Шунда миллат бир бутун мардикорга – қулга айланмасди…

Шунда миллат бир бутун мардикорга – қулга айланмасди…
78 views
14 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

16-қисм

Тўққизинчи боб

Қулоқ эшитади, ўпка қаваради, деганларидек, ёқимсиз гурунларни тинглаб Баҳромнинг эски кўнгил яралари очилди. Икки ўзбек аёлининг аламли узоқ суҳбати уни қора ерга қорди.

Шижоатсиз, ғайратсиз эрлари туфайли гулдек умрлари хазон бўлаётган миллатнинг хотин-қизлари аслида буюк илтифотларга, чексиз ҳурмат-иззатга лойиқ эди. Улар миллатнинг келажаги бўлмиш бола тарбиясидан бошқасига чалғимасликлари керак эди. Гарчанд улар мустақилликнинг ўтган йилларида биргина болалари тарбияси билан шуғулланганларида эдилар, Ўзбекистон номи бизнинг кунларимизда дунёдаги йигирмата кучли давлатлар рўйхатига кирарди. Бу афсона эмас, аламлар зўридан – уятдан зўрма-зўраки чиқаётган сўзлар ҳам эмас, айни ҳақиқат эди. Ҳаққирост эди. Ўзбекнинг ақлий салоҳияти ҳам, ўтмишда қудратли давлатларни буёндга келтиргани ҳам, ер ости-ер усти захиралари, табиий бойликлари ҳам иддаомизга мос тушарди.

Шу йиллар давомида тўғри қарорлар қабул қилиниб, амалда мамлакат адолатли қонунлар доирасида бошқариб турилганда ҳар хил моделлар, президентнинг курсисини ушлаб туриш учун гоҳ ҳуд-гоҳ беҳуд том-том алжирашларига ҳожат қолмасди. Қонуний ҳимояга эга бўлган одамлар нима қилишларини ўзлари яхши билардилар. Шунда ўзбек эркакларининг нафсонияти ерга урилмасди. Миллатнинг ғайрат-шижоати ёппасига бутун ер юзига сочилиб кетмасди, миллат бир бутун мардикорга – қулга айланмасди…

Темурнинг онаси Тигина бегим ўғли тарбияси билан жиддий машғул бўлмаганда эди, дунё Амир Темурни танирмиди?! Румий ва Навоийни, Бойқаро ва Шайбонийни, Бобур ва Машрабларни ҳам буюк қилган ўзбекнинг – туркнинг муштипар, мушфиққина оналари эмасмиди?! Даҳоларни оналар тарбиялаб етиштиради, деган гаплар бекорга айтилмаганди. Ойдинликларга йўл оналарнинг кўнгил боғларидан ўтарди…

Баҳром суюнса ёки куйинса, Комилжоннинг қўшиқларидан ёхуд мақомлардан тингласа руҳияти таскин топарди. Мақомлар ўзбек ва тожикларнинг улуғворилигини ҳалигача елкасида ортмоқлаб, асраб-авайлаб келаётган яккаю ягона илоҳий оҳанглар – ишқ-муҳаббат ганжиналари эди. Оҳори тўкилмаган зангиналар салтанати, ислом руҳи билан суғорилган гавҳар манзумалар мақомлардагина тирик эди. Лутфий ва Навоий ҳам, Атоийю Огаҳийлар ҳам мақомлардагина озод эди, мақомлардагина эркин эди. Тарихлардан ўчирилган ота-боболар руҳи ҳамон мақомларда яшаб келаётган эди. Қолган барча нарсалар бузилиб бўлганди.

Бой маданият, мумтоз қадрятлар таназзулга юз тутганди. У Комилжоннинг овозини ўзини таниган лаҳзалардан – қирқ йилдан буён жилла қурса бир марта эшитмаган куни йўқ эди. Унга Машраб ва Махтумқули дунёсига Комилжон йўл очиб берганди.  Мутафаккир ҳофиз овози Баҳромнинг кўзларида дунёларни минг турли ранглар билан безаганди. У сеҳрли овозга маҳлиё бўлганда, саксовуллар билан қопланган чўллар аро тўлғониб оқаётган Амударёни кўрарди. Ҳолатга кириб, чўгирма кийган карвонбоши етовида силжиётган туяларнинг жонли шодасидан тасбеҳ ўгирарди. Қўшиқ ва куйлардан тафаккури риштасини йигириб, ишқ сандонида пиша-пиша ўзини қидирарди. Карвон қўнғироқлари унинг қулоқларида мозийлардан қўшиқлар куйларди. Комилжон туфайли у наинки Туркистоннинг, бутун дунёнинг ўтмиш манзаралари билан ошино бўларди.

Мумтоз оҳанглар унинг руҳиятига сингиб кетган, шу боис у Ҳожихон, Жўрахон, Расулқорию Ориф Алимахсум ва Барно Исҳоқоваларга ўхшаган юзлаб буюкларни кашф этганди. Қўшиқ тингласа, унинг тарихий хотираси уйғониб, терисига сиғмасдан кетарди. У ўзини, динини, қайси миллатга мансублигини эслаб қоларди. У ўзига устоз ҳисоблайдиган Комилжон очган сеҳрли қопидан боғу бўстонлар, нафис гулу гулзорлар билан безатилган нафосат оламига жуда кичик ёшидан қадам босганди. Йўл донишмандлар, оқил ва донолар тиклаб кетган башариятнинг маънавий бойликларига қараб борарди. Шунинг учун ҳам Баҳром мушдеклигидан оқ билан қорани фарқлай бошлаганди. Ҳеч қачон жаҳон адабиёти намояндалари асарлари – Гёте, Толстой, Достоевский, Балзаклар турганда, Ўзбек совет адабиётини, тарихини ўқимасди. Хоҳласа ҳам, ўқий олмасди. Қалби, ақли, сезгилари унга дарров қарши турарди.

Ўзини қўшиқлари билан ойдин йўлга бошлаган Комилжонни бир умр орзулаган бўлса ҳам, Баҳром уни тириклигида кўролмаганди. Бу улуғ ҳофиз ҳар куни унинг тушларига кириб чиқар, саҳарларда қўшиқ куйлаб уни уйғотарди. Комилжоннинг шиддатли овози, соҳир сози унинг қулоқларига қўрғошиндай қуйилиб қолган, сўзлари юрагига нақшланганди. Уни бир марта бўлсин, узоқ-узоқлардан кўрса эди, оламда ўзидан ўзга бахтли инсон бўлмасди. Комилжон ўз қавмини Қуръон ва Суннатда – тариқат ва ҳақиқатда оғишмай тўғри йўлда ушлаб турган имом сингари унинг учун бир маёқ эди. Унинг ундан ўзга қутби, нажот қирғоқлари ёхуд эргаштирадиган халоскори йўқ эди.

Баҳромнинг ўспиринлигида Туркистон булбули “олтин қафас”га сиғмасдан жон таслим этди. Уни бир бора ҳаётда кўролмаган ўспирин юрагида буюк бир армон – тўсатдан келган ҳайқириқ каби мангуга қотиб, севимли инсонининг сурати кўзларига бир умрга муҳрланиб қолди. У вафот эганда Баҳром тинмасдан бир ой йиғлади. Озиб-тўзди, бетоб бўлиб ётиб қолди. У кенг дунёдаги биттаю битта руҳий раҳнамосидан айирилганди. Тошкентга келгач, яна устозлар топди…

Қўшиқ эшитиб, ғам-ғуссани аритиш чанқоғи Баҳромнинг ҳарчанд сабрини синамасин, Комилжоннинг овозини тинглашнинг имкони йўқ эди. Улар Дуйсенистоннинг дарвозасидан қадам босмасларидан, йўлакни назорат қиладиган хавфсизлик вакиллари Тўрабика иккаловларининг қўлларидан йўлсумкаларини юлиб олгандилар. Баҳромнинг соткаси ҳам, унга жойлаштирилган қўшиқлар ҳам сумкада қолганди. Дарвоқе, Қорасаройга сотка тугул писта пўчоғи олиб кириш иложи йўқ эди. Эшик олдида ҳамиша хўмрайиб, мум тишлаб ўтирадиган иккита мардикор эшикбеги, икки кўзи кўр кимсадай бутун кийим-бошни пайпаслаб, обдон тинтирди-да, кейин ичкарига киритарди. Бу ҳолат аслида ҳар гал ҳар битта мардикор ҳожатга чиқиб кирганда ҳам такрорланарди.

Биргина “Нечта боланг бор” дея сўрашса, “Бир этак” дейдиган Гулисипса бундан мустасно эди. Танасига бармоқ тегса, жон-жаҳди билан хохолаб куладиган одати борлиги боис, унинг масъулиятини Тайсин ўз зиммасига олганди. Қитиғи тутса, у роппа-роса бир кун кулар, бу эса унинг ўз ишини сидқидилдан адо этишига халақит берарди. Кийимини ҳўллаб қўявериб, ҳамма ёқни расво қилар, ҳаммани безорини чиқарар, алалоқибат ҳамма бурди-бало Марҳабонинг зиммасига тушарди.

Бугун Тайсин умрида биринчи марта жангда ютқазганди. Шу сабаб Қорасаройда қиёмат қўпти. Ҳар битта мардикор каби тўс-тўполондан Баҳром ҳам жонини ҳовучлаб, довдираб қолди. Дарғазаб Дуйсенбай кун бўйи ҳукм сурган осудаликни барчанинг бурнидан булоқ қилиб оқизди. Ҳасратлашиб ўксик қалбларда ниш ура бошлаган оппоқ тонглар ҳали оқармасдан зимистонларга дўнди. Баҳром Комилжон тугул ўзининг исмини эсидан чиқариб қўйди.

Напеснинг Тарлон лақабли кулранг ити Тайсинни бўкиртириб, таслим бўлишга мажбурлаганди. Бош боқоннинг бошига Дуйсенбайнинг малайлари қоп кийгизиб, уни Дуйсенистонгача пиёда уриб-суриб, оҳ-воҳига ҳам қарамасдан калтаклай-калтаклай, бўкиртириб олиб келгандилар. Бўйнига чақиртиканакли занжир солиб, боғнинг орқасидаги зах тортган пахсанинг остига боғлагандилар. Мураббийларини ертўладаги панжара ортига ташлаб, улардан йиллар бўйи олган мояналарини тўрт баравар қилиб қайтаришни талаб этгандилар.

Авакянни Батангул қутқариб қолганди. Йўқса у ҳам ажнабий мураббийлар билан панжара ортидан ўрин эгаллаган бўларди. Дуйсенбай катта пулга ютқазгани етмагандек, Напесга оғзига сиққанини бериб, янги чемпионни ҳам сотиб олганди. Тарлон бир умр орзулаганидек, Қорасаройнинг “навбатдаги шаҳзода”си номига сазовар бўлганди. Унинг Тайсинники сингари қулоқ-қуйриғи кесилмаганди. У Тайсиндан анча йирик, оғзи қора жундор бир ит бўлиб, “рэп”чи қўшиқчиларга ўхшатиб, почаси ингичка, орқаси осилган жинси шим кийишни ёқтирарди. Атайлаб шимининг икки тиззаси кўзини, сонларининг устини тош билан ишқалаб, сузилтириб қўярди. Бошидаги айвони эгри қилиб қўндирилган, ранги униқиб кетган кепкаси ҳам жинси матодан тиктирилганди. Сопол товоқдай-сопол товоқдай келадиган буқаламун тасвири туширилган “хамелеон” кўзойнакни ўла қолса кўзларидан ечмасди. Бўйнида Жак Андирсондан тортиб олган хоч, бармоқларида Аббос Қасрийнинг узуклари бор эди. У ўпкасини босолмасдан, кетини-кетига улаб сигарета чекавериб, Қорасаройни ўчоқхонага айлантириб юборди. Ҳар тугул Житириқнинг қўлансасини шу янглиғ сигарет тутуни бироз босиб турарди. У Қорасаройга кирганидан буён ғолиблигини сўзсиз кўз-кўзлаб юрадиган думини ҳам бирров туширай демасди. Диккайган қулоқлари кепкасидан ярим қарич туртиб чиққанди. Маккажўхори танасидай тебраниб, жунлари бир қарич бўлиб ёғилиб турган думининг учига ўроқ ва болға акси туширилган ол байроқча бойлаб қўйилганди.

У Тайсиндан фарқли ўлароқ, қўчқор уруштиришга, буқалар билан хўрозлар жангини креслода икки қанжиқнинг оғушида ястаниб олиб томоша қилишга қизиқмасди. У мода ишқибози эди. Жанглардан кўра Париж модалар уйининг янги либослар намойишини, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Бўтагулнинг “Асрлар садоси” кўрсатувларини кўпроқ томоша қиларди. Севимли қўшиқчиси Жонургур Позилжаҳон эди. Ўзини кимдир Ўзбекистондан сотиб олса, “Фонд – форум” қошида итлар дунёсининг “Гу-гу-ша – Батангул паритекс” модалар уйини очиш нияти бор эди. У, “Қанжиқларнинг бировдан кам жойи йўқ. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давр етганига аллақанча бўлган”, деб ўйларди. У модалар уйи билан Олий Мажлиснинг унча ҳам фарқига боравермасди. Сенат билан Олий Мажлисни “Фонд – форум” қошида фаолият кўрсатадиган оддий бир ташкилот деб биларди.

(давоми бор)