Каримов давридаги ҳуқуқсизлик айнан давом этмоқда

Каримов давридаги ҳуқуқсизлик айнан давом этмоқда
68 views
28 December 2017 - 23:46

Туркиядан чиқариб юборилган ўзбекистонлик Тошкент аэропортида ғойиб бўлди

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 20 декабрда Туркиядан депортация қилиниб, Истанбулнинг Отатурк халқаро аэропортидан Тошкентга учирилган 39 яшар Хамро Ачилов Тошкент аэропортидан ташқарига чиқмаган. Яқинлари уни 8 кундан буён изламоқда. Ачилов яшайдиган Ангор туман, Навшаҳар ҚФЙ профилактика инспекторига кўра, “Хамро Ачилов иши билан миллий хафсизлик хизмати шуғулланаётган бўлиши мумкин”.​

Бу ҳақда Озодликка хабар берган Ачилов яқинлари унинг Тошкент аэропортида чегарачилар томонидан ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

“Бахтсиз ҳодиса”

Яқинларининг айтишича, Сурхондарё вилоят, Ангор туманидан бўлган Хамро Ачилов шу йилнинг февраль ойида ишлаш учун Истанбулга кетган ва 10 ой давомида пластик идишлар ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарувчи кичик бир хусусий корхонада оддий ишчи бўлиб ишлаган.

Жияни Юсуп Ачиловга кўра, октябрь ойида ишхонада рўй берган “бахтсиз ҳодиса” туфайли Хамро ўнг қўли кўрсаткич бармоғининг бир қисмидан айрилган.

Пластик идишлар ишлаб чиқарадиган корхонада ишлаётганди. Ўнг қўли кўрсаткич бармоғини кесиб олди. Бармоғининг икки бўғин кесилиб кетди. Пластик кесадиган пичоқнинг орасига билмасдан қўлини тиқиб олган, – деди Юсуп Ачилов.

Мазкур ҳодиса ортидан Истанбулдаги шифохонада бир неча ҳафта даволаниб чиққан Хамро Ачилов янги йилни оиласи билан кутиб олиш учун Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади.

Юсуп Ачиловнинг айтишича, 20 декабрда Истанбул аэропортининг паспорт назоратида чегарачилар амакисининг Туркияда 9 ойдан буён ноқонуний истиқомат қилганини аниқлашади ва уни Туркияга қайтиб кириш ҳуқуқидан маҳрум қилишади.

Пайшанба куни эрталаб Тошкентга етиб бориши керак эди. Лекин дараги чиқмади ва жума куни текширишни бошладик, – деди Юсуп Ачилов.

“Ҳеч қандай маълумот бермаймиз”

Хамро Ачиловнинг яқинлари Озодликка уни бир ҳафтадан буён қидираётганларини айтди.

Тошкент аэропортига бориб келдик. Аэропортдаги чегарачилар: ҳеч қандай маълумот бера олмаймиз, дейишди. Майли, аэропортдаги видео камерани кўрсатинглар десак, кўрсата олмаймиз, дейишди. Агар жиноят қилган бўлса, жазосини олсин. Фақат қаердалигини айтсинлар,” – деди исми сир қолишини истаган Ачилов яқинларидан бири.

Озодликнинг Тошкент аэропортидан маълумот олиш уринишлари натижа бермади.

Бироқ, Озодлик 28 декабрь куни гаплашган Ангор тумани Навшаҳар ҚФЙ профилактика инспекторига кўра, “Хамро Ачилов иши билан миллий хафсизлик хизмати шуғулланаётган бўлиши мумкин“.

“ИШИД-контроль”

2015 йил декабрида Озодлик Тошкент аэропортида “Ислом давлати” экстремист ташкилотига алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича махсус гуруҳ иш олиб бораётгани ҳақида хабар берганди.

Унда йўловчилар орасида “ИГИЛ-контроль” номи билан танилган гуруҳ хориждан учиб келган йўловчиларни махсус суҳбатдан ўтказаётгани айтилган эди.

Бироқ, Хамро Ачилов яқинларига кўра, у “умуман диндор йигит эмас”.

ЎХҲ хабарлар бўлими