Унинг дарди ичида…

Унинг дарди ичида…
96 views
26 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

26-қисм

– Сени бу ерда кўрмаган эканман. Қаердан пайдо бўлдинг, ит? Отасини ўлдирган қаланғи-қасанғи, кўр, чўлоқ бўлса, бари Дуйсенистонга қочади!

Бирортаси Дуйсенистонда туғилмаган “Ёвуз Темурзодалар”, ўзинг қаердан келгансан, қишлоқи, дегандай, кўзларининг қирлари билан бошлиқларига ёвқараш қилдилар.

– Етти йилдан буён шу ерда яшайман. Сиздан илгариги “Ёвуз Темурзодалар” бошлиғи Мингборкўрим ака билан ҳам ишлаганман! – деди қўрққанидан чайналган Бахшилло.

Унинг очиқдан-очиқ, мени яхши танийсиз-ку, дейишга юраги дов бермади.

– Нимага мижғовланасан? Бурро-бурро гапир, ифлос! Оғзингга фалоним, туҳмат қилишга уялмайсанми? Паттафурушлик қиладиган ўша Мингборкўримингни умримда бир бора кўрмаганман. Ёлғон гапирганинг учун адолатли қонунларда жазо белгиланганлигини биласан-а?

– Билмайман, ўртоқ командир! – деди нималар содир бўлаётганига ҳалига довур фаҳми етмаётган Бахшилло “ака” деб юборишдан чўчиб.

– Билмасанг, билиб қўй, ҳайвон. “Ўртоқ” деётганингга кўра, коммунистлардан бўлиб чиқма тағин. Эшитишимча, бошлиқ ўринбосаримишсан, сурбетбачча. Бошлиғингнинг айтганлари тўғри бўлса, содир этилган жиноятни ўз кўзинг билан кўрипсан, экан, барини шошмасдан, бир бошдан айтиб-бера оласанми?

Ёлғон гапирганлик учун қонунларда жазо бор, деган сўзларга ишонқирамаётган Бахшиллонинг хаёли бошқа жойда эди. У, полковникнинг айтганлари рост бўлса, нима учун бутун карвонни йигирма беш йилдан буён алдаб чарчамайдиган Дуйсенбай жазоланмайди, деб ўйлаётганди.

– Ҳа! – деди ўзини хаёллари оламидан тортиб олган Бахшилло. – Аммо лекин мен коммунист эмасман!

– Тўй қилиб айтасанми? Айтмоқчи бўлсанг, айт-да, фалонингга фалон қилайиннинг боласи. Ўзинг коммунист бўлмасанг, отанг коммунистдир, отанг коммунист бўлмаса, бобонг коммунист бўлгандир. Бунинг ишимизга алоқадор жиҳати йўқ. Ортиқ бу ҳақда гапирсанг, ўттиз икки тишингни қоқиб оламан!

– Рухсат қилсангиз, айтиб бераман!

– Рухса-ат?! Мени кўп гапиртирма, қон босимим кўтарилиб кетяпти. Яна бироз жаҳлимни чиқарсанг, қўзичоқни ғажиган оч бўри сингари сени ғажиб ташлайман-а, онагни …ни келгиндиси…

Полковник тишларини қисиб, мушт кўтарганда, кўзлари Дуйсенбайнинг девордаги қиёфасига тушгач, қўлини тушириб чўнтагига тиқди. Хатосини бу сафар вақтида тузатаркан, ақли-ҳуши ўзига қайтаётганидан енгил нафас олди.

– Шошма, болам! – деди Бахшиллога мулойим боқиб. – Сени Азроил ёки “Ёвуз Темурзодалар” қувлаётгани йўқ. Кўрганларингни бир бошдан бафуржа сўйлайвер. Илғаганларимизни хотирамизга темирчининг болғаси билан михлаб борамиз, тушунмаган жойларимизни қайта-қайта сўраб, пўчоғидан мағизини ажратамиз. Бир қарорга келгач, хулосаларимизни айтамиз, сен жабрланувчи сифатида эшитганларингни шаҳар ички ишлари бошлиғи номига чиройли қилиб ёзиб берасан. Қани болам, бошла. Ҳай, баракалла-а…

Шотирлар бошлиғи ўринбосари руҳий далда олди. Рўмолчасини чўнтагига тиққач, бурнини қўли билан ишқаб, тортиб қўйди. Сўнгра Марусиянинг бўкиб еб, кекирдагигача вино ичганидан бошлаб, воқеаларни бир-бирига улаб кетаверди. Сарқитни лаққа-лаққа ютган Житириқнинг олазарак бўлиб макиён қидиргани борми,  ишизловчиларни тепиб-чўқиб, елкаларига сакраб чиққани борми, товуқ сингари уларни босгани борми, ҳеч бирини хотиридан соқит этмади. Ғайриоддий нарсаларни жон-дилларидан хуш кўрадиган “Ёвуз Темурзодалар”га бу ҳикоя жуда ёқиб тушди.

Бахшилло мардикор бозорда етти йилдан буён бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлар, полковникни яқиндан танирди. Генерал Мингборкўрим Ўлқаниев “Ёвуз Темурзодалар” бошлиғи лавозимида ишлаган йилларда майор Нурлибек Эскибоев гуруҳнинг мафкуравий ишлари ўринбосари вазифасида фаолият юритарди. Генералнинг ўтакетган суюқлигини ҳисобга олмаганда, у қадар ёмон одам эмасди. Бошига ҳам хотинбозлиги етди. Мастлигида Марусияни зўрлаб, номусига тажовуз қилгач, полковник унвонини олган майорнинг куни туғди.

Генералнинг тўқсонга яқинлашган фаррошга кўз олайтиргани Қора Бахти Голибой Глазга ёқмади. У Дуйсенбайнинг бобосининг маржасини босқилаганларни хушламасди. Мингборкўрим ёрдам сўраб Абгор Зиппиевнинг ёнига борди. Абгор Зиппиевичнинг орага тушганини кўрган Отамоннинг фиғонидан тутун чиқди. Унинг ўзини олти ой ён-верига йўлатмади. Ҳукумат билан жиноят олами орасидаги иқлимни мўътадил ушлайдиган Абгор Зиппиевич тўсиққа учрагач, барча ишлар бир жойда депсиниб тураверди. Икки ўртада бор оғирлик Дуйсенбайнинг зиммасига тушди. Тизимлар издан чиқа бошлади. Бўлавермагач, Дуйсенбай нариги дунёга ҳадсиз-ҳисобсиз совға-саломлар жўнатди. Ертелефонда Амриқо мафияси отаси Ал Каппондан кўмак сўради. Отамон марҳумнинг юзидан ўтолмагач, Абгор Зиппиевич иккаласини Дуйсенбай шахсан ўзи қўл олиштириб, яраштириб қўйди. У ортиқ бир нима деб бўлмаслигини англагач, Абгор Зиппиевичнинг тавба-тазарруларини инобатга олиб, генерал Мингборкўрим Ўлқаниевни “Ёвуз Темурзодалар” бошлиқлигидан олиб ташлади. Бир неча йиллик меҳнатларини инобатга олиб, уни Аскирди бозорига паттачилар бошлиғи лавозимига ўтказди. Барча учун кўнгилсиз ҳисобланган бу ишлар полковник учун хайрли бўлиб чиқди. Отнинг ўлими қашқирларга байрам, деганларидек,  у тақдир инояти билан қўл етмас чўққини забт этди. Ўтган тўрт йилдан буён полковник билан мардикор бозори бошлиғи ўринбосари бир-бири билан оғиз-бурун ўпишишмаган кунлари йўқ эди. Вақти-соати етиб уларнинг бир-бирлари билан етти ёт бегоналар сингари муомалада бўлишини ким ўйлапти дейсиз?!

Генералнинг хавфсизлик ташкилотларига расмий-норасмий тарзда узоқ йиллар давомида қилиб келган самарали меҳнатлари уч лаҳзалик шаҳватни дея ҳаволарга совурилди. Унинг оёғини ялагудек бўлиб эргашиб юрадиган полковникнинг тили чиқиб қолди. Унинг гап-сўзларига қараганда, генерал номига нолойиқ Мингборкўрим Ўлқаниев жуда эски, шилта хотинбоз эди. У ёши олтмишдан ошган, неварали-чеварали кампирлардан ўйнаш орттиришни болалигидан маъқул кўрарди.

Унинг болалик чоғларидаги сирли ҳаётидан полковник Бахшиллога кўпгина ҳикоялар сўзлаб берарди. Уларга таяниб фикр юритадиган бўлсак, олис бир қишлоқдан келиб тарих куллиётини тамомлаган Мингборкўрим ҳақда баъзи маълумотларга эга бўламиз. Бешта ҳўкиз эвазига у олий маълумотли деган қизил диплом олди. Ҳарбий қўшинлар сафида хизмат ўтагани қўл келиб, ички ишларга жойлашди. Берса, қўш қўллаб беради, деганларидек, ишни шўролар замонидаги уллидўконда[1] қоравулликдан бошлади.

Унда шахсий манфаати йўлида хизмат вазифасидан унумли фойдалана билиш майли ривожлантирилганди. Шу туфайли пештахта остидан сотиладиган хориж товарларини сотиб олиб, “чайқов бозор”га олиб чиқиш унинг кўзини очди. У топганини икки баравар нархлаб, қисқа муддат ичида пулнинг тагида қолди. “Зару афшон” ресторанида кабобпаз бўлиб ишлаган Абгор Зиппиевич билан ҳам у “чайқов бозор”ида танишганди.

Ўмарганини олиб чиқиб сотадиган Абгор Зиппиевич, савдоси юришмаса, молларини бешдан бирига Мингборкўрим билан айирбош этарди. Мингборкўрим гўштга ўхшаш озиқ-овқат маҳсулотларини ўзи қўриқлаётган дўкон мудири билан келишиб, сотувчиларга икки баробар баҳода нархларди. Шу боис олиб чиққан молларидан уч ҳисса фойда кўрарди. Таги-туги Ачавотнинг қоқ киндигидан бўлган Абгор Зиппиевичнинг эса, “Дуйсенистонлик” деган номга эга бўла туриб ҳам, ишлари юришмасди. У ич-ичидан қаттиқ ўксинарди. Дардини айтай деса, дардкаш топмасди. Йиртиқ туфлида икки қўлини бурнига тиқиб келган бир чўтир, тепа кал шалпанқулоқнинг шаҳарликларни аҳмоқ қилгани унга қаттиқ ботарди. Орқасидан “Чўмилишни эплай олмайдиган бир ҳарип-да”, деб, бақа башарасини ишшайтириб кулса ҳам, ўзини кўрганда қўлини кўксига қўйиб, ундан олдин салом берарди.

Кинначи кампирнинг эшигига ўғил ниқоби остида мардикорликка тушгунига қадар эгни битиб, қорни нонга тўймаган Мингборкўримдек бир йигитнинг тўсатдан бойиб кетиши, унинг диди ва фаросатининг ўсишига таъсир қилмаган бўлсаям, юриш-туришини ўзгартириб юборди. Шакл-шамойилига таъсир ўтказди. У миршаблик мундирини ечганда тўртта туки қолган бошига ясамасоч кияр, пўрим ва қимматбаҳо либосларга чиллалик келинчаклардек бурканиб оларди. Йўлда-изда унга кўзи тушган қиз-жувонлар у кўздан йитгунча ортидан тикилиб қолардилар. У ўз жазманларининг кўнгиллари суст кетиб, суқланишларидан чексиз шавқ туярди…

Экрандан “Ўлим” поезди чиқиб келди.

У тўхтагач:

– “Пахтакор” бекати! – деган Дуйсенбайнинг овози янгради. – Бу ердан “Дуйсенистон” йўлининг “Алишер Навоий” бекатига ўтилади. Вагондан чиқаётганларингизда буюмларингизни унутманг. Шубҳали буюмларни кўрганингизда метрополитен ходимларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг!

Ҳамма чиқди. Бироқ поездлардан ҳеч ким тушмади. Сўнгра:

– Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилади! – деган овоз янгради. – Кейинги бекат “Мустақиллик майдони”. Ҳурматли йўловчилар, ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг! “Озодлик” бекатига борадиган йўллар ёпилган. Кўп чиранманг, фойдаси йўқ…

Баҳромнинг кўзлари олдида яна боғ пайдо бўлди. Япроқларини тўккан дарахтлар қиш уйқусида эди. Елвизакда чирпирак учиб ёғаётган қор симторга оппоқ чойшабларни илаётган кампирга ўхшарди. У руҳларни чиркинликлардан тозаламак учун келганди. Бундан Баҳром ўз вужудида енгиллик ҳис этган эса-да, лаҳзалар ичида шуурида рўй берган воқеа-ҳодисалардан таажжубда эди. У яна ғалати ҳолатга кириб қолганди. Тассаввурида Ўзбекистон билан Дуйсенистон бир-бирлари билан аралаш-қуралаш бўлиб кетаётганди. Нималар рўй бераётганига унинг ақли етмасди…

Шунда, хонага ҳовлиқиб Тўрабика кириб келди. У тушида кўрганларини шоша-пиша Мирзелимбайга сўзлади. Ўзи ҳам худди шу манзарани кўрганини айтган Мирзелимбайнинг ваҳимадан кўзлари хонасидан чиқай дерди. Шерикларини тинглаган Баҳром ҳеч қанақа туш кўрмаганини айтди. Унинг дарди ичида эди. Ўзини ўзидан ўзга биров тушунмаслигини у яхши биларди…

[1] Уллидўкон –суппермаркет.

(давоми бор)