“Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган…

“Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган…
73 views
22 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

23-қисм

Ўн биринчи боб

Мирзелимбайни тинглаб ётиб, Баҳром саҳарга яқин донг қотиб ухлаб қолди. У оз ухлаган бўлса ҳам қушдек енгил бўлиб, тиниқиб уйғонганди. Охирги ўн беш кун ичида у биринчи марта уйқуга қонганди.

Таҳоратини олиб келгач, вақт ғаниматда номозга уннади. Хуррак отиб ухлаётган Мирзелимбай ҳам, оғзини вокзалнинг эшигидай ланг очиб, шифтга термулиб ётган Житириқ ҳам уни бундай пайтларда безовта эта олмасди. Опа-сингилларнинг думидан тортиб ҳиринглаётган Гулисипсани у аллақачонлар хотирасидан ўчирган эди. Марҳабо билан Оқгулга қўшилиб ертўлага тушиб кетган Тўрабика ҳали қайтиб чиқмаган эди.

Унинг бу дунёдаги биргина ҳаловат топиши мумкин бўлган гўшаси – жойнамоз эди. Жойнамоз устидаги салтанатини у дунёнинг бутун бойликларига алишмасди. Намоздан топган ҳаловатини курраи заминнинг осойишталигига бермасди. У узоқ дуо қилгач, кафтларини юзига тортди. Жойнамозни тўрт буклаб бир чеккага қўйгач, ойнадан боққа боқди…

…Шунда кўзлари олдидан кечаги манзараларнинг давоми ўта бошлади.

Метродан “Ўлим” поезди ернинг устига чиқди.

У тўхтагач, қулоқларида Дуйсенбайнинг:

– “Пахтакор” бекати! – деган овози янгради. – Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг Алишер Навоий номли бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Ҳамма чиқди. Бироқ поездлардан ҳеч ким тушмади. Сўнгра:

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

Турнақатор вагонлар майдонга қўйилган жуда ҳам улкан экранли телевизорнинг ичига кириб ғойиб бўлди. Атрофда, тобутда оёғини кўтариб ётган Житириқнинг мурдасидан бошқа бирор жонзот кўринмас эди. Ленин ҳайкали даҳмасига орқа бериб турган “Бахтиқаро буви” ҳам постига қайтмаган эди. Маблағ йиғишга восита бўлган қундуз телпак ҳам жойида эмасди. Дуйсенбайнинг ҳам овози чиққан билан, қораси кўзга ташланмасди. Тинмасдан довруқ солиб ҳураётган опа-сингиллар билан Тайсин рўёга айлангандилар. Биргина Гулисипса:

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея ҳиринглаб, белида чиқиндихалта, тўстувак кўтариб тўрт тарафга чопиб юрарди.

Аммо бутун дунё баҳайбат экранли телевизорда намойиш этилаётган кўрсатувни кафтидагидек кўриб турар, ғайриоддий воқеалар ҳар қандай одамни ҳам ларзага солмасдан қўймасди…

…Поезд кўздан ғойиб бўлгач, террорчилар ўчоғи деб тахмин қилинган ҳудуд Дуйсенистоннинг мудофаа қўшинлари, ички ишлар ва миллий хавфсизликнинг тиш-тирноғигача қуролланган “Кўрса босар” деб номланувчи қўшилмалари томонидан ўраб олинди. Ва қулоғини гўшакка қўйиб ётган Дуйсенбайга Қора Бахти Голибой Глазнинг рухсати билан бу ҳақда ахборот берилди. Дуйсенбай жиноятчилар ўчоғини портлатишни ва унинг ўрнини тозалаб, чим ётқизишни буюрди. Чошгоҳга бориб Шерка Жўрканинг “Замон-замон” қўшиғи янгради. Рухсат текканини англаган одамлар кўчаларга чиқдилар. Катта бир маҳалла ўрнида бир кечада замонавий спорт майдони барпо бўлганини кўриб, зиғирча бўлсин таажжубга тушмадилар. Бу каби номаъқулчиликларни мустақиллик йилларида кўравериб уларнинг кўзлари пишиб кетганди. Бироқ ичларида истамасалар-да, лабларини шукронага жуфтладилар. Пичирлаб замонага ҳамд-сано айта бошладилар, кулгилари келмаса ҳам кулдилар. Хурсандликларини билдириш учун киприкларига ёш томчиларини илдилар. Чунки улар пана-пастқамдан фуқаролик кийимидаги хавфсизлик ташкилотлари ходимлари ўзларини кузатиб турганини яхши билардилар.

Маҳалла портлатилгунча хавфсизлик ташкилотлари томонидан кўрилган тайёргарлик алоҳида таҳсин ва мақтовларга сазовор эди. Беш минг сонли қўшма кучларга “Жиблажибон” лақаби билан машҳури олам масхарабоз Али Шамма бош саркарда қилиб тайинланганди. “Ғилминдиқул” тахаллуси билан танқидшуносликда ном қозонган хиёнаткор Ахмақ Агза ва “Тузсизбек” дея танилган беқилиқчи Мурбе Холтойлар қўшма кучларнинг сиёсий йўриқчилари эдилар.

Сенаторлар Содир Элбузар, Жоди Ҳамро, Сайё Раша, Иқбў Мурў, Све Артланта ва Акма Синса Саларлар жамоатчи маслаҳатчи мақомида эдилар. Фўска қорининг ҳам ғоявий раҳбарлар орасида салмоқли ўрни бор эди. Унинг ўлимини бир умр орзулаган Анбар қори, у ўтгач, минбар қуббасига ўтириб олди. Мавлу Асал, Озо Наза, Рав Омилов, Анва Сибир, Але Бефайз, Зиёда Жинқарча, Райҳона Айрона, Ана Сана, Таҳ ва Рав Сиддиқлар “Барака топкурлар” тадбири амалга оширилаётган жараёнларда Хаши Исма дирижёрлиги остида, Тўй бола, ҳой бола, Тўйга аталган қўйни сўй, бола”ни жўр бўлиб куйлардилар. Хор гуруҳини эшитиб турган етти маҳалла қўшиқ тугамагунча қадам босиб кўчага чиқмасди. Қачонки “Замон-замон бизнинг замон, даврон бизники, Қўлимизда еру осмон, имкон бизники” деган собиқ иттифоқни мадҳ этгувчи қўшиқ янграса, эшик-деразаларни зичлаб ёпиб олган одамлар хавф-хатарнинг ўтиб кетганини англардилар. Ўтган беш соат беш асрга тенг бўларди. Ўлмаганлар фойдага қолган умрларининг хумори билан яшардилар. Бу саргузаштлар олдида Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” ва Франс Кафканинг “Жараён” асарлари шунчаки бир чўпчак эди. Амалга оширилган ишлар учун “Нобел” мукофотига қўшиб Дуйсенбайга “Керак бўлса, ўз уйингни ўзинг асраб ол, ҳаром ўлгур” номидаги тинчлик ордени берилса, башарият тарихида адолат қарор топган бўлур эди…

Ўқувчини йўлдан адаштирмаслик учун келган жойимизда бир дам тўхтаб, чуқур-чуқур нафас олиб, юмуқ кўзларимизни катта-катта очамиз. Бир бошдан сўзласак, балки фикрларимиз аниқроқ чиқар.

…Соат тунги уч-тўртлар чамаси. Хавфсизлик ташкилотларининг республика бўйлаб тўртанак каби бир-бирларига улаб қўйилган юз минглаб ишонч телефонлари жаранглаб кетади. “А” кўчасидаги “Б” сонли уйнинг “В” рақамли хуфияси томонидан маълумот тушганди. Билдирилишича, манзилда ҳизбут таҳрирчилар ва ваҳҳобийчиларнинг террорчилари ўлим тўрларидан ин қурган эдилар. Ёт ғоялар ва совуқ-иссиқ қуроллар билан қуролланган тўдаларнинг мақсад-муродлари мустақиллик илҳомчиси, тўкин-сочин ва осойишта ҳаёт гарови Дуйсенбайни ер юзидан супуриб ташлаш эди. Саксон олти яшарли Марусия исмли КГБнинг собиқ бевасига кўра, унинг сарқитини еб, чемпионлиги овозаю дарвоза урушқоқ хўроз Житириқ қаттиқ маст бўлади. Куч-ғайратга тўлган Житириқнинг кўзига ўйнашиш учун товуқ ёхуд тепишиш учун хашаки хўроз кўринмагач, у ҳожатга кириб-чиқаётган ишизловчиларга ташланади. Саккизта шотир бир вақтнинг ўзида Житириқнинг тан соқчилари эдилар. Улар хўроз танасидан битта пар учса, бошларини кундага қўйиб, Қора Бахти Голибой Глазнинг олдида масъулиятсизликлари учун жавоб берардилар. Гап-сўз Дуйсенбайга етмасдан, хавфсизлик ташкилотлари содир этилган жиноят хусусида унга ҳисобот беришлари зарур эди. Ҳисобот ўқиб чиқилиб, тузатишлар ва ўзгартишлар киритилгач, Дуйсенбайга тақдим этиларди. Қора Бахти Голибой Глазнинг орқасида Отамон турарди. У Дуйсенбайга сояда ҳақиқий қиёфадош бўлиб, тарозининг иккинчи посангисида турган сиёсатнинг лапанглаб кетмаслигини таъминларди.

Ўта махфий ҳужжатларда “В” рақами билан қайд қилинадиган фаррош Марусия ишонч рақамларига қўнғироқ қилгач, уч дақиқа ўтмай тезкор гуруҳ оловли нуқтага етиб келди. “Кўрса босар”ларнинг махсус қаноти – “Ёвуз Темурзодалар” гуруҳи бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев эди. Тўс-тўполон бешафқатларча бостирилди. Исёнга йўл очган шотирлар ва террорчилардан иборат ўн олти каллакесар мардикор бозорининг жазо камерасига ташланди. Бу пайтда икки томонга бирдай хизмат кўрсатадиган мардикор бозори бошлиғи Жақиб хотинининг иссиқ қучоғида ширин уйқуда ётарди. Уни олиб келиш учун махсус бўлинма юборилди. У шошганидан хотинининг лозимини кийиб олди, елкасига чопон ташлаб, оёғига калиш илди. Ваҳимадан оёқлари, жун босган кўкраги, елкалари қаттиқ қалтирарди. У бурканиш учун чопонининг ёқаларини тортса, бари очилиб кетаётганди. Унинг ночор аҳволи полковник Нурлибекга қоқ нонга сурилган саримойдек ёқди.

Жақиб миллий хавфсизликнинг нафақадаги подполковниги эди. Унинг бир умр жиноят оламига хизмат қилиб келаётганини хавфсизлик ташкилотидагилар билсалар-да, билмасликка олардилар. Ҳамма учун аён бу нарса ошкор этиладиган бўлса, миллий менталитетга мос тушмайдиган қўпол хато юз берарди. Орқасидан полковник Нурлибек аёвсиз жазоланиши мумкин эди. Полковник имосига маҳтал миршаблар шолкалтакларини шайлаб, Жақибга ёпирилдилар. У ўзини ҳимоя қилиш учун ерга ётиб олди. Қўлларини бошига чамбарак этганида, жун босган кўкраклари очилиб, оёқлари Шодмонқулнинг айриси каби тарвайиб қолди. Унинг атлас лозим ярашиб турган думбасига Нурлибекнинг суқи кетди. У турган жойидан сапчиб, унинг чотига жон-жаҳди билан тепгач, қайтиб ўтираркан, оёғини меҳр билан сийпаб қўйди. Роса бехато тепганидан у мамнун эди. Бу касб ваҳшийлик талаб этишини биладиган Жақиб тишини-тишига қўйди. Кимлигини била туриб ҳам полковникнинг ўзини тия олмагани унга алам қилмади. Аммо умрида илк марта бошига ёғилаётган шолкалтаклар жонидан ўтди. Ҳеч кимни назар-писанд қилмай, тўнининг бари билан атлас лозим ёпишиб турган орқасини ёпди. Ўтирган ўрнида бошини тиклаб, полковникка ёвқараш қилди. Унинг нигоҳидаги даҳшатли ғазабни бутун вужуди билан ҳис қилган полковникнинг ичидан қиринди ўтди. У, озроқ чида, дегандай чап кўзини қисиб қўйди.

Истеъфодаги подполковник қўлларини тағин чамбарак қилиб дод-вой солди. Полковник тўхтатишга буйруқ бергач, “Ёвуз Темурзодалар”нинг шолкалтаклари ҳавода муаллақ қолди. У эмчагини киссавурга кестирган бозорчи хотиндай аюҳаннос солишдан тўхтамасди. Тиклаб қўймоқчи бўлганларга шаллақилик қилиб уларнинг дуч келган жойларига чанг соларди, тишларди. Нима бўлдию, Нурлибек ўзи сезмагани ҳолда ўрнидан ирғиб турди ва унинг икки чоти орасига қоидага номувофиқ равишда яна бир тепди. Лов этиб ўчиб-ёнган Жақиб “ий-й-е” дея тишларини оқини кўрсатиб, иршайганга менгзаш бузуқбашаралик билан юзини тириштирди, бўғиқ чираниб, уф-ф деб нафас чиқарди. Кейин боши шилқ этиб тушдию, жони узилган кимсадек чўзилиб қолди. Ўзига навбат етишини ўйлаб музлаб ўтирган мардикор бозори бошлиғи ўринбосари Бахшилло қўрққанидан дир-дир титрай бошлади.

-Қоққан қозиқдай серраймай ўл. Бор, тезроқ сув олиб кел! – деди унга полковник.

 “Ёвуз Темурзодалар”дан бири ерда чўзилиб ётган Жақибнинг бошидан бир челак муздек сувни қуйди. У ёмон туш кўрган одам каби ётган жойидан сакраб турди-да:

– Онажо-он, ме-ен ўлама-ан… Мени бу жойдан олиб кетинглар! – дея ҳўнграб йиғлаб юборди.

Оёғидаги калишлар сочилиб кетган, атлас иштонининг липпасидан кекирдагигача бўлган ҳудудларни қоплаган қуюқ жун уни маймунга ўхшатиб қўйганди. Лозимининг бошқа хил матодан тикилган оғи қизил қондан шилта эди. Унинг ўрнида аёл кимса бўлганда, кўзи тушган одам, боёқишнинг ҳайзи бошланипди, деб ўйлаши ҳеч гапмасди. Қора башарасини беўхшов қилиб кўрсатадиган бўртиб чиққан икки ёноғи унинг нималар содир бўлаётганидан бехабарлигини, ўзгалар наздида, икки ҳисса оширарди. У икки қўли билан бошини чангаллаганча бўкириб йиғларди. Совуқдан қаттиқ уюшиб, қалтираётган тан-баданини идора қилишга уриниб ҳам кўрмасди. Бўртган ёноқларига қарама-қарши, бир лаҳза ичида тубига чўкиб бораётган қўй кўзларида сўнаётган умидларнинг кўланкалари ўйнарди. Собиқ ҳамкасабасини бир ҳаракат билан букиб олишга эришган полковник бундан мамнун эди. Жабирдийда қоқсуякдан келган бурундорбашара бўлгани учун кишининг раҳмини келтиришдан кўра кўпроқ ғашини келтирарди. Унинг ёш бола сингари “она”лаб йиғлаши ҳеч кимга ғалати туюлмас, дуйсенистонликлар учун бу кабилар мустақиллик йилларида одатий ҳолга айланиб бўлган эди.

(давоми бор)