2018 йил “Ўзбек тилини чуқур ўрганмоқ” йили деб эълон қилинсин

2018 йил “Ўзбек тилини чуқур ўрганмоқ” йили деб эълон қилинсин
19 views
14 December 2017 - 11:39

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Ассалому алайкум ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бугун халқимиз – жамиятнинг ижодий фаол инсонлари 2018 – йилга муносиб ном топишга Президентга ёрдам беришга астойдил киришган. Бу жуда қувонарли ижтимоий жараёндир. Демак, халқимиз бефарқлик ва лоқайдликдан қутула бошлади, ижтимоий фикр жонланди.

Мен ҳам ҳаёт тажрибам ва илмимдан келиб чиққан ҳолда юқоридаги халқ харакатига қўшилдим. 2018-йилни номи қандай бўлгани халқ ва давлат учун фойдали бўлади деган саволни биз оиламизнинг умумий йиғини муҳокамасига қўйдик. Хусаиновлар хонадони жаъми 14 киши камида 5 тилда гаплашади. Ўзбекистонда ва хорижларда кўп йил яшаш ва бизнеслар билан шуғулланиш тажрибасига эга. Оилавий йиғинимиз узоқ баҳс ва муҳокамадан кейин 2018-йилни “Ўзбек тилини чуқур ўрганмоқ” йили деб эълон қилиш мақсадга мувофиқ бўлади деган қарорга келди. Бунга сабаб фикримизча она тилимизга муносабатни кескин ўзгартириш заруриятини англаганимиз бўлса керак. Зеро, бугунги кунда ўзбек тилимиз ва миллий бетакрорлигимиз хавф остидадир.

Ҳақиқатни айтадиган бўлсак кўпчилигимиз она тилини яхши билмаймиз ва болаларга ўргатишга ҳам етарли эътибор бермаймиз. Давлат ва ҳукумат тизимларида, ўқув юртларида, диний маърифат соҳасида давлат тилини қадри баланд эмас. Тил қашшоқлиги эса миллий шуурни заифлаштиради, фикр – мулоҳаза ва фаҳмни саёзликка олиб келади. Қисқа қилиб айтсам бугун кўпчилик зиёлилар, ёшлар, шаҳарлар ва қишлоқлардаги аҳоли кундалик ҳаётда ва ўзаро мулоқотда бор-йўғи 300-400 сўздангина фойдаланиши сир эмас. Энг хавфли нарса эса бу ёшларимиз орасида она тилига ва адабиётимизга муносабатни заифлигидир. Ёшларимизда она тилига муҳаббат етишмайди. Уларнинг фикри хаёли рус ва инглиз тилларини тезроқ ўрганишга ва амалда қўллашга қаратилган. Юқоридаги ҳолат халқимизнинг ақлий салоҳияти ва ижодий фаоллигини сусайтиради. Бу оғир муаммодан қутулиш учун ўзбек тилини чуқур ўрганиш вазифасини – миллий ғоя даражасига кўтаришимиз керак.

Муҳтарам Президент,

2018-йилни Сиз томонингиздан “Ўзбек тилини чуқур ўрганмоқ” йили деб эълон қилиниши ва шу йўлга давлат қудрати ва жамият ақлий, ижодий салоҳиятини тўлиқ қаратиш айни шу мақсадга мувофиқ саъй-ҳаракат бўлади. Бу шунчалик муҳим ҳаёт ва мамот муаммосики унинг ечимини бир кун бўлса ҳам ортга қолдириш мумкин эмас. Афсуски мустақилликнинг ўткан йилларида бу ниҳоятда муҳим ишга киришилмаган. Умид Сиздан, илтимос шижоат ила ушбу умумхалқ ҳаракатини бошланг. Худо хохласа охири бахайр бўлади.

Доимий ҳурмат ила,

Анвармирзо Хусаинов
Халқаро Инсон ва Табиат Экологияси Хавфсизлиги фанлар академияси аъзоси, халқ дипломати.

facebook.com