Ветеран

Ветеран
60 views
24 December 2017 - 6:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ВЕТЕРАН

Раҳим Бекниёзга

Зирқиратар эски дардлар хуружи,
Юракларга яқин суринар ўқлар.
Бизни Буюк Ватан уруши
Унутиб қўймас, йўқ, ҳар куни йўқлар.

Йўқлар гоҳ тантана, гоҳ қатъий ҳакам,
Гоҳ яратиш, гоҳи заволлар бўлиб.
Умрида ҳеч қачон уруш кўрмаган
Фарзандлар бергувчи саволлар бўлиб.

Ўчира олдик-ку мажруҳ бадандан
Тиғланиб битилган жароҳатларни.
Лекин мотамзада она Ватандан
Чизиб ташлаб бўлмас қора хатларни.

Муқаддас орзу ва қайтмас раъйимиз —
Шинелга дўнмаскан бу коржомалар.
Чақирув қоғозин эслаб титраймиз,
Учрашувга келса таклифномалар.

Сўнди қуролларнинг муҳлик садоси,
Ўқ эмас, қарсаклар қарсиллар фақат.
Кексалик келаркан оҳиста босиб,
Йўлни тўсар сизнинг меҳр, оқибат.

Қутлуғдир тинчлиқда кечган ҳар нафас,
Энди хотирада кирамиз жангга.
Суяниб яшаймиз ҳассага эмас,
Ўзимиз қутқариб қолган Ватанга.

(давоми бор)