Мирзиёевнинг қизи масъул лавозимга тайинланди

Мирзиёевнинг қизи масъул лавозимга тайинланди
49 views
22 December 2017 - 8:20

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Шаҳноза Мирзиёева-Шаханова янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлигида масъул лавозимга тайинланган.

Шаханованинг айнан қандай лавозимга тайинлангани маълум эмас.

Кун.уз суҳбатлашган бир нечта манба Шаҳноза Шаханова вазирликнинг масъул ходимаси эканини тасдиқлаган.

Нашрнинг қайд этишича, Шаханова 19 декабрь куни Президент Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазир Агрепина Шиннинг ёнида ўтирган.

Шаҳноза Шаханованинг турмуш ўртоғи Отабек Шаханов Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, унинг хавфсизлик хизматида масъул лавозимга тайинлангани хабар қилинган.

Шаханов Мирзиёевга хорижий давлат сафарларида ҳамроҳлик қилгани кўрилган.

Отабек Шаханов Президент Мирзиёевнинг кичик куёвидир.

Унинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов Президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари сифатида билинади.

Аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ойбек Турсунов билан тушган суратини Инстаграмдаги саҳифасига жойлаганди.

Марҳум президент Ислом Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар ҳам Ташқи ишлар вазирлиги тизимида маслаҳатчи ва элчилик лавозимларида ишлаган.

Президент Мирзиёевнинг икки қиз, бир ўғли бор.

Президентнинг тўнғич қизи нима иш қилиши ҳақида маълумот йўқ.

ЎХҲ хабарлар бўлими