Иллат ичимизда эди…

Иллат ичимизда эди…
77 views
21 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

22-қисм

– Худога шукур, ўшанда ҳам, ундан олдин ҳам қозоқларда бунақа муаммолар бўлмаган! – дея Мирзелимбай енгил нафас олди.

– Сизга буни ким айтди? – дея Баҳромнинг бироз ғаши келди.

Баҳром очиқчасига тан олиб, барча нарсаларни очиб ташлаётганда ҳам, Мирзелимбай ўзининг қобиғидан чиқишни хоҳламаётган эди. У бўйнини ичига тортаётган ипак қуртининг ғумбагига ўхшарди. Фақат мен ипак ўрайман, қолган қуртларнинг ўргимчакдан фарқи йўқ, тўртанак тўқийверсинлар деб ўйларди.

– Туркистон халқларининг муаммолари ҳар доим бир бутун ҳолда ўртага чиққан. Шунинг учун ҳам уларни бир-биридан айрича ҳал этишнинг имкони бўлмаган. Ўшанда ўзбеклар сингари қозоқларга қандай ном бериш коммунистларнинг бошини роса қотирган. Ҳатто бу жараён қозоқлар учун нисбатан мураккаб ва узоқ кечган. Шу сабаб уларни бошида ном тополмасдан қорақирғизларми, қирғизми деб юритганлар. Бироз сўнгроқ қозоқ атамаси кун тартибига чиққан. Токим Қозоғистон 30-йилларнинг охирига келиб, республика мақомига эга бўлмагунча, қозоқ номини ўзлаштириш осон кечмаган. Шунгача ҳам жанубий ҳудудларда истиқомат қиладиган қозоқлар Ўзбекистонга қўшилиш истагидан қайтмаганлар. Чунки шимоллик қозоғистонликлар билан жанубий қозоғистонликларнинг руҳиятлари бир-бирларидан жуда узоқ бўлган. Болшевиклар сиёсатининг фойдали томонлари ҳам йўқ эмасди. Кейинги асрларда ўта тарқоқлашган турк қавмларига битта халқмиз, битта миллатмиз деган тушунчаларни уларнинг қайта сингдирганини тан олмай иложимиз йўқ. Ер масаласида ҳам қозоқлар ўз-ўзича катта ҳудудларга бирдан эга бўлиб қолмаганлар. Уларнинг ораларида ўн олтинчи асрдан буён руслар билан иттифоқ тузиб, иш кўраётган элатлар бўлган. Ҳатто улар чор Русияси разведкасига асрлар асносида хизмат қилиб келганлар. Ҳадсиз-ҳудудсиз Қипчоқ даштларидан Туркистоннинг марказигача босқинчи русларни бошлаб келганлар ҳам аслида ўшалар бўлдилар. Эвазига қозоқларга узоқ ҳамкорлик ва ишонч рамзи сифатида катта ҳудудларни эгаллашга имкон берилди. (Аслан бу жойлар туркистонликларнинг ота-боболаридан мерос қонуний мулклар бўлган. Бировларнинг ҳимматисиз ҳам қозоқ бу ерларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга эди. Афсуски, замон зўрники бўлгач, гоҳо ўз ҳаққингни ҳам талаб қилолмас экансан.) Баъзи турк қавмларининг шундай йўл тутишларига ўша замондаги подшоларимизнинг адолатсизлиги, калтафаҳм, очкўзлиги сабаб бўлган, албатта. Чунки садоқат ҳам, хиёнат ҳам шунчаки, ўз-ўзидан содир этилмайди. Қозоқ деган номнинг маъносига келсак, у, билишимча, қочоқ – бедарға, бадарға деган маънони англатади. Яшаб турган мамлакати қонун-қоидаларига бўйсунмасдан, чекка-чекка ҳудудларда кўчиб юрган ёинки бутун кўч-кўрони билан бепаён чўлларнинг оёқ етмас жойларида макон тутган қавмларни “қозоқ”, “қозоққа кетди” – “бедарға”, “бадарға” деганлар. Кейинроқ қозоқларнинг бир бутун бўлиб бирлашиб, ўз қонун-қоидаларини ишлаб чиққан гуруҳлари ўзларини “ўзбек”лар деб атай бошлаганлар. Яъни чекка-чеккада дов бермасдан қочқинда юрган майда тўдаларнинг бирлашиб, ўзларининг борликларини аён қилганликлари, ўзларига ўзлари бек бўлганликлари –“ўзбек”лашганликлари эди. Улар биз бугун номини тилга олганимиз Шайбоний бошлаб келган турк қавмлари бўладилар. Ўрис казакларининг келиб чиқиш тарихи ҳам аслида турк қозоқларининг турмуш тарзи билан боғлиқ. Улардаги бўсунмаслик, ярим тўпори, ярим қароқчилик унсурлари турк қозоқларининг ҳаёт тарзидан олинган. Бугун бу ном катта бир миллат нишони, шиддат билан тараққиёт йўлига кирган мамлакатнинг байроғи ўлароқ кўкка ўрлаб турипди. Қозоқ қавмларнинг тарихдаги энг буюк хизматларидан бири уларнинг кўчманчи мўғул қавмларни турклаштиришларида намоён бўлади. Улар бу ишлари билан ўз вақтида Туркистоннинг яхлитлигини таъминлаганлар, чегараларини мустаҳкамлаганлар. Уларнинг бу миссияси бизларнинг кунларимизда яна оёққа қалқди, десак, хато бўлмайди. Жараённинг тўхтаб қолган жойидан давом этишида Ўлжас Сулаймонов каби қозоқ зиёлиларининг роли бениҳоя улкан. Бу ишлар бошқача бир тарзда рўй беряпти, холос…

– Ундай бўлса, ўзингизнинг ҳам аслингиз қозоқлардан экан-да?!

– Мен учун қозоқлик шараф. Қозоқлар – ота Туркистонимизнинг порлоқ келажагидирлар! Биз ҳозир пайқамаётгандирмиз, неча асрлардан буён елкаси қуёш кўрмаган халқларимизнинг халоскори ҳам шулардир балки? Туркистон шуларнинг саъй-ҳаракати, тараққиётга бўлган кучли иштиёқи боис чиндан ҳам озодликка эришар, ўтмишларда қолган сарватини тиклаб, эркини, ҳурлигини қўлга киритар! Аммо мен ўғузларданман. Қозоқ билан қирғизга амакивачча бўламан. Туркманнинг амакиси, ўзбекнинг тоғасиман. Туркнинг ўғли бўламан!

– Ўғузлар кимлар?

– Ўғузлар кейинги минг йилликларда Буюк Хоразмни бунёд этдилар. Хазарни кесиб ўтиб Озористонни тикладилар. Ундан ўтиб усмонлилар асос солган буюк империяга – Туркияга таъмал тошини қўйдилар. Ўғузларнинг шажарасини бошлаб берган Буюк Ўғузхон Ота Туркнинг ўғли бўлган. Фирдавсий адашиб, турк дегани – буқа дегани, дейди. Ундай эмас. Турк – турқи-тароват, чиройли, гўзал демакдир. Кучли, шижоатли демакдир. Ўғуз – Ўкис, ҳўкиз – буқа дегани бўлади. Фирдавсий иккаласини бир-бири билан адаштирган. Бунга унинг туркчани яхши билмагани сабаб бўлгандир. Балким, у туркчани яхши билса-да, аламидан шундай дегандир. Буёғи Тангрига аён. Ўғуз номи Амударёнинг қадимги Ўкисдарё – Ҳўкиз, Буқа дарёси номидан олинган. У қирғоқларини ўпириб, чўли-чаманларни кураб, қутуриб оққани учун қадим аждодларимиз уни Ҳўкиз, Буқа – Ўкисдарё деб атаганлар. Бизнинг юртимизда ҳозир ҳам ҳўкизни, буқани ўкис деб айтадилар…

Баҳром сўзини тугатгач, Мирзелимбай ўзининг уруғи хусусида тўлқинланиб гапирди. Унга кўра, у қозоқ эмасмиш. Олий ирқли, насл-насаби ноёб хўжаларданмиш. Хўжалар алоҳида бир миллат бўлиб, бошқа майда-чуйдаларга қўшилмасмиш. “Мирзелимбай” деб айтиладиган исмининг узундан-узунлиги, унинг оддий одамлардан ажралиб туришини билдирар экан.

Баҳром унга ўзбек-тожикларда ҳам хўжалар борлигини уқтирмоқчи бўлди. Хўжаларнинг муайян бир миллат эмаслигини таъкидлаб, уларнинг ҳам бошқа уруғлар сингари бирор миллатга боғлиқлигини гапирди. Умуман ҳар қандай инсоннинг нуфузи унинг адолати, олган билимларию амалдаги тадбиқи билан белгиланишини таъкидлади. Мирзелимбай ҳеч бирини тан олмади. Унга кўра, қозоқнинг улижуз, ўртажуз, кичижуз уруғлари хўжаларга беминнат хизмат қилиши лозим экан. Ўз навбатида учта асосий қозоқ уруғларининг ҳам бир-бирлари олдида китобларда ёзилмаган даражалари бор экан. Унинг айтишича, учала уруғнинг мақомати бир хил эмасмиш.

У баъзи ақлсиз хўжаларга ўхшаб ўзини Муҳаммад пайғамбар авлоди дея даъво қилса ҳам, Аллоҳнинг мавжудлигига ишонмасди. Дарвинни кўргани кўзи йўқ бўлса ҳам, унинг таълимоти қон-қонига сингиб кетганди. Исломдан умуман тушунчаси йўқ эди. Қайси бир мамлакатга бормасин, турк халқлари бирлигига бағишланган қурултойларда ёинки сиёсий анжуманларда қатнашчиларни ота-боболаридан қолган шаманликка ўтишга тарғиб қилганликларини айтиб мақтанарди. Ота-боболарининг турли-туман хурофотлардан, ўт-оловлардан қутулиш учун Аллоҳнинг дини бўлмиш исломга кирганидан у тамоман бехабар эди. Қуръоннинг қудрати, Суннатнинг ҳикмати унга бегона эди. Ҳатто у фазогирларнинг ойга қўнганларига ҳам ишонмасди. Барчасини сиёсат учун дея, ёлғонга йўярди.

Қадрятларидан овлоқда, дунё илм-фанидан йироқда бир кимсанинг қандай қилиб Туркистонни бирлаштирмоқчи эканига Баҳромнинг фаҳми етмасди. Айниқса, унинг Туркистон бирлиги йўлида қозоқлар жиловни ўз қўлларига олиб, қолганларни йўлга солиб турадиган вақт етганини башорат қилишини умуман ҳазм этиб бўлмасди. Туркистон республикаларининг ҳар биттаси тўла мустақил бир шароитда битта иттифоққа бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, битта мушт бўлишига унда ишонч йўқ эди. Иттифоқда ҳар бир республиканинг муҳим роли бўлиши муқаррарлигини у тасаввурига сиғдира олмас эди. Унинг ақли ноқисича, Туркистонни ер юзининг қудратли минтақасига айлантириш учун Русия билан Хитойни ер юзидан супириб ташламаса, иш пишмасди. У Туркистоннинг уйғонишини истамайдиган Русия билан Хитой учун бундан кейин айнан қудратли ҳамкорнинг зарурати сиёсий эҳтиёжга айланиб бораётганини ҳис этиш неъматидан мосуво эди. Дарҳақиқат, Туркистонга ҳам Русия ва Хитойга ўхшаган сиёсий қувватлар манбаи зарур эди. Айниқса, Русиянинг ҳеч бир замонда кўкрагидан итариб бўлмасди. Ўтган ишга саловат деб, этакдаги тошларни тўкадиган давр етган эди. Минтақадаги учта қудратнинг битта блокка уюшиши мумкинлигини ҳақиқатан ҳам унча-бунча ақл эгаси танасига сингдира олмасди. Аммо бу ҳақиқат эди. Ойдинликка йўл шу чизиқдан ўтарди. Бунинг учун аввалам бор туркистонликларнинг ўзларининг бошлари бирикиши лозим эди. Шундай бўлса, дунё сиёсатининг посангилари лапангларди. Ер юзидаги қудратлар ўрин алмашарди. Оқлар билан қоралар жойларини ўзгартирардилар. Буни англашга Мирзелимбайда қунт ҳам, ҳафсала ҳам йўқ эди. У Навоий нима учун уйланмаганлиги ҳақида бош қотирарди. Унинг йигитлик қуввати суст бўлган бўлиши мумкинлигини ўйлаб, саволларига жавоб топгандек бўларди. Унинг даҳоси билан қизиқмасди. Тўғри жавоб олиши мумкин бўлган манбаалардан айланиб ўтарди. У “Туркистон” ғоясининг шамчироғи билан сирлашишга тайёр эмасди. Тайёр бўлганида, Навоийнинг қарийиб, олти юз йил илгари барчасини жойба-жой қилганига фаҳми етарди. У мавриди етди дегунча, оддий ўзбекларга ўхшаб, Ўзбекистон президентининг отаси ким бўлганлиги хусусида баҳслашишни ҳам жонидан яхши кўрарди. “Унинг отаси Муллақандов деган бир бухори жуҳуд бўлган” дея, фикрини ўтказишга зўр берарди. Президентни яҳудийлар нима учун “Миллат олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлаган дея айтганларини дастаклагани-дастаклаган эди. “Ўзбекистондаги бутун бойликлар учга бўлинади. Бир қисми жуҳудларга, иккинчи қисми президент ва унинг қизларига, учинчи қисми Ўзбекистонга қолади”, дея ёқа бўғишишдан ҳам тоймасди. Билмасдики, иллат ичимизда эди. Айб ўзимизда, нуқсонларимиз жоҳиллигимизда эди. Илмсиз эдик, билимсиз эдик. Тўғри фикрлашни, тафаккур этишни эплай олмасдик. Мусулмонларни жон-жаҳди билан ёмон кўрадиган ҳар қандай яҳудийни келтириб Ўзбекистонга президент кўтарганда, унинг жорий президентдан мамлакатни минг дафа яхши бошқариши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Ҳар қандай яҳудийнинг жорий президентдан кўра ўзбекларга – мусулмонларга минг бора кўп яхшиликлар қилиши мумкинлигини ўйламасди. Чунки яҳудийда яхлит дунёвий билимлар тўпланганлигини, у ўз шахсияти, дунё халқлари олдида шармисор бўлишдан қўрқишини англаш осон эмасди. Яҳудий ўзбекка ўхшаб тахтга ёпишиб олмасди. Дунёнинг маишати турганда, совуқ курсига бағрини босиб ухлашни истамасди. Албатта, у етук бир мусулмоннинг ҳам ишини қилмасди. Чунки бу каби юксак мартаба мусулмон ҳукмдорларининг ҳам жуда камчиликларига насиб қилган эди. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверарди…

Аммо Мирзелимбай Дуйсенбайнинг “Ўзбекистон президентининг отаси қозоқ бўлган” деган иддаосига умуман қўшилмаслигини айтарди. “Сартни бизга қул қилиб берди”, дея Ўзбекистон президентини жон-дилидан суядиган Дуйсенбай эса унинг ўз фикрига қўшилмаслигидан бехабар эди. Чунки, орқасида бошқача гапирса ҳам, юзи учун Мирзелимбай: “Дода, тўғри айтасиз, сартларнинг президентининг отаси Чимкентлик қозоқ бўлган” дея унга хушомад этарди. Шу учун ҳам шундай бир одамнинг: “Туркистон” халқ ҳаракатининг тузилганига қарийиб, ўттиз йил бўляпти-ю, на сонимизда, на сифатимизда ўзгариш ясай олмадик” деган сўзларига ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверарди…

(давоми бор)