ИИБда жиноят ишларининг сохталаштирилиши ҳамда кийноқ, таҳдид, психологик таъсир ўтказиш фактлари ва ўзбек оммавий ахборот воситаларининг сотқинлиги

ИИБда жиноят ишларининг сохталаштирилиши ҳамда кийноқ, таҳдид, психологик таъсир ўтказиш фактлари ва ўзбек оммавий ахборот воситаларининг сотқинлиги
32 views
18 December 2017 - 17:57

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳига, Тошкент шаҳар, Сирғали тумани 6-квартал, 32-уй, 14-хонадонда яшовчи,  3 та вояга етмаган фаразанднинг онаси Ўзбекистон ватандош Узоқова Умида Абдурахмоновна мурожаат қилди. Узоқова ҳозирда Тошкент шахар, Шайзонтоҳур тумани, Гулобод Ц-26 массиви,5-уй, 27-хонадонда уй қамоғида сақланмоқда.

Умида Узоқованинг таъкидлашича, 2017 йилнинг 13 ноябр куни унинг Сирғали туманидаги уйига Тошкент шаҳар ИИБнинг 20 тача ходими бостириб кириб, тинтув ўтказишган. Сўнгра Узоқовани Тошкент шаҳар ИББнинг тергов изоляторига олиб кетиб, варақалар тарқатишда, “Хизб ут-Тахрир” бўйича дарслар олганликда ва ушбу ташкилотга қасамёд келтирганликда айблаб тергов қила бошлашган. Узоқова ўзига қўйилаётган барча айбларни рад қилган ва ИИБ ходимлари ноқонуний тарзда қўлга олинган аёлга таҳдид қилиб, агарда ўзига қўйилаётган айбларни тан олувчи кўрсатма бермаса, у ҳолда уни:

-яланғоч ҳолда видео камерага ёзиб олиб, сўнгра Интернетда тарқатиб шарманда қилиш

– ертўладаги қамоқхонада ётган ваҳший жиноятчилар орасига ташлаб, онаси ва эрининг кўз ўнгида уларга зўрлаттириш билан қўрқитмоқчи бўлишган.

Умида Узоқованинг аризаси:

Шу тарзда, Тошкент шаҳар ИББнинг “терроризм ва экстремизмга қарши кураш” бўлими ходимлари томонидан диний важлар билан қўлга олинган, ҳибс қилинган ва айбланаётган ватандошлардан қийноқллар қўллаш йўли билан айбни таш олиш кўрсатмалари олинмоқда.

Тошкент шаҳар ИББ Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига “хавфли жиноятчилар, диний экстремистлар қўлга олинганлиги ҳақда” баёнот беришда давом этиб келмоқда. Қолаверса ушбу баёнотлар ОАВга тайёр матн кўринишида берилмоқда. Биринчи бўлиб бу ҳақдаги мақолани “ЎзА” ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган эди. Муаллиф Норгул Абдураимова ҳеч қандай журналистик тергов ўтказмаган ва мақола туҳматдан иборатдир. Ушбу мақолага нисбатан, ўз журналистик терговидан сўнг Би-Би-Си ўзбек хизматида танқидий моқола чоп этилган.

“Шайхонтохур туманида экстремист айл қўлга олинди” номли мақола “ЎзА”да чоп этилгач, UzNews.uz, Sputnik  ва шу каби бошқа махаллий оммавий ахборот воситалири ҳам қўшилиб, ҳеч қандай журналистлик тергови ўтказмай туриб хабар тарқатишган, бу эса ОАВ ҳақидаги Қонунга зид ва бу нашрлар жавобга тортилиши керак, чунки уларнинг мақолалари буюртма ва очиқ тухматдир.

Аслида, ўзбек оммавий ахборот воситалари кўпинча президентни ва ҳукуматни мақтовчи мақолалар, ҳамда МХХ, ИИВнинг буюртма материалларини эълон қилиб, ҳеч қачон жиддий материаллар чоп қилмайди.

2017 йил 30 ноябр кунги Ўзбекистон президентининг ПФ-5268-сонли Фармонида шундай дейилади:

Процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:

жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд кадр-қимматни камситувчи муомала турларини кўллаган ҳолда;

гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда;

жиноят процессида иштирок этаётган шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалғитган ҳолда;

мазкур жиноят иши бўйича иш юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатларни ўтказиш оқибатида;

номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;

дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан;

мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган ҳоллардан ташқари, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатувларидан олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмасин.

Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатув беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутган ҳолда, жиноий жавобгарлик киритилсин.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи

Ўзбекистон республикаси Бош прокурори Абдуллаев И.Б.га, Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазири Бобожонов П.Р.га мурожаат қилиб:

Ушбу уш бўйича Тошкент шаҳар ИИБсида юз бераётган ноқонуний қўлга олиш ва ҳибс қилишлар, қийноқлар ва руҳий таҳдидлар қўллаш, шунингдек айбланувчилар сифатида била туриб айбсиз кишиларни жалб қилиб, жиноят ишларини сохталашириш ҳолатлари бўйича дарҳол тергов ўтказишни сўраймиз.

Мурожаат бўйича ҳаракатсизлик ёки тегишли чоралар кўрилмаган тақдирда, Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ПФ-5268-сонли Фармонига қарши саботаж ёки эътиборсизлик факти билан президентга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз.

18.12.2017 й.
Сурат Икромов

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳи раиси

E–mail: surat.i@rambler.rusuratikramov@gmail.com