг бошига бирор-бир иш тушмаган куннинг ўзи йўқ эди.

(давоми бор)