Пулларим нима бўлади?

Пулларим нима бўлади?
27 views
16 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

18-қисм

Навбат “Қари туллак” деб номланувчи Житириқнинг икки тирсагига осилган бир жуфт гавҳарга етди. Прибор бунинг ҳам Берласконига тааллуқли эканлигини кўрсатди. Академиклар бу нодир ашёнинг қандай қилиб Дуйсенбайнинг қўлига тушганига ҳайрон эдилар. Жаноб Берласкони шу икки тилсимланган гавҳартошини ўғирлатиб, сиёсий майдондаги мавқейидан айрилганди.

Ҳали оғзидан тухумнинг сариғи кетмаган қизлар, унинг ўзлари ўйлаганидек эмаслигини айтиб, дунёйи-оламга жар солардилар. Житириқнинг лачагига Русиянинг тақирбошлари чакига бойланган занжирдан ясаб берган исирға ҳам илинганди. Прибор ундаги барча маълумотларнинг Жириновскийга алоқадорлигини аниқлади. “Маржа Чумчуқ” духисининг ўн олтинчи асрда Фарангистонда яшаган энг учига чиққан фоҳишага тегишли эканлигини жумлаю олам биларди. Житириқнинг оёқларидаги оқ қуённинг жунидан йигириб тўқилган тўрт панжали пайпоққа шундоқ ҳам муаллиф номи битилиб, “Дунёда қозоқнинг донғини тўрт иқлимга таратган енгилмас қаҳрамонимизга” деган ёзув бор эди.

Дуйсенбай Житириқнинг устидаги кийимлар алламбало турса, ўзи бебаҳо деб ўйларди. У риё қармоғига илиб ташлаган хўракка ажнабийларни тумшуғидан илинтирганига қаттиқ ишона бошлаганди. Шу боис ранги очилиб, кайфияти кўтарилиб борарди.

– Энди донғи оламни тутган қаҳрамоннинг ўзини текширамиз, – деди Житириқнинг либосларига ташхис қўйган ёши улли академик икки бурнининг тешигига иккита пистонни тиқиб. У сасиб кетаётган Житириқнинг қўлансасига чидаш бера олмай қолаётганди. Тўрт академик ҳам унга тақлид қилди.

Шунда Дуйсенбай деворларга осилган Житириқнинг совринлари муҳрланган суратларга қаради. Унинг Бил Клинтоннинг қора кучукчаси билан Амазонка бўйида тушган расмига боқиб, мийиғида кулиб қўйди. Англия қироличаси ҳадя қилган олтин тўстувакчани меҳр билан силаркан,  “бу сизларни қизиқтирса керак” деган илинжда ёши улли академикнинг кўзларига кўзларини қадади.  Академик, “бизга бунинг қизиғи йўқ” дегандек, бошини билинар-билинмас сарак-сарак қилиб қўйди. Омади келаётганига чин юракдан ишона бошлаган Дуйсенбайнинг юзига яна умидсизлик соя солди. Бу кўпга чўзилмади. У Житириқнинг ҳақиқатан ҳам оламда тенгсиз эканлигига қаттиқ ишониб қолганди.

– Қаҳрамонимизнинг одам бўлар сиёғи йўқ! – деган академикнинг даб-дурустдан айтган сўзлари унинг қулоқларига киргач эса, яна капалаги учди.

У сўз билан таърифлаб бўлмас бир нафрат билан Тўрабикага боққан эди, бечора аёл энди муқаррар ўламан, куним битди дея ўйлаб, лабини тишлади. Буни кўриб Баҳромнинг ичидан нимадир тўкилиб кетгандек бўлди. Чунки ечимсиз бир муаммо заҳарли илон каби бош кўтармоқда эди. Жанжал бошланса, Тўрабика иккалови бошида калтак синарди.

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея Гулисипса қотиб-қотиб кулмаганда, Дуйсенбай аллақачон Тўрабикага ташланиб, қиёмат қўпган бўларди.

Ёши улли академик унинг билагидан ушлаб, долонга чиқди. Қолганлар уларга эргашдилар. Житириқнинг оғзига сув томчилатаётган Тўрабика билан тўстувак ушлаб олган Баҳром бундан мустасно эди.

Долонга чиққач, ёши улли академик шогирдларидан бирига кўзи билан имо қилди. Буни дарров англаган ёш академик телевизорни ёқиб, унга приборнинг иккинчи учини тиқди. Экранда ўпка, юрак, тошдон каби ички органлар пайдо бўлди.

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея яна Гулисипса ҳиринглай бошлаганди, Мирзелимбай унинг белидаги чиқинди халтасини тортиб олиб, оғзига тиқиб овозини ўчирди.

– Расмдагилар қаҳрамонимизнинг ички органлари, – дея ёши улли академик салмоқланиб гап бошлади. – Унинг юрагида қора туйнук пайдо бўлган. Ўпкасида рахити бор.

– Ўпка ҳам рахитга учрайдими? – деди ғазаби қўзиб кетаётган Дуйсенбай қанорқопдек қорнини шишириб.

– Менга бунақа “храмой” саволларни берманг, илтимос! – деди сўзини бўлган Дуйсенбайдан жаҳли чиққан академик. У соф қозоқчада гапирарди. – Йод етишмагач, ҳар бало бўлади. Ўпка рахити хавфли касаллик. Бемор тезроқ ўлмаса, ракка олиб келади.

Бу гапларни эшитиб, хавфсизлик идораси академикларга қўшиб жўнатган уч табиб анг-танг қолди. Улар ўз назарларида гўё янги Амриқони кашф этаётган эдилар. Бу кичик суҳбат қанчадан-қанча конфренсияларга туртки бўлиши мумкин эди. Кўз кўриб қулоқ эшитмаган бу касалликни дея қанчадан-қанча семинарлар ташкил қилса бўларди. Орқасидан юзлаб профессорлар, академиклар етишиб чиқарди. Асосийси, ақл бовар қилмас маблағларни ўзлаштиришга йўл очиларди. Шу йўл билан мамлакат қанчадан-қанча қўққисдан бош кўтариши мумкин агрессиялар хавфидан асраб қолинарди.

– Бу сўзларингиз билан Житириқнинг ўлими муқарарлигини иддао қиляпсизми?! – деди бит кўзлари ола-кула бўлиб кетган Дуйсенбай.

– У ўпка рахити раккача олиб бормасдан олдин ўлади, – деди ёши улли академик, “у” деганда Житириқни назарда тутаётганини билдириш учун  телевизор экранида бақрайиб қолган суратга ачиниш ҳисси билан термулиб. – Қаҳрамонимизнинг жигари лахта-лахта қон боғлаган. Ўтхалтаси тўла йиринг, тошдони ғиж-ғиж гижжага тўла. У жуда кўп ичаркан. Буни замонавий тиббиётда “жигар қотиши” дейишади. Сартларнинг буюк шоири деб кўриладиган Рауф Парпини ва президент куйчиси Муҳаммад Юсуфни ҳам шу дард олиб кетган деб эшитганман.

– Сартларнинг бунақанги кучукбоз, хўрозбозлари борлигини билмас эканман. Улар хўрозми, итми уриштиришганми ўзи?

– Улар шиша ичида ухлаб ётган майни қадаҳга қуйиб, сўз билан сўзни уриштирмоқчи бўлишган.

– Сўз билан сўз ҳам уришадими?

– Уришади. Сўз билан сўзни уриштиришни билмаган одамгина хўроз, ит кабиларни уриштиради. Сўз билан сўзни уруштиришнинг ҳаддисини олса, борми, бошқа ишларнинг унинг учун қизиғи қолмайди.

– Бунақанги кимсаларнинг номларини эшитмаган эканман!

– Улар ўзларини “Замони дарвешон, буюги бенишон” дея аташларини яхши кўрардилар.

– Уларни қайдан биласиз?

– Даволаганман!

– Аммо Житириқ ҳеч қачон ичмаган!

– Ҳали, мен бу ёққа йўлга чиқишимдан олдин, қаҳрамонимизнинг ҳаёти тарихини ўргандим. У билан Марусиянинг муносабатларини яхши биламан!

– Унда нима учун Марусиянинг жигари қотмайди? У салкам юз йилдан буён ичади-ку!

– Тангри уни шунинг учун яратгандир. Балки жигари йўқдир. Ким билади? Ҳаққини тўласангиз, уни ҳам текшириб кўраверамиз.

– Ҳожати йўқ!

– Дуруст!

– От мойи ёхуд қўйнинг қуйруғи билан уқаласа, Житириқнинг жигари бўшашмасмикин?

– Менга “храмой” саволлардан берманг, дея ҳозиргина илтимос қилдим! – дея академикнинг жаҳли чиқди. – Ишни устасига қўйиб беринг.

– Хўп бўлади! – деди Дуйсенбай. – Мен йўқотган пулларимнинг ўрнини тикласам бўлди. Шу ҳаром ўлгурни пишириб емайсизми, менга деса…

– Гўштини еб бўлмайди. Уни оловда куйдириб, кулини чуқур қазиб кўмиш керак…

– Пулларим нима бўлади? – дея Дуйсенбай бўкириб юборди.

– Мен қайдан биламан?! – деди капалаги учган ёши улли академик. – Мен иқтисодчи эмасман.

Унинг бўйи Дуйсенбайдан ярим қулоч баланд эди. Дуйсенбай унинг тумшуғи тагига тиқилиб, юқорига қараб гапирарди.

– Унинг кийим-кечакларини ва шахсий буюмларини сотиб олмайсизларми ҳали?!

– Барчаси бир пулга қиммат матоҳлар! – деди Дуйсенбайнинг елкасига қўлини ташлаган академик. – Бироқ мен коллексия йиғишни жонимдан ортиқ суяман. Барчасини бир қора қўчқорнинг пулига сотиб олишга розиман аммо.

– Сен ҳам асли сартлардан эмасмисан, ишқилиб?! – деди бу таклифдан жунбушга келган Дуйсенбай уни “сен”сираб.

– Нима эди? – деди ёши улли академик.

– Қора қўчқор деганингга кўра “моневур”ларинг, “финд-пинд”ларинг сартларникига ўхшаб кетоватир-да. Мен уларнинг совуғини кўп жеганман. Шишесини …сартлар ақл бовар этмес усуллар билан авраб, мени Тошкентнинг мол бозорларида минг бора туширганлар. Ҳар сафар энди ишонмайман, десам, шишесини …лар барибир ишонтирадилар-ғўй!

– Мустақилликнинг биринчи йили чаласавод, жиртаки президентнинг дастидан “дод” дея ватандан чиқиб кетганман! – деди у ҳам. – Мана бу тўрт шунқор ўзимнинг қариндош-уруғларим. Уларни ҳам бирин-кетин ёнимга тортиб, барчасига қочқин мақомини олиб берганман. Уларнинг унвонини академикликкача кўтардим. Бўлмаса, бари даладан чиқмаган тўпори йигитлар эди. Орадан юз йиллар ўтиб кетди. Бизнинг сартлигимиз қолмаган ҳисоби.

– Уй-бўй, шишенгни …сартни академиклари! – деди бу гапни эшитиб бошига осмон ағдарилган Дуйсенбай. – Бошингни тиққан жойингдан сарт чиқади-ғўй. Булар энди Оврупани расво этвотирлар…

– Биз Оврупони эмас, Оврупо бизларни расво қилди, – деди ёши улли академик. – Мен тинчгина “Кўктерак” мол бозорида мол олиб-мол сотиб юрган эдим. Топганим ўзимга етарди. Оврупога боргач, милярд топсам ҳам кўнглим таскин топмаяпти. Бўкиб овқатланиб, қорни тўймайдиган одамга ўхшайман.

– Голландияга кетганингда, қанча пул билан кетган эдинг, академик?

– Икки чўнтак туршак, бир баклашка Бухоронинг хоки носидан олиб кетганман. Шу иккисидан топган маблағимни айлантира-айлантира, милёнларни пайдо қилдим.

– Менга тўғри келмас экан. Сен сартларнинг ҳунарингни ўзларингдан бошқа биров амалга ошира олмайди. Илоё, сенларинг ҳийлаларинг тошларга тегсин! Сен Житириқни бутун бисоти билан бир учоқнинг пулига сотиб ол-да, Дуйсенистондан соғ-омон чиқиб кет!

– Бир учоқнинг пулига?! Сенинг ҳароми матоҳинг менга текинга ҳам керак эмас!

Улар энди бир-бирларини бемалол “сен”сираша бошлаган эдилар.

– Сен мени тоғдан тушган қирғиз деб ўйлавотирмисан? Пули куйган қирғиз совунди жепти экан-ғўй!

– Нима-а?! Мен сенга совун ҳам, ҳолва ҳам эмасман. Мен сени ҳеч ким деб ҳам ўйлаётганим йўқ. Қозоқлигингни яхши биламан!

– Сенларни президентимизнинг шахсий учоғида Голландиядан олиб келиш учун қанча пул сарфлаганимни биласанми?

– Мен қаердан биламан? Билмайман!

– Билмасанг, кетган сарф-харажатларни тўрт баравар қилиб тўлайсан. Устига Житириқни битта учоқнинг пулига сотиб оласан. Йўқса Қорасаройдан ўлигинг чиқади, шишенгни … сарти!

– Биринчидан, мен сарт эмасман, голландман. Иккинчидан, шартномада кўрсатилганлардан ташқарига чиқа олмайман. Учинчидан, сени шишангни мен … Қўй, учинчиси керак эмас. Илтимос, мени диндан чиқарма! Ўз онамни ўзимга сўктириб, Тангрининг олдида мени юзи қора этма!

– Менинг онам қанақасига сенинг онанг бўлади?

– Ер юзидаги ҳамма инсонлар Одам Ота билан Момо Ҳаводан тарқамаганми?

– Иеҳ!

– Шундай бўлгач, менинг онам сенинг онанг, сенинг онанг менинг онам бўлмайдими?

– Иеҳ!

– Бўпти-да!

– Голланд бўлсанг ҳам, гўл-сарт бўлсанг ҳам, бизлар ака-уканинг болаларимиз. Она қоп, ота соф. Отамиз бир! – деди академикнинг чекинганини кўриб юмшаган Дуйсенбай. – Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Бир бало қилиб, Житириқ билан унинг бор бисотини голландларга уриб, кетган сарф-харажатларни тиклаб бер. Житириқ ётган чордоқли каравот, тўшак-пўшаги билан сенга “подарка”. “Темболи” “Кўктерак” бозорида даллол бўлиб ишлаган экансан. Советлар замонида мени ўзимни ҳам неча марта чув туширган бўлишинг керак. Фойданинг чорагини ўзингга қайтараман, бовурим!

– Йўқ, бўлмайди! – деди қатъий оҳангда ёши улли академик. – Мен сартликдан ҳам, мардликдан ҳам кечганман. Чорак қисмини олдиндан бер, кейин ўйлаб кўраман!

– Олдиндан берайми?

– Ҳа, олдиндан бер!

– Кейин ўйлаб кўрадиларми?

– Кейин ўйлаб кўраман!

– Шунақами?

– Шунақа!

– Мен тоғдан тушган қирғизманми?

– Қозоқсан!

– Қозоқманми?

– Қозоқсан!

– Мана сенга… Сарт танлаб жейди. Танлаб жеса-да, барисини жейди…

Дуйсенбай ёши улли академикнинг тумшуғи остига сакраб, калла солиб, барчаси сўнгги услубда ясалган ўттиз иккита садаф тишини бир ҳамлада тўкиб ташлади. Бечора академикнинг икки бурнидаги отилган пистон деворга бориб тегиб, қайтиб келиб, кетма-кет Дуйсенбайнинг манглайига қадалди. Оғзидан тишлари сочилган академикнинг кўзларидан ўт чиқиб, нигоҳини ҳар томонга сачраётган юлдузлар учқуни босиб кетди. Боши шифтга тегиб, қайтиб тушиб полга гурсиллаб йиқилганда у ҳушидан кетган эди.

– Бу ишлар халқаро қонунларга тўғри келмайди! – дея ўшқирган учувчини Тарлон билан опа-сингиллар ириллаб, бурчакка сиқиб қўйганди. Уларнинг орқасидан тўстувак кўтариб чопган Гулисипса:

– Ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и! – дея, яна ҳиринглашни бошлади.

Дуйсенбайнинг танқўриқчилари “вақт ғанимат, дийдор ғанимат” деганларидек, қолган академикларга йўлбарсдай ташланиб, уларни полга босдилар.

Учта олий тоифали табиблар эса:

– Биз таслим бўлдик! – дея дарров қўлларини кўтариб, девор остига тизилдилар.

– Яшасин қозоқ халқининг қаҳрамони! – дея жўр бўлиб, Житириқни шарафлай бошладилар.

Шунда нима бўлди денг, қолган академикларнинг бурнига тиқилган пистонлар ҳам баравар отилиб, танқўриқчиларни ва эшик олдидаги эшикбегиларни бирин-кетин ағдариб ташлади. Пистонлар бир вақтнинг ўзида ҳавотозалагич, марказга маълумот узатадиган яширин датчик, фотаппарат, диктафон, тўппонча ва алламбалолар эканлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Барчаси Голландиядан туриб бошқариларди. Сувдан қирғоққа чиқиб қолган балиқдай тўнтарилиб ётган танқўриқчиларни кўриб Батангул билан Сатангулнинг ўтакаси ёрилай деди. Бошини Батангулнинг чотига тиққан Тарлон, шимини тешиб динг бўлиб турган думини орқасига қисиб, кўзларини чирт юмиб олганди. Кепкаси билан кўзойнаги ерда сочилиб ётарди. Тинмасдан ҳиринглаётган Гулисипса шунда ҳам, қўлларида тўстувак, опа-сингиллар билан Тарлоннинг орқасини пайпаслаб:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея жаврарди.

(давоми бор)