Ҳижома ҳақида…

Ҳижома ҳақида…
45 views
12 December 2017 - 11:14

Ертӯладан чиққанимдан бери бош оғриғидан қаттиқ азият чекаман. Дори-дармонлар кор қилмай қӯйгани учун кейинги пайтларда дори истеъмол қилишни ҳам тӯхтатгандим.

Бунинг ӯрнига Яратганнинг беайб бир бандасини турли хил туҳмату бӯхтонлар билан жазолаган, мени шу кӯйга солган, бошимни жароҳатлаган, бурнимни қонатган, дилимни хуфтон, кӯнглимни хонавайрон қилган Миллий хавфсизлик хизматининг айрим зӯравонларию, “соч ол деса бош олишга” устаси фаранг баъзи ювиндихӯр милицияларнинг падарига ланъатлар айтишга ӯтгандим.

Рости, бугун қӯли қон МХХчиларнинг ишини ҳам, саводсиз, гумроҳ милицияларнинг ишини ҳам Худога солганман. Аллоҳим вақти-соати келганда зӯравонларнинг жазосини беришига астойдил ишонаман.

Мен аслида ҳижома ҳақида ҳикоя қилмоқчийдим. Касалхонада эканман, яна дори-дармон истеъмол қилишга мажбур бӯлдим. Аммо тасодифан кӯпдан бери қизиқиб юрганим ҳижома усулида даволовчи шифокорга йӯлиқдим. У ӯзим даволанаётган касалхонада ишларкан. Даволовчи шифокор билан суҳбатдан кейиноқ ҳижома амалини бошимдан ӯтказдим.

 

Шу ӯринда ҳижома нима, деган саволга жавоб бермоқчиман. Манбаларда ёзилишича, ҳижома атамаси асли араб тилидаги ҳажм сӯзидан олинган бӯлиб, “сўрмоқ” маъносини англатаркан. Бола она кўкрагини сӯрса – эмса, арабчасига: ″ҳажама ас-сабийю уммаху″,— дейиларкан.

Қон олгувчи шахс ҳам, қонни сўриб олиш йӯли билан олса, уни ″Ҳажжом″ деркан. Қон олиш касбига: ″ҳижома″, қон олинадиган асбоб ускунага эса: ″Миҳжам″ дейиларкан. (Лисанул-араб китобидан). Хуллас: ″Сӯриб олишга мосланган (хоҳ қадимий, хоҳ замонавий) асбоб-ускуна билан бузилган қонни жасад – бадандан чиқариб ташлашни ҳижома″,— дейилади.

Маълум бӯлишича, ҳижома қадимдан маълуму машҳур экан. Қадимги чинликлар (хитойлар), бобилликлар ва Фиръавнлар даврларида ҳам ундан амалда унумли қӯлланган экан. ″Даволанишларинг учун энг афзал нарса ҳижомадир. Ёки ″ҳижома даволарингизнинг энг муносибларидандир″, деган сӯз ҳам бор экан.

Ҳижома қуйидаги хасталиклар учун фойдали экан:

1. Қон айланиш органларидаги хасталик.
2. Қон босими, юрак хасталиклари.
3. Кўкрак оғриғи, нафас қисиши.
4. Бош ва кӯз оғриқлари.
5. Бӯйиндаги, қорин бӯшлиғидаги оғриқлар ҳамда мускуллардаги бод (ревматизм) касалликлари.
6. Баъзи турдаги юрак, кӯкрак хасталиклари ва бўғинлардаги оғриқлар ва ҳ.к.

Шифокор елка, бӯйин ва белимга ҳижома қилишдан олдин ӯша жойларимни спирт билан артиб чиқди. Сӯнгра махсус банкачаларни қон олинадиган ӯринларга ёпиштириб ўрнатди. Уч дақиқадан кейин банкачаларни кӯчириб олиб, у жойни кескир (устара, лезвия) билан оҳиста майда-майда қилиб тилишди. Кейин юқоридаги равишда банкачаларни ҳалиги ўринга қайтадан ёпиштириб ўрнатди. Орада 5-8 дақиқа ӯтгач банкача бузилган – айниган қонга тўлди.

Бизда «қон олиш» деб аталадиган истилоҳ арабларда иккига бӯлинаркан. Биринчиси, «ҳижома» деб аталиб, бошдан қон олишни англатади. Иккинчиси, «фасд» деб аталиб, жисмнинг бошдан бошқа қисмидан қон олишни англатади. Иссиқ ӯлкаларда, жумладан, Арабистонда бошдан қон олиш фойдали бӯлгани учун «ҳижома» истилоҳи машҳур бўлиб кетган. Айтишларича, кӯринган жойдан қон олдиравериш билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Қонни қаердан олишни бемор эмас, табиб белгилайди.

Қон олиш инсон вужудида катта ўзгаришларга сабаб бўладиган жараён.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам қон олиш туфайли етадиган фойдалардан учтасини зикр қилганлар:

1. “Қонни кетказади”, яъни қон олиш орқали бемордаги хасталикка сабаб бӯлаётган қон чиқиб кетади.

2. “Қуйилган қонни енгиллаштиради”. Қон олдириш даражасида хаста бӯлганларнинг кӯпларининг қони қуйилиб, қон томирлари қотишиб қолиши маълум. Қон олиш туфайли қолган қон ҳам суюқлашади, томирлар ҳам юмшаб қон айланиш жараёни ӯз ҳолига қайтади.

3. “Ва кӯзни равшанлаштиради”. Маълум бӯлишича, бу ҳолатлар ҳам тажрибалардан ӯтган.

Манбаларда “Аллоҳнинг баракаси билан пайшанба куни ҳижома қилинглар. Чоршанба, жума, шанба ва якшанба кунлари ҳижомадан сақланинглар. Душанба ва сешанба кунлари ҳижома қилинглар, у Аллоҳ Айюбни мусибатдан халос қилган кун” дейилган.

Мен душанба куни ҳижома қилдирдим. Демак, мумкин бӯлган кун. Дӯстларим, сизларга оғир бӯлмаса бир дуо қилиб қӯйингизлар. Соғайиб кетсам ажабмас!

Рузибай Азимий

facebook.com