Сен, жоним, мана шу боғларникисан

Сен, жоним, мана шу боғларникисан
48 views
28 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

СЕН, ЖОНИМ, МАНА ШУ БОҒЛАРНИКИСАН

Туркум

1
Мафтун бўлиб, бўлиб ташнадил,
Диёрингда кезган чоғларим,
Ажиб сеҳр билан яшнади
Боғот далалари, боғлари.

Ўзи келган эдим бир малҳам истаб,
Қилганидан соғинч кўксимни чоклар.
Чаноқлар чарақлаб оҳиста,
Тим-тим кўзёш тўка бошлади токлар.

Юрагим шундан бахт улгиси,
Шундан кўзларимда фусунлар.
Пахталар — чаноқлар кулгиси,
Токнинг кўзёшлари узумлар.

Улар озод бежиз дард, ғашдан,
Улар бекор йиғлаб кулмайди.
Улар йиғлаб кулиб ишлашдан
Бошқа ҳеч нарсани билмайди.

Биз шодмиз, ғамгинмиз деймиз-у,
Беҳуда куламиз, куямиз.
Токзорлар кўзёшин еймиз-у,
Чаноқлар кулгисин киямиз.

2
Боғот боғларининг ўрнида бўлсам,
Сермева хаёллар суриб турган жим,
Сен билан Урганчга келардим,
Боғларга чўмарди Урганчим.

Ё кўнглинг бошқа бир манзилни қўмсаб,
Бағримни тарк этган заҳотинг,
Йиғлаб эргашардим изингдан
Ҳувиллаб қолса ҳам Боғотинг.

Сафар чоғи ерда қолдирмас эдим
Илтижо, ҳасратлар, оҳларни.
Етаклаб қайтардим Боғотга
Сенга мафтун бўлган боғларни.

Келар эди улар гурас ва гурас
Воҳалар, водийлар, тоғлардан.
Боғот пахтазордан эмас, йўқ,
Иборат бўларди боғлардан.

Лекин… ўзбилармон ҳаёт бу,
Ишлар иш, сўзлар сўз ўрнида.
Мен Боғот боғлари эмасман,
Қўзғалмас боғлар ўз ўрнидан.

3
Мен ҳавас қиламан — каттаю кичик,
Мен ҳавас қиламан — ёш-қари
Дийдорингга ҳар кун мушарраф бунда
Ва бахтлидир ҳаддан ташқари.

Сен нафақат менинг юрагимдаги
Умрбод қолгувчи доғларникисан.
Сен, жоним, мана шу элнинг умиди,
Сен, жоним, мана шу боғларникисан.

Гарчи саховатда етти иқлимга
Кетган бу боғларнинг овозалари,
Сени излаб келсам ёпилиб қолди
Уларнинг шафқатсиз дарвозалари.

Мен на-да ёлвордим уларга,
Мен на-да уларга бош урдим.
Фақатгина сенсиз ўзимни
Мен ўз юрагимга яширдим.

Фақатгина — кетдим айрилиқзада,
Сўлдирмай умидим боғини,
Яшаш учун сени менга бермаган
Боғот боғларини соғиниб.

4
Қорақум — оғир ўй. Унга ботганман,
Ифтихор этганман фарзанд атаниб.
Қаър-қаърига ўқдек илдиз отганман,
Буюк бу ташналик — менинг ватаним.

Ўқрайган турқимдан оҳудек ҳуркар
Боғ-бўстонга чўмган сўлим бу юртинг.
Юпун юрагимни меҳрга буркаб,
Ўзинг хаёлимга ташриф буюрдинг.

Мени йўқлаб келдинг не журъат билан
Борлиғим аёвсиз ҳувиллаган пайт.
Бу қадар тап тортмас бўларми гул ҳам,
Бу ер саҳро. Келган йўлингга тез қайт.

Хатарнок хўмраяр саноқсиз бархан,
Қумтўзонлар сўраб турмайди изн.
Берадилар сенинг кўркингга барҳам,
Кўмиб ташлайдилар сени, азизим.

Сенга ярашади шабада ва сарв,
Менга эса — фақат ёвшан ва довул.
Ахир сен ниҳоят нафис бир гулсан,
Мен бўлсам бор-йўғи саксовул.

5
Ям-яшил боғларинг — саррин салтанат,
Меҳрим — ловуллаган маъводир.
Сен лаҳза ҳам тинмай гулламоғинг шарт
Жазирамдан олмай хавотир.

Самумдек хавф солиб бу шаън ҳаётга
Гарчи бу ерларда елмайман,
Гарчи ҳар лаҳзада минг яшнаётган
Чаман хаёлингга келмайман.

Ошиққа дийдордан ўзга не тамаъ,
Дийдорингда, ахир, менинг бор ҳақим.
Мен сени ашаддий умид этаман,
Боғ орзу қилгандек Қорақум.

Севгим гуноҳ бўлса, айрилиқ — жазо.
Гирифториман бу жазонинг.
Етмаса бас ундан сенга ҳам азоб,
Хазонимдир сенинг хазонинг.

Сен ногаҳон сўлсанг, боғлар ҳоли танг,
Қовжирайди толе қароргоҳлари.
Бахтимга бор бўлсин мангу волиданг —
Боғотнинг барқ урган боғлари.

6
Боғларда хазонлар сипоҳи
Азалдан музаффар бир лашкар…
Бугун менга қарши андуҳлар
Бирлашган… бирлашган… бирлашган…

Бирон-бир меҳрибон кўринмас
Навоий куйлаган саф аро.
Япроқлар тўкилар тинимсиз —
Заъфарон… заъфарон… заъфарон…

Аста-секин қош ҳам қорайди,
Ҳамроҳдирман ёлғиз менга ман.
Бир куйни куйлайман тинимсиз —
Енгаман… енгаман… енгаман…

Сокинликдан қаттиқ димиққан
Борлиғим шаҳд тилар, ғулу тилар.
Ёғиб ёғмас, тарқаб тарқамас
Булутлар… булутлар… булутлар…

Ҳали юлдузлардек чарақлашим бор
Бордир булутлардек бўзларим.
Бўлгим келаётир осмоннинг
Кўзлари… кўзлари… кўзлари…

Ўкинч, андуҳлардан воз кечиб, ташлаб,
Борлиғим сен билан тўлмоқни хоҳлар.
Йўлимга хазондан пояндоз тўшаб,
Хайрлашиб қолар мен билан боғлар.

Боғлар меҳрибондир, боғлар раҳмдил,
Боғлар юрагимни тергашмас.
Боғлар билар. Боғлар нозикфаҳмдир.
Боғлар менга сира эргашмас.

Ёлғиз йўл оламан хаёлларингга,
Озорлайди ҳатто гуллар таъқиби.
Хаёлларинг қучоқ очарлар менга,
Хаёлларинг боғлар рақиби.

Хаёлларинг — хазон, хаёлларинг — куз
Бу ерда ҳам совуқ бошланган.
Орзуларинг япроқ тўкканлар маъюс,
Умидларинг кўмиб ташланган.

Йўқ… энди қилмайман яқо чок зорлар,
Бардош бераман бу фироққа.
Фақат баҳоргача токзорлар
Кўмилиб ётади тупроққа.

8
Бунча ҳасадгўйсан, қаҳратон?
Изғиринлар, бунча бахилсиз?
Қанча увилламанг, барибир,
Умрлик боғларим дахлсиз.

Уларни урмади қаҳрингиз,
Хазонлар ҳижрондан бошланди.
Менга муштоқдирлар боғларим,
Боғларим бўлмайди ташландиқ.

Йўлга чиқмоқдаман мен бугун,
Бораман боғларим бағрига.
Боғлар юрагимдек интизор,
Боғлар юрагимдек оғриган.

Улар ташрифимдан энтикиб,
Бағримга ўзларин ташларлар.
Қучоғимда яшил таъналарини
Мастона шивирлай бошларлар:

«Кеча келсайдингиз… бу ерлар
Оп-оппоқ, оп-оппоқ қор эди.
Кўрардингиз, қандай изғирин,
Шафқатсиз қаҳратон бор эди…»

(давоми бор)