Орзу қироли

Орзу қироли
54 views
20 December 2017 - 10:29

ОРЗУ ҚИРОЛИ

Мен Муҳаммад Солиҳнинг “Орзу фуқароси” китобини қўлга олганимда 13 яшар қизалоқ эдим.

Шундан сўнг бу китоб орзумнинг қиролига айланди.

Онам касал, унинг касалини менга беришини Худодан тилаб, зор-зор қақшаб кунларим ва тунларимни ўтказаётган, уйдаги етишмовчиликлардан сабр косам тўлиб тарс ёрилган бир пайтда Тошкентда ўқиётган опамдан совға тариқасида “Орзу фуқароси” китоби почта орқали уйимга ва юрагимга кириб келди.

Бу китоб чин маънода менинг халоскоримга айланди.

Мен унга суяниб ҳамма боши берк кўчаларнинг бошига етдим. Бу китоб менга қуёшнинг қаердалигини ва унинг нурларини заррама-зарра микроскопдай кўрсатди.

Бу китоб юрагимга илдиз отган гулнинг ифоридан маст бўлиш завқини юқтирди. Ва яна бу китоб бир инсон каби қуёшга талпинишга, қуёшни юрагимга киритишга даъват этди.

Қамишга меҳр қўйиб қолган қалдирғочни эслайсизми?!

Мен қовжираб қолган қамишнинг қақроғига қўнган қалдирғочдир “Орзу фуқароси”. Одам ота-онангни нима учун яхши кўришингни ва меҳрингнинг ўлчамини айтиб бера олмайсан.

Севган китобларинг ва яхши кўрган идеал одамларинг ҳақида ҳам худди шундай. Яхши кўрасан. Тамом!!!

ВИРТУАЛ СУХБАТЛАР
(Туркумдан)

Муҳаммад Солиҳга

Мен умримни яшаб қўймайман,
Яшаб бўлмас охиригача.
Нигоҳимда гул чизолмайман
Заққум билан қорилган кулчам.

Осмон тўла қароқлар расми
Кўзларимни олиб қочмайман.
Атиргулли бўронман асли
Очлик деган дўкон очгайман.

Тўймас унда руҳият эркка
Юҳолашар мен эккан шиддат.
Бу тоғларга ётиб қарасам
Соатлардан чиққайми муҳлат.

Нафасимга тутяпман ойна
Ушоқларни териб бер, Тангрим!
Юрагимни қаттиқ ёпмасман
Ахир, очиқ турар дафтарим!

Havo Niso

facebook.com