Жалолиддин

Жалолиддин
104 views
26 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ЖАЛОЛИДДИН

Наҳот, энди боғлар сўлади,
Ариқларда, наҳот, оқар қон.
Шаҳидларга майдон тўладир,
Қўзғунларга тўладир осмон.

Унутмайман ёт тупроғида
Хоразмнинг кўз ёш, хунларин.
Мен соғиндим, қаттиқ соғиндим
Жайҳунимнинг ўз тошқинларин.

Қилич серпаб, довулдек елиб,
Кўп жонларни адо қилдим мен.
Салтанатда дунёга келиб,
Балки, мудҳиш хато қилдим мен.

Ҳаёт — жумбоқ. Йўқдир ечими.
Бу хатони ўлим тўғирлар.
Ишонаман, эртами-кечми,
Даф бўлади юртдан мўғуллар.

Мардлик ҳамда номардлик чекин
Илғамадим, тўкиб шунча қон.
Тавба деган ҳасса бор… лекин
Таянмайман унга ҳеч қачон.

Жанг тўхтади. Олар барча тин.
Лаб теккизди отим майсага.
Мен ҳоридим. Сал-пал чарчадим.
Суянаман бирпас найзага.

(давоми бор)