Ёлғон унинг жони эди…

Ёлғон унинг жони эди…
94 views
30 December 2017 - 8:00

Ислом ХОЛБОЙ

ТУРОН МУСОФИРЛАРИ
Тўртинчи китоб
(Тўрт юз тўқсон саккизинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

30-қисм

Ўн учинчи боб

Дуйсенбай ана ўша маросимдан Қорасаройга қайтгач, ўзини мистер Куаро деб аташларини талаб қилганди. Машҳур изқувар сингари кийиниб, қўлига ҳасса олганди. Бошига қора кигиздан шляпа қўндириб, мўйловининг икки учини бураб, юқорига кўтариб қўйганди. Ўша замонлар услубида кастум-шим кийиб, бўйнига капалак нусха галустук илганди.

У ўта пўрим кийинган бўлса ҳам, кийимларидан қадим замонлар модасининг эскирган ҳиди анқирди. Оёғидаги қора чарм туфлиси кўзга қўпол кўринсада, ўта пишиқ ва пухта қилиб тикилганди. Манглайига туртиб кирган голландиялик академикнинг икки пистонини ҳисобга олмаганда, улар икки томчи сувдек мистер Куаро билан ўхшаш эдилар.

Дуйсенбайнинг пачақ бурни ва қисиқ кўзлари мистер Куароникига бироз менгзамасди, холос.

Кўзларига тақиб олган буқаламун тасвири туширилган “хаммелион” кўзойнак ҳам албатта, “ўзимизга хос, ўзимизга мос” тушганди. Янги чемпион совға қилган ноёб кўзойнакни у ёқтириб қолиб, кечалари ҳам кўзидан ечмасдан тўшакка кирарди. Унинг ўзини, машҳур изқувар “мистер Куаро” деб эълон қилишга мажбурлаган асосий сабаб, хавфсизлик хизмати боқонининг Дуйсенбайни ёлғон гапириб, чалғитгани бўлди. “Шундай бўлмаганда, ҳамманинг кўзи ўнгида Қорасаройни ўмариб кетган “учар” изини чанг босмасдан, жиноятни фош этардим”, дея унинг генералидан жаҳли чиққанди. У мистер Куаро қиёфасига кириб Дейсенистон ҳудудларида, Қорасаройда туриб тафтиш ўтказмоқчилигини ҳам яширмасди.

Дуйсенбай барча боқонларининг қинғир-қийшиқ ишларини беаёв фош этиб, халқнинг кўзига ўзини уддабуррон ва мамлакат учун жонфидо қилиб кўрсатмоқчи эди. У фуқароларни гўл қилишнинг биринчи усули дея, мана шуларни дастуруламалида бош мақсад қилиб белгилаганди. Ёлғон унинг жони эди. Кўзга боқиб туҳмат қилиш, у учун ҳимоя воситаси эди. Аммо, у бу ишларнинг ҳеч бирини ўз ихтиёри билан амалга оширмаётганини англамасди. Англашни хоҳлаганда ҳам, дастурланган режалар бунга йўл бермаган бўларди. Унинг манглайига қадалиб қолган пистонлар шунчаки бекорга эмасди.

Биз Голландия ҳукуматига тегишли дея тахмин қилган бу пистонлар кейинги маълумотларга қараганда, “чап қанот”га тегишли бўлиб чиқди. Жарроҳларнинг уни кесиб олиб ташламаганларининг ҳам сабаби, улар шу заҳоти илдиз отиб, Дуйсенбайнинг миясининг ажралмас бир қисмига айланганди. Пистонга тиғ тегса, у тил тортмасдан ўларди. Жимжилоқ бармоқнинг тўртдан бирича келадиган пистонларда бутун бир микроарсенал жойлашган бўлиб, у бутун маълумотларни ипидан-игнасигача оқизмай-томизмай “чап қанот”га етказиб турарди. Уларга киритилган дастурлар ҳажми, Тошкентда жойлашган Амриқо элчихонаси қатида ўринлаштирилган кимса билмас база фаолиятидан бир неча баробар улкан эди. Амриқо элчихонасининг пинҳона базаси кўлами эса, Қирғизистондаги “Манас” ҳарбий базасига бир неча баробар келарди. Шунга қийёсан, пистонларнинг қанчалар куч-қудратга ва қийматга эга эканлигини осонгина билиб олса бўларди. Асносида, Дуйсенбайнинг бутун шуури, фикри-зикри ва руҳияти ўша ёқдан туриб бошқариларди. Унинг ўзича бир иш қилиши нари турсин, ҳожатга кириб чиқиши ҳам ўша ёқдан дастурланганди.

Энг хатарлиси, мистер Куаро қиёфасига кирган Дуйсенбайнинг расми чоп этилган газета-журналлар ва плакатларнинг Дуйсенистон бўйлаб ёйилиб кетиши эди. Бутун халқ “дода”ларига ўхшаш учун у каби кийинишга зўр берарди. Қўлида тўрт сўм пули борлар етмаганига қарз кўтариб, “Мистер Куаро” кийим-бош жамламасини унча ҳам қийналмасдан қўлга киритардилар. Пули йўқлар мол-ҳолини ёхуд машинасини, у ҳам бўлмаса уй-жойларини сотиб бўлса ҳам, “Мистер Куаро” уст-бош жамламасига эга бўлишга тиришардилар. Ҳаром-ҳалолдан бойлик орттиришнинг ҳаддисини олган хавфсизлик ташкилотларининг вакиллари эса, “Мистер Куаро” уст-бош жамламасининг турли-туманини сотиб олиб, кийиб, оддий халқнинг кўзини қиздирарди. Борига шукури йўқлар, қўли етмас дорга осиламан дея, кун-кундан хонавайрон бўлиб бормоқда эдилар.

“Чап қанот”нинг буюртмаси билан “Мистер Куаро” уст-бош жамламасини чиқараётган хитой компанияларининг қўллари-қўлларига тегмасди. Пистон ишлаб чиқаришнинг ўзига, беш миллиён хитойлик ишчилар жалб этилганди. Бутун дуйсенистонликлар шу каби хатти-ҳаракатлар туфайли Дуйсенбайга ўхшаб фикрлайдиган, унга ўхшаб еб-ичиб, унга ўхшаб чиғилиб-чиғилиб чичадиган бўлиб қолгандилар. Ёлғонни ёғдек ялардилар. Туҳмат ва иғво ҳаётлари мазмунига айланиб борарди. Одамлар чиранавериб, ёппасига бодвосил касалига учрагандилар. Жарроҳлар кеча-кундуз уйларига кетмасдан шифохонада ётиб қолиб ишлардилар. Дуйсенистон ҳудудларини яроқсиз кўтанрўдалар босиб кетганди. Ариқу зовурларда, захкашу кўлларда ярим қулоч-бир қулоч бўлиб кўтанрўдалар оқиб юрарди. Уларни илон деб ўйлаган қурбақалар дамларини ичларига ютиб, ортиқ валақламай қўйгандилар. “Чап қанот”даги ўнга яқин ходим чоқликкина битта хонага жойлашиб, бутун Дуйсенистонни ўтирган ерида бошқарарди.

Дуйсенбай ўзига мистер Куаро деб ном бергач, биринчи қилган иши, Марусияни мардикор бозоридан кўчиртириб Қорасаройга олиб келиш бўлди. Найнов Бахшилло ҳам кампир билан бирга эди. Унинг шахсий хизматкорига айлантирилган шотирлар бошлиғининг қўлидан тоғорача тушмасди. У тўстувак кўтариб юрадиган Гулисипсанинг иккинчи нусхасига айланганди. У бир ойдан кўпроқ муддат ичида шу йўл билан берилган жазони ўтарди. Дуйсенбайда Марусияни Қорасаройга олиб келиш режаси конвертни очиш маросимида, Дуйсенистон халқи олдида нутқ ирод қилаётганда туғилганди.

Унинг ғалати одати бор эди. Байрамларда ёхуд ҳар хил муносабатлар билан ўтказиладиган анжуманларда сўзамоликка берилиб кетиб, оғзидан чиқиб кетган энг бачкана сўзга ёпишиб оларди.

Масалан, ўзи билмаган ҳолда, “Аёллар ҳам одам. Уларни ҳам инсон боласи сифатида қадрлаш керак, ҳурмат-иззатини жойига қўйиш керак” деб юборса, у дуч келган жойда уларнинг ҳайкалларини тиклатишни бошларди. Шу йўл билан аёлларни у бошларга кўтардим, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамладим деб ҳисобларди.

Олти ой ичида мамлакатнинг асосий майдонлари ва катта кўчалари аёлларга қўйилган ҳайкаллар билан тўларди.

“Олтин – жўжа” деб юборса, болаларга ёпишарди. Уларнинг шўри қурирди. “Соғлом она – соғлом бола” дея бир йил ҳамманинг бошини қорарди. “Соғлом бола” туғдираман деб оналарни на ётгани, на тургани қўярди. Асносида, эр-хотинлар ўртасида қўйди-чиқдилар авжга минарди.

“Мусулмонлар ўртасида ҳар хил оқимлар кўпайиб кетяпти” деган мавзуга урғу берса, уларнинг сонини камайтираман, дея мамлакат бўйлаб аёлларнинг ҳомиласини олдириб ташлатишга зўр берарди. Ёхуд бўйида бўлиб қолмасин дея, бечора хотин-қизларни бир бошдан пичтиришга тушарди. Қарама-қарши тадбир қўллаш ниятида, бутун мактабларда болаларга инглиз тилини ўргатишга тиришарди. Шундай қилса, омма исломдан ёхуд унинг аҳкомларидан узоқлашади, деб ўйларди.

Билмасдики, ўз тилида эплаб гапира олмайдиган дуйсенистонликлар қандай қилиб бегона бир тилни ўзлаштиришга сабот топардилар. Ўрганганларида ҳам, уларнинг инглиз тилида гапириши – тешик тоғаранинг даранг-дурунггидек бир гап бўларди. Ўзини, ўзлигини танимаган халқ қандай қилиб ўзгаларни таниши мумкин деган савол, уни ҳеч қачон безовта этмасди. Ўрганиш, бу ҳали ўзлаштирилди, деган маънони англатмаслиги уни зиғирча қизиқтирмасди.

Дуйсенбайча ислоҳатлар – ватанга, халққа хиёнатдан бошқа нарса эмас эди. Оқим билан оқаётган арзимас бир хас, бутун бир дарёни булғарди. Бутун бошли бир дарё, яроқсиз бир хаснинг измига тушиб қолганди. Бу ишларнинг барчасини у давлат сиёсати даражасига кўтарарди. Ҳаётда бошқа бир муаммо қолмагандек, бутун халқни йиллаб кони зарар иллатларга сафарбар этарди.

Милярдлаган маблағлар келажакни талон-тарож этиб, миллий ўзликдан адаштириш учун сарфланарди. Сўнгги маросимда ҳам алжираб туриб, у Житириқнинг наслини кўпайтириш кераклиги тўғрисида гапириб юборганди. Бунинг учун Житириқ авваллам бор ҳушига келиши зарур эди. У бунинг чорасини Марусиянинг қиёфасида тасаввур қилгач, саксондан ошган кампирни қўярда-қўймай Қорасаройга олиб келдирди. У бу операсияни “Саҳродаги бўрон” деб атади. У Қорасаройдан туриб амалга ошираётган ҳар бир номаъқулчилигига бирорта ном берарди.

“Тобутдан товуш” операсияси голландиялик академикларнинг енг ичида амалга оширилган жиноятларига бағишланганди. У “Арвоҳлар тунда изғийди” шиори остида, хавфсизлик генералларининг кетидан тушганди. “Қабрдаги хазина” дастуруламали орқали, Қорасаройдан ўмарилган бойликларни ортига қайтармоқчи эди. Унинг энг катта шиори, “Рости – русти” яъни “Куч – адолатда” деган ҳикмат бўлиб, сўзлар маъносини у ўзича тушунарди. Бутун тизимни муштумга йиғиб, хоҳлаганимни уриб янчсам, ўзимдан бошқанинг дамини ўчирсам, мамлакатда тинчлик-осойишталик ҳукм суради. Мана шу, адолат деб ўйларди. Ҳикматнинг асл маъносини чақиш учун унинг ноқис ақли жуда ночор эди. Унинг “Шарқий экспресдаги қотиллик” амалиёти эса, Житириқнинг ҳаётига суиқасд қилганларга қаратилганди.

(давоми бор)