Улар учун бундан ортиқ бахт йўқ эди…

Улар учун бундан ортиқ бахт йўқ эди…
73 views
27 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

27-қисм

Ўн иккинчи боб

Бир муддат ўзининг хусусий клиникасида ётиб даволанган Дуйсенбай ўзи билан Дуйсенистонга олам-олам ажойиботлар олиб қайтганди.

Унинг ақли-ҳуши билан пешонасига қадалиб қолган иккита пистондан бошқа ҳамма нарса ўз аслига тушганди. Думини улатган бош боқон иккаласи бир-бирлари билан жуда ҳам апоқ-чапоқ бўлиб, иноқлашиб кетгандилар. Думи учидаги ўроқ ва болға тасвири туширилган ол байроқни думининг уланган жойига бойлатган Тарлон ундан айрилмасди. Бир неча кун креслолар остидан чиқишга юраги бетламай, кўксини захга бериб ётган опа-сингиллар – Батангул билан Сатангулга эса янги чемпион иложи борича яқинлашмасликка тиришарди.

Акси, Авакян опа-сингиллардан бир қадам ҳам ортда қолмасди. Клиникада яқиндан танишиб феълини ёқтириб қолган танқўриқчиларнинг ҳам янги бош боқонга ҳурмат-эътиборлари осмон қадар ошганди. Қандайдир сирдан хабардор икки эшикбегининг ҳам оғзилари қулоқчаккаларида эди.

Эшикбегилар клиникада эканликларида даволаниш билан бир пайтда қўлларида тўстувак, бош боқоннинг фаррошлигини ҳам амалга оширгандилар. Уларнинг йиллаб хўмрайиб юришларини яхши биладиган Гулисипса нималар рўй бераётганига тушунмасдан лолу ҳайрон, қўлида тўстувак, Тарлоннинг кетидан соядек эргашса ҳам, сирнинг тагига етиш учун қулоқлари Оқгул билан Марҳабонинг оғзида эди. Кинодаги изқувар мистер Куародек кийиниб олиб, қўлларида голландиялик ёши улли академикнинг лупасини ушлаб, жомадондан чиққан приборлар чўнтагида ниманидир қидираётган Дуйсенбайнинг ҳаракатлари у учун мутлақо ғайри оддий туюларди.

Фил суяги билан безатилган ойнакли сервантдаги Тайсиннинг тарихи билан боғлиқ ашё-далилларни ўмариб кетган академиклар тушириб қолдирган лупалари сингари жомадонларини ҳам олиб чиқиб кетишга улгурмаган эдилар. Эндиликда бразилча сервантнинг энг юқори токчасида Тайсиннинг катта бобоси Оққушнинг олти ойлик чақалоқнинг жуссасидек келадиган соф олтиндан қуйилган ҳайкалчаси виқор тўкиб турмасди. Собиқ бош боқонннинг бобоси Туҳматнинг ва отаси Оқтошнинг кумуш бюсти ҳам йўқолиб қолганди. Унинг чоғалигида Кўрқоплон билан тушган фотосуратлари ҳам сервандан сирли равишда зим ғойиб бўлганди. Онаси Марлонинг холаси ва тоғалари билан тушган ноёб суратлар ҳам кўзни қамаштирмасди. Чунки улар ҳам ўғирланганди.

Бемисл гўзал қанжиқ Марлонинг Ҳилливудда юлдузликда кечган йилларидаги атоқли рассомлар томонидан чизилган картиналарни ҳам ер ютганди. Дуйсенбай Мумбайдаги ким ошти савдосида бир юз йигирма беш минг доллардан сотиб олган картиналарига чув тушганди. Марлонинг ўша йиллардаги лаб бўёқлари, тароғи, тирноқолгичи, ялоғи ва тўстуваги каби қимматбаҳо тошлар қадалган иккита сийнабанди билан куя илматешик қилган битта ичкиси ҳам йўқолиб бораётган тур сифатида энди сервантда виқор тўкиб турмасди. Энди Тайсиннинг бир ҳафталигида кесилган қулоқлари билан думи, катта бобоси Туҳматнинг бўйинбоғи билан таглиги одамларда ортиқ қизиқиш уйғотмасди.

Дуйсенбай мана шу каби бир талай буюмларни жаҳон музейларида намойиш қилиб, энди ақл бовар қилмас маблағлар ишлаб топа олмасди.

Ўғирланган буюмнинг орасида Житириққа тегишли бўлган бир талай қимматбаҳо буюмларни хотирдан соқит этсак ноинсофлик бўларди. Унинг пажмурда танасидан бошқа ҳеч вақоси қолмаганди. Дуйсенбайни мол-дунёга, шон-шуҳратга чулғаган бу буюмлар энди йўқ эди. Тахминларга кўра уларни Житириқни даволаш учун Голландиядан ташриф буюрган бешта академик ҳамманинг кўзи олдида сирли равишда ўмариб кетганди. Аслида, уларнинг битта жомадон кўтариб кириб, Қорасаройдан қуруқ қўл билан чиқиб кетганини ҳамма кўрганди. Дуйсенистонга келиб сўроқ берган президентнинг уч табиби ҳам уларнинг қўлларида ҳеч нима олиб чиқиб кетмаганини қайта ва қайта тасдиқларди. Академикларни Голландияга олиб бориб қўйган учувчи уларнинг қўлларида бирор нарса кўрмаганини айтиб, нон тепиб қасам ичарди.

Буюмлар сирли равишда ғойиб бўлгач, қандай қилиб стол устидаги юзасига катта-катта ҳарфлар билан “Фантомас” деб ёзилган оч ҳаворанг конверт пайдо бўлди, бировнинг ақли етмасди. Қолгани, Дуйсенбай тўртбурчак ойнакка солдириб, долоннинг шифтига остириб қўйган Туркманбошининг уч томлик “Руҳнома” китоби эди. Биргина шу нарса собиқ бош боқонни эслатиб турарди. Ўтган кунлардан ёдгор бўлиб қогани биргина шу китоб эди.

Дуйсенбай соғайиб клиникадан келган кунга қадар, Қорасаройдан биров оёқ босиб Дуйсенистондан чиқмагани каби, Дуйсенистонга бирор кимса остона ҳатлаб ичкарига ҳам кирмаган эди. Қорайсаройни ўраб олган ўн минг кишилик Дуйсенистоннинг фавқулодда ҳолатларда ҳаракатга келтириладиган “Махмуд Худайберди – Робид Гуд” деб номланувчи кучлари тўртга бўлиниб, теварак-атрофни куну тун очидан изғиган ёвуз бўридек  қўриқлаган эдилар.

Асирларнинг ўтган давр ичида нима еб-нима ичганини Тангри билмаса, биров билмасди. Айниқса, уларнинг “ҳожат” масаласида қандай йўл тутганлари ўзларидан ўзгага маълум эмасди. Ўтган кунлар ичида Мирзелимбай билан Оқгул қанчалар қийналган бўлса, мардикорлар – Баҳром билан ўзбекистонлик икки аёл – Тўрабика билан Марҳабо вақтларини шунчалар кўнгилчоғлик билан ўтказдилар. Баҳром билан Тўрабиканинг юз-кўзларидаги яра-чақалар битиб, уларнинг кўринишлари аввалги аслига қайтганди.

Дуйсенбай Дуйсенистоннинг бутун боқонларини эргаштириб, Қорасаройга байрам кайфиятида кириб келганди. У соғайиб чиққан кунига қадар хафвсизлик боқони унга юзасига “Фантомас” деб ёзилган оч ҳаворанг конверт ҳақида “миқ” этиб оғиз очмаганди. Дуйсенбай сабабини сўраса:

– Сизнинг қимматли соғлигингизни ўйладим! – дея хавфсизлик боқони елкасини сиқиб, бошини қуйи солди. Унинг бу ҳолатини кўриб:

– Сизлар менинг соғлигимни дея ўзларингизни ҳам аямаяпсизлар. Барака топкурлар, ўзларингизни ҳам ўйланглар! – дея Дуйсенбайнинг кўнгли ийиб кетганди.

Конвертни Мирзелимбайнинг қўлидан тортиб олган хавфсизлик боқони: “Уни ёши улли академикнинг чўнтагини титаётиб топиб олдим”, дея Дуйсенбайга ёлғон гапирганди. У шу йўл билан ўзининг зўр чекистлигини, ҳеч нимани назаридан қочирмаслигини кўрсатиб қўймоқчи эди. Қорасаройдаги қимматбаҳо буюмлар ўғирлаб кетилганини билган Дуйсенбай шунинг учун ҳам бутун боқонлари иштирокида конвертни Шветсариядан чақиртирилган икки махсус нотариусга очтирмоқчи бўлди. Қорасаройдаги бойликларни Абдираҳмон учарнинг ўмарганига у минг фоиз амин бўлгани учун конверт ичида ўзининг номига ёзилган чек борлигига ишона бошлаганди. Ҳалитдан милёнлари чўғи кўпайганини ҳис этиб, терисига сиғмай кетаётганди. У академик даражасига эришган эски шериги – учига чиққан фирибгар Абдираҳмон учарни инсофга келган деб ўйларди. Унинг лақаби “Учар” бўлиб, Дуйсенбай буни кейин эслаганди.

Қўлларига оппоқ қўлқоп кийган икки нотариус қовоқ уйиб, бутун давлат мансабдорлари кўзи олдида конвертни хавфсизлик боқонидан ўта тажанглик билан қабул қилиб олди. Айни пайтда бу маросим Дуйсенистон телерадиокомпанияси томонидан бутун дунёга тўғридан-тўғри намойиш этилаётган эди.

“Эътироф” рукини остида Сарвара Худоурсинова тайёрлайдиган кўрсатувнинг асосий мақсади бутун дунё эътироф этган “Дуйсен модели”нинг тажрибасини ер юзига ёйишдан иборат эди. Бунинг замирида Дуйсенистон раҳбарининг ақл-заковатини башариятга кўз-кўз қилиб, унинг курсисини мустаҳкамлашга хизмат қилиш мақсади ётарди.

Унинг ҳам остида кўрсатув муаллифи омма назарида ўзини Дуйсенбайга яқин кўрсатиб, жилла қурса рўзғорининг сабзи-пиёзини текин қилишга эришмоқчи эди. Нотариусларнинг тажанглиги сабаби эса, уларнинг ҳар бирининг Сарвара Худоурсиновага минг баравардан кўпроқ хизмат ҳаққи олишлари мумкин бўлган ҳолда, хизмат ҳаққини шартномада кўрсатилганидан яна минг бараварга ошириш учун эди. Мусиқа садолари остида икки халқаро миқёсдаги олий тоифали нотариуслар конвертларни очганларида, унинг ичидан, “Робин Гуд + Зорро” деб ёзилган бир варақ қоғоз чиқди.

Бунга кўзи тушган Дуйсенбай:

– Шишенгни …са-а-ртнинг учари!!! – деркан, тишларини қисганда нафаси ичига тушиб, афт-башараси кўкариб кетди. Сўнгра қўлларини мушт қилиб тугиб, томоғига суяк тиқилган товуқдай қаттиқ ўқчиди. Нафаси қайтиб чиққанда кўзлари ола-кула бўлиб, ғазаби зўридан мияси отилиб, кўзларига қон урди. Икки қулоғида шовқин туриб, теварак-атрофидагиларни кўрмасдан қолди.

– Абдираҳмо-он.., учар бўлмай ҳар бало бўлгур, шишенгни …нинг са-арти, яна чув туширдингми?! “Кўктерак”да ярим аср қонимни ичганларинг етмасмиди?!…

Маросим иштирокчилари уни рақсга тушяпти деб ўйлаб, оёққа қалқди. Унинг байрамларда халқ кўзига ўзини тетик кўрсатаман дея, турли-туман дармон дорилардан ичиб, қўтир эчкидек осмонга ирғишлаганлари асқотди. Гулдирос қарсаклар зарбидан “Анжуман”лар зали зир титради. Қуриб берган ажнабий фирмаларга ўн йилдан буён пули тўланмаган оппоқ қасрнинг қоядек-қоядек қандиллари тоқидан узилиб тушгач, томидаги кумуш суви югуртирилган туника лайлакларга жон иниб, ҳуркиб учиб кетдилар. Уларнинг ўрнига хиёбондаги икки юз-уч юз  йиллик дарахтлар кесилиб, уяларини тополмай, адашиб юрган қарғалар галаси келиб қўнди. Гудирос қарсаклар билан уларнинг “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” деган қарғишлари омухта бўлиб, бутун Дуйсенистонни ваҳима босиб кетди. Нималар рўй бераётганини теран ҳис қилаётган қарғалар, бойқушларга арзу дод айтаётган эдилар. Дуйсенбайнинг кўнглини овламоқчи бўлаётган дуйсенистонликлар эса, ўзлари билмаганлари ҳолда ўзларининг устиларидан ўзлари чапак уриб, шайтонлаб кулар эдилар. Қоғозда нима ёзилган-ёзилмаганининг улар учун писта пўчоғича аҳамияти йўқ эди. Дуйсенбай уларни кўриб хурсанд бўлса, улар учун бундан ортиқ бахт йўқ эди.

(давоми бор)