Хайрли туш

Хайрли туш
82 views
22 December 2017 - 20:40

ХАЙИРЛИ ТУШ

Уйқум қочди. Турдим. Тунги учлар экан. Ташқари чиқиб қайтиб келсам, уйқу келавермади.

Кампутирни очдим.

Икки кун бурун севимли адибимиз Темур Пўлатов янги ёзган асарларидан тўрттасини эл. почтамга жўнатган эди. Бирини очиб, ўқий бошладим.

Қирим татарларининг фожиали тақдиридан ҳикоя қилувчи қисса экан. “Скажи смерти: “Нет!” Қирим татарларининг миллий қаҳрамонларидан, Исмоил Ғаспиралининг шогирди Нўмон Чалабижиҳоннинг сўнгги кунларидан ҳикоя қиларкан.

Қисса жуда қизиқарли бошланган эди. Бирпасда воқеалар ичига кириб кетдим. Икки соатча ўтар-ўтмас қандай қилиб ярмидан ўтиб кетганимни билмай қолдим. Ҳамон уйқу йўқ, ўқисам, охиригача ўқиб қўйишим ҳам мумкин эди. Лекин тўхтатдим. Ўрнимдан турдим. Кун бўйи гарангсиб юрмайин деб мажбуран ётдим. Уйқуни чақира бошладим. Ажаб, тездагина келақолди уйқу ҳам.

Туш кўрибман. Ташландиқ далага ўхшаган қанақадир жой. Менга қарашли эмиш. Бир томони ҳайдалган, ўртасида ўрилмай қолиб кетган ўтлар, иккинчи томони ҳосил йиғиштирилган-у, лекин ери чопилмаган, қатор хатлар. Катта. Бир бошида 40-йилларни эслатадиган эски ўзбек айвони. Айвонда қиримтатарларининг афсонавий қаҳрамони Мустафо Жамил ўтирибди.

Ҳаётда кўрмаганман, аммо тушимда худди танишдай эмишмиз. Уйимга келганидан қувониб кетдим. Ғурурландим. Енгилгина сўрашибман. Берироқда ўн-ўн беш чоғли эркак аёл куймаланиб юрибди. Ҳаммаси қиримтатар эмиш.

“Уйимга шундай азиз меҳмон келибди, Муҳаммад Солиҳ акани ҳам чақирсам бўларкан. Зериктирмай, гаплашиб ўтиришарди”, деб ўйлабман.

Ўзим меҳмонларга у-бу нарса чиқариш учун уй томонга кетяпман эмиш. Йўлакай қарасам, ҳаммаёқни қиримликлар босиб кетибди. Ҳатто Халқ оғзаки ижоди мусиқий гуруҳи ҳам бор. Қизу йигитлар миллий кийимларни кийиб олиб, Мустафо оға ўтирган узун айвоннинг бу бошида ҳунарларини кўрсатишяпти. Қатор-қатор устулларда юзга яқин одам ўтирибди. Бари қиримлик. Ҳовлининг бошқа ерларини ҳам тумонот қиримлик босиб кетган.

Кўнглимга ғулғула тушди. Буларни қандай меҳмон қиламан? Нону овқатни қандай етказаман? Идиш-товоқ, чойнак-пиёлам ҳам бунча одамга етмайди!

У ёққа-бу ёққа зир югураман, сира уйимни тополмайман. “Уйимга ета олмайман” десам тўғрироқ бўлади.

Орада қарасам, чақирсам бўларкан деганим ҳалиги Муҳаммад Солиҳ акани ҳам кўрдим. “Хайрият келибди!” деб севиндим. Тезроқ айвонга бошлаб, Мустафо Жамил ёнига ўтқазиш пайига тушдим.

Томорқага ўхшаш ташландиқ ҳовлимда эса одам тобора кўпайиб борарди. “Буларга бутун қишлоқнинг кўрпачаси ҳам етмайди! Оббо, уялиб қоладиган бўлдим-да”, деб менинг жоним ҳалак…

Тахминан шу ерларида уйғониб кетдим. Намоз вақти кирибди. Ўрнимдан турдим. Кўрган тушимдан ажабландим.

Бунақасини умримда кўрмаганман. Устоз Темур Пўлатов қиссаси баҳона қардош қиримликлар менинг ҳовлимга ёғилиб кетгани кўнглимни кўтарди.

“Бу ҳол нимага далолат қиларкан?! – деб ўйладим. – Ё бу туш менга бир ишорамикан? Қиссани ўзбекчага мен таржима қилишимга чақириқмикан?”

Нима бўлганида ҳам кун бўйи кайфиятим кўтарилиб юрдим…

Одатим – тушларимни ёзмайман. Негадир буни ёзгим келди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

facebook.com