Осмонда қуюқ булутлар кезди…

Осмонда қуюқ булутлар кезди…
132 views
29 December 2017 - 7:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

29-қисм

У сўзи шу жойга етганда, тўхтаб сув ичди. Мирзелимбай тутган сочиқни олиб, юз-кўзларининг ва билакларини кўтариб, қўлтиқларининг терини артди.

– Ҳим-м! – деди сўнгра кўзойнагини кўзига илгач, минбарга қўйилган матнга қараб. – Ёлғон гапирсам, илҳомим жўш уриб кетади. Ўзимни тўхтатолмай қоламан. Бу бевафо дунёда ўзимга ўхшаган яна битта нотиқ бормикан? Ёки ўзим якка-ягонамиканман, дея оғир ўйларга толаман. Ўлиб кетсам, ишимни давом эттира оладиган кимса топилмаслигини ўйлаб, ич-ичимдан ўртанаман. Майли, ҳозир бу гапларнинг ўрни эмас. Нима деётган эдим? Ҳа-а, баъзан чемпионнинг хумори тарқамай, ҳафталаб ётоқхонасида қолиб кетадиган пайтлари бўлади. Тўстувак кўтарган фаррошнинг хонама-хона юравериб силласи қурийди. Долондаги гулларни парваришлаб, аквариумдаги балиқларга хўрак ташлайдиган аёл, чемпионимиз ойилмагунча, шеригининг ёнидан бир қадам ҳам жилмайди. Ҳар кун эрталаб саломга келаман. Мабодо эшик олдида тўстувак кўтариб турган хизматкорга кўзим тушса, қўл силтаб ортимга қайтаман. Кўравериб кўзим пишиб кетган. Чемпионнинг нима билан машғуллигини кўрмасдан туриб ҳам дарров англайвераман. Қизиғи, шундай маҳобатли кошонанинг ҳожатхонаси йўқ. Чемпионимизнинг ва опа-сингил қанжиқларнинг кетига тўстувак тутиб, қоғозсочиқ билан юқини артиб қўядиган фаррош ичида мени ёзғиришини жуда яхши биламан. Аммо у шу иши учун мояна олаётганини, Ўзбекистондаги бир этак болалари ва хунаса эрини шу пуллар эвазига боқаётганини инобатга олмайди. Ичкарида ҳожатхона қурилиб ишсиз қолиб кетишига фаҳми етганда, у мен қолиб, ўзини ёзғирарди…

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – дея Тарлоннинг думини ушлаб турган Гулисипса чинқириб юборди.

– Бўлди, бўлди! – деди уни тинчитмоқчи бўлиб қўлини кўтарган Дуйсенбай. – Қўрқма, сенга ўринбосар йўқ. Шунчаки айтдим-қўйдим. Ҳим-м, қаерда қолган эдик? Ҳа-а, учинчи қават жисмоний машғулотларга мўлжалланган. Саксон фоизи ойнакдан иборат яхлит катта бир долонда чемпионнинг жисмоний чиниқиши учун барча шароитлар муҳайё. Энг сўнгги модада ишлаб чиқарилган компютирлаштирилган чиниқтириш асбоб-ускуналари ва иккита чет эллик мураббий унинг хизматида. Елкасига оппоқ сочиқ ташлаб олган чемпионимиз ойнакдан бутун шаҳарга, олис-олислардаги тоғларга термулиб, ҳар куни тонгдан пешингача чиниқиш машғулотларини ўтказади. Сўнгра ертўлага тушиб, ҳовзада мириқиб чўмилади. Туркча ҳаммомдаги чинни кафеллардан терилган супа устида чўзилиб, кўзини юмиб, хаёллар оғушига ғарқ бўлади. Белгиялик бўлган мураббий белгача уқалашнинг устаси. Марокашлик бўлган иккинчиси белдан энсагача уқалашнинг ҳаддисини олган. Ҳозир уларни ертўладаги жазо камерасига ташлаб қўйганман. Келишилган пулларни мамлакатларидан чақириб олишга қурблари етса, чангалимдан қутуладилар. Бўлмаса, ертўлада ириб-чириб ўлиб кетадилар. Менга барибир. Ҳар икки ҳолатда ҳам, янги чемпионимизга янги бир мураббийларни тайинламасам бўлмайди. Чемпионимизнинг елкасидан тепа қисми билан Париждаги бутунжаҳон “Каллапазлар” конкурси мусобақасида олий ўринни эгаллаган Шўлпаной Авакян шуғулланади. Опа-сингиллар чарчаса, у қуйи қисмини ҳам эплайди. Соғ бўлгур жуда устасифаранг. У чемпионни ҳар куни қўғирчоқдай безаб, кўзларига сурма тортади. Қошларини ўсма билан бежаб, қулоқ-бурунларидаги мўйларни теради. Оқара бошлаган сочларини хинога бўяб, охирида жимитдек икки юз доллар турадиган шампун билан ювиб артиб, уни адёлга ўраб қўяди. Ханжар тишларини гўшт қолдиқларидан битта-битта тозалаб, уларни ўзининг Вашингтондан олиб келган мисвоги билан оқармагунча ювишдан чарчамайди. Бўшашган чемпион шунда хуррак отиб ухлаб қолади. У кўзларини очганда, тепасида белига пуштигулли фартук боғлаб ўзининг уйғонишини кутиб турган ошпазни кўради. Унинг орқасида тўстувак ушлаган фаррош бўлади. Чемпионимиз стол бўйига эринчаклик билан келиб ўтираркан, аввалида керишиб, кейин чуқур ҳомуза тортади. Қоғозсочиқ ушлаб турган фаррош унинг кўзларидан тирқираб чиққан кўз ёшларини артгач, у арман конягидан бир рюмка отиб, бирпас дамини ичига ютади-да, уфлаб юбориб, Украинадан атайлаб келтирилган олий навли шоколаддан газак этади. Столнинг усти бутунлигича пиширилган курка, ғоз, ўрдак, товуқ, қуён ва чўчқа боласига ўхшаш турли хил пишириқлар билан лиқ тўла бўлади. Тириклигича пиширилган эшак махсус ойнакли музлатгичга тиқилган бўлиб, у тишларини кўрсатиб, кўзларини лўқ этганча қотиб қолган. Гоҳ-гоҳ чемпионимиз ундан ҳам тановул қилиб туради. Эшак гўшти ва қоронғи жой итни қутуртириб, ваҳшийга айлантиради. Ваҳшийга айланган итнинг қутуриб урушишини айтмасам ҳам бўлаверади… Хил-хил ширинликлар ва хитойи чинни косаларга солинган сут ва қаймоққа ўхшаш нарсаларни-ку қўяверинглар. Столнинг қоқ ўртасига ўрнатилган катта вазадаги минг турли ҳўл меваларни у бир чақага олмайди. Кези келганда креслода ёнбошлаб, писта-бодом каби қуруқ меваларни эрмак қилишни суяди. У бугун ҳам жўжа гўштидан пиширилган қайноқ  шўрвадан туз тотмади. Иккинчи рюмкани кўтаргач, қазини паққос тушира бошлади. Қўпол қилиб айтганда, у қази еб, қази чичади. Ухлагани ётганда ҳам устидан қора халат тушмайдиган фаррош, у кавшаниб турганда ҳам орқасига тўстувак тутиб, кетини қоғозсочиқ билан артиб юраверади. Бечора фаррош ҳовлига фақат ҳожат учун чиқади. Бўлмаса, ўзбекистонлик икки эшикбеги уни эшик олдига яқинлаштирмайди. У остона ҳатлаб эшикдан чиқиши билан ҳовлидаги бутун итлар ўзлари қамалиб ётган олтин суви югуртирилган катакнинг панжарасига тикланиб, жон бериб, жон олиб ҳуришга тушадилар. Чемпиондан ортган сарқит билан боқиладиган бу итларнинг бурунлари қази ҳидини олгач, руҳиятларига исён киради. Чемпион нуқул қази-қарта ейди, нима учун бизга мумкин эмас, деган савол уларга кеча-кундуз тинчлик бермайди. Мабодо уларнинг бирор-биттаси панжарани бузиб чиқса борми, бўйи-бастидан қази-қарта гупираётган Гулисипсани тирик тутиб ғажиб ташлайди. Шунинг учун ҳам у жони бўғзига келмагунча шамоллашга чиқмайди. Қўриқчиларнинг кўзларини шамғалат этиб, “кичиги”ни тўстувакка қўйвориб юраверади. Аммо мени буни билмайди деб ўйлайди. Мен Дуйсенистонда бўлаётган номаъқулчиликларнинг ҳаммасини биламан. Шуниси менга маъқул бўлгани учун индамайман, холос. Қолаверса, “доданинг ҳеч нимадан хабари йўқ” деган сўзларни жону дилимдан яхши кўрганим учун, қайта-қайта эшитгим келади. Хуллас, тўстувакни ҳар соатда эшикбегиларнинг ўзлари навбати билан олиб чиқиб, итларга кепак қайнаётган қозонга тўкадилар. Урушда ғалаба қозонмаган ёхуд нархи чиқмаган итга бундан ортиқ нарса берилмайди. Шаҳарда бир нечта қовоқхоналарим бор. Чемпионннинг дастурхони мазкур жойларда пиширилган озиқ-овқатлар ва ноз-неъматлар билан тўлдириларди.  Чемпион ва опа-сингил қанжиқлардан ортган емаклар кечқурун келган жойига қайтариб олиб кетилади. Бизнинг Дуйсенистонимизда бирор нарса увол бўлмайди. Хўрандалар бўкиб ароқ ичгач, нима берганинг билан унча ҳам қизиқавермайдилар. Витиринадаги бутун пиширилган эшак гўштини ҳам тез-тез алмаштириб турадилар. Чемпионимиз эскирган эшакнинг гўштини еб заҳарлангудек бўлса, мен Қорасаройдаги хизматчиларнинг умрини заҳарлайман…

У, бир қизиса оғзига келганни гапираверарди. Асосий масала бир четда қолиб, ўтлаб кетарди. Айбларини сўзамоллик билан яшираман деб ўйлаб, ўзи ўзининг кетини очганини билмасдан қоларди. Эшитиб, кўриб турган дуйсенистонликлар, уни тилни яхши билмагани учун пала-партиш гапиради, дея ўйлаб, нутқини ўзларига мослаб эшитаверардилар. Унинг ўрнида бошқа биров бўлиб, Дуйсенбайнинг мингдан бир айтганларини у гапирганда, уни аллақачонлар Дуйсенистоннинг душмани дея отиб ташлаган бўлардилар. Дуйсенистонда биргина Дуйсенбайга оғзига нима келса, шуни қайтармасдан гапиришига рухсат бор эди. Бугун ҳам шундай бўлди. Ҳаммасидан ҳам унинг собиқ бош боқон Тайсиннинг номини бирор марта тилга олмагани қизиқ бўлди. Унинг шуҳратини чемпионлиги билан оламга ёйган Тайсиннинг довруғи билан бирга гўё ўзи ҳам ўлганди. Бундан ичида қувониб ўтирган янги бош боқон Тарлон, нима учун Дуйсенбай менинг номимни тилига олмаяпти? Мен янги чемпионман, дея ўйлаб кўришни хаёлига ҳам келтирмасди.

– Бемисл қаҳрамонликлар кўрсатган Житириқ шу кунларда оғир хаста! – деди гапида давом этаётган Дуйсенбай. – Қаҳрамонимизга бизларнинг мувафақиятларимизни кўролмайдиган сартлар суиқасд уюштирдилар. Мардикор бозорининг томидан туриб, снайпердан отган сартнинг қанжиғи уни юрагидан қаттиқ яралади. Худойга шукур, у ўлмасдан қолди. Пешонамизда ҳалиям бир тишлам нон бор экан, тақдир бу гал ҳам дуйсенистонликларни сийлади. Сартнинг қанжиғини чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда, ёвқур чегарачиларимиз қўлга олдилар. Бир неча кундан буён у билан суриштирув ишлари олиб бориляпти… У Дуйсенистонда таҳликали вазият ҳукм сураётганини билдириш учун ёлғонни паққос туширарди. Шу йўл билан халқни ваҳимага солиб, измимда ушлаб тураман, деб ўйларди. – Изтироб тортишга, ваҳимага тушишга ҳожат йўқ. Вазият назорат остида. Голландиядан чақириб олганимиз бешта академик, Житириқнинг атрофида парвоналар каби кеча-кундуз гиргиттон бўлиб турипди. Улар Голландиядаги энг сўнгги технологиялар асосида бунёд этилган жонлантириш клиникаларини ҳам жомодонларига жойлаб, ўзлари билан олиб келганлар. Житириқнинг наслини кўпайтириш учун товуқлар шай ҳолатга келтирилган. У ҳушига келиши билан кечиктирмасдан иш бошлаймиз. Шу учун жорий йилимизни “Соғлом Жўжа” йили деб атадим. Сабаби, келажагимиз мана шу ёшларимизнинг қўлида. Энди ўзларингиз бундоғ ўтириб, таналарингизга бир ўйлаб кўринглар. Ҳайвонлари шунақа иззат-икромда яшаётган яна бир юрт қаерда бор? Дуйсенистонда ҳайвонларки тўкин-сочинликда олтин катакларга бурканиб, роҳат-фароғатда экан, демак, сиз билан биз жаннатда яшаяпмиз, экан-да?! Фуқароларимизнинг беҳад бахтиёрликлари ҳам мана шунда! Улар сиз билан бизга ҳавас қиладилар. Бахтли ҳаётимизни кўриб, ўзларида йўқ қувонадилар. Уларга яна нима керак? Дунёнинг исталган бурчагига бориб ишлаб, ота-боболари кўрмаган кўргуликларни кўриб қайтаётган бўлсалар! Қайта олмаётганлари ўша ёқларда тинчгина ўлиб кетаётган бўлса… Чиғириқдан чиққанлари, ўзларингиз гувоҳ бўлаётганларингиздек, машаққат билан топган маблағларига данғиллама уйлар қуриб, тўкин-сочин тўйлар беряптилар. Уйларида тинчгина оёқларини чўзиб, еб-ичяптилар… Эрларни кўринг. Бола-чақага бош бўлиб, егани олдида-емагани кетида, оёқларини осмонга кўтариб, маза этиб шифтга тупуриб, қоринларини пашалаб ётипдилар. Ўн-ўн беш болани меҳнат қилиб туғдириб қўйганидан кейин, хотинини ишлатиб, ҳақиқий эркаклар ётади-да! Ахир, у инсон. Оддий ҳайвонларнинг эркаги ишламайди-ку. Буқанинг ёхуд арслоннинг эркагининг меҳнат қилганини ким кўрипди? Ҳеч ким! Буқанинг вазифасини ҳамма билади. Ейди-ичади ва ўша иш билан шуғулланади. Арслоннинг эркаги ҳам шунақа. Ейди-ичади, туғдиради, ухлайди. Бутун ташвиш урғочисининг бошида. Бола туғади, тарбиялайди, едиради-ичиради. Яна устига-устак эрини ётқизиб боқишни фахр деб билади. Бизнинг аёлларимизнинг улардан қаерлари кам? Ёки эркакларимизнинг буқалар билан нар арслонлардан ками жойи борми?!

Фурсатдан фойдаланиб, сизларга яна бир янгиликни етказмоқчиман. Дунёда бир жинслилар расмий равишда турмуш қураётганларидан хабарларингиз бор. Ити ёки мушугига милярдлаган маблағларни қолдираётган аҳмоқлар сон мингта. Жинсий аъзоларини жарроҳлик йўли билан ўзгартираётганлар ҳам улардан оз эмас. Эшак эшакдан қолса, қулоқ-қуйруғини ермиш деган ота-боболардан қолган ҳикмат бор. Биз ҳам замондан орқада қолмаслигимиз керак. Зарур бўлса, дуйсенистонликлар замондан бир-икки қадам олдинда юришлари лозим. Шу кабиларни ўйлаб, ажиб бир қарорга келдим. Сўзимни ерда қолдирмасангизлар, опа-сингил – Батангул билан Сатангулни фарзандлика олсам, дейман. Аҳли башар бу ўктам қадамимизни олқишлаб, бизларга тасаннолар айтса. Итдан бош боқон кўтарганимиз каби бу ишда ҳам ташуббус кўрсатсак. Дунёни лолу ҳайрон қолдирсак…

Бу нутқни эшитиб маросим иштирокчилари оёқларига қалқдилар. Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар Анжуманлар саройи осмонида “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ сола бошладилар.

– Опа-сингилларни фарзандликка олишдан биринчи мақсад: дунёни лолу ҳайрон қолдириш бўлса, иккинчиси ўлкамиздаги демократик тизимни мустаҳкалашдан иборат. Энг асосийси, улардан бирини ўзимга ворисликка тайёрлашим керак…

 Яна гулдирос қарсаклар янграб, қарғалар “қағ-ғ-ғ”, “қағ-ғ-ғ” дея довруқ солиш ўрнига турган жойларига таппа-таппа йиқилиб, ўла бошладилар. Бешафқатларча кесилган забардаст дарахларнинг руҳлари пайдо бўлиб, Дуйсенистон осмонида қуюқ булутлар кезди…

– Мен-ку, ўлишимга ишонмайман! – деди сўзида давом этиб Дуйсенбай. – Мабодо ўлиб кетсам, сизларни қаердаги қаланғи-қасанғиларга ташлаб кета олмайман-ку?!

У шундай деркан, очиқчасига янги бош боқон Тарлонга ғазаб билан ўқталди. Дуйсенбайнинг назари кўксини ўқдек тешган бош боқон курсидан туриб, унга икки букилиб таъзим бажо келтирди.

– Гўрсўхта эрим, бир этак болаларим бор. Ҳар бало-қазолардан ўзинг сақла, Парвардигор! – деган Гулисипса тўстувакни боши устига қўйиб, Тарлоннинг думининг уланган жойидан ушлаб, орқасини тозалаб қўйди.

Ўзида йўқ хурсанд опа-сингиллар – Батангул билан Сатангул шайтонваччалар сингари кўкка ирғишлаб, бир-бирларини ялаб-юлқашга тушган эдилар.

Еру кўкни гулдирос қарсакларга тўлдирган дуйсенистонликларнинг ҳолига маймунлар ҳассага таяниб йиғлайдиган кунлар яқинлашаётганди. Айни ҳаётларининг баҳор мавсумида каллакланган дарахтларнинг руҳи-арвоҳлари буни сезиб, булутларга, рўёларга дўнган эдилар. Оёқларини осмонга кўтариб ўлиб қолган қарғаларнинг устига ёмғир ўрнига қип-қизил қон ёғаётганди…

(давоми бор)