Турон мусофирлари

Турон мусофирлари
60 views
18 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

19-қисм

Ҳали жанжал бошланмасданоқ ертўлага қочиб кириб кетган Оқгул билан Марҳабо орқасига қайтиб чиқмаган эди. Баҳром билан Тўрабика, соқовнинг сўнгини тингла, денганларидек, машмашанинг охири нима билан тугаши мумкинлини ўйлаб, Житириқнинг хонасида зир титраб ўтирардилар. Нима бўлганда ҳам, улар учун энди бу машмашанинг яхшилик билан тугаши қийин эди. Барча балони бошлаган Житириқ ҳалиям икки оёғини осмонга кўтариб, қилт этмасдан икки кўзини шифтга бақрайтириб ётарди.

Манглайига иккита пистон қадалган Дуйсенбай ҳам ҳушидан кетиб, отилган тўнғиз каби оёқ-қўлини чўзиб, қорнини дўмпайтирганча шалпайиб қолди. Пешонасидаги пистонлар уни энди шохи куртак урган такаулоққа ўхшатиб қўйганди. Оғзи-бурнидан қони булоқдек оқаётган ёши улли академикнинг очилиб қолган даҳани ўпирилган гўрга менгзарди.

Бир муддат карахт бўлиб қолган Мирзелимбай ҳушини йиғиштиргач:

– Оқгу-ул, Марҳабо-о… Су-ув! – дея чинқириб юборди.

Албатта кимнингдир шундай дейишини кутиб, икки челак муздек сувни тайёрлаб турган Оқгул билан Марҳабо ертўладан долонга уриб чиқишди.

Мирзелимбай бир челак сувни академикнинг устидан, иккинчисини Дуйсенбайнинг устидан қуйиб юборди.

Ётган жойидан сапчиб туриб пишқириб юборган академик у ёқ-бу ёғига аланглаб:

– Мен қаердаман?! – дея минғирлади.

– Абдураҳмон кўке! – дея ҳушига келган Дуйсенбай унга тикилди. – Келесда бўлсак керак-да?! Ростданам ўзингизмисиз, ишқилиб?!

– Ўзимман, ўзимман, Дуйсен кўса! – деди оғзи-бурнининг қонини артган ёши улли академик.

– Мен у сиз айтган Дуйсен кўса эмасман, Дуйсенбайман. Тилинггизга эҳтиёт бўлинг!

– Мен учун ҳў-ў ўша Дуйсен кўсасан. Ким учундир бойдирсан, кучукбоздирсан, хўрозбоздирсан, депутатдирсан. Мен учун от ўғрисисан. Сени кўрганимдаёқ таниган эдим!

– Ўша замонлар барибир яхши эди. Дуйсенбай бўлиб, ўзимга-ўзим асир бўлдим. Мол-давлатнинг қули бўлдим. На еган-ичганимда, на ётар-тураримда ҳаловат бор!

– Олдин ҳам сенда ҳаловат бўлмаган. Кимнинг молини ўғирлаб сотсам деб, кеча-кундуз ич-этингни ердинг!

– Кўке, ҳозиргидан яхши эди-да. Битта ўзим ёлғиз қолиб, йиғлагиларим келади. Қани, бир овлоқ жой бўлса. Қачон қараманг, орқамда бешта-олтита дум юради. Атрофимда мингта кўз. Нима қилишимни билмайман!

– Барчасидан кеч, сени Голландия олиб кетаман. Ул-бул ўғирлаб келсанг, сотиб бераман. Роҳат-фароғатда еб-ичиб, маз-за қилиб юрамиз.

– Кўке, иккаламиз бир жойда бўлсак, бўлмайди. Голландияни ҳам инқирозга учратамиз. Ҳар-ҳар ерда, бир-биримиздан узоқроқ бўлганимиз дуруст!

– Тўғри айтасан. Учига чиққан муттаҳам ўғри бўлсанг ҳам, инсофинг йўқ эмас!

– Кўке, ўртамиздаги эскитдан қолган қарзларни нима қиламиз!

– Қанақа қарзларни?!

– Охирги марта ўтириб ҳисоб-китоб қилганимизда, олтмишта от билан бир юз йигирмата қўйнинг пули сизда қолиб кетганди. Сизни қидириб, шу пайтгача тополмай юрардим!

– Эсимда. Оғзимдаги тишларни уриб-синдириб, ўзинг ҳисоб-китобни баравар қилиб қўйдинг. Энди бунақа нарсалар хусусида оғиз очма!

– Кўке, шунақа ишлар орқасидан бу тишларингиз неча марта синиб, неча марта тушган. Неча марта қўйдиргансиз. Бу биринчи марта эмас. Битта отнинг пулига икки марта тиш қўйдирсангиз бўлади. Мен учта отнинг баҳридан ўтаман!

– Бўлмайди. Мен бу кунни йигирма йилга яқин кутдим!

– Тишларингизни уриб синдирган мен эмас, Дуйсенбай эди, кўке. Тишингизни ўша билан ҳисоб-китоб қилиб олаверинг, бўлмаса. Мен, ўзингиз айтгандек, Дуйсен кўсаман. Қарзларингизни қайтаринг. Яхшиям, ҳушимдан кетгач, яна хотирам қайтди. Йўқса сизни танимас эканман. Голландияликман деб девор ушлатиб, безрайиб чиқиб кетаверар экансиз. Сартнинг иши чув тушириш, қозоқнинг иши жинаш экан-да…

Шунда, Қорасаройга Қозоғистоннинг махсус кучлари тўрт томондан бостириб кириб, беш академик, учта табибни ва учувчини тезкорлик билан тикучарларда Дуйсенистондан олиб чиқиб кетди. Воқеалардан хабардор бўлиб турган Голландия ҳукумати вақтни бой бермасдан Исроил разведкасига ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Исроил ҳукумати Путин орқали Қозоғистон президентига чиққач, барчаси хамирдан қил суғурдай осон кўчганди.

Икки қўлини бурнига тиқиб қолган Дуйсенбайга бу жуда ёмон таъсир этди. У полга гурсиллаб йиқилгач, тутқаноғи қўзиб, тили томоғига кетди. Бутун тан-бадани ажина чалгандай қалтираб, оғзи-бурнидан оппоқ кўпик сочди. Нима қилишини билолмаган Мирзелимбай турган жойида серрайиб қолди. Оқгул билан Марҳабо қанчалар дод-вой солмасин, теварак-атрофда ёрдам берадиган ақлли-ҳушли кимсанинг ўзи йўқ эди. Буқадай-буқадай келадиган танқўриқчилар ҳам, эшикбегилар ҳам ҳар-ҳар жойда отилган тўнғиздек ағдарилиб тушиб, сарилиб қолгандилар. Батангул билан Сатангул бир-бирларини қучоқлаб, қаттиқ қўрқувдан карахт – шамдек қотиб қолгач, қайтиб ўзларига келмаган эдилар. Уларнинг тагига кириб кетган Тарлоннинг биргина думи чиқиб қолганди. Опа-сингилларнинг орқа-олдиларини супуриб-сидириб, тўстувак кўтариб юрган Гулисипсанинг оғзи тинмасди:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея жаврагани-жавраган эди. Киндик хушхуши қўзиса, “ҳи-ҳи-и, ҳи-ҳи-и-и” дея яна ҳиринглашни бошларди.

– Сатта шайтонламай, ўлиб кетгурнинг тутқаноғи бошига етсин! – деган Тўрабика ёрдамга отилди. Ортидан Баҳром чопти.

Тўрабика хокандознинг дастаси билан Дуйсенбайнинг қапшиқиб қолган тишларини минг азобда очиб:

– Тезроқ оғзига бир нима тиқинглар! – дея Мирзелимбай билан Баҳромга боқди.

Мирзелимбайдан иш чиқмаслигини билган Баҳром, тўрт томонига алангламасин, кўзларига қўлга илинадиган бирор нарса кўринмади. Шунда унинг нигоҳи бир-бирини қучоқлаб ҳайкалдай қотиб қолган опа-сингилларнинг чотлари остидан чиқиб турган арқонга тушди. У шарт тортиб, арқоннинг қоқ ўртасини Дуйсенбайнинг оғзига тиққан эди, хокандознинг дастаси оғзидан чиққан Дуйсенбай арқонни шарт тишлаб, узиб юборди.

Шунда ҳеч кимнинг хаёлига келмаган воқеа содир бўлди. Тарлон жон аччиғида чингсиб, опа-сингилларнинг чоти остидан отилиб чиқди-да, югуриб бориб ўзини ётоқхонадаги креслонинг тагига урди. Қаттиқ овоздан ҳушёр тортган Дуйсенбай ётган жойидан сапчиб туриб:

– Пешат қани, пешат?! О, мандат, жонимнинг ҳузурисан, кўзимнинг нурисан! – дея турган жойида гир айланиб, алжирай бошлади.

У думни ютиб юборганди. Оғзидан бир қарич чиқиб қолган думнинг учидаги ўроқ ва болға тасвири солинган байроқ тинмасдан Дуйсенбайнинг оғзидан чиқаётган ҳовурда кузак елига тутинган япроқ каби ҳилпирарди. Пешонасидаги шохчага ўхшаб қолган пистонлар тревога серенасини ёқиб, чийиллагани-чийиллаган эди.

Баҳром нима қилиб қўйганини англагач, Тарлоннинг жон аччиғида креслонинг тагига кириб чингсиётгани боисини тушунди. Бечора Тарлон думининг  ярмидан жудо бўлганди. Қўрқувдан тамоман ҳушларини йўқотган опа-сингиллар – Батангул билан Сатангул ҳам ўзларини креслонинг тагига урдилар ва Дуйсенбай билан Тарлон шифохонадан Қорасаройга қайтмагунча ўша ердан чиқмадилар.

Дераза-эшиклардан Қорасаройга бостириб кирган Дуйсенистон хафвсизлик кучлари “Тез ёрдам” кутаётган бир чоғда қизиқ воқеа содир бўлди.

– Пешат қани, пешат?! О, мандат, жонимнинг ҳузурисан, кўзимнинг нурисан! – дея турган жойида гир айланиб алжираётган Дуйсенбайга Тўрабика ағанаб ётган танқўриқчиларнинг бирининг чўнтагидан суғуриб олган олтин қутичаларни тутди. Уларни отиб юборган Дуйсенбай:

– О, Марусия, ёшлигингда қанчалар гўзал бўлган экансан! – дея қўлларини кериб, уни қучоқламоқчи бўлди.

Тўрабика зўрға қочиб қутулди. Дуйсенбай долонни айлантириб қувлар экан, ушлаб олса борми, уни бағрига босиб, лабларидан тўйгунча ўпмаса қўйвормасди. Марҳабонинг кейинчалик айтиб беришича, унинг шунақа одати бор экан. Ҳушини йўқотганда, кўзига кўринган аёлни, “О, Марусия, ёшлигингда қанчалар гўзал бўлган экансан” дея, орқа-олдига қарамасдан ўпаверар экан.

Хуллас, муҳр билан депутатлик гувоҳномасини бағрига босган Дуйсенбайга қўшиб танқўриқчилару эшикбегиларни, думининг ярмидан жудо бўлган бош боқон Тарлонни ҳам “Тез ёрдам” машинаси Дуйсенбайнинг хусусий клиникасига олиб кетди. Қорасаройда икки эркак, тўрт аёл қолди. Ертўладаги панжара ортига ташланган Жак Андирсон билан Аббос Қасрий бировнинг хаёлига ҳам келмас, бу икки бечоранинг тириклар рўйхатидан ўчирилганига анча бўлган эди. Опа-сингилларнинг ҳолини кўрган Авакяннинг эса, гўё сурати қолганди.

Креслоларнинг тагидан опа-сингиларни – Батангул билан Сатангулни думидан тортиб чиқара олмаётган Гулисипса:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглагани ҳиринглаган эди…

(давоми бор)