“Ёвуз Темурзодалар”

“Ёвуз Темурзодалар”
87 views
23 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

24-қисм

Пачакилашиб ўтиришдан иш чиқмаслигини илғаган полковник уни камерага тиқтирди. Сўнгра Бахшиллога милтиқнинг ўқидек ўқталди. Мардикор бозори бошлиғи ўринбосарига унинг совуқ нигоҳи  ажал ўқини отишга шайланаётган бешотар қўндоғи сингари қўрқинчли кўриниб, нигоҳини бошқа томонга олиб қочди. У ҳозир мени тепади дея ўйлаб, ётиб-олиб, қўл-оёғини кўтаргач, полковникнинг нияти ўзгарди.

Уни пахса лойи сингари тепкиламаса, ўзини қўрқоқ деб ўйлашларини ҳис этаркан, у ваҳшийлаша бошлади. Ўқрайган нигоҳларга дош бера олмаган найнов Бахшилло типратикан сингари бошини ичига тортиб, ғужанак бўлиб олди. Зарбалардан оғзи-бурни қизил қонга бўялди. Нафратланган полковник унга обдон тупуриб, сўнгра бурнини қоқди. Қандайдир ёввойи туйғудан кўнгли таскин топгач, “сука” дея столга зарб билан бир мушт туширди.

– Худо кўрсатмасин, жаҳлим чиқса ёмонман. Рўпара келганни йиртаман аммо! – дея сўнгра ўзига гапираётган одам сингари димоғида минғирлаб қўйди.

Унинг феъл-атворида авваллари бундай ғайрат-шижоатни кузатмаган “Ёвуз Темурзодалар” ўз кўзларига ишонмадилар. Бир-бирларига ҳайрон бўлиб термула бошладилар. Полковникнинг қалбида ўксиганга ўхшаш бир ғазаб бош кўтарди. У қозондек келадиган бошини ҳўкиздек чайқаб, столга қайта бошқатдан мушт урди.

– Кўз уриштиришни ўйнашларга чиқарган. Ҳушёрликни қўлдан берманг, шоввозлар! – деди у. – Юртимизни илонлар билан чаёнлар босиб кетяпти. Додамизнинг хусусий-сиёсий шарҳловчиси Ғайғрулла амақи Ғурғиддиновнинг қиёфасини кўз олдиларингизга келтиринглар. “Р”ни бурро талаффуз қилолсангизлар ҳам, тилингизни чайнаб “Ғ-ғи-қ”, денглар. Ўрмаловчилар ва судралиб юрувчилар инларига қочиб кирадилар. Балли, балли, мустақилликка балли, ватани ва халқини шонли йўлдан бошлаган  ўлмас ва йитмас додамизга – карвонбошига балли. Балли, балли…

У жазавага тушиб, “рок” услубида куйларкан, тўққиз марта столга мушт туширди. Полни тепиб, жин қўпган эчки каби шифтга ирғишлади. Қўққисидан пайдо бўлган руҳиятидаги кўтаринкилик унинг ўзини босиб олишига монелик қиларди. Фавқулодда ҳолатдан “Ёвуз Темурзодалар” хижолатга тушиб қолган эдилар. Полковникнинг кутилмаган шижоати шумликдан қайнаб турадиган юракларига муз солиб қўйган, улар тилларини тишлашга маҳкум эдилар, томирларида ҳайиқиш захмлари илдиз ота бошлаганди.

Полковник ўзи бошчилик қилаётган турли миллатлардан тузилган ўттиз икки кишилик “Ёвуз Темурзодалар” байналмилал гуруҳидан ўттизтасининг ўзга ташкилотлар фойдасига айғоқчилик этишини яхши биларди. Уларнинг камида ўнтаси миллий хавфсизлик хуфияси эди. Шу ўнлик ичидаги уч хуфия АҚШ билан Исроил фойдасига жосуслик қиларди. Учтаси Русия ва Хитой айғоқчилари эдилар. Қолган тўрт хуфиянинг биттаси Отамоннинг фаррошига хизмат кўрсатса, биттаси Марокаш билан Бургундия фойдасига маълумот йиғарди. Биттаси Пол Пот ва Пиночет режимидан қолган унсур эди. Уни “сарқит” дея камситмоқчи бўлардилар.

Ўн айғоқчидан биттасининг кимга боғлиқлиги мавҳум эди. Мудофаа ва фавқулодда ҳолатлар боқонлигининг ҳам “Ёвуз Темурзодалар” орасида ўн икки вакили бор эди. Улар орасидан икки хуфия Гулбиддин Ҳикматёр билан Абдирашид Дўстим фойдасига иш битирарди. Бир замонлар Саддам Ҳусайн билан Туркманбошига хизмат кўрсатган икки айғоқчининг бири Ироқ шиаларига ён босса, иккинчиси сунна маҳзабидагиларга ён босишга тиришарди. Қолган икки айғочиқнинг биттаси тўғридан-тўғри Дуйсенбай билан боғланган бўлса, иккинчиси иқтисодиёт боқони ва бош боқоннинг топшириқларини бажарарди. Фавқулодда ҳолатлар боқонлигининг олти айғоғидан бири Туркманистон президентига, иккинчиси Тожикистон президенти Раҳмонга, учинчиси Қозоғистон президенти ва тўртинчиси Қирғизистон президенти Бакиев фойдасига жосусликни амалга оширарди. Қолган икки айғоқнинг бири Алимжан Бурига ва бири Бахрам Рузимухга “пи-пи”га оид ҳужжат-далиллар йиғиш билан овора эди.

Ўттиз икки шоввознинг бештаси “Ёнғин хафвсизлиги” айғоқчилари бўлиб, шундан иккиси машҳур полвон Абдул Тангирга ажратилганди. Нон полвон валюта алмаштириш шохобчасига доллар сотиб олиш учун борганда, улар уни оч ва яланғоч фуқаролар тажовузидан иҳоталардилар. Иккитаси Дуйсенбайнинг қизларининг терминатор-инфарматорлари эдилар. Бешинчи айғоқчи кечалари тушларида кўрганларини кундузлари ҳеч кимга гапириб бера олмаган пайтларида, Х. Дўсмахам билан А. Мазамга мактуб битиш билан машғул бўларди.

Айтганимиздек, “Ёвуз Темурзодалар” эканликларидан ҳожатхонага кирганда ҳам фахрланадиган ўттиз икки айғоқчининг иккитаси қайси ташкилот фойдасига жосуслик қилиши ноаён эди. Уларнинг ўзларини сирли тутишлари кўркларига кўрк, салобатларига салобат бағишларди. Дуйсенбай бу икки айғоқдан Гидлян билан Ивановдан қўрққандай қўрқарди. Полковник Нурлибекнинг ўзи, шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғидан ташқари, бош боқон ўринбосари Абгор Зиппиевич Ўсмаевга ҳисобот берарди. Абгор Зиппиевич ўз навбатида ҳурмат-эътибори Дуйсенбайникидан кам бўлмаган Отамонга бўйсунарди. Вақт етди дегунча йиғилган маълумотларни қўлтиқлаб унинг олдига чопарди. Бақа кўрса ижирғанадиган башарасига кўзи тушган Отамон унга ўлганининг кунидан лабининг бир бурчагини мажбурлаб бўлсаям илжайтирарди. Бу унинг узоқ йиллик садоқатига илтифот рамзи эди. Бундай пайтларда у Гулсанамнинг йиртиғига теккан кабобчининг ис олган бурнидек ийиб, суйлоқдек-сўйлоқдек сарғайган тишларини кўрсатарди. Овозсиз кулиб, ўлган ҳўкизнинг кўзларига ўхшаш бақа кўзларини ерга тикарди. Ўзини жаҳаннам домида ҳис қилган Отамон ҳеч замонда очилмайдиган қовоқларини баттар уйиб, аввалгидан ҳам қўрқинчли қиёфага кирарди. Шунда тунд башараси чўчқа терисидай баттар дағаллашиб кетарди.

 Хуллас, ўттиз икки кишилик қузғунлар гуруҳи ичида полковник Нурлибекнинг ўзи ўзига тегишли эмаслиги рўй-рост эди. “Ёвуз Темурзодалар” гуруҳи ҳақидаги маълумотнома Отамон билан Дуйсенбайнинг қўлида бўлиб, улар ҳам бир-бирларининг қўлидаги йўриқнома моҳиятидан бехабар эдилар.

Мамлакат тақдирини ҳал қилишга қодир бу икки кимсадан ҳар бирининг ўз манфаати бор эди. Қизиқишлар бир нуқтада кесишмагани учун улар жамиятни ҳар томонга қараб тортардилар. Улар ташқи дунёдаги қай бир давлатни ёки қай бир шахсни ҳамкор сифатида кўришларини ўзгаларга билдириб қўйишдан ҳайиқиб яшардилар. Дўст деб кўриладиган мамлакатлар ютуқлари халқ кўзи учун Дуйсенбай томонидан хўжакўрсинга намойиш этиларди. Хавфсизлик боқонлари эса, “дода хафа бўлмасин тағин” дея, уни йўлига қўллаб-қувватлардилар. Отамоннинг ўта нозик мавқеда бепарволигига сабаб – хавфсизлик боқонларининг эллик бир фоиз ваколати ўзига тегишли эканлигида эди. У томонлар ўртасида келишмовчилик юз беришини узоқ йиллардан бери кутарди. Тушунмовчилик юзага қалқиса, келишувга кўра, аксияларнинг юз фоизи унинг инон-ихтиёрига ўтарди. Режа амалга ошса, у Дуйсенбайни қамоққа ташлаб, унинг қизи Батангулни никоҳига олар ва муносиб ворис сифатида ўзи тахтга ўтирарди.

Бу ишлардан ҳаминқадар хабардор полковник шунинг учун Абгор Зиппиевичга итоат этишни одат қилганди. Қўли остидагилар устидан ошкора кулганларидаям, уларни назар-писанд этмасди. Отамон ҳукумат тепасига келса, Абгор Зиппиевич унга ички ишлар боқони лавозимини ваъда берганди. Шундай пайтларда у ўзини овсарлардек тутса, вазият йўналиши унинг фойдасига ишлар, устидан кулаётганларнинг ўзлари бир кун кулги бўлишини у яхши биларди. Шу тобда ҳам ҳар бир миршаб териси остига ва жунлари орасига эшитиш ва тасвирга олиш жиҳозлари ўрнатилган бўлиб, дунёнинг тўрт бурчида фаолият олиб бораётган жосуслик ташкилотлари бу ерда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб турардилар.

Ўзининг қувлигига ишонадиган полковникнинг бироз ҳовури босилди. У ўзини зағизғоннинг остидан тухумини олган туллак деб ўйлаётган бўлсаям, юраги бетлаб столга мушт солганини ўйлагач, қўрқувдан музлай бошлади. Бу ҳолатни қўлойнадек соткаси экранида кўриб турган Абгор Зиппиевичнинг бақасимон башарасини кўз олдига келтираркан, у сийрак қошларига ўрнатилган яширин камерани ёноғидаги сўгалини силаган баққол каби жимжилоғининг учи билан эзиб қўйди. Жаҳли чиққанда куйдирилган калладек ёқимсиз тиржаядиган Абгор Зиппиевичнинг сўйлоқдек-сўйлоқдек сарғайган тишлари бўри ғажиган эшак қавурғалари сингари унинг кўзлари олдида панжарасимон бўлиб тизилди. Ўзини тимсоҳ домидаги ғизолдек ҳис қилган бечора бошини орқасига ташлаганини ўзи ҳам билмай қолди. Шунда унинг курси билан  ағдарилиб тушишига бир баҳя қолди. Бундан ўндан бир шашти қолмаган “Ёвуз Темурзодалар”нинг ўтакалари ёрилай деди. Улар буйруқ кутиб, қоп-қора шолтўқмоқлардек қотдилар. Ўзини ўнглаган полковник сир бой бермасликка тиришиб қовоқларини уйди. Уйқудан уйғонган айиқдек керишиб, томоқ қирди.

(давоми бор)