Такасалтанглар ҳақида

Такасалтанглар ҳақида
17 views
19 December 2017 - 10:07

Олдин “Камолот”чи деса кўз олдимга ўртача ўқийдиган, лекин байраму тадбирларни уюштиришда фаол бўлган йигит-қизлар кўз олдимга келарди.

Энди “Ёшлар Итттифоқи” бўлди-ю, калондимоғ, одамга тепадан қарайдиган, ҳар икки гапнинг бирида кимга суянишини писанда қиладиганлар тоифаси пайдо бўлди.

Бугун яна биттаси, Шайхонтоҳур туман ЁИ раиси Маматов Ҳусниддин дарсимга кирди. Салом йўқ, узр йўқ, худди “Қўл остимдагиларни биир тергаб қўяй”, деб кирган бошлиқдай такаббурлик билан кириб келди-да, тўғри ўқувчиларга мурожаат қилди:

– Ким етакчи?

Дарс меники, дарс вақти меники, лекин худди мени кўрмагандай.

Битта ўқувчи турди:

– Қолган йўналишлар бўйича етакчилар ким?

Болалар жим. Бир-бирини туртиб, бири бош чайқаб, бошқаси имлаб, 5-6 таси ўрнидан турди. Бир қиздан сўради:

– Қайси йўналиш бўйича етакчисиз?

Қиз саволни тушунмади, чоғи, гуруҳ етакчисини кўрсатиб:

– Етакчи улар, ман эмас, деди.

– Йўқ, қайси йўналиш деяпман, спорт, маънавият?…

Қиз елка қисди, қолганлар довдиради, бир-иккитаси кулди.

Шунда раиснинг жаҳли чиқди:

– Нега куласан? Ҳа, бирон жойим йиртиқ эканми?

Кулган бола турди-да:

– Сизгамас, болалар довдираганига кулдим, деди.

Кейин раис борлигимни пайқаб қолди:

– Нега партанинг устида телефон бор? Вазирлар Маҳкамасининг қарорини билмайсизларми? Дарсда телефондан фойдаланиш мумкин эмас!

– Фанимиз – адабиёт қоидалари. Лицейда дарслик йўқ, биз дарсларда телефонда электрон шаклда ўқиймиз асарларни, расмга олиб бир-бирига ўтказишади маълумотларни, дедим

Тўғри, бу гапни айтиш учун ўрнимдан турмадим, у қанақа совуқ гапирган бўлса, шундай жавоб қилдим. Раисга бу ёқмади ва кўзи билан бошқа телефонни топди:

– Нима, Perfectum телефон ҳам расмга оладими?

Хўш, нима дейишим керак эди шу пайтда?

А. Телефон маркаларини ва уларнинг имкониятларини билмайман (рости ҳам шу).
B. Тирноқ орасидан кир қидирманг.
C. Ким сенга ҳуқуқ берди мен билан бунақа гаплашишга? Кимсан ўзи?

Яна кўп вариант келди миямга, лекин:

– Айнан бу телефонни билмадим-у, одатда шунақа қиламиз, дедим.

Кейин у яна синфга кўз югуртирди-да, орқа партада ўтирган боланинг сақич чайнаётганини пайқаб қолди ва менга қараб:

– Дарсда сақич чайнаш мумкинми, нега индамайсиз? – деди.

Индамадим.

– Сизга гапиряпман, деди.

Кейин таҳдидона қаради-да, ёрдамчисига:

– Менга шу ўқитувчининг исм-фамилиясини ёзиб беринг, – деди.

Ўзимдан сўраса ҳам айтардим.

Хуллас, бу билан тугамабди. Бошқа гуруҳга кирибди-да, “Лицейинглардаги Вазирлар Маҳкамаси қарорига бўйсунмайдиган ўқитувчиларни ҳайдаймиз. Масалан, Рашидовани”, дебди. Кейин суриштирибди: “Нега бунчалик ўзига ишонади, орқасида кими бор?”

Мен билан астойдил шуғулланармиш.

Қўлидан келса, бўшатсин, ажралишдан қўрқадиган жуда катта амалим ҳам йўқ. 5-10 та ўқувчиларнинг ишончию меҳри (балки у ҳам йўқдир, менга шунақа туюлаётгандир) ва КАСБГА ФИДОЙИЛИК ушлаб турибди, холос, ишхонамда.

Қачон ўқитувчига ҳурмат билан қарашни ўрганишади?

Шароф Бошбеков таъбири билан айтганда, “Токайгача галстук таққан кетмондаста ҳам буйруқ бераверади?” Қачон дарсга кирганда БИЛИМ ҳақида қизиқишади?

©Зулфия Рашидова

facebook.com