Мирзиёев ҳокимиятга келганига бир йил тўлди

Мирзиёев ҳокимиятга келганига бир йил тўлди
21 views
14 December 2017 - 23:10

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир йиллик бошқаруви умидлар алангасидан тортиб, ўзгаришларга иштиёқ сўниб бораётгани билан ҳам кузатилмоқда. Ўтган йили 14-декабрда Ўзбекистон президенти сифатида қасамёд келтирган Мирзиёев бир йиллик фаолияти ҳақида халқ билан жонли мулоқот орқали ҳисобот бериши ҳақида маълумотлар бор. Янги ҳокимият остидаги дастлабки йилни баҳолар экан, мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ ҳамон ислоҳотлар ваъдасида қолаётган Мирзиёевни очиқликка, куч ишлатар тизимларига эмас, ўз халқига суянишга чақиради.

“Халқаро пресс-клуб” доирасида ўтиши режаланаётган мулоқот Мирзиёевнинг бир йиллик бошқаруви ҳисоботи бўлиши кутилмоқда. Аммо айрим нашрларда берилган бу хабар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Президент ўтган бир йил давомида маҳаллий матбуотга интервю бермади, аммо телевидение Мирзиёевнинг турли тадбирлардаги чиқишларини мунтазам намойиш этиб келди.

Ашаддий танқидлар билан кузатилган бу чиқишлар Мирзиёевни жамоатчиликка фаол ислоҳотчи, кескин ўзгаришлар тарафдори сифатида танитди. Телевидениедан матбуотга, ижтимоий тармоқларга кўчаётган бу чиқишларда мавжуд муаммолар учун асосан қуйи раҳбарлар айбдор сифатида тақдим этилади.

Мирзиёевнинг бир йиллик бошқаруву жамоатчиликда ишчан, танқиддан холи президент қиёфаси шакилланиши билан ёдда қолди, дейиш мумкин.

Бу қарашдан узоқ йиллар Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилиб келган мухолифат ҳам мустасно эмас. Ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳ Мирзиёев баёнотларидан умидланган танқидчилардан. Ҳокимиятга келганига бир йил тўлган президентнинг чиқишлари унга ҳамон самимий кўринади.

“Мирзиёевнинг чиқишларини ҳокимиятга келган илк кунларидан кузатиб келаман. Илк даврларда унинг Русия билан қаттиқ яқинлашгани анча сергаклантирган эди, буни танқид остига олган ҳам эдик. Аммо кейинги жамоатчилик олдидаги чиқишлари менга ҳақиқатда самимий кўринди. Бугун ҳам унинг гапларида самимият излари бор. Аммо бир йил ўтди, бу оз эмас, катта муддат. Ўзбекистонда бутун ваколатларни ўзида тўплаган президентлик лавозими бор. Шундай ваколатларга эга лавозимдаги одамдан кутилаётган ўзгаришлар эмас бу, ўзгариш жуда оз, деярли йўқ назаримда, мен шунга ҳайрон қоляпман. Шунча ваъдаларни бериб, уларнинг ҳеч бўлмаганда юздан ўн беш фоизини бажармаслик қандай мумкин? Ёки ҳақиқатдан ҳам Мирзиёевнинг олдида катта бир тўсиқ борми? Шундай бўлса, у ким, қандай тўсиқ? Шундай бўлса, мана орадан бир йил ўтди, буни очиқ айтиш вақти келди. Ўзгаришлар қилишга йўл қўймайдиган катта тўсиқ бор экан, президент халқга мурожаат қилсин, тушинтирсин. Халқнинг ўзи президентга берган ваколатларини ҳимоя қилиши керак. Халқ деган бир хилқат бор, бу хилқат президентларнинг асосий таянчи, МХХ, куч ишлатар тизимлари эмас. Менинг бугун ҳам умидларим бор. Эҳтимол, биз кўраётган Мирзиёевга қарши катта бир куч қаршилик қилиб турган бўлиши мумкин, шу зўрлик ишлатувчи тизимлар, Иноятов, бу ҳақда кўп гапирилган. Бу тизимлар шу қадар кучлими, буни тасаввур қила олмайман, аммо Мирзиёевнинг қўлида МХХга қарши ҳам катта дастак, салоҳият, иқтидор бор”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Чорак аср давомида турғунликда бўлган Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ўлими ортидан ҳокимият алмашди. Дастлаб, вақтинчалик, декабрдаги муддатидан аввалги сайловлардан сўнг тўла ваколат билан ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев халққа ислоҳотлар ваъда қилди, халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган давр келганини эълон қилди.

Мирзиёевнинг асосий диққати давлат идораларига, бошқарувга, кадрларга қаратилди. Айниқса, судлар, прокуратура, ички ишлар, маҳаллий ҳокимликлар, молия ва иқтисод соҳасида “оёғи ердан узилган” раҳбарлар кескин танқид қилинди, ишдан ҳайдалди, алмаштирилди. Унинг шундай руҳдаги чиқишлари бугун ҳам давом этяпти, аммо натижалар ҳозирча яққол сезилаётгани йўқ.

Мирзиёев бошқаруви натижалари ички сиёсатдан кўра ташқи сиёсатда яққолроқ кузатилади, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан муносабатларини илиқлаштирди, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга қайта бошлади, чорак аср ёпиқ қолган мамалакатнинг ташқи дунёга очила бошлагани ҳақидаги қарашлар юзага чиқди.

Муҳаммад Солиҳ фикрича, президентдан кутилаётган ўзгаришлар, аввало, мамлакат ичкарисида, халқ турмушида, иқтисодда билиниши керак.

“Мирзиёевнинг ўзи урғу берган соҳа бу иқтисод эди. Айнан шу соҳада 100 дан 90 фоиз ўзгариш бўлмади. Иқтисодни озгина либераллаштириш сезилди, лекин асосан ҳеч нарса ўзгармади, ўзгарганда эди одамлар мамлакатдан кетишда давом этмаган бўларди. Бу жараён ҳалиям тўхтамади, аввал Россияга бўлса, ҳозир Туркияга оқиб келяпти ўзбекистонликлар. Биз келаётган ўзбеклар билан гаплашаяпмиз, улар ҳеч нарса ўзгармади, айрим жойларда баттар бўляпти, деб айтишяпти. Мен сиёсий реформалар ҳақида айтаётганим йўқ, бу нарса умуман бошланмади. Буни Мирзиёев гапираётгани ҳам йўқ. Мирзиёев 6 кишини озод қилаётган бўлса, Иноятов 9 кишини яна ҳибсга оляпти. Сўнгги воқеаларни олиб кўринг, Бобомурод Абдуллаев каби Каримов режимига қарши курашган одамлар яна қамоққа ташланди”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Шавкат Мирзиёев президентликка мамлакатдаги расмий партиялардан сурилган муқобил номзодлар иштирокидаги сайлов натижасида келди. Қудратда туриб, сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапирган президент бу расмий партиялар фаолиятини танқид қилишга, уларни “сиёсий мудроқлик”да айблашга ҳам улгурди.

Бироқ президент ҳозиргача Ислом Каримов даврида мамлакатдан қувғин қилинган сиёсий мухолифат ҳақида гапирмади, Ўзбекистонда сиёсий рақобатга рухсат берилиши, мамлакат очиқ жамиятга ўтиши мумкинлиги ҳамон мавҳум масала бўлиб қолмоқда.

Манба: Америка Овози