Ўспиринлигим афсонаси

Ўспиринлигим афсонаси
17 views
20 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ЭТЮД

Ҳайрон бўлиб турар дарахтлар
Оппоқ хиёбонлар сенга зор.
Ўйлабмидим мен авжи мартда
Мана шундай ёғади деб қор.

Бу умидли, тансиқ кунларга
Қаҳратонни енгиб етгандик.
Баҳор сени излаб келгану,
Топа олмай қайтиб кетгандек…

* * * 

     ЎСПИРИНЛИГИМ АФСОНАСИ 

Ҳовуз бўйи. Минг йиллик чинор
Кексаликдан бошини эгган.
Ой нурига чўмилиб, биллур
Сув сатҳига соясин тўккан.

Пайдо бўлди сувнинг бетида
Қаёқдандир жуфт севишган ғоз,
Шўнғидилар. Сўнг ўпишдилар
Ва жим туриб айтишдилар роз.

Ичга ютди нафасин дунё,
Бу бахтдан лол қотди у жуда.
Ҳуркитмай деб қушларни оқшом
Ўтди аста оёқ учида.

Бир пайт ногаҳон ўқ отилди,
Ўз жуфтидан айрилди эр ғоз.
Гир айланиб марҳум теграсин,
Тик тепага қилди сўнг парвоз.

Кўтарилди фалакка ул ғоз…
Кўтарилди… чирт юмди кўзин.
Қанотларин йиғди-да бирдан
Қаро ерга ташлади ўзин.

Ем қилмади уларни тулки,
Ғажимади шоқол, бўрилар.
Зиёфатда еди уларни
Ўзимизнинг эзгуликхўрлар.

(давоми бор)