Қор қўшиғи

Қор қўшиғи
32 views
22 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ҚОР ҚЎШИҒИ

Лаҳза тиним билмай кутдим бу кунни,
Бугун орзуларим, мана, ушалди.
Сен атайин ухлаб ўтказдинг тунни,
Мен-чи ёғавердим, мен-чи тўшалдим.

Бўронларда елиб, ҳовлингга келиб,
Уйингни айланиб кездим жонҳалак.
Ниҳоят, ниҳоят, уйғотдим сени
Деразангда бўлиб гирдикапалак.

Ёғдуга кўмилди бедор ҳисларинг,
Улар боис бўлди оппоқ фахримга.
Оҳиста-оҳиста босган изларинг
Ўйилиб-ўйилиб қолди бағримга.

Истасанг, дўстингга от. Турибман шай.
Ахир нечун бундан қилай орлар ман.
Севиб, шодлигимдан осмонга сиғмай,
Сенга зорлар бўлиб ёғган қорлар — ман.

Мен учиб қўнайин, сен қувна ял-ял,
Сен сира қилмагин шодликни канда.
Кечир кўзёшингга ўхшаб қўйсам сал,
Кипригингга аста қўнаётганда.

Шодлигингга қисқа умримни бериб,
Оҳ-фиғон қилмасдан, нолимасдан, жим,
Аста ер қаърига кетаман эриб
Сенга атаб гуллар юбориш учун…

(давоми бор)