Миллат ҳақиқий йўлбошчини – лидерни кутаётган эди…

Миллат ҳақиқий йўлбошчини – лидерни кутаётган эди…
51 views
13 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

15-қисм

Фермер хўжалиги идораси билан тиббий пункт ёнма-ён жойлашганди. У жойда Гулчирой исмли бир гўзал ва ёш жувон ҳисобчи бўлиб ишларди.

Тўрабика иккалаларининг феъл-атвори бир-бирларига мос тушиб, чиқишиб қолгандилар. У Самарқанд вилоятининг аллақаеридан бўлиб, бу жойларга тақдир шамоллари ҳайдаб келгунга қадар юртида математика фанидан коллежда дарс берган эди. Бошида эри, иккита боласи бор эди. У фермер хўжалиги раҳбари кўзига иссиқ кўриниб, уни ҳисобчи қилиб ишга олганди.

Кўп ўтмай иккалалари бир-бирларини ёқтириб қолгандилар. Хўжалик раҳбари тўрт ой ўтиб, уни никоҳига олади. Бахтиқаро ўзбек аёли иккинчи хотин сифатида, эри, икки боласи бўла туриб, иккинчи марта турмушга чиқади. Пахта-йиғим терими тугагач, шериклари юртларига қайтса-да, у шу ерда қолиб кетади.

Хўжалик раҳбари ҳар ой унинг эри билан икки боласига керагидан ортиқ маблағ жўнатиб туради. Гулчирой кўп ўтмай ундан ҳомиладор бўлади. Вақт-соати етиб, ўғил туғади. Орадан йиллар ўтиб, Гулчирой ота-онаси ва илгариги эрида қолган икки боласини кўриб келиш учун юртига жўнайди. Бир ой ўтади, икки ой ўтади, ундан дарак бўлмайди; сувга тушган тошдек изсиз йўқолади.

Хўжалик раҳбарининг ўзи уни излаб қишлоғига боради. Билсаки, қариндош-уруғлари уни қишлоқдан чиқармай қўйган, кўз-қулоқ бўлиб, ортга қайтишига монелик кўрсатаётган эканлар. У қишлоқ оқсоқоллари йиғилган маҳалла гузарига бориб, хотини билан боласини олиб кетишга келганини айтади. Буни эшитиб бутун қишлоқ жунбушга келади. У Гулчиройни ислом қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда, никоҳига олганини айтиб даъво қилади. Аллоҳ олдида, зиммасига тушган вазифасини имкони даражасида тўкис адо қилаётганини таъкидлаб, Гулчиройнинг аввалги эрининг номига ҳар ой узлуксиз жўнатиб турган пулларининг қайдномасини кўрсатади. Кейин ҳам унинг икки боласи ўн саккиз ёшга кирмагунча бу ишини тўхтатмаслигини билдиради. Унинг сўзларини Гулчиройнинг собиқ эри тасдиқлагач, қишлоқ аҳли гунгу лол бўлиб қолади. Оқсоқоллар ихтиёрни Гулчиройнинг ўзига юклайдилар. У кейинги турмушини лойиқ кўради. Ғойибдан пайдо бўлган эр Гулчирой билан ўғлини барчанинг кўзи ўнгида қишлоқдан олиб чиқиб кетади.

– Шунгача қишлоқдагилар бўлаётган ишлардан бехабармидилар? – дейди Тўрабикага дардини очган Гулчирой бўғилиб. – Хабардор эдилар. Улар бўлиб ўтган воқеаларни ипидан игнасигача яхши билардилар. Мен биринчи бор иш излаб Қозоғистонга келганимда ҳам йигирма чоғли хотин-қизлар билан келгандим. Улардан ташқари, қишлоқнинг беш-олти йигитлари ҳам бизлар билан бирга эди. Улар ҳаммасини билиб-кўриб кетган эдилар. Кейин ҳам келиб-кетиб, барчасини ўз кўзлари билан кўриб юрдилар-ку!

Нафсиламбирини айтганда, тирикчилик ташвиши билан бу ерларга қишлоғимиздан келмаган одамнинг ўзи қолмаганди. Ишга яроқсиз тўрт-беш қария билан болалар бундан мустасно албатта. Болалар эҳтиёжига сарфлаётган пулларнинг қаердан келаётганини собиқ эрим ёки қўни-қўшнилар билмасмидилар?! Ота-онамнинг мен жўнатаётган пуллар ҳисобига кун кўраётганини ҳам бутун қишлоқ билмаслиги мумкин эмасди. Уларнинг ор-номуслари, ғурурлари бўлса, нима учун мени шунча йиллар сўроқлаб, орқамдан келмадилар? Қишлоққа борган куним хўмрайиб кутиб олиб, тўрт девор орасига ташлаб, мени тарбияламоқчи бўлдилар! Фоҳишасан, суюқ оёқсан, дея ҳақоратладилар. Қозоқдан орттирган ҳароми, дея боламдан жиркандилар, бурунларини жийирдилар! Ўзларини қўй оғзидан чўп олмаган сипойи кимса кўрсатиб, кибрландилар! Наҳотки, мен йиллар бўйи уларга жўнатиб турган пулларим ҳалол, ўзим ифлос бўлсам?! Ёки бутун қишлоқ аёллари тубанликлар аро ишлаб топиб, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган тажавузларга дош бериб, олиб бораётган пуллар ҳалолдан топилган пуллар бўлса?!

Мен ҳам сизга ўхшаб, биринчи кун ўша ҳожатхонанинг остига кириб жон сақлаган эдим. Аёллик шаънимни, ифатимни сақлагин дея ахлатга ботиб, Тангрига илтижолар қилгандим. Зор йиғлаб, қон қақшаб ялиниб-ёлворгандим! Додим Яратганга етиб, мен ўзимни асраб қолдим. Жудаям бахтлиман дея олмайман-у, ҳар ҳолда иффатим жойида. Ўзимдан-ўзим нафратланадиган, жирканадиган жойим йўқ. Аллоҳнинг буюрган йўлидаман. Ҳар қачон эримнинг ва болаларимнинг кўзларига уялмасдан қарай оламан. Қўрқмасдан уларнинг келажаклари хусусида бош қотиришга маънавий ҳаққим борлигидан бошим осмонда. Мени қишлоққа бориб ғийбат, фитна қилган бошқалар-чи?! Жирканч ваҳшийлар оёғи остида топталган аёлларини қучоғида олиб ётиб, мен ҳақимда янглиш хулосалар чиқараётган қишлоғимиз эркаклари хусусида нима дейишга ҳам қийналасан одам! Эпсизликларидан хотинларини, қизларини шу аҳволга солиб, уларнинг пуллари ҳисобига уялмасдан яшаётган эркакларимиз эрта бир кун Аллоҳ олдида қилмишлари учун қандай жавоб берадилар?!

Қишлоғимиздан саккизта боласи бор бир аёл келиб, ўзига тўқ бир чолнинг уйида икки-уч ой супур-сидирини қилиб юрди. Пахта мавсуми тугагач, теримчиларга қўшилиб қишлоққа қайтиб кетди. Кейинги пахта мавсумида келган теримчилар унинг чолдан туққани ҳақида миш-миш тарқатдилар. Гап-сўзлар чолнинг ҳам қулоғига етди. Чол мардикорлик қилаётган йигитларимиздан бирининг қўлига зарур харажатларни бериб, ҳақиқатни билиб келиш учун уни қишлоққа жўнатди. У қайтиб келиб, миш-мишларнинг ҳаққиростлигини тасдиқлади. Чол Остонада катта бир ташкилотда бошлиқ бўлиб ишлайдиган ўғлини чақириб, қандай бўлмасин, бориб болани олиб келишни буюрди. Чолнинг ўғли ёллаган кимсалар бориб, болани сотиб олиб келдилар. Ҳозир у чолникида яшаяпти. Қари ота боласига иккита энага ёллаган. Бири кўкрак беради, иккинчиси қолган юмушларини бажаради…

Яна қишлоғимиздан унаштириб қўйилган бир қиз акасининг хотинига эргашиб, ўтган йили пахта теришга келганди. Кўзга яқин бўлгани учун чақиртириб олиб, рўзғордаги юмушларни буюриб қўйдим. Ҳар тугул булғанмасдан эгасига етсин, Аллоҳ ажрини берар, деб ўйладим. Бир куни далага янгасини кўришга борса, ноинсоф янгаси ўзи билан дон олишиб юрадиган бригадир билан қўшиб қўйипти. Нима учун бундай қилдинг, десам безрайиб, “Бригадир Тошкентга олиб бориб, тиктириб келади. Куёв бола билиб ўтириптими”, дейди. Бригадир анча қаттиқ қийнаган экан, бечора қиз ўша соатда жинни бўлиб қолди. Қишлоғимиздан бир мардикор йигитга пул бериб, уни ота-онасига олиб бориб топширишни илтимос қилдим. Кейин билсам, қиз бечора ўша-ўша тузалмапти. Ўлиб кетипди, эмиш. Янгаси бу йил ҳам пахта йиғим-теримига келган. Уялмасдан, бригадир билан тараллабедод қилиб юрипти…

Бунга нима дейсиз?! Қишлоқдагилар бу ишлардан бехабарми? Хабардор, албатта! Бу ишлар бир кичик қишлоқда рўй беряпти. Бутун Ўзбекистонни олиб қарайдиган бўлсак, бу бедодликка, бу хор-зорликларга чидаб бўлмайди-ку, ахир?! Афсуски, бизнинг халқимиз барчасига чидаяпти. Нима сабабдан? Муаммо нимада…

Бу гаплар Баҳром учун янгилик эмас, ҳеч бири қулоғига эриш эшитилмасди. У йиллар бўйи Қозоғистонда ризқ териб юриб, бундан беш баттарларига дуч келган, соғлом ақлга сиғмайдиган мудҳиш манзараларнинг гувоҳи бўлганди.

Ғалла орттириш учун бепоён Қустанай буғдойзорларини кезиб, товонидан икки оёғининг пайи кесилган ўзбек чўпонини кўрганди. Қоча олмаслиги учун уни шундай кўйга солгандилар. Шўрликни отга миндириб қўйларнинг ортидан жўнатар, бирор-бир жойда ҳожат учун эгардан ўзини ташлаб, тушиб қолмаган бўлса, қайтиб келгач, опичлаб отнинг устидан кўтариб туширардилар. Отга миндириб жўнатадиганлар ҳам, отдан опичлаб кўтариб оладиганлар ҳам асирликка мубтало этилган ўзбек мардикорлари эдилар. Баҳром минг эшикка бош уриб борса-да, уларни қутқара олмаган, қўлидан ҳеч вақо келмаганди…

Яна оёғида кишан солинган ҳолда нон, сомса ёпиб сотаётган водийлик йигитларни кўрганди. Узун тортилган йўғон симга кишаннинг иккинчи учи бойланганди. Улар шу сим бўйлаб юриб, барча пишир-тушир жараёнларини амалга оширардилар. Сим бўйлаб ҳожатга борардилар, сим бўйлаб бориб, ухлаш учун тўшакларига чўзилардилар. Занжирдаги ит каби эрксизликда кунларини боттириб, тонгларини оттирардилар. Барчаси “Қўғирчоқ” театрларининг спекталларига менгзаш эди. Уларнинг ярим белларидан юқориси сиртдан боққан кўзларга рисоладагидай бўлиб кўринарди. Парда ортидаги ўйинларга унча-бунчанинг кўзи тушмасди…

У қорли-ёмғирли кунларда кўчада оч-яланғоч қолиб кетган қанчадан-қанча ўзбекларга бошпана топиб берганди. Қорниларини тўйғазиб, иш топишларига кўмаклашганди. Юртларига қайтолмасдан сарсон-саргардон юрган қанчадан-қанча миллатдошларининг оғирини енгил қилганди. Ўзбек мардикорларининг қўллари билан қурилган маҳобатли саройларда жинсий зўровонликка маҳкум этилган қанчадан-қанча ўн гулидан бир гули очилмаган ўзбек қизларини кўриб, унинг юрак-бағри қонга тўлганди. Кечалари билан тош устида ётгандек тўшагида тўлғаниб, ич-ичидан зор йиғлаганди. Кўзларидан қочган ёшлари юракларига ботиб шаънини ҳамиятнинг – ор-номуснинг ўтида ёққанди…

…Бир гал уйига пул жўнатгани чиқиб, бекатда ички кийимда совуқда дийдираётган ўн тўрт ёшли қизни кўриб қолганди. Кўриб туриб, ҳамма бепарво эди. Биров қиз бояқишдан ҳолинг нечук деб сўрамасди. Кўринишидан кимлиги билиниб турган бечорага ҳар битта ўтган йўловчи, “сартнинг бир қанжиғида”, дегандай нафрат билан боқарди. Уларнинг кўзларидан ачиниш ҳиссини излаб топиб бўлмас, улардаги қон-қардошлик туйғулари ўлиб бўлганди. Улар осмонларда эдилар, ўзликларидан жуда ҳам олислашиб борардилар…

Баҳром суриштирса, қиз жинсий зўравонлик чангалидан қочиб чиққанини айтди. Бир бой киши икки йил аввал уни ота-онаси ишлайдиган қаҳвахонадан ўғирлатиб олганди. Қизнинг ўзи ҳам қаҳвахонада дастёрлик қилар, ўн ёшидаёқ оғир меҳнатга маҳкум этилганди.

Ўғирлангач, бечора қиз икки йилдан буён ҳашаматли бир саройда битта ўзи ёлғиз яшаб келарди. Ҳар замонда бир келадиган олтмишдан ошган кимса ҳар сафар унинг номусига тажовуз этар, уни жинсий зўравонликка мажбурларди.

Невараси тенги бир қизни асрликка маҳкум этиб, ҳайвоний ҳирсини қондирарди. У икки йиллик тинимсиз уринишларидан сўнгра бугун қочишга мувафақ бўлган, отаси билан онасини қидириб топмоқчи, улар ишлайдиган қаҳвахонага бормоқчи эди…

Баҳром бунинг янглиш қарор эканлигини дарров англади. Шунинг учун ўзи ижарада турадиган уйга олиб бориб, уни ювинтирди, едириб-ичириб, дўконга олиб чиқди. Кийинтириб, Сарағочга борадиган автобусга ўтқазгач, ёнидаги бор-йўқ  пулини унга тутқазди. Тошкентдаги бир танишига қўнғироқ қилиб, қизни Сарағочда кутиб олиб, Ўзбекистонга кесиб ўтгач, маҳкамага бошлаб боришни илтимос қилди. Шундай қилса, бир бечора ота-онасини, ақалли қариндош-уруғларини топарди.

Албатта, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ташкилотлари шундан ортиғига ярамасди. Уларнинг бутун дағдағалари мамлакат ичкарисида эди. Улар хона шери, кўча ғариб эдилар… Бу ҳали ҳаммаси эмасди. У  бир қизни жинсий зўравонликка тутган одам хусусида тасодифий давралардан бирида эшитиб қолганди. Золимнинг чангалидан қочишга мувафақ бўлган қизнинг қўлида бир ёшига ҳам етмаган чақалоғи бўлган экан. Хабар олишга борган ўша ҳайвон чақалоқни ўзининг мушуги еб тургани устидан тушипди. Ўшанда қиз унга тўғрисини гапирганда, аҳвол бутунлай бошқача бўларди…

Ўзбеклар учун дунёдаги энг хавфли кимсалар жанубий қозоғистонликлар, яъни оғир дамларда уларнинг яхшиликларини кўп кўрган, яхши-ёмон кунларда елкама-елка турган ўз яқинлари эди. Хавф шимолга юриган сайин камайиб борарди. Шимолликларнинг жанубликлардан кескин фарқланадиган руҳиятида зўравонликка мойиллик камайиб, маданий жиҳатдан замонавийлашишга интилиш кучли эди. Русиянинг, Ғарбнинг баъзи бир илғор қирраларини тинмасдан ўзлаштириш жараёни шимолликларда яққол кўриниб турарди. Жанубликларнинг чираниши зўрама-зўраки тақлиддан бошқа нарса эмасди. Бу хусусиятлари худди ўзбекларникига ўхшарди. Уларнинг ўзбеклардан айри тараққий этиши, руҳий эврилишларга учраши жуда мураккаб масала эди. Улар ҳали ҳам шу вужуднинг бир қисми эканликларини тан олишни истамасалар-да, ҳаёт буни тасдиқлаб турарди.

Ўзбекистон президентининг миллатни тўпорилаштириш сиёсати  уларни қўшнилар олдида гўллаштирди. Сиёсий кўрлик бош кўтариб, карахтлик бошланди. Совет йилларида ўз қобиғига ўралашиб яшаган жанубликлар олдида кутмаганда чексиз имкониятлар қучоқ очиб, мустақиллик ҳақ-ҳуқуқларини чегаралаган ўзбекларни улар қаршисида қанотсиз қуш ёхуд эрксиз бўрига айлантирди.

Жанубликлар – тузоққа тушиб қолган бўрининг тишлари билан тирноқларига эга чиққан эдилар. Қанотсиз қушни, қанотларинг қани, дея масхаралардилар. Қуроллари раҳнамолари томонидан тортиб олинган ўзларининг қавмига ҳужумга ўтгандилар. Тажовузлар уюштирардилар. Улар бўрининг тинмасдан чора излаётганини, унинг қаршисида фақат икки йўл бўлиши мумкинлигини, бу йўл – ўлим ёхуд озодлик эканлигини ўйламасдилар ҳам.

Қанотсиз қушнинг тарихий шуурида оддий қанотлар билан етиб бўлмайдиган сон-саноқсиз юлдузлари чақнаб турган осмони, порлоқ қуёши, тўлин ойлари борлигидан бехабар эдилар. Унинг буюк тамаддунларга зўравонлик билан эмас, илму ҳунар, тафаккур, риёзатлар билан эришганларини улар тушунганларида эди?! Улар кўп жиҳатдан Ўзбекистон президенти ва унинг атрофидагиларга ўхшаб фикрлардилар. Ўзбекистон президенти билан ўзбек президентининг фарқига бормасдилар. Бир кун келиб ўзбек миллатининг бошида ҳам қозоқники сингари ўз президенти туришига, мамлакатни умумбашарий ғоялар асосида бошқариши мумкинлигига улар ишонмасдилар.

Катта йўлга чиққан Ўзбекистоннинг шиддат билан тараққий этиши муқаррарлигига уларнинг фаҳми етмасди. Чунки улар аксар ўзбеклар каби жўн фикрлашга ўрганиб қолгандилар. Улар сиртдан қиёфаларини ўзгартирганлари билан, ичларида аслиятлари ҳукмбардор эди. Ҳаёт эса туб, ҳақиқий ўзгаришларни талаб этарди.

Аслида ўзбекларда ҳамма нарса бор эди. Биргина лидер – сарвар етишмас эди. Қоп пишиқ матодан тикилган эди. Унинг ичи ҳам илму зиёга – дуру жавоҳирларга лиқ тўла эди. Фақат бу қопнинг боғичи йўқ эди. Бир қарич боғич ушбу қопни омон сақлашини ҳамма ҳам тушунавермасди. Шу бир қарич боғичга кўп нарса боғлиқ эди. Миллат ҳақиқий йўлбошчини – лидерни кутаётган эди…

(давоми бор)