Риёкорликлари билан фахрланиб, сохтакорликлари билан мақтанардилар…

Риёкорликлари билан фахрланиб, сохтакорликлари билан мақтанардилар…
27 views
28 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

28-қисм

Ғазабини бироз босиб олган Дуйсенбай минбарга чиқди. У маросим бошланмасдан аввал нўхатдек келадиган қорадори емаганда, бутунлай тутақиб кетарди. Унинг ўта ёмон бир аҳволда эканлигини хавфсизлик боқони билан икки нотариусдан бошқа биров сезмади ҳам. Ўзини бошқа боқонлардан ўктам кўрсатмоқчи бўлиб, Дуйсенбайнинг наздида шарманда бўлган генерал қулоқларигача қизариб,  бутун вужуди музлаб борарди.

– Нима деганда.., нима деганда! – дея бўғилган Дуйсенбай уни баттар ўнғайсиз аҳволга солди.

У ичидан зил кетаётган бўлса ҳам, ўлганнинг кунидан пишган калладек тиржайиб, камерага тишларини кўрсатиб, икки кўзини лўқ қилиб безрайиб тураверди. Ўзининг ҳолати бутун Дуйсенистоннинг кайфиятини белгилашини у жуда яхши биларди. Дунё Дуйсенбай билан унинг ўзини қандай тутишини кўриб, ичкаридаги аҳволга баҳо берарди. Унинг ичидан қиринди ўтаётганини пайқаган биргина Батангулнинг оғзи қулоқчаккасида эди.

Опасининг оғир ўтган охирги ҳафталар ичида бирдан чеҳраси ёришганини кўрган Сатангулнинг эса ичини ҳасад булутлари қоплаб, юз-кўзига ғаламислик ғам-андуҳлари соя ташлади. Ҳали сиёсий ўйинлар ҳадисини олмаган бош боқон, икки опа-сингилнинг ўртасида ахлатдан тўйган хашаки хўроздек виқор тўкиб ўтирмасин, кўзларини яшириб турган “хамелеон” кўзойнаги ҳам, қийшиқ қўйган айвони ярим қулочлик жинси кепкаси ҳам омма назаридан унинг овсарлигини беркита олмаётганди.

Унинг озорда думини уланган жойидан тағин узилиб тушмасин деб  бир қўли билан кўтариб турган Гулисипса иккинчи қўли билан думининг остини артарди. Қўллари банд пайтларда тўстувакни бошига қўйиб ишини қойилмақом қиладиган Гулисипсанинг эпчиллигига бутун маросим иштирокчилари ичларида “офарин”лар айтаётган эдилар. Дунёнинг нари чеккасида телевизорга термулиб, унинг бемисл чаққон бир фаррошлигидан ёқа ушлаб ўтирган Бил Клинтоннинг қора кучукчаси, “фаррош деган мана бундоқ бўпти-да” дегандек ўзининг фаррошига ҳуриб қўярди. Бош боқоннинг думининг уланган жойига тикилган ўроқ ва болға тасвири туширилган ол байроқ, гўё Бил Клинтоннинг кучукчасининг сўзларини тинглаётгандек, қилт этган шабада бўлмаса ҳам шамол ялаган майсадек ҳилпирагани-ҳилпираган. Кафдеккина Дуйсенистонда бутун дунё жилваланарди…

– Нима деганда.., нима деганда, биз бир кунда бундай оламшумул ғалабаларни қўлга киритмадик, барака топкурлар! – деди ахири Дуйсенбай. У нуқсонларини хаспўшлаш учун ҳам янгидан-янги қусурларини фазилатга йўйишга мажбур бўларди. У милтиқ эди. Ёлғонлар унинг ўқлари, безбетлик мўлжални бехато урадиган мувафаққияти гарови эди. Билимсизлиги уни жоҳилга, жоҳиллиги зомбига айлантирганди. Унинг тепкисини кимнинг бармоғи кўпроқ босишини аниқ айтиб бериб бўлмасди… Зомбилик унга Дуйсенистон тахтини ҳадя қилганди.

Яна маросим иштирокчилари оёқларига қалқдилар. Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар“қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ сола бошладилар. – Мен сизларнинг ҳаммангизни яхши кўраман. Ҳар биттангизни бағримга босгим келади. Сизлар Дуйсенистон фуқаролари эмассиз, менинг болаларимсиз, жону жигарларимсизлар…

Яна, гулдирос қарсаклар, яна “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” деган вайронани қўмсагувчи мотамсаро овозлар… Дуйсенистонликларнинг Дуйсенбойга бола бўлиб, жону жигар бўлиб, ҳақ-ҳуқуқларидан айирилиб қолаётганлари билан ишлари йўқ эди. Улар ҳали “фуқаро” дегани нима – билмасдилар. Уларда шаклланган шахс ҳақида тушунча йўқ эди. Улар ёлғонлар билан семирардилар, риёкорликлари билан фахрланиб, сохтакорликлари билан мақтанардилар…

– Дунё бизнинг кимлигимизни билмоқчи бўлса, сифатсиз қурилган иморатларимизга, ҳеч қачон талабга жавоб бермаган равон йўлларимизга, ўлган ҳўкизнинг бақрайган кўзидек ҳайратдан қотиб қолган мусаффо осмонимизга, газнинг жабрига топталган чўлу чаманларимизга боқсин! Халқимиз бундан йигирма-йигирма беш йил илгариги оми, “ҳа” деса, “ба-а-а” дейдиган қўйга ўхшаган хат-саводи йўқ бир оломон эмас. Ҳожи пиённи ароққа бўктириб қўйганларида, ўзини билмасдан: Қачон халқ бўласан, эй сен оломон, дея ҳайқирган экан. Ўша тўпори тўда қарашсизлик туфайли бугун тузуккина бир халққа айланди. Авваллари оғзидагини олдирган бўлса, у энди мардикорлигини қилиб бировларнинг оғзидагини тортиб олмоқда. Йигитларимиз юлдузни бенарвон урадилар, қизларимиз тор шим, мини юпка кийиб, бутун жаҳоннинг кўзини яшнатадилар. Ана-а санъа-ат, мана-а санъа-ат, бўғзингга шайтон чанг солади, ўлим нақд, ўлгинг келмайди. Хаёлот ўлда-жўлда, ошиқлар ҳар кун кўлда. Лиқи-лиқи, диқи-диқи… Қандингни ур, Дуйсенбай!… Бизнинг онгимиз қарашсизлик йилларида мисли кўрилмаган даражада ўсди. Тоғу тошларимиз, чўлу биёбонларимиз, нефт, газ қудуқларимиз юмронқозиқлар билан каламушларнинг қадим аждодлари – кўрсичқонларга тўлиб кетди. Бизнинг мамлакатимиз ўтган йиллар ичида дунёдаги энг демократик мамлакатлар сафига кирди. Инсон ҳақ-ҳуқуқлари тугул, бутун ҳайвонот дунёсининг ҳуқуқларини таъминлашга эришдик. Бизларнинг кимлигимизни, қандай яшаётганимизни кўрмоқчи бўлганлар Дуйсенистонга марҳамат қилсинлар. Пана-пастқамда, бурчак-бурчакларда фисқи-фасод билан шуғулланганча, келиб кўриб, “Дуйсен модели”нинг ютуқларига тан берсинлар. Бизлар бир неча йиллардан буён жангари хўрозларимизни алоҳида-алоҳида жойлаштирилган олтин суви югуртирилган катакларда учтадан товуқ билан қамаб боқяпмиз. Оддий ҳайвонлар яшайдиган ҳудудларимиз ҳам дид билан қурилган бўлиб, чиннидек тозалигидан ёғ тушса ялагудек. Уларнинг оёқлари остига Қазғондан келтирилган тоза мармар ётқизилиб, йўлакларнинг икки чеккаси пастаккина мис панжара билан иҳоталанган. Катакларни иссиқ-совуқдан асрайдиган баланд айвон пештоқи нақшинкор кунгуралар билан безатилиб, шифтида беданалар солинган тўрқовоқлар осилиб турипти. Ҳар битта ит ёки хўроз тиқилган катак бурчагида кичик иссиқхона бор. Уларнинг ҳар бирига тувакларда хонаки гуллар қўйилган. Ҳар битта иссиқхона ичига жойлаштирилган аквариумларда турли-туман балиқлар сузиб юради. Отлар ва буқалар каби қўйларнинг охурлари никелланган материалдан ясалган, итларга сирланган тоза тоғорачаларда овқат берилади. Хўрозлар билан товуқлар соф хитойи чинни товоқларда дон еб, пахта гулли Тошкент косаларидан сув ичадилар. Ҳайвонлар еб-ичадиган идиш-товоқларни ва охурларни ўзбекистонлик мардикорлар ҳар куни уч марта кир ювиш воситалари билан тозалаб ювиб, қуруқ мато билан ишқаб артадилар.  Бу ишларга эҳтиёж бўлмаса ҳам, Дуйсеннистоннинг куч-қудрати ва бойлигини бутун жаҳонга намойиш этиш учун шу усулни қўлладик. Маҳобатли Қорасаройимизда чемпионликни қўлга киритган энг донгдор ит яшайди. Бу шарафли номга сазовор бўлган янги чемпион бир вақтнинг ўзида Дуйсенистоннинг бош боқони лавозимини эгаллашини айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Бу статус қонун йўли билан бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Саройнинг ертўласи унинг еб-ичиб, чўмилишига мўлжалланган. У ерда яна ошхона, емакхона ва учта музлатгич бор. Музлаткичлар сут-қаймоқ, мол гўшти, товуқ гўшти, тухум, балиқ ва увилдириқларга тўла. Чемпион айниқса қазини суйиб егани учун қази-қартага кўпроқ жой ажратилган. Яна ертўлада анчайин катта ҳавза бўлиб, унга туташ туркча ва русча ҳаммомларни ёнма-ён жойлаштирдик. Чет эллик мураббийлар чемпионимизнинг беминнат хизматида. Биринчи қават – чемпионннинг машғулотлардан бўш вақтини кўнгилли ўтказишига, кези келганда ҳордиқ чиқариб, мириқиб ухлашига мўлжалланган. Бир неча ётоқхонаси бўлган биринчи қаватнинг тенг ярмисини жуда ҳам кенг-мўл бўлган долон эгаллайди. Долоннинг тўрдаги деворига юпқа экранли, ёзув тахтасидай келадиган катта телевизор илинган. Чемпион бўш қолди дегунча, телевизорда ўзининг ашаддий рақибларининг жангларини томоша этади. Уларнинг ожиз қирраларини ўрганиб, навбатдаги жангларга руҳий тайёргарлигини оширади. Кайфияти зўр бўлганда у опа-сингил икки қанжиқни қўлтиқлаб, италянча чарм ғилофли Юнонистон ёнғоғидан ясалган юмшоқ мебелларда ястаниб, хоҳлаганча кўнгил хушлик қилиши мумкин. Мудроқ босса, аччиқ-аччиқ қаҳва ичиб ҳушёр тортади. Қони кўпириб, жўш уриб кетса, думини диккайтириб, вовуллаб, қанжиқларнинг бирини ётоқхонасига олиб киради. Унга қонмаса, талвасага тушиб, ҳуриб, иккинчисини нариги ётоқхонага етаклайди. Рашк ўтида куйиб, шуни кутиб зўрға чидаб ўтирган опа-сингил қанжиқларнинг иккинчиси думини кетига қисиб, эшикдан лип этиб хонага кириб кетганини ўзи сезмасдан қолади. Чемпионимиз янаям пишқириб кетса, кўчадан бошқа бир дайди қанжиқни чақиртириб, тонг отгунча хонама-хона юриб илашишга муккасидан кетади. Дуйсенистон кўчаларида нима кўп, “Қатор тол, мени қучоғингга ол” деб бир бурда нон илинжида сандироқлаб юрадиган шилта қанжиқ кўп. Пул бўлса, улар устингга тутдек тўкилади. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Доруломон кунлар келди, шафақлари ял, деб коммунизмда яшаган эканмиз, билмасдан юраверган эканмиз. Коммунистлар ҳаммамизни зомбига айлантириб қўйган экан, ғафлатда қолипмиз, мустақиллик шарофатидан энди кўзимиз очилди…

(давоми бор)