Поездда

Поездда
95 views
16 December 2017 - 7:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ПОЕЗДДА

Дим вагонда кетиб борардик,
авжда эди ёзнинг ҳовури.
Пармаларди қулоқ-миямни
қартабозлар ғала-ғовури.

Шу пайт кимдир тиниқ осмонда
ногоҳ чақин чаққандек гўё,
деразага талпиниб,деди:
— Дўстлар, ана, қаранглар — дарё!

Мен ялт этиб қарадим шунда.
(Кимдир лоқайд боқиб ётарди.)
Дарё эса зилол ва шитоб
узун ўйдек оқиб ётарди.

Гўзалликдан баҳраманд бўлмоқ
душвор, ахир, учқур поездда.
Ўтиб кетдик.
Оний иқболдек
қолди фақат ул дарё ёдда.

Биласанми,сени ҳам шундай
йўлиқтирдим оддий бир дамда.
Ва инондим, тип-тиниқ бир бахт
барқарор деб ёруғ оламда.

Ғалвалардан безиб, мунтазир,
кутганимда порлоқ бир зумни,
сени кўрдим.Узолмадим сўнг
на умидим ва на кўзимни.

Ул дарёдан айрилганимга
ўкинардим боладек ҳамон.
Барҳам топди ўшал жудолик
сен учраган саодатли он.

Пок бир висол, тиниқ бир бахтдан
энди сўнгги дамгача мастман…
Сен дарёмас, поездмас, ҳаёт,
мен ҳам ўксиб ўтиб кетмасман.

(давоми бор)