Рустам Азимов Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот берганликда айбланди

Рустам Азимов Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот берганликда айбланди
56 views
28 December 2017 - 8:06

(Суратда: Элла Острогожская ва Рустам Азимов. Fergananews.com сурати)

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, ЎзАда чоп қилинган мақолада собиқ молия вазири Рустам Азимов ва вазирликдаги бошқарма бошлиғи Элла Острогожская марҳум Президент Ислом Каримовга ёлғон ҳисобот беришда айбланган.

Президент Мирзиёев бир неча бор танқид қилган собиқ амалдор Элла Острогожская ҳақида расмий мақола чиқди.

Элла Острогожская кўп йиллар Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган.

ЎзАдаги мақолада собиқ амалдорнинг республика иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказгани ёзилган.

Мақолада ёзилишича, у “собиқ вазир билан тил бириктириб Давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган”.

“Вазият шунгача борганки, Э.Острогожская собиқ вазир ва Ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатиб, қутилиб қўяқолган”

ЎзАнинг ёзишича, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқининг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаган.

ЎзА берган хабарда собиқ амалдорнинг сурати берилмаган. Элла Острогожскаянинг суратини интернетда ҳам топилмайди. У ва собиқ молия вазири Рустам Азимов жиноий жавобгарликка тортиладими?

Кўп йиллар молий вазири бўлиб ишлаган Рустам Азимов Ислом Каримовнинг меросхўрларидан бири сифатида кўрилган.

Вазирликдан олинган Азимов айни дамда “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси бош директори лавозимида ишламоқда.

Ширкат сайтида Рустам Азимовнинг сурати кўринмайди. Ваҳоланки унинг ўринбосарлари сурати кўриниб турибди.

Бош директор ҳақида ёзилган таништирув матнида Рустам Азимовнинг Молия вазири бўлганлиги ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаганлиги тўғрисида маълумотлар кўрсатилмаган.

ЎХҲ хабарлар бўлими