Ўзбекистонни маҳаллий телеканаллар орқали томоша қилсанг, ўзингни жаннатларда юргандек ҳис қила бошлайсан

Ўзбекистонни маҳаллий телеканаллар орқали томоша қилсанг, ўзингни жаннатларда юргандек ҳис қила бошлайсан
27 views
15 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

17-қисм

Хона Дуйсенбай айтган ҳолга келтирилгач, Житириқни жойига кўчириб ўтгандилар. У ҳалиям қилт этмасдан оёғини тепага кўтариб, оғзини ланг очганча кўзларини шифтга қадаб ётарди. Унинг маъносиз нигоҳларида ўлим жилвалари ўйнарди. Қиёфасида дўзах шарпаси кезиб, тушларида жин-ажиналар шайтонлай бошлагандилар. Кўзини қоплаётган билинар-билинмас оқ пардага Азроилнинг қанотлари соя ташлаб, парданинг қуюқлашаётган жойларида шайтонваччалар пистирма қурганди.

Унинг томир уриши сусайиб, ҳансираши кучайиб борар, тили қовжираб, томоғи қурқшарди. Тўрабика тинмай сув томчилатмасин, ҳали ичи бир марта ҳам келмаганди. Аммо қорни дўмира бўлиб шишиб, кўтарилган икки оёғи орасидан тезлик билан бир дўнгликча ўсиб чиқаётганди.

Қўлида тўстувак, чўнтакларини қоғозсочиққа тўлдириб олган Баҳром, унинг орқасига термулиб, фавқулодда вазиятлар учун ҳозиру нозир турарди. Дуйсенбайнинг Мирзелимбайга айтган, “Ичи юрса-юрмаса, шишесини … сарт кетини артиб турсин. Сарт бекор турса, қутуради” деган сўзлари Баҳромнинг қулоқларида муттасил жаранглаб турарди.

Житириқни хонага олиб ўтишдан аввал Тўрабика билан Марҳабо уни обдон ювинтирган эди. Баҳром сув қуйиб турган, унинг танасидан сувга аралашиб Марусиянинг сарқити оққан, шунинг учун ҳам бутун Қорасаройни вино билан саримсоқпиёзнинг ҳиди қоплаб олганди. Димоғига хом саримсоқпиёз билан колбасанинг ҳиди гуп этиб урган ит ёки одам, адашиб колбаса ишлаб чиқариш корхонасига келиб қолдим, шекилли-ёв, деб ўйларди.

 Айниқса, Житириқнинг қўланса касб этиб бораётган нафасига чидаб туриш дақиқа сайин ўлимга айланарди. Чордоқсифат каравотда оёғини осмондан қилиб ётган безбетнинг устида Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн, бошида оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқча бор эди. Ноёб меҳмонлар ташрифи муносабати билан уни Дуйсенбай буюрганидек қилиб кийинтирган эдилар.

Берласконининг ўйнаши ўйлаб топган “Қариб қуйилмаган” малҳами туллакларига бойланган, “Қари туллак” деб номланувчи бир жуфт гавҳарни тирсакларига осгандилар. Лачагига Руссия тақирбошларининг чакисига бойланган занжирдан ясалган исирға илинганди. Қулоқлари остига “Маржа Чумчуқ” духисидан пуркаб, қони қочган тожларини қизилга бўягандилар. Оёқларига Қозоғистон президентининг хотини ўз қўли билан оқ қуённинг жунидан йигириб тўқиган тўрт панжали пайпоқ кийдирилганди.

Кун ботгач, кўп ўтмай Қорасаройда голландиялик бешта академик пайдо бўлди. Уларни мамлакатнинг учта олий тоифали табиби бошлаб келганди. Академикларни президентнинг учоғида учиб бориб олиб келган учувчининг қўлида катта бир жомадон бор эди. Гап-сўзларга қараганда, унинг ичига жуда қимматбаҳо тиббий аппаратлар жойлаштирилганди. Гугурт қуттисидан кичикроқ битта аппарат, Қорасаройдаги миш-мишларга кўра, бутун Чимкентдаги тиббий аппаратларга тенг келарди. Жомадон ичида бунақаси юздан ошиқ эди.

Учувчи жамодоннинг қопқоғини ланг очиб қўйди. Шуни кутиб тургандек учта табиб дарров уни ўраб олди. Уларнинг ниятлари ажнабий академикларга беминнат хизмат кўрсатиш эди. Махфий хизматлар томонидан шундай деб уқтирилганди. Ўтган асрнинг йигирманчи йиллари бичимида қора костюм-шим кийган энг ёшулли академик кўзларига кўзойнак илди. Устига Мирзелимбай тутган оқ халатни тортиб, битта ҳам қораси қолмаган оппоқ сочини бармоқлари билан орқасига таради. Сўнгра табиблардан бири тутган лупани олиб, икки оёғини осмонга кўтариб қотиб қолган Житириққа яқинлашди. Қолган тўрт академик ҳам тақрибан унга тақлид қилаётгандилар. Бир дақиқа ўтиб, дунёнинг зўрлари деб тан олинган академиклар Житириқ ётган кароватни қуршаб олдилар. Қолганларнинг диққат-эътибори уларга қаратилган эди.

Тайсиннинг мағлубияти туфайли кайфияти бутунлай тушиб кетган Дуйсенбайнинг бутун умиди Житириқдан бўлиб, қандай бўлмасин уни пуллаб, йўқотилган маблағлар ўрнини тўлдиришга бел боғлаганди. Унинг жони ҳиқиллоғига келиб, ғазаби қўзиётган бўлса ҳам, ишни бузиб қўймаслик учун тишини-тишига қўйиб, академикларни аврашга уринарди. Унинг асаби бузуқлиги товоқдай келадиган юзидаги жимжилоқдай бурнининг энди туғилган улоқ думидек ликиллашидан билиниб турарди.

Отнинг қазисию қўйнинг тўши билан думбаси қайнаган шўрвада пиширилган бешбармоқ еявериб, рапидадай шишиб кетган ҳар бети бир қучоқ бўлиб, кўксидан пастда кўтарилиб турган қорни уни бўғирсоққа ўхшатиб қўйганди. Унинг қаҳр-ғазабга тўла қонталаш кўзларига кўзлари тушган Мирзелимбай, “охири бахайр бўлсин, “пешат”, “мандат” дея тутқаноғи қўзиб қолса, Худо урди” дея, ишнинг пачаваси чиқишидан қўрқарди.

Кепкасини қийшиқ қўйган Тарлон, оғзида сигарет, опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулни қўлтиқлаганча, индамасдан академикларни кузатарди. Бутун борлиғини йиллар бўйи кутган ғалабаси қамраб олгани боис, унинг кўзларига академиклар пашшача ҳам кўринмас эди. Янги чемпионнинг ва икки қанжиқнинг орқасига тўстувак тутиб турган Гулисипса, “ҳа” деганда “ма” деб, кулгани-кулган эди. Тайсиннинг номи Қорасаройдан ўчирилиб, унинг масъулиятини зиммасига оладиган жонзот топилмагач, Гулисипсани эшикбегилар ичкарига роса тинтувдан ўтказиб киргизган эдилар. Шу боис қитиғи қўзиганда, бор овозини қўйвориб, хохолаб кулмаса, ўлиб қоларди.

Баҳром билан Тўрабика ўзини қайга қўйишни билмасди. Дуйсенбайнинг олов бўлиб ёниши устига пайдо бўлган бу ноқулайлик уларни оғир аҳволга солиб қўйганди.

– Ёмон матога ўхшамайди! – деди Життириққа лупа орқасидан тикилиб қараган ёши улли академик. – Бироқ бундан хунасанинг иси гупириб турипди. Хунаса, икки жаҳон овораси бир бадбахт кимса экан… Шунда Гулисипса:

– Ҳи-ҳи-и-и, ҳи-и-и-и! – дея отдек кишнаб юборди.

Менинг гапимга кулди, деб ўйлаган академик бошинин пастлаб, унга кўзойнаги устидан хўмрайиб қараб қўйди.

Академик Житириқни “хунаса” деб айтди деб ўйлаган Дуйсенбайнинг жон-пони чиқиб кетган эди. У қизим сенга айтаман, келиним сен эшит қабилида иш тутиб, Гулисипсанинг орқасига тепиб аламини босмоқчи бўлди.

Орақасига тепки еган Гулисипса баттар кишнаб, академикларнинг капалагини учириб юборди.

– Тўғри тушунинглар, жаноблар! – деди Дуйсенбай ғазабини ичига ютиб. – Фаррошимизнинг қитиғи жуда ёмон. Бир қўзиса, бечорани  кун бўйи тиндирмайди.

Академиклар Житириқни қўйиб, Гулисипсани обдон текшириб чиқдилар. Охирида аллергия қўғатувчи манбаа киндиги остида деган хулосага келдилар.

– Давоси эрининг қўлида. Ҳар кун тонгда ва кечқурун ётишдан олдин бир-икки марта эр жонивор хонимни юмала ёстиқ қилса, саксон ёшларига борганида эшкани ўз-ўзидан йўқолиб қолади. Шунда у аллергиядан қутулади, – деди ёши улли академик.

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и, тўғ… тўғр-и-и топдингиз! – деди зўрға кулгидан ўзини тийган Гулисипса қўлидаги қоғозсочиқ билан кўзларининг ёшларини артиб. – Эрим билан ётмаганимга минг йил бўлди. Минг йиллардан буён биров менга бармоғини уч-уч-и-ни тек-тек-из-май-ди-и… Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и… Гўрсўхта эрим ҳар ойда думларнинг тагини пайпаслаб жўнатадиган пулларимни бир этак болаларим билан еб, бўйни йўғон новвосдек тўшини ёғ боғлаб семириб кетган эмиш. Унинг аллергияси қўзиса, қишлоқда эшак кўп. Биз аёлларга қийин. Телефонда ҳар ҳафтада ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз. Қийналмаясизми, десам: “Пул жўнатиб, тур, бошқаси билан ишинг бўлмасин”, дейди. Айтишича, тоқати тоқ бўлса, кепаки тепки одат чиқарган, йигит ўлгур. Мустақиллик шарофати билан Ленин инқилоби оловга ирғитган паранжини қайта кийган эркакларимиз озодликка чиқиб, уй бегига айланиб қолдилар. Ишқилиб, тани-жонлари соғ бўлсин! Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и… Тескари дунё бу…

– Ўзбекистон президентининг отасига, уни туққан онасига минг раҳмат! – деди Гулисипсанинг оғзидан гапини илган Дуйсенбай. – Шум сартларни у эпламаса, бошқа биров эплай олмайди. Турмуш ташвишларини ҳар бирининг устига ортиб, кўчнинг устига ўзи ҳам миниб олди, палакат. Бутун мамлакатни инсонпарвар қонунлар билан лиқ тўлдириб, фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб қўйди. Эри хотинига, хотини эрига йиллар бўйи бармоғининг учини теккиза олмайдиган яна бир мамлакат дунёда йўқ. Бутун ўзбек аёллари ернинг тўрт бурчига ипи узилган мунчоқ шодасидай сочилиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай ҳалол меҳнат қиляптилар. Жасур ўзбек аёлларининг бениҳоя ботир-қаҳрамонликлари туфайли, бутун ер юзидан юртларига мол-дунё сувдек оқиб келяпти. Уйида ўтириб болаларини боқаётган эрларнинг егани олдида, емагани кетида. Ҳали кўрасизлар, президентлари ўлмаса, сартнинг ҳар бир эркагининг ортидан битта тўстувак кўтарган аёл юрадиган замонлар келади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистонда 1991 йилдан буён уруш оловлари ўчмаётган бир пайтда, у ёқда тинчлик, осойишталик, фаравонлик… Республиканинг ҳар бир нуқтасида табиий газ оқишдан тўхтаган бўлса ҳам, кунида икки соат Иличнинг нурли чироқлари қуёш бўлиб қоронғи кечаларни ёритади. Советлар қурган тош кўчалар бомба тушган каби ўйдим-чуқур бўлсаям, амаллаб қўни-қўшниникига ўтиб-қайтса бўлади. Асосийси, ўзинг яшаб турган тумандан ташқарига чиқмасанг, биров мушугингни “пишт” демайди. Бутун Ўзбекистонни маҳаллий телеканаллар орқали уйингда туриб томоша қилсанг, ўзингни жаннатларда юргандек ҳис қила бошлайсан. Тилингни тийсанг, хотининг жўнатган пулларга қаноат қилсанг, марра сеники. Қозоғистонда-чи? Ўзинг ишлаб топ, деб бутун имкониятларни қўлингга бериб қўйган. Ўзинг учун ўл етим дегани мана шу. Пул топаман дея ҳар тешикка бош урасан. Мени ҳам хотинларим боқиб, уйимда ўтирсам бўларди-ку! Бугун тирноқлаб йиққан пулларимнинг қанчасини бой бердим. Бу пулларга мингта сартнинг уй-рўзғорини бутласа, яна ортиб қоларди. Барибир, Ўзбекистонда шароит яхши. У ёқда қонунлар бир маромда ишлайди. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам никоҳингдаги хотинингни ўн йиллаб кўрмаслигинг мумкин. Хоҳламаганингда, барибир хотининг қариб қолган бўлади. Келинлигида уч кун чимилдиқда кўрган хотинингни йиллар ўтиб, кампир бўлганда учратасанг, яхши-да! Келинларинг, невараларинг бу дайди кампир қайдан пайдо бўлиб қолди, дея бошингни оғритганига нима етсин…

Бу гапларнинг бизга қизиғи йўқ, дегандай, голландиялик академиклар ўз ишларига уннаб кетдилар.

– Бехижолат, бехижолат! – деди Дуйсенбайнинг сўзлари қулоқларига ёғдек ёқаётган Гулисипса, гапираверинг, академиклар билан ишингиз бўлмасин дегандай. – Биз президентимиз билан бениҳоят даражада фахрланамиз. Мустақилликни қўлларига киритгач, ўлкабошимиз бутун мамлакатда барча шарт-шароитларни яратиб қўйдилар. Бозорлар турли мева-чеваларга лиқ тўла, улли дўконларда озиқ-овқат маҳсулотлари ошиб-тошиб ётипти, бутун саноат корхоналари қаҳвахоналарга, ресторанларга айлантирилган. Чўнтагингда пулинг бўлса, муаммо йўқ. Нимани хоҳласанг, еб-ичасан. Нимани хоҳласанг, сотиб олиб киясан. Сенга монелик кўрсатадиган кимсанинг ўзи топилмайди. Гапингни билиб гапириб, оёғингни эҳтиётлаб боссанг, бас. Марра сеники. Сен билан бировнинг иши бўлмайди. Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и…

– “Қариб қуйилмаган” малҳами асил экан! – деди ёши улли академик.

– Шунақага ўхшаяпти! – деди бошқаси кафти билан бурнини ишқаб. – Прибор сўзларингизни тасдиқлаб турипди. Бахтга қарши йигитлигим ҳам қўзияпти. Хотиним билан бўладиган ёшлик йилларим эсимга тушди. Малҳам ҳақиқий бўлмаганда, минг ҳидлаган билан вужудда ўзгариш пайдо қилолмасди.

Қолганлар ҳам уни қўллаб-қувватладилар.

Шунда Дуйсенбай гап Житириқ хусусида эмас, унинг устидаги кийимлар ҳақида кетаётганини англади. Боя ҳам Ўзбекистон президенти жўнатган қоплон терисидан тикилган зар уқали тўн ва оҳу боласи терисидан тикилган сеҳрли қалпоқча тўғрисида гап борганди. Тушундию, унинг кўзлари олдига қўшни юртнинг президенти сурати келиб, Гулисипсага кўзини қирини ташлаб қўйди. Гап нимадалигини кеч англаган Гулисипса ҳам, ўзини ҳақоратланган ҳисоблаб, академикларга бурнини жийираётганди…

Шунда, киндик хушхуши тутиб: “Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и” дея, тўйгунча кулиб олди-да:

– Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига! – деди Батангул билан Сатангулнинг думини тагини арта туриб. – Сассиқ қўнғиз ҳам боласини оппоғим, дер экан.

(давоми бор)