Шўрлик

Шўрлик
27 views
21 December 2017 - 5:00

«ВАЛФАЖР» КИТОБИДАН

 

ШЎРЛИК

У кўчадан ўтса
Бинолар шошар,
Орқага чекилиб йўл берар дарҳол.
Кўчадан ўтса у
Чўнтагига қўлини тиққан
Бирорта кимсани кўрмайди шўрлик.
Чунки барча қўллар
Чўнтакдан чиқиб,
Кўкракда жаъмулжам бўлади даpров.
Кўчадан ўтаркан,
кўрмади ҳали
Бирорта теракни шаҳарда,
Чунки тераклар ҳам букчайиб олар
Жинси йўқ дарахтдай уни кўрганда.
Кўчадан ўтмайди,
Балки сузади
Кемадай залворли, вазмин, сервиқор
Илтимослар уммонида у.
Уйига бормайди,
Бажарар холос
Уйининг «кел!» деган илтимосини.
Йўқ, у овқат емас уйида,
Балки кўнгли бўшлик қилиб дафъатан
Илтимосин бажариб қўяр овқатнинг.
Туғишган иниси – иниси эмас,
Бу ҳам илтимоснинг оқибатидир;
Қандайдир бегона одамнинг
«Бирга туғилайлик!» деган бемаъни
Илтимосин бажарган эди бир пайтлар.

1979

 

(123)

Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (80-саҳифа.)

(давоми бор)