Қизиғи, тузоққа чорак асрдан буён сичқон тугул суварак ҳам илинмасди

Қизиғи, тузоққа чорак асрдан буён сичқон тугул суварак ҳам илинмасди
31 views
25 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

25-қисм

Ғазаб билан столга мушт солиш, телефон аппарати билан боқонлар бошини уриб ёриш Дуйсенбайнинг севимли эрмаги эди. Бу трюкни такрорлаган кимса ўлкабошиликка даъвогар кўриларди.

Мустақиллик йилларида мана шу трюкни такрорлаган уч минг бир юз қирқ тўққиз раҳбар қамоқхоналарга ташланганди. Улардан ўнга яқини майиб-мажруҳ ҳолда ортига қайтди. Қолганлари “Жаслиқ” деган борса-келмасга рихлат қилдилар. Азбаройи садоқатларини ўлимлари билан исботлаган бахтиқаролар шу усул билан оилаларини сақлаб қолишга эришгандилар. Қамоқни ва ажални ихтиёрий қаршиламаганларида, бутун авлод-аждодларини ўзларидан олдин асфаласофилинга равона қилган бўлардилар. Мустақилликнинг суронли чорак асрлик синовларидан эсон-омон ўтган полковникни жин чалмаганда, била туриб столни муштлармиди?!

Кечирилмас хатосини қон билан ювишни ўйлаган полковник дами чиққан пуфак сингари пучмайди. Уни кўз узмасдан кузатаётган “Ёвуз Темурзодалар” бундан ўзларича хулоса чиқардилар. Афтидан, бошлиқларининг борган сайин қисилаётган кифтлари ўлжасига ташланмоқчи бўлган қоплон вожаҳатини эслатарди. У ақлдан озмаганда, қиёмат қойим қўпсаям, столни муштламасди. Бўлмас иш бўлди. Валлоҳи-аълам, унинг руҳиятида қандайдир жараёнлар кеча бошлади. Бўлмаса, ўлимтик еган мушук каби мижиб юрадиган бир кимсанинг ўз-ўзидан дум тиклаши осон эмас эди.

“Ёвуз Темурзодалар” ўзларини осмоннинг устуни деб хаёл этардилар. Улар хизмат кўрсатадиган ташкилотлар “кўринмас қўл” томонидан бошқариларди. Бу қўл соҳиби Путин, Барак Абамага ўхшамасди. Исҳоқ Рабин ҳам эмасди. Бу полковникка тунда кўрилган хира тушдек аён эди. Шунинг учун унинг хато қилишга ҳаққи йўқ эди. “Кўринмас қўл”нинг қарори Дуйсенбай учун ҳаёт-момот масаласи эди. Унинг кимлигини билмайдиган Дуйсенбай уни худо деб ҳисобларди. Столга мушт тушириш ва телефон аппарати билан боқонлар бошини уриб ёриш ваколатини унга ўша инъом этганди. Полковникка жазо тайинланмаса, у Дуйсенбайни бир кечада борса-келмасга равона этиши тайин эди. Тушларида ҳам шу ҳол рўй беришини орзу қиладиган Отамон учун айни муддао бўлган бу иш полковник учун азбаройи ажал эди. Дуйсенбай тизгинларни қўлдан чиқазса, тахтга эришган Отамоннинг давлат раҳбари сифатидаги биринчи қарори полковникни ўлимга маҳкум этишдан бошланарди.

 Полковник йўл қўйган хатосидан аламзада бўларкан, яна қаҳр билан столга мушт туширганини билмасдан қолди. Назоратни йўқотаётганидан ўзи ҳам ҳайрон эди. У ичида ночорлик туяркан, оғзи-бурнининг қонини артаётган Бахшиллога боқди. Кўнгли юмшаб, кўзлари намлангандек туюлди. Кафти билан ёноқларини силаганди, кўзлари олдида Абгор Зиппиевичнинг совуқ афт-ангори гавдаланди. Абгор Зиппиевич ундан ҳар гал оғир-босиқликни талаб этарди. Муттаҳамларни “Ёвуз Темурзодалар” қўли билан жазолаш эҳтиёткорликнинг биринчи шарти, дея уқтирарди.

– Найнов, сен асли қаердансан?

– Фалон вилоятнинг узоқ бир қишлоғиданман, Нурлибек ака! – жавоб қайтарди алвираганидан оғзига босиб турган қонли рўмолчасини ерга туширган Бахшилло.

– Мени ака дема, падарингга уч юз минг марта лаънатлар ёғилгурнинг ҳароми боласи. Қанақасига ака бўламан? Сени умримда биринчи бор кўриб турипман. Астах-хфуруллох, астах-хфуруллох, охирзамон бўлмаса яхши эди…

Ҳеч нимадан ҳеч нимага полковник яна тутақа бошлади. Мардикор бозорига танда қўйган полковникни бошлиқ ўринбосари қанчалар яқиндан таниса, полковник уни ундан ҳам яхшироқ танирди.

Дуйсенбай ҳар куни икки марта ўтадиган Дўрмон йўли кўчасини тиш-тирноқларигача қуролланган “Ёвуз Темурзодалар” қўриқлардилар. Уларнинг бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев эди. У ҳафтанинг беш кунида ҳар куни икки марта Мардикор бозорига бурун тиқарди. Жақиб йўқ пайтларда унинг ўринбосари Бахшилло билан ички вазият хусусида суриштирув ишларини амалга оширарди.

Мардикор бозори орқасидаги автобус паркини Қора Бахти Голибой Глаз бир каллакесар ажнабий номидан арзимаган баҳога сотиб олганди. “Ёвуз Темурзодалар” аксар вақтларини шу жойда, ташландиқ бир автобус ичида мудраб ўтказардилар. Дуйсенбай карвонсаройга ўтишидан бир соат олдин улар пистирмадан чиқиб, карвонга террорчилар ташланиб қолмасин деган хавотирда чор-атрофга тузоқ қўярдилар.

Қизиғи, тузоққа чорак асрдан буён сичқон тугул суварак ҳам илинмасди.

Уларнинг қўлларида қирқма Калашников, белларида қўрғошиндан қуйилган икки тиғли пичоқ осилган бўларди. Юзларига Райҳона Асалхўжаева билан Ҳосила Кубаеванинг эски-туски пайпоқларидан қора ниқоб тортган, важоҳотларини ошириш учун бошларига ҳўкиз шохи ўрнатилган каска кийган, югурганларида мувозанатларини йўқотмасликлари учун думғазаларининг тугилган жойига кенгурининг думини улагандилар. Оёқларига кийган десантча маҳси-кавушларининг ўкчасига қоқилган тақалари – “Камаз” машинаси рессоридан букиб, йигирмалик мих билан урилганди. Пошналарини тошга урганларида момоқалдироқ сукутга кетарди.

“Ёвуз Темурзодалар”нинг бошлиғи полковник Нурлибек Эскибоев мардикор бозорига ташриф буюрса, Бахшилло унинг истиқболига пахта гулли чинни чойнакда иссиқ кўк чой, иккита патир, бир тақсимчада парварда, бир тақсимчада қора майиз кўтариб чиқарди. Унинг фаҳм-фаросатлилигини полковник бир гал Қора Бахти Голибой Глазнинг қулоғига шипшитганди. Улар ўшанда Оқ уйда Абгор Зиппиевичнинг туғилган кунини нишонлаётгандилар. Димоғидан эшак қурти ёғиб турган Қора Бахти Голибой Глаз Бахшиллони яхши таниса ҳам, танимаслигини, мардикор бозор тўғрисида эшитмаганини гапирганди. Буни полковник Абгор Зиппиевичга етказганида, у полковникни жеркиб берди. Шу-шу, у кўчанинг ўзига яраша қонун-қоидалари, шакл-шамойили борлигини, мамлакат қонунлари фақат фуқароларни чалғитиш учун тўқиб чиқарилишини билганди. “Билмайман”, “танимайман”, “кўрмаганман” деган жавобларнинг жоннинг қалқони эканини тушунганди. Жиноят олами қонунлари – камситилган, омадсиз бир қатламнинг камситувчиларга қарши яхлит ва изчил, кўринмас нафрати эканлиги унинг хаёлига ҳам келмасди. Икки орада интизомли фуқаролар жабр тортардилар. Зарур бўлса, ҳокимият тепасидагилар билан жиноят олами корчалонлари қоронғида топишиб олаверардилар. Унинг учун бу нарсаларнинг сариқ чақачалик аҳамияти йўқ эди.

Полковник рўзғорининг бутун камомадини мардикор бозоридан тушадиган улушининг фойдаси билан бутлаб турарди. У ҳар сафар бу жойга кириб-чиққанда, чўнтаги қаппайганидан суюнарди. Жақиб йўқлигида чўнтагига қўлини тиқадиган Бахшиллони бағрига босиб, қош-кўзларидан ўпгилари келарди. Қора Бахти Голибой Глазнинг айтганлари замирини у энди англаётганди. “Оқ туя кўрдингми? Йўқ!” деган халқ маталида олам-олам маъно борлиги энди унга ойдинлашмоқда эди. У Отамоннинг ўнг қўли бўлмиш Қора Бахти Голибой Глаздан бекорга хафа бўлганди. Бу жойларнинг хўжайини у бўлгани билан, бутун мол-мулки ҳужжатларда бошқа кимса номига расмийлаштирилганди. Бу эҳтиёткорлик замирида жорий ҳукуматга ишонч йўқлигини полковник Абгор Зиппиевич ўзини қаттиқ жеркиб ташлаган кунгача тушунмасди.

(давоми бор)