Жаҳолат, адолатсизлик ва ёлғон бизларнинг кўзларимизни кўр, қулоқларимизни кар қилиб қўйган…

Жаҳолат, адолатсизлик ва ёлғон бизларнинг кўзларимизни кўр, қулоқларимизни кар қилиб қўйган…
76 views
19 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

20-қисм

Ўнинчи боб

Дуйсенистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Қорасаройнинг бутун теварак-атрофи фавқулодда ҳолатларда ҳаракатга келтириладиган махсус кучлар томонидан ўраб олинди. Чиқиш йўлагига иккинчи гуруҳ эшикбегиларни қўйиб, “Ҳеч кимнинг кириб чиқиши мумкин эмас” деган фармони олий берилди.

“Ҳожат” зарурати пайдо бўлса, нима қиламиз”, деган Мирзелимбайнинг саволига: “Қисиб турасиз” деган жавоб қайтарилди. Сўнгра унинг қўлидаги юзига “Фонтомас” деб ёзилган оч-ҳаворанг конвертни тортиб олдилар-да, бутун алоқаларни тақа-тақ узиб ташладилар. Унинг ўғирлаб кетилган буюмлар хусусидаги жаврашларига ҳеч ким қулоқ солмади.

Қорасаройда кўз кўриб-қулоқ эшитмаган воқеа-ҳодисалар содир бўлаётган эди. Тиббий “Тез ёрдам”чилар думи қирқилган Тарлонни замбилғалтакка ортиб кетаётганларида у бармоқларидаги Аббос Қасрийдан тортиб олган ўнта узукни кимнингдир ўмариб кетганини айтмоқчи бўлиб роса чиранди. Бўйнида Жак Андирсондан тортиб олган хоч ҳам йўқлигини билгач, ҳушидан кетиб, йиқилиб қолди. Унинг бу ҳолатига ҳеч ким эътибор бермади. Аслида, опа-сингилларнинг чотидан чиқмаган Тарлоннинг қўлларидаги узуклар билан бўйнидаги бир ботмон келадиган хочнинг ўз-ўзидан йўқолиши соғлом ақлга сиғиши мумкин бўлмаган ҳодиса эди.

Барчасига қўл силтаган Сейитзелимбой Житириқ ётган хонага киргач, бутунлай саросимага тушди. Житириқнинг Бил Клинтоннинг қора кучукчаси билан тушган сурати ва унга Англия қироличаси совға этган олтин тувакча ҳам турган жойида йўқолиб қолганди. Шунда, хонада ўтган вақт ичида Житириқдан бошқа биров йўқлигини эслаган Мирзелимбай, у ётган чортоқсифат каравотга боқиб қичқириб юборди. Житириқни ҳам қип-яланғоч қилиб ечинтириб, тунаб кетган эдилар. Унинг кўкраги устида энди узилган бир даста садарайҳон бор эди. Қишнинг чирсиллама чилласи бошланаётган бир пайтда эндигина узилган садарайҳонларнинг ифор таратиб, серобликдан диркиллаб туриши Мирзелимбайни борҳо гангитиб қўйди. У долондаги юзасига “Фонтомас” деб ёзилган конвертни топиб олган хонтахтага қараб чопти. Хонтахта устида бир варақ оппоқ қоғоз пайдо бўлиб қолганди. Унда “Сарт тоғдан тушган қирғиз эмас”, деган икки оғиз сўз битилганди. Мирзелимбай қоғозни ўқиб, жинни бўлаёзди. Баҳром билан учта аёл унга қўшилиб югуриб-елиб юрган бўлса, хатни кимнинг ёзгани тилсимотдан ўзга нарса эмас эди. Батангул билан Сатангулни думидан тортиб:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглаётган Гулисипсанинг қўлидан бу ишлар келмасди… Айтганимиздек, Авакяннинг ҳам биргина сурати қолганди.

Икки эркак, уч аёл ҳарчанд бош қотирмасин, уларнинг сирли ишлар замирига ақллари етмади. Хотинлар ўз гап-сўзлари борлигини айтиб, ошхонага тушиб кетгач, Житириқнинг хонасида Баҳром Мирзелимбай билан ёлғиз қолди. Мирзелимбай Дуйсенистонга ишбошқарувчи бўлиб ишга киргандан буён бунақанги чигал муаммога дуч келмаганини айтиб, бош чайқарди. У ҳеч қачон қаторасига икки кун Қорасаройда ётиб қолган пайтини эслай олмасди. Қўнғироқ қилиб хотинига бу тунда ҳам бора олмаслигини билдириб қўймоқчи бўлганида Дуйсенистоннинг хавфсизлиги бошлиғи унинг қўлидан соткасини тортиб олганди.

У ҳам Баҳромга ўхшаб бир бурчакка чўзилиб ухламоқчи эди, аммо бунинг имкони бўлмади. Кўзларини чирт юмиб, ухлашга минг бора уринмасин, кўзлари ўз-ўзидан очилиб кетаверди. Бўлиб ўтган ишлар уни хоҳласа-хоҳламаса ўйлашга мажбурларди. Ҳамма бало муаммога ечим йўқлигида эди. Саволлар сон-саноқсиз, аммо уларга бирорта жўяли жавоб йўқ эди. Ўзини боши берк кўчага кириб қолгандай ҳис эта бошлаган Мирзелимбайнинг чорасизликдан миялари ачиб кетди. Шунда бошига бир фикр келди. “Туркистон” халқ ҳаракати масалаларида Баҳром билан ўртоқлашсам ёмон бўлмасди” деган ўй унга янги куч бағишлаганди. Қайтиб бунақанги имкон бўлмаслиги уни руҳлантириб юборганди. Гулисипса “Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор!” дея ҳиринглаб минг жавраса ҳам, опа-сингилларнинг креслолар остидан чиқмаётгани унинг учун айни муддао эди. Йўқса Батангул билан Сатангул эшик ортидан гап пойлаб, сўзни-сўзга қовуштирмасди. Житириқдан хавотирланмаса ҳам бўларди. У ҳалиям оёғини осмонга кўтариб, кўзларини бақрайтирганча шифтга тикилиб ётарди. Оғзига сув томчилатган Тўрабикка совқотмасин дея унинг устига адёл ташлаб қўйганди.

– Баҳром, ухлаяпсизми? – дея сўради ахири юрак ютиб Мирзелимбай.

– Қани ухлай олсам эди! – деди ўзини тош қотиб ухлаётганга солиб ётган Баҳром.

– Сизни ухлаб қолгансиз деб ўйлагандим!

– Афсуски, ҳарчанд уринсам ҳам ухлай олмаяпман. Ақл бовар қилмас ишларни кўриб таажжубга тушасан киши. Барчасини хаёлимдан ҳайдамоқчи бўламан-у, қўлимдан ҳеч нима келмаяпти!

– Сиз нима деб ўйлайсиз, Туркистон ғоясининг келажаги борми ўзи?

– Бу нарса қанчалар тўғри фикрлаш ва мақсад сари аниқ режалар дастурлашга боғлиқ, – деди Баҳром.

У Мирзелимбайнинг бу саволи билан, ашқол-дашқолларга бош қотирганнинг бир чақалик фойдаси йўқ, бўладиган гаплардан гаплашайлик, демоқчи бўлганини фаҳмлади.

– “Туркистон” халқ ҳаракатининг тузилганига қарийиб ўттиз йил бўляпти-ю, на сонимизда, на сифатимизда ўзгариш ясай олмадик! – деди Баҳромнинг ўзини тўлиқ англаганини гап йўналишидан илиб олган Сейидзелимбай. – На бир мувафаққиятга эришдик, на бир мағлубият аламини тотдик. Бор бўлиб бор эмасмиз, йўқ бўлиб йўқлик мақомида ўрин тутолмаяпмиз. На тирикмиз, на ўлик. Баъзан ўтириб ўйлаб, умримиз беҳуда ўтмаяптимикин деб қоламан?!

– Нафақат “Туркистон” халқ ҳаракати, Туркистон республикаларидаги ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳа аросат манзилларида адашиб юрган туя карвонларига ўхшайди. Билимсизлик, ҳамкорлик маданиятини эгалламаганлигимиз, тартиб-интизомнинг йўқлиги, худбинлигимиз, руҳиятимизга ёпишган тўрт юз йиллик жаҳолат, адолатсизлик ва ёлғон бизларнинг кўзларимизни кўр, қулоқларимизни кар қилиб қўйган. Бизлар бировларга баҳо беришда устаси фарангмиз. Аммо ўзимизни танишга келганда жуда ҳам оқсоқмиз. Ўзини танимаганни дунё танимайди. Бор бўлиб бор, йўқ бўлиб йўқлик мақомида эмаслигимизнинг асл сабаби мана шуларда кўринади. Бошқа бир ишга унаганимизда ҳам тоғни талқон қиладиган жойимиз йўқ. Бизларнинг умрларимиз тўрт юз йилдан буён йўқлик саҳросига оқиб, қумларга сингиб кетаётган дарёга менгзайди. На олдимизда йўл очилади, на орқамизда из қолади. Аросат бекатида туриб қолганимиз хусусида бош қотиришни истамаганимиз учун ҳам ғалабалар йўлини англай олмаймиз. Ҳар куни мағлуб бўлсак-да, мағлубият аламини тотмаймиз. Бу каби туйғулар ор-номус, ҳамият каби чуқур ҳиссиётлар билан боғлиқ. Ғолиблик билан мағлублик орасидаги қилдан ҳам нозик масофада от чоптириш учун юракда дард, қалбда чуқур бир оғриқ бўлиши керак. Инсон оқ билан қорани фарқлай олгандагина,  рост сўзлашдан қайтмагандагина, ёлғон гапиришдан ҳазар қилгандагина бу каби фазилатлар эгаси бўлади!

– Кечирасиз-у, сиз ўзбеклар баландпарвоз сўзлашга жуда чечан бўлсангизлар ҳам, айтганларингизни амалиётга тадбиқ қилишда ҳаддан зиёда қолоқ бир халқсизлар!

– “Сиз” эмас, биз! – деди Мирзелимбайнинг мавзудан чекиниб, миллий эҳтиросларга зўр бергани маъносини тушунмаган Баҳром. – Сизлар билан бизларнинг ўртамизда қанақа фарқ бўлиши мумкин? Сизлар қозоқ туркларисизлар, бизлар ўзбек туркларимиз. Сизларда бор турк уруғлари бизларда, бизларда бор турк уруғлари сизларда бор. Минг йиллар бир-бирларимиз билан аралашиб, бир-бирларимиз билан чатишиб-чирмашиб яшаб келяпмиз. Тўй-маъракамиз, яхши-ёмон кунимиз, тарихимиз, адабиётимиз битта. Ўртамиздан чегара чизиқлари тортилиб, пойтахтларимиз бошқаланса, бизлар иккига бўлиниб қоламизми? Сиз айтаётган нуқсонлар туркистонлик қавмларнинг барчаларига хос бир иллат. Шундай бўлгач, бизларнинг бутун фикри-зикримиз умумиятимизга қаратилган бўлиши лозим. Ҳеч биримизнинг ҳам бир-биримиздан авло жиҳатимиз қолмаган. Ҳаммамиз ҳам яхши хислатларни туя қилганимизга юз йиллар бўлди!

(давоми бор)