Бобомурод Абдуллаев адвокатидан нега воз кечди?

Бобомурод Абдуллаев адвокатидан нега воз кечди?
48 views
28 December 2017 - 11:48

Айрим кузатувчилар назарида, журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳуқуқ-тартибот тизимлари ўртасидаги тарангликдан далолат беради. Таниқли адвокат Сергей Маёров ҳимоясидан воз кечган журналист ўз айбига тўлиқ иқрорлигини билдирмоқда. Аввалроқ у билан ҳибсхонада кўришган адвокат Абдуллаев қисман айбини тан олгани ҳақида айтган эди. Фаолларга кўра, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тазйиқ усули жамоатчиликда очиқ қораланаётган бир пайтда ҳам ҳибс таҳдидлари давом этмоқда.

Бобомурод Абдуллаев мамлакатда ҳокимият янгиланишидан сўнг эски тузум даврида мухолифларга қарши мунтазам ишлатиб келинган айбловлар билан ҳибсга олинган илк фаоллардан бири бўлди. Сентябр ойидан буён Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида қолаётган журналист давлатга қарши фитнада, ҳукуматни куч билан ағдаришга уринишда айбланмоқда.

Бу иш юзасидан тақдим этилган далилларда ҳозирча Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар ёзганидан бошқа маълумот йўқ.

Ҳибсга олиниши ортидан узоқ вақтгача бедарак қолган журналистнинг иши билан ноябр ойидан бери адвокат Сергей Маёров шуғулланаётган эди. Унинг Абдуллаев билан кўришиши осон кечмади, аризалари жавобсиз қолган Маёров охир-оқибат Ўзбекистон президентига мурожаат билан чиққан, шундан сўнг 14-декабрда Абдуллаев билан учрашишга муваффақ бўлган эди.

26-декабр куни эса адвокат Маёров Абдуллаевнинг ишини юритаётган терговчи чақирувига кўра МХХга борган. Бобомурод Абдуллаев билан ўтган учрашувда журналист Сергей Маёров ҳимоясидан воз кечишини маълум қилган. Бунга ўтган галги учрашув ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов тарқатган хабар сабаб қилиб кўрсатилган.

Маёров ва Икромов ҳамкорлигида тарқатилган бу хабар Абдуллаевнинг қисман ўз айбига иқрорлик билдираётгани ҳақида эди. Сўнгги учрашувда Абдуллаев ўз айбига тўлиқ иқрор эканлигини ҳам билдирган.

Бу учрашув тафсилотлари ҳақида ҳам Сурат Икромов жамоатчиликка маълумотлар тақдим этди, ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомуродга қаттиқ босим кўрсатилган деб ҳисоблайди.

“Аввалги берилган хабарда бирор хатолик йўқ, ўша куни Маёров Абдуллаев билан ўтган учрашувидан сўнг бизнинг офисга келди. Нима бўлганини гапириб берди, биз шуни ёзиб тарқатдик, у ерда бирор нотўғри нарсани ўзи йўқ, қисман иқрорлик дейилганида ҳам. Гап шундаки, бу сафар Бобомурод мутлақо бошқача гаплар айта бошлаган. Масалан, Муҳаммад Солиҳ ҳақида мени ёзишга мажбур қилди, топшириқ ёки кўрсатма берди эмас деган. У мутлақо бошқа жойда яшаса, қандай қилиб уни мажбур қилади. Хуллас, улар иш тафсилотлари ҳеч қаёққа чиқмаслиги учун Маёровдан воз кечишмоқчи, Бобомуродни ҳам шунга мажбур этишган. Мен Бобомуродга қаттиқ босим бўлган, қўрқитишган ёки чиқариб юборамиз деган ваъдалар беришган, деб ҳисоблайман” – дейди Сурат Икромов.

МХХ юритаётган бу иш бўйича ҳозиргача Бобомурод Абдуллаевдан ташқари яна тўрт киши ҳибсга олинган, аксарияти журналист, ижодкорлар. Октябр ойида ҳибсга олинган таниқли блогер Ҳаётхон Насриддинов ҳақида ҳамон бирор маълумот йўқ, шунингдек, иш юзасидан ҳибсда қолаётган бошқа шахслар ҳақида ҳам.

Махфий тарзда юритилаётган фитна айбловининг асосий иштирокчилари журналистлардан, таниқли мухолифлардан иборат эканлиги Мирзиёев даврида ҳам мухолифларга қарши тазйиқлар давом этишидан дарак сифатида қабул қилинмоқда.

Президент Мирзиёевнинг сўнгги баёнотлари, МХХ ва ҳуқуқ-тартибот тизимларининг таҳдид, тазйиқларга асосланган иш услубини танқид қилиши, айниқса, ҳуқуқ ҳимоячиларида умид уйғотган.

Адолатли ва очиқ жамият ҳақидаги баёнотлар ортидан танқидий чиқишлари, мухолифлиги билан танилган журналистлар давлатга қарши ҳаракатда айбланиб қамоққа олинаётгани президент баёнотлари ва ҳуқуқ-тартибот тизимлари ўртасидаги зиддиятларни очиқлай бошлаган.

“Қинғирлик, адолацизлик давом этяпти, айниқса, МХХда. Қамалган одамларга ҳатто ҳукм ҳам беришмаган, аслида ҳар қандай одамга қамалганидан кейин ҳукм тақдим этилиши керак. Нима қилсанг қил, қаёққа борсанг бор, президентни гапи бизга бир тийин, қабилидаги саботаж кетяпти. Мана ҳозирги бўлаётган воқеада ҳам МХХ президентнинг охирги қарорларига очиқ қарши. Бу иш бўйича фақат Бобомурод билан нисбатан алоқа борлигини биламан, қолганларнинг тақдири номаълум. Айбловнинг ўзи ҳам мавҳум, нималар бўлаяпти, Маёров иш билан танишганида эҳтимол нимадир дейиши мумкин эди, назаримда уни айнан шунинг учун ишдан четлатишди”, – дейди Икромов.

Бобомурод Абдуллаев сентабр ойининг охирида ҳибсга олинган эди. ММХнинг дастлабки айблов хулосасида Усмон Ҳақаназаров тахаллуси остида мақолалар ёзган Абдуллаев мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳ кўрсатмасига кўра ишлагани, гуруҳ ғалаёнлар йўли билан Ўзбекистонда ҳокимиятни эгаллашни мақсад қилгани таъкидланади.

Манба: Америка Овози