Йўловчи қиз

Йўловчи қиз
22 views
30 December 2017 - 5:00

2018 йилнинг феврал ойида Хоразм диёрининг буюк шоирларидан Матназар Абдулҳаким туғилганига 70 йил тўлади.

Олинган норасмий хабарларга кўра, шу кунларда Ўзбекистонда Матназар Абдулҳакимнинг 10 жилдлик тўла асарлар тўплами нашрга тайёрланаяпти.

Биз ҳам раҳматли шоирнинг 70 йиллик санаси муносабати билан унинг 2 жилдлик китобидан шеърлар эълон қилаяпмиз.

ЎХҲ редакцияси

* * *

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ФАСЛЛАР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

ЙЎЛОВЧИ ҚИЗ 

Ўтасан сумкангни кифтингга илиб,
Кенг кўча. Одамлар. Салом ва алик.
Тўхтаб қолмас ҳеч ким ҳайрон тикилиб,
Лоқайд бўладими эл ҳам шунчалик.

Духобага дўнмас сен юрган йўллар,
Дарахтлар қолади изингдан кетмай.
Гулдек қизарсанг ҳам совқотиб, гуллар
Кўмилиб ётади уялмай-нетмай.

Сўнг бекат. Чиқасан автобусга жим.
Пассажирлар лоқайд. Зотан, сан
Улар учун ҳамроҳ ёки йўловчи,
Хуллас, одатдаги одамсан.

Шунда бирдан чиқиб кетади жаҳлим,
Ногаҳон келаман ларзага.
Сен деб айланаман шу заҳот, бахтлим,
Ҳамма одамга ва ҳамма нарсага.

Халойиқ бўламан — ошуфта, сармаст,
Гул бўлиб, шафақранг ўйга толаман.
Дарахтман. Ёнимдан ўтиб қолсанг, бас,
Эргашиб, изингдан мен йўл оламан.

Тутқич бермай кетиб қоласан бироқ
Хиромон-хиромон, сокин, оҳиста…
Мендан бахтиёрроқ ва муносиброқ,
Ўзингдек мукаммал бир ҳамроҳ истаб.

Майли. Ҳар қадаминг мен учун фахр,
Сира элаштириб[1] билмайман сани.
Тушунаман, севиш оғир… кўп оғир
Ҳамма одамни ва ҳамма нарсани.

[1]      Элаштирмок(шевада) —  ёзғирмоқ, айб изламоқ деган мазмун-ни беради. «Элаштирманг» — «Кечиринг» дегани (Муаллиф).

* * *

Баҳор,
Ёз барқ уриб яшнаган япроқ,
Куз келгач, узилиб тушди сарғайиб.
Шамолда шитирлаб кезди-да ҳар ёқ,
Чириди… тупроқда бўлди зим ғойиб.

Тан олгим келмади буни сира ҳам
Азалий бу ҳолдан оғриндим нолиб.
Шунда гужум деди оҳистагина:
«Қайтармаслик уят, болам, қарз олиб…»

(давоми бор)